×
Ушбу мақолада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг закот бериш ва садақа қилишдаги суннатлари қисқа ва енгил услубда баён қилинади.

    Пайғамбаримизнинг закот ва садақа беришдаги суннатлари

    «Ҳадю Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам фи ибадатиҳи ва муъамалатиҳи ва ахлақиҳи» китобидан иқтибос

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    Доктор Аҳмад ибн Усмон ал-Мазяд

    —™


    Мутаржим: Абу Абдуллоҳ Шоший

    Муҳаррир: Абу Муҳаммад Али Бухорий

    هدْيه صلّى الله عليْه وسلّم في الزّكاة والصّدقات

    مقالة مقتبسة من كتاب هدي محمد صلى الله عليه وسلم في عبادته ومعاملاته وأخلاقه

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    د. أحمد بن عثمان المزيد

    —™

    ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

    مراجعة: أبو محمد علي البخاري

    9- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг закот ва садақа беришдаги суннатлари[1]

    А- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг закот беришдаги суннатлари:

    1- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг закотнинг вақти, миқдори, нисоби, кимларга фарз бўлгани ва қаерларга сарфланиши борасида тутган йўллари энг мукаммал йўлдир. Бунда давлатманд кишиларнинг ҳам, бечора мискинларнинг ҳам манфаатига риоя қилар, бадавлат кишиларнинг молларида адолатсизликка йўл қўймасдан фақирларга етарли миқдорини фарз қилардилар.

    2- Агар бир кишини закот олишга ҳақдорлардан эканини билсалар, унга закотдан берардилар. Агар моддий аҳволи номаълум бир киши закот сўраса, бадавлат ва ишлаб куни кўришга куч-қуввати бор кишиларга закотдан насиба йўқ эканлигини айтгандан кейин берар эдилар.

    3- Закотни закот йиғилган минтақадаги закотга ҳақдор кишиларга тарқатилар, агар улардан ортиб қоладиган бўлса, у зотга олиб келинар ва у зот уни тарқатиб юборар эдилар.

    4- Закот йиғувчиларни фақат чорва моллари, экинзорлар ва мевали боғлар каби кўриниб турадиган мол эгаларига закотларини олиш учун жўнатар эдилар.

    5- Хурмо ва узум эгаларига хурмо ва узумларини тахмин қилиб, неча васақ[2] чиқишини ва қанча закот беришларини ҳисоблаб берадиган тахмин қилувчиларни жўнатар эдилар.

    6- Отлар, қуллар, хачир ва эшаклардан, кўкатлардан ва кайл-вазн билан ўлчанмайдиган ва сақлаб бўлмайдиган мевалардан закот олиш у зотнинг йўлларидан эмасди. Фақат узум билан хурмо бундан мустасно бўлиб, улардан қуритилган-қуритилмаганига қарамасдан закотини олардилар.

    7- Молларнинг энг яхшисини эмас, ўртачасини олиш у зотнинг йўллари эди.

    8- Кишини берган закотини сотиб олишидан қайтарар, иттифоқо закотни олган фақир бадавлат кишига закотдан ҳадя қилса, ундан ейишига рухсат берар эдилар.

    9- Баъзан мусулмонларнинг манфаати учун закотдан қарз олар, баъзан закот берадиган кишилардан ватқидан олдин закотларини олар эдилар.

    10- Бирон киши закотини олиб келса, унинг ҳаққига шундай деб дуо қилар эдилар:

    “Эй Оллоҳ, унга ва туяларига барака бер” (Насоий ривояти);

    “Эй Оллоҳ, уни раҳмат ва мағфират қил” (Муттафақун алайҳ).

    Б- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг фитр закотидаги суннатлари[3]:

    1- У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитр закотини хурмодан бир соъ ёки арпадан бир соъ ёки пишлоқ (сузма)дан бир соъ ёда майиздан бир соъ беришни фарз қилдилар.

    2- Уни ҳайит намозидан олдин чиқариш у зотнинг суннатларидан бўлиб, шундай деганлар: “Ким уни (фитр закотини) (ҳайит) намозидан олдин берган бўлса, ана ўша закот мақбулдир. Ким уни намоздан кейин берган бўлса, у (оддий) садақалардан бир садақадир” (Абу Довуд ривояти).

    3- Фитр закотини закот олувчи саккиз синф кишиларга тақсимламасдан, мискинларгагина бериш у зотнинг суннатлари эди.

    В- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нафл садақалардаги суннатлари[4]:

    1- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар ичида эга бўлган молларидан энг кўп садақа берувчи киши эдилар. Оллоҳ берган ҳар қандай нарсани кам-кўп демасдан садақа қилаверар эдилар.

    2- Бирон киши у зот ҳузуридаги бирор нарсани сўраса, каммиди, кўпмиди, албатта берар эдилар.

    3- Бирон нарсани бергандаги хурсандчилик ва шодликлари, ўша нарсани олгани сабабли хурсанд бўлган кишининг хурсандчилигидан каттароқ бўларди.

    4- Бирон муҳтож кишини учратиб қолсалар, уни ўзларидан афзал кўрар, гоҳо ўзларининг таомларини берсалар, гоҳо кийимларини берар эдилар.

    5- У зот билан бирга бўлган киши саховат, мурувват қилишдан ўзини тўхтата олмай қоларди.

    6- Садақа ва ато қилишлари турлича бўларди. Баъзан ҳадя қилиш, баъзан садақа бериш ва гоҳида инъом қилиш шаклида бўларди. Гоҳо эса бир нарсани сотиб олар, сўнгра сотувчига молни ҳам, пулни ҳам берардилар. Баъзан бир нарсани қарзга олар, қайтараётганда эса зиёдаси билан қайтарардилар. Гоҳида ҳадяни олиб, ўрнига ундан кўпроқ нарсани бериш билан ҳадяни тақдирлар эдилар.

    [1] Зодул-маод (2/5).

    [2] Қуруқ хурмодан 60 соъ миқдорида бўлиб, тақрибан 221,6 кг. вазнга тенгдир.

    [3] Зодул-маод (2/18).

    [4] Зодул-маод (2/21).