×
Ушбу мақолада таяммум, унинг ҳукми, таяммум қилиш жоиз бўлган нарсалар, таяммумнинг қандай қилиниши, таяммумни бузувчи нарсалар ҳақида сўз боради.

    Таяммум аҳкомлари

    «Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос

    [ الأوزبكي – Ўзбекча – Uzbek]

    Муҳаммад ибн Иброҳим
    ат-Тувайжирий

    —™

    Таржима: Абу Абдуллоҳ Шоший

    Таҳрир: Абу Муҳаммад Али Бухорий

    أحكـام التيمـم

    مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

    محمد بن إبراهيم التويجري

    —™

    ترجمة: أبو عبد الله الشاشي

    مراجعة: أبو محمد علي البخاري

    Таяммум аҳкомлари

    Таяммум — намоз ва ундан бошқа ибодатларни мубоҳ қилиш ниятида икки қўлни покиза тупроққа уриш ва юз билан қўлларга суртиш орқали Оллоҳ таолога ибодат қилишдир.

    Жобир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳумо ривоят қилиб деди: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Менга ўзимдан олдин бирор кишига берилмаган беш нарса берилди: Бир ойлик масофадан (душман қалбига тушувчи) қўрқув билан нусратландим. Ер (юзи) мен учун намозгоҳ ва (сув бўлмаганда) таҳоратга яроқли қилинди, шундай экан, умматимдан бирор киши қаерда бўлса ҳам намоз вақти кирганда (ўша ерда) намоз ўқийверсин. Менга ўлжалар ҳалол қилинди, ҳолбуки мендан олдин бирор кишига ҳалол қилинмаган эди. Менга шафоат қилишлик берилди. (Мендан олдинги) Пайғамбарлар фақат қавмига пайғамбар қилинар, мен эса барча одамларга пайғамбар қилиб юборилдим”, дедилар (Муттафақун алайҳи).[1]

    Таяммумнинг ҳукми:

    Таяммум сув йўқлиги ёки сув қўлланса зарар бўлиши ёки сувни ишлата олмаслик ёхуд сувни сотиб ололмаслик каби сувни ишлатиш имкони бўлмаган ҳолатларда кичик ва катта бетаҳоратликни кўтаради.

    Оллоҳ таоло деди: “Агар бемор ё мусофир бўлсангизлар, ёки сизлардан биров ҳожатхонадан чиққан бўлса ёхуд хотинларингизга қўшилган бўлсаларингиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз, покиза тупроққа таяммум қилингиз — юзингиз ва қўлларингизни (покиза тупроқ) билан силангиз. Оллоҳ сизларни бирон танглик-машаққатга солмоқни истамайди, балки сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматини комил қилиб беришни истайди. Шояд шукр қилсаларингиз” (Моида: 6).

    Таяммум қилиш жоиз бўлган нарсалар:

    Ер юзидаги ҳар қандай пок нарса: тупроқ, қум, тош, ҳўл ёки қуруқ лойга таяммум қилиш жоиздир.

    Таяммумнинг сифати:

    Дастлаб таяммум учун ният қилади, сўнгра қўлларини бир марта ерга уради ва чанг-ғуборни камайтириш мақсадида қўлларига уфлайди, сўнгра қўллари билан юзини, кейин кафтларини силайди, чап қўлининг ички томони билан ўнг кафтининг ташқи томонини, сўнгра ўнг қўлининг ички томони билан чап кафтининг ташқи томонини силайди.

    Баъзан биринчи қўлларини, кейин юзини силайди. Суннатни иҳё қилиш учун гоҳида биринчи, гоҳида иккинчи суратда таяммум қилади.

    Абдурраҳмон ибн Абзо отасидан ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб ҳузурларига бир киши келиб: “Мен жунуб бўлиб қолиб сув топа олмадим”, деди. Шунда Аммор ибн Ёсир Умар ибн Хаттобга қараб: “Эслайсизми, икковимиз сафарда эдик. Ўшанда (жунуб эдик ва) сиз намоз ўқимадингиз, мен эсам тупроққа юмалаб олиб, кейин намоз ўқидим. Кейин буни Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кафтларини ерга уриб, пуфлаб ташладилар, сўнг икки кафтларини аввал юзларига, кейин икки қўлларига суртдилар-да: “Мана шундай қилсанг, кифоя эди”, дедилар”, деди (Муттафақун алайҳи).[2]

    Таяммумнинг сифати ҳақида Аммор разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда шундай келган: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мана бундай қилсанг ҳам етарли бўлур эди”, деб қўлларини ерга бир урдилар, кейин қоқиб ташладилар, сўнг ўнг қўлларининг кафти билан чап қўлларини, чап қўлларининг кафти билан ўнг қўлларини силадилар. Ундан кейин эса иккала кафтларини юзларига суртдилар” (Муттафақун алайҳи).[3]

    Таяммум нималарни кўтаради?

    Агар катта ва кичик ҳожат ушатмоқ, иҳтилом ва жунуб бўлмоқ, ҳайз ва нифос каби катта ва кичик бетаҳоратликлардан покланиш мақсадида таяммумни ният қилса, таяммум буларнинг ҳаммасини кетказишга етарли бўлади.

    Таяммуми бўлган киши худди таҳорати бўлган киши сингари намоз ўқиши, тавоф қилиши ва шунга ўхшаш ибодатларни қилиши мубоҳ ва машруъдир.

    Таяммумни бузувчи нарсалар:

    Қуйидаги нарсалар таяммумни бузади: сув топилиши, бетоблик ёки муҳтожлик каби узрларнинг барҳам топиши, юқорида (таҳорат аҳкомларида) зикр қилинган таҳоратни бузувчи нарсалардан бири.

    Таяммум машруъ бўлган нарсалар:

    1- Кичик ва катта бетаҳоратликдан покланишда таяммум қилиш жоиз. Бироқ баданга ёки кийимга теккан нажосатни поклашда таяммумнинг ўрни йўқдир. Бунда нажосатни кетказиш керак, агар кетказиш имконсиз бўлса, ўша ҳолатда намоз ўқилаверади.

    2- Сув тополмаган, таяммум ҳам қила олмаган, ёки бу икки покловчини қўлланиш имконсиз бўлганда, ўша ҳолида бетаҳорат ва бетаяммум намоз ўқийверади ҳамда имкон топганда намозини қайта ўқимайди.

    3- Бир киши жароҳатланса ва сув тегиши зарар қиладиган бўлса, ғусл қилганда жароҳатнинг устига масҳ тортиб, баданининг қолган жойларини ювади. Агар сув билан масҳ тортиш ҳам зарар қиладиган бўлса, жароҳати устига таяммум қилиб, баданининг қолган жойини ювади. Бунда таяммум таҳорат қилиб бўлгандан кейин қилинади.

    4- Таяммумли киши намоз ўқиётганида сув топилиб қолса, таяммуми бузилади. Шунга кўра намозини тўхтатиб, таҳорат олади ва намозини қайтадан ўқийди. Борди-ю намозни ўқиб бўлгандан кейин сув топилиб қолса, ўқиган намози дурустдир, уни қайта ўқимайди.

    Абу Саид Худрий разияллоҳу анҳу ривоят қилиб деди: “Икки киши сафарга чиқишди ва намоз вақти кирди, бироқ уларда сув йўқ эди. Шунда улар покиза тупроққа таяммум қилиб намоз ўқидилар. Маълум вақтдан кейин сув топдилар, шунда улардан бири таҳорат қилиб, намозни қайта ўқиб олди, наригиси эса намозни қайта ўқимади. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнига келдилар ва бўлган воқеани айтдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозини қайтариб ўқимаган кишига: “Суннатни топибсан ва сенга (таяммум билан ўқиган) намозинг етарлидир”, дедилар. Таҳорат қилиб, намозини қайта ўқиган кишига: “Сенга икки марта ажр бордир”, дедилар (Абу Довуд ва Насоий ривояти).[4]

    таяммум,жунублик,иҳтилом.

    [1] Бухорий (335) ва бу унинг лафзидир, Муслим (521).

    [2] Бухорий (338) ва бу унинг лафзидир, Муслим (368).

    [3] Бухорий (347) ва бу унинг лафзидир, Муслим (433).

    [4] Абу Довуд (338) ва бу унинг лафзи, Насоий (433).