×
Ушбу мақола шайх Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрийн қуйидаги мавзулар ҳақида сўз юритади: - Муқаддима; - Зиён бериш ҳам, зиён кўриш ҳам йўқ; - Қиморнинг ҳаром эканлигига далиллар; - Қимор ўтиришларидан мисоллар; - Қимордан қутулишнинг йўли; - Арзимас баҳоналар; - Қимор турлари; - Шариат ва ҳалол тирикчилик манбаи; - Сўнгги насиҳат.

    Қимор

    > Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

    Шайх Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрийн

    —™

    Таржимон: Абу Жаъфар Бухорий

    Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший

    القمار

    > Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي <

    الشيخ عبد الله بن الجبرين

    —™

    ترجمة: أبو جعفر البخاري

    مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

    Қимор

    Бизни ибодат қилиш учун яратган ва бизда Ўзининг амру таъқиқларини ижро этган Аллоҳга ҳамду санолар айтаман. Унга шукроналар келтириб, марҳаматлари ва баракаларидан умид қиламан. Мен: «Шериксиз ягона Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Унинг бандаси ва элчиси экани»га гувоҳлик бераман. Аллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

    Сўнг ...

    Айрим масжидларда баъзи муносабатлар билан қимор ҳақида бирон тайёргарликсиз ва мурожаатсиз ҳамда ёддан маърузалар қилган эдим. У маърузалар ўша пайтларда овоз тасмаларига ёзилган ва кейинроқ баъзи биродарларимиз томонидан қоғозга қандай айтилган бўлса ўшандай, баъзида хато ва камчиликлар билан тартибсиз ёзишган эди. Аслида бундан мақсад, ушбу ҳаром тирикчиликдан огоҳлантириш, унинг таъқиқланган эканига ҳужжатлар келтириш, дунё топиш учун қиморга алоқадор бўлсада бошқача номлар билан аталган ҳамда катта даромадлар кўриш учун одамларнинг рағбатини ошириш мақсадида ўйлаб топилган ўйинлардан мисоллар келтириш эди.

    Биз ушбу рисолани нашр қилишга ижозат берар эканмиз, ҳар бир мусулмоннинг ҳаром ва шубҳали касблардан йироқ туриши, Аллоҳ таоло ато этган ризққа қаноат қилишини умид қилиб қоламиз. Зеро, Аллоҳ ҳалол қилган нарсалар ҳаром нарсаларга эҳтиёжманд қилмайди. Шубҳалардан сақланган одам эса, ўз дини ва шарафини сақлаган бўлади.

    Биз алдамчи эълонларни қўйган муттаҳам савдогарлар, мусобақа, лоторея ва шунга ўхшаш совринларни уюштираётганлар ватандошларнинг манфаатини эмас, балки макрлари ортидан мўмай даромад ва харидорларни ўзларига жалб қилишни назарда тутаётганларини, бундай мусобақаларни уюштирмаганларнинг бозори юрмай, ҳатто моллари касодга учраб, тижоратлари инқирозга учраётганини ҳам жуда яхши биламиз. Улар ўзлари фойдаланиб, бошқа савдогарларга зарар бермоқдалар. Агар улар ҳам Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб, мубоҳ омилларга чекланишса эди, уларга ҳам Аллоҳ ўлчаб қўйган даромадлар келар эди:

    «Ким Аллоҳдан қўрқса У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир» (Талоқ: 2, 3).

    Аллоҳим, ҳалолинг билан ҳаромингдан, Ўз марҳаматинг билан Ўзингдан бошқалардан беҳожат қил! Бизни берган ризқингга қаноат қилдир ва унга барака ато эт! Қўлга кирита олмаган барча нарсамизнинг бадалига яхшиликлар эҳсон айла!

    Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, унинг оиласи ва барча асҳобларига салавоту саломлар йўласин.

    Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Жибрийн

    21 \ 7 \ 1414 ҳ.

    Муқаддима

    Барча Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, башарият ва расулларнинг энг шарафлиси — пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, Унинг оиласи ва покдомон асҳобларига салавоту саломлар бўлсин.

    Сўнг ...

    Аллоҳнинг бандаларига бўлган раҳматидан бири, дунё ва охиратда манфаатлари бўлган барча нарсани кафолатлаган Исломни улар учун рози бўлишидир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:

    «Сабр ва салот (намоз ўқиш) билан мадад сўранглар. Албатта у (намоз ўқиш) оғир ишдир. Магар ўзларининг Парвардигорларига рўбарў бўлишларини ва шубҳасиз, унга қайтажакларини биладиган шикастанафс зотларга (оғир эмасдир)» (Бақара: 45).

    Аллоҳ таоло машруъ қилган Ислом таълимотлари Аллоҳ таолога яқин бўлинадиган ибодатлардангина иборат бўлмай, одамзот дунё ҳаётида муҳтож бўладиган барча нарсага, жумладан, банда билан биродари ҳамда банда билан Робби ўртасидаги муомалаларни ҳам ўз ичига олади.

    Агар ушбу самовий таълимотлар ҳақида ўйлаб кўрсак, уларнинг бандаларнинг манфаатлари ва Ер юзида тирикчилик қилишлари учун кафил эканига гувоҳ бўламиз. Улар бу таълимотларга қатъий риоя қилганлари сайин азиз ва ғолиб бўладилар. Уларни татбиқ қилишда лоқайд бўлганлари ёки биронтасига риоя қилмаганлари сайин хор ва хўр бўлиб, душманлари улар устидан ҳукмрон бўлишади.

    Бу — Аллоҳ таолонинг махлуқотлари ичидаги суннати-қонуниятидир. Бу — Ислом динининг ғалаба, иззат ва зафар мужассам бўлган манфаатларни ўз ичига олишининг далилидир.

    Буни билгач мазкур таълимотларга ўзимиз риоя қиламиз, фарзандларимизга жорий этамиз ва уларни бунга зид бўлган барча нарсалардан огоҳлантирамиз. Бундан ташқари мусулмон дўстларимизни ҳам огоҳлантирамиз ва уларни мубоҳ бўлган нарсалар билан муомала қилиб, ҳаром нарсалардан йироқ туришга чорлаймиз.

    Аллоҳ таолодан барчамизга фойдали билим ва солиҳ амал ато этишини, Ўзи суйган ва рози бўлган нарсаларга муваффақ айлашини тилаймиз. Дарҳақиқат, У — барча нарсага қодирдир.

    Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

    Зиён бериш ҳам, зиён кўриш ҳам йўқ

    Агар одамларнинг ўзаро қилаётган муомалалари билан, Аллоҳ таоло машруъ қилган муомалаларга назар ташлаб кўрсак, ўртада мутаносибликни кўрамиз. Чунки Аллоҳ таоло одамзотга фойда берадиган, шу дунёда тирикчилик ўтказишига ярайдиган ва асло зарар бермайдиган муомалаларни ҳалол қилиб қўйган.

    Аллоҳ таоло одамлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар учун рухсат берган ҳамда жамиятлари ва биродарларига зиён етказмай ҳалол тирикчиликка эришишадиган муомалалар жуда ҳам кўпдир. Банклар орқали зиён кўрмай пул ўтказишлар, харидорнинг мўлжалидаги молни сотиб олиб фойдаланиш, қилган меҳнати эвазига сотувчининг қўлга киритган даромади шулар жумласидандир.

    Бундай савдоларда харидор учун ҳам, сотувчи учун ҳам манфаатлар бор. Қолаверса, сулҳ, ижара, ваколат, ўртоқ суғориш ва деҳқончилик қилиш, кафолат ва гаровга олиш ва шу каби шариат рухсат берган муомалалар ҳам бор. Шундай бўлсада Аллоҳ таоло бу муомалаларни Ўз Китоби — Қуръон Карим ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатида белгиланган доира ичида, Аллоҳ чизган чизиқдан чиқмай қилишга рухсат берди.

    Муомалалардаги асос — рухсат экани ҳаммага маълум. Чунки улар шариат келишидан илгари ҳалол бўлган. Бироқ, шариат келгач башариятга зарар берадиган муомаларни ҳаром қилиб, зиён бермайдиганларини ўз ҳолича қолдирган.

    Аллоҳ таоло бандаларга, жумладан, икки тарафдан бирига зиён, бошқасига даромадли бўлган муомалалардан бири — судхўрликни ҳаром қилди. Алдов, қаллоблик ва сохтакорлик билан қилинган муомалалар ҳам таъқиқланди. Чунки бундай муомалаларда ҳам сотувчи ва харидордан бирига зарар бўлади. Аллоҳ таоло бундай муомалаларни бандаларига, жумладан, уларнинг заифларига меҳрибонлик қилиб ҳаром қилган. Харидор ёки сотувчига нисбатан қаллоблик, алдов, зулм, бехабар инсонлардан мўмай даромад олиш учун найрангбозлик қилиб нархни кўтариш каби муомалаларнинг барчасида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисларида ҳаром экани баён қилинган зарар бордир: «(Исломда) зиён бериш ҳам, зиён кўриш ҳам йўқдир» (Имом Молик 1429; Имом Аҳмад 2827). Аллоҳ таоло эса бундай деди:

    «Ва на котиб, на гувоҳга зарар етмасин» (Бақара: 282). Бу маънода бошқа оятлар ҳам бор. Шахс ва жамиятга салбий таъсири бўлгани боис, Аллоҳ таоло бизга уларни таъқиқлади. Ҳаромлиги ҳақида ваҳий келмаган бошқа муомалалар эса рухсатлигича қолдирилди.

    Аллоҳ таоло ҳаром қилган муомалалардан бири ҚИМОРДИР. Ушбу кичик рисолада, иншааллоҳ, қиморнинг ҳукми, ҳаромлигининг далиллари, шахс ва жамиятга бўлган салбий таъсирларини эслатиб ўтамиз. Бу ишимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин ва Унгагина таваккул қиламиз!

    Қиморнинг ҳаром эканлигига далиллар

    Биринчи далил: Қиморнинг ароққа ва фолбинликка боғлаб келиниши.

    Аллоҳ таоло айтди:

    «Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз! 91. Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!» (Моида: 90, 91).

    Ушбу оятда Аллоҳ таоло қиморни ароқ, бут ва фолбинликка боғлаб келтирди. Бу нарсаларнинг ҳам ҳаромлигида шубҳа йўқ бўлсада, оят қиморнинг ҳаром эканига далилдир.

    Ароқнинг нима экани ҳаммага маълум бўлиб, инсон ичса маст қилиб, ақлу ҳушини бутунлай ёки қисман йўқотади. Ўйламай ва телбаларча гапиради. Маст одам бировни ўлдириши, зино қилиши, ёнғинга сабаб бўлиши, қуроллардан ўқ отиши мумкин. Шунинг учун шариат уни ҳаром қилди.

    Бутларни ясаш, бутларга ибодат қилишга олиб боргани боис, ҳаром қилинган.

    Бут, ароқ ва фолбинликка боғлаб келтирилган нарсанинг ҳаромлиги ва қаттиқ гуноҳ эканида ҳеч шубҳа йўқдир.

    Иккинчи далил: Қиморни «ифлос» деб аталиши

    (Араб тилида) «рижс» сўзи «ифлослик»ни, «ружз» сўзи эса «гуноҳ»ни ифодалайди. «Рижз» осийлик ва зарар бўлган барча гуноҳни ифодалаган бўлса, Аллоҳ таоло бутларни «рижс» (ифлослик) деб атади:

    «бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлингиз» (Ҳаж: 30).

    «Бутлардан йироқ бўлинг!» (Муддассир: 5). Бошқа бир қироатда «ро» ҳарфининг касраси билан ҳам ўқилган.

    Учинчи далил: Қимор — шайтон ишидир

    Аллоҳ таоло қиморни шайтоннинг ишларидан бири эканини баён қилиб:

    «... шайтоннинг қилмишларидандир», — деди (Моида: 90). Шайтоннинг ишидан бўлган барча нарса, ҳаромдир. Чунки, шайтон одамзотни Тўғри йўлдан оздириб, залолатларга улоқтиришга ўта чанқоқ бўлади.

    Агар қимор шайтоннинг қилмишларидан бири эканини билган бўлсангиз, унутмангки, у сизни алдаш, адаштириш ва биродарингиз билан ўртангизга нафрат ва адоватни солмоқчи бўлади.

    Шайтон — одамзотнинг душманидир. Аллоҳ таоло бизни бу душмандан қаттиқ огоҳлантириб шундай деди:

    «Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у, ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур» (Фотир: 6).

    Аллоҳ таоло шайтоннинг Одам ва Ҳавво алайҳимассаломларга ҳам ҳийла қилгани ва уларнинг жаннатдан қувилишларига сабаб бўлгани ва уларга насиҳатгўй эканига онт ичганидан дарак берди:

    «Ва уларга: Албатта мен сизларга холисларданман», деб қасам ичди» (Аъроф: 21).

    Аллоҳ таоло бизни қуйидаги оятида ҳам ушбу душмандан огоҳлантирди:

    «Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин!» (Аъроф: 27).

    Демак, ушбу шайтон одамзотнинг душмани бўлиб, уни Тўғри йўлдан оғдиришга ҳарис, ароқ, қимор, бут ва фолбинлик эса шайтоннинг ишларидан, яъни, уларни шайтон олиб келган, бандага уларни васваса қилган ва уларни қилишни чиройли қилиб кўрсатган махлуқдир.

    Сиз шайтоннинг иши эканини билган нарсалардан йироқ туришингиз, ундан воз кечишингиз керак. Чунки шайтон сизни ҳалок қилиш ва Тўғри йўлдан оздиришни хоҳлайди!

    Шайтон инсон қалбига боғланиб, кўнгилларда васваса қилади. Аллоҳ таоло шайтон ҳақида бутун бир сурани нозил қилди. У, (Қуръондаги тартиб бўйича) сураларнинг энг охиргисидир. Аллоҳ таоло айтди:

    «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсон­ларнинг Илоҳидан (менга) Ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман»» (Нос: 1 – 6).

    Васваса қилувчи Ханнос — шайтондир. Аллоҳ таоло бизни бутун башариятнинг Робби, Подшоҳи ва Илоҳига кўнгилларга етиб васваса қиладиган, у жойга ёмонликларни экиб, ёмонликка чорлайдиган, одамларга ёмонликларни севимли қилиб кўрсатиб, ёмонлик сари ундайдиган ушбу шайтоннинг шарридан сиғинишга амр қилди.

    Лекин, Аллоҳ таоло Ўзининг дўстлари ва гуруҳига шайтоннинг шарридан паногоҳни яратди ва Ўзининг сара бандаларини ушбу шайтоннинг шарридан асраб, амну-омонлик берди. Аллоҳ таоло айтди:

    «(Аллоҳ) деди: «Менинг зиммамдаги Тўғри йўл будир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри йўлдан оздира олурсан)»» (Ҳижр: 42).

    Аллоҳ таоло Ўзи танлаган бандаларини шайтондан ҳимоя қилди. Шайтон уларнинг устидан ҳукмронлик қила олмайди. Ҳатто шайтоннинг ўзи ҳам уларни истисно қилди ва:

    «Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)» (Ҳижр: 40).

    Шайтоннинг душманлиги билан танишган бўлсак, унинг одам фарзандларини адаштириш учун барча ҳийла ва воситалардан фойдаланишини билишимиз керак. Аллоҳ таоло шайтоннинг ушбу гапларини бизга айтиб берди:

    «Ва уларни йўлдан оздираман, хомхаёлларга мубтало қиламан, буюрсам улар чорваларининг қулоқларини кесадилар, буюрсам Аллоҳ яратган нарсаларни ўзгартириб-бузадилар» (Нисо: 119);

    «Қасамки, агар Сен мени Қиёмат кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта, мен унинг зурриётини қириб юборурман, яъни, ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман, магар озгиналаригина (ҳақ йўлда) қолурлар» (Исро: 62). Яъни, одамзотнинг озгинасигина шайтон васвасасидан йироқ қолади. Аллоҳ таоло бизга шайтонни ҳукмрон қилиб, муҳлат беради:

    «(Аллоҳ) деди: «Сен муҳлат берилганлардансан»» (Аъроф: 15).

    Сўнгра Аллоҳ таоло шайтонга шундай деди:

    «Бор, (сенга Қиёматгача умр бердим) Бас улардан ким сенга эргашса, У ҳолда, шак-шубҳасиз, жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур! Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт!» (Исро: 63, 64).

    Яъни, уларга ҳар қандай ҳийлангни қил, уларга хоҳлаганингдек ҳукмрон бўл, кучинг етган барча макрингни ишлат!

    Ҳа, шайтон ҳар бир инсонни адаштиришни хоҳлайди ва бу мақсадини амалга ошириш учун бор кучини сарф этади.

    Бу турдаги махлуқотларнинг одамзотга нисбатан ўз ўрни бўлиб, унга кучи етади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шайтоннинг (инсон танасида) қон оққан жойларда юра олиши, яъни, инсон ичида қон етиб борган жойгача етиб бора олишини айтиб: «Дарҳақиқат, шайтон одамзот (ичи)да қон оққанидек чопиб юради», — дедилар (Имом Бухорий 2039; Имом Муслим 5807).

    Одамзот кўрмайди, аммо шайтон унинг қалбида васваса қила олади:

    «Чунки у ва унинг малайлари сизларни кўриб турадилар» (Аъроф: 27). Яъни, шайтон ва шайтонга ўхшаган жин ва бошқа махлуқотлар:

    «ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб туришади (яъни қандай алдашганини сезмай қолишингиз мумкин)» (Аъроф: 27). Лекин, Аллоҳ таоло бизга шайтондан ҳимоя қиладиган қалқонни бериб қўйди. Масалан, Аллоҳга итоат қилиш шайтондан қалқондир. Аллоҳ таолони ёдга олиш, барча ибодатлар, Қуръонни тафаккур билан ўқиш, тасбиҳ ва бошқа нарсалар шайтондан қалқондир. Бу «қалқонлар»ни ихлос билан тилга олсангиз, сизни Аллоҳнинг изни билан, шайтондан ҳимоя қилади ва сизга фойда беради.

    Хуллас, Аллоҳ таоло маст қилувчи ичимлик, қимор, бут ва фолбинликни шайтон иши бўлгани учун ҳаром қилди. Яъни, буларга шайтон чорлайди. Шайтон сиғинилиши учун бутлар, ичилиши учун маст қилувчи ичимликларга, амал қилиш учун фолбинликка чақиради. Демак, буларнинг барчаси шайтоннинг қилмишларидандир.

    Билган онингизда шайтон васвасаларидан қутулиш учун улардан йироқ туришингиз лозим. Чунки Аллоҳ таоло:

    «Эй мўминлар, ароқ (маcт қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир», — демоқда (Моида: 90).

    Тўртинчи далил: Қимордан йироқ туриш амри

    Аллоҳ таоло ушбу тўрт нарса: ароқ, қимор, бут ва фолбинликдан йироқ туришга амр қилди. Йироқ туриш қилмасликдан кўра муболағали ишдир. Яъни: Ундан узоқ туринглар! Бу дегани: Уларни бир тарафга ташлаб, ўзингиз бошқа тарафдан кетинглар!, маъносидадир. Бу: Уларни тарк қилинглар!, дегандан кўра муболағали фармойишдир. Чунки, қилмаслик узоқ туришни тақозо этмайди. Сақланиш эса муболағалидир.

    Қимордан узоқ туриш авлодир. Чунки яқинлашиш қимор ўйнашга киришиш воситаларидан биридир ёки ўйнашга сабабдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло ундан бутунлай узоқлашиш учун йироқ туришимизга амр қилди. Қиморга, қиморбозларга яқин йўламанг, улар билан дўстлашманг, муомала қилманг, уларни суйманг, улар билан бирга ўтирманг! Билъакс улардан узоқ бўлинг! Ўзингизни ва шарафингизни ҳимоя қилинг! Динингиз ва эътиқодингизни қутқаринг! Чунки улар билан бирга ўтирсангиз, масалан, қиморбозлар, пиёнисталар ва бошқа ҳаром нарсаларни истеъмол қиладиган одамлар билан бирга ўтирсангиз, обрўйингизга шикаст етиши, улар қилаётган ишлардан биронтасини қилиб қўйишингиз, улар суйган озгина нарсани суйиб қўйишингиз ва бошқа ишларга қўл уришингиз мумкин. Бу, Аллоҳ таолонинг бизга: «Йироқ турингиз!» деб берган фармойишида мужассамдир.

    Бешинчи далил: Қимордан воз кечиб нажотга эришиш

    Бу Аллоҳ таолонинг:

    «Шояд нажот топарсизлар» (Моида: 90) оятида баён қилинган.

    «Нажот» — зафарни қўлга киритиш, зафар эса бу дунёдаги саодат, охиратда муродга эришиш, «нажот топган» эса муродига етган бандадир.

    Лекин сиз қачон нажотга эришасиз?!

    Юқоридаги нарсалардан, жумладан, қимордан йироқ турсангиз, ундан воз кечсангиз ва қиморбозлардан нафрат этсангизгина нажотга эришасиз. Яъни, сизнинг нажот топганлар қаторида бўлишингиз умид қилинади. Бу — Аллоҳ таолонинг нажотни мазкур нарсалар, жумладан, қимордан узоқ туришингизга боғлашидаги сабабдир. Сақланиш билан нажот топиладиган, яқинлашиш билан ҳалокат келадиган, қилиш билан банда хонавайрон бўлиб Тўғри йўлдан адашадиган нарсаларнинг ҳаром эканида ҳеч шубҳа йўқдир.

    Олтинчи далил: Қимор одамлар ўртасида адоватни қўзғайди

    Аллоҳ таоло:

    «Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!» — деди (Моида: 91). Яъни, шайтон одамлар орасига адоват уруғларини сочишга ҳарисдир. Адоват, икки дўст ўртасини айириш ва уларнинг бир-биридан нафратланишлари ва айрилишларидир. Шундай қилиб, дўстлар айриладилар: бир-бирини ёмон кўрадилар, ҳақорат этадилар, устидан кулиб ғийбат қиладилар, обрўларини тўкадилар, нолойиқ нарсалар билан айблайдилар. Буларнинг барчаси маст қилувчи ичимлик ва қимор туфайли бўлади. Ҳолбуки Аллоҳ таоло:

    «Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!» — деган (Моида: 91).

    Еттинчи далил: Қимор одамлар ўртасида нафрат уйғотади

    Нафрат — бир одамнинг бошқасини ёмон кўриши, унга аччиқланиши, қилган ишларини ёқтирмаслигидир. Бу нафрат ортидан одамлар ўртасида айрилишлар, узоқлашишлар, мусулмонлар ўртасида тарқоқликка сабаб бўладиган ёмон режалар юзага келади. Шу ерда қимор сабабли юзага келган айрим мисолларни айтиб ўтамиз. У мисоллардан бири одамлар ўзаро пул тикиб ўйнашадиган ва ютгани пулларни олиб, ютқазгани қўли қуруқ қоладиган ўйинлардир. Ютқазганлар бу пуллари билан тирикчиликларини ўтказишлари мумкин бўлсада, гоҳида камбағаллашиб қарз олишга муҳтож бўлишади ва пулни қандай йўллардан бўлсада топишга ҳаракат қилишади.

    Айрим одамлар тирикчилик ўтказишда қийналиб, осон йўллар билан пул топиш учун шайтоний ўйинларга қўл уриб, қимор ўйнайдилар. Бошқаларнинг қийналиб ва пешона терлари билан топган пулларини ноҳақ оладилар. Ютқазган ҳам ютиб олган одамни ёмон кўриб қолади ва тез кунда ўз интиқомини олиш пайига тушади. Уни ёмон кўрибдими, албатта, ўрталарига адоват тушади. Бу адоват қотилликкача бориши мумкин. Бу адоват мусулмонлар ўртасидаги бирдамлик ва дўстлик алоқаларига раҳна соладиган ўзаро нафрат ва айрилиқдан ташқари, қотиллик ва жанжалларни ҳам келтириб чиқаради. Оқибатда мусулмонларга душман бўлган халқларнинг кучига куч қўшиб, мамлакатларини босиб олишларига восита бўлади. Буларнинг барчаси ичкиликбозлик ва қиморбозлик сабаблидир!

    Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзаро самимий дўст бўлишлари, ўрталаридаги гина ва адоватларни кетказишлари, бир-бирларига шафқатли бўлишларига амр қилди ва уларни «мусулмонлар» деб атаб, диний биродарликни марҳамат қилди. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деди:

    «Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди» (Оли Имрон: 103).

    Аллоҳ таоло уларга тарқоқликдан сўнгра бирлик, айрилиқдан сўнгра самимий муҳаббат, душманликдан сўнгра дўстликни, қалбларнинг ички оламини биладиган Бохабар зотгина қодир бўлган қалб бирлигини миннат қилди:

    «У сизни Ўз ёрдами ва мўминлар билан қувватлантирган ва уларнинг (мўминларнинг) дилларини бирлаштирган зотдир. Агар (сиз) Ердаги бор нарсани сарфласангиз ҳам уларнинг дилларини бирлаштира олмаган бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди» (Анфол: 63).

    Аллоҳ бу миннати билан бизнинг ўзаро иттифоқ бўлишимиз зарурлигини кўрсатиб, ўзаро душман ва адоватли бўлишимизни ёқтирмади. Шунинг учун мўминлар бир ёқадан бош чиқариб, ўзаро ҳамкор бўлишлари шарт. Зеро Аллоҳ таоло ушбу оятида шунга буюрди:

    «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2).

    Аллоҳ таоло бизни мусулмонларнинг икки гуруҳи ўртасида уруш пайдо бўлса, ярашгунларича ўрталарини ислоҳ қилиш учун ҳаракат қилишимизга буюрди:

    «(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зе­ро Аллоҳ адолат қилгувчиларни суюр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот: 9, 10).

    Аллоҳ таоло улар ўртасини ислоҳ қилишга буюрар экан, гарчи урушаётган бўлсаларда уларни бизга «биродар», деб атади. Уларни эса биродар бўлганлари учун бир сафда туришга амр қилди. Лекин қимор шу биродарликни бузиб, ўрнига ўзаро гина, адоват, нафрат ҳамда Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъқиқлаган айрилиқни пайдо қилади.

    Агар буни билган бўлсак, қиморнинг зарарларини ҳамда ундан йироқ туришимиз зарурлигини ҳам билиб оламиз.

    Саккизинчи: Қимор Аллоҳнинг зикридан тўсади

    Аллоҳнинг зикридан тўсиши ароқ ва қиморнинг ҳаром эканига бошқа бир далилдир. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу оятида келган:

    «Ичкилик, қимор сабабли шайтон ўрталарингизга буғзу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!» (Моида: 91). Ушбу шайтоний ўйинда катта фасод бўлиб, у Аллоҳнинг зикридан тўсади. Бу, ҳаммага маълумдир. Чунки қиморбозлар пул тикмай шунчаки ўйнашса ҳам, узоқ вақтларини бекорга ўтказадилар ва қиморлари билан «лаззатланадилар». Шу ўйин билан кўнгиллари ёришиб, тасалли олишаётганини ўйлайдилар. Энг бебаҳо неъматлари — вақтларини шу ўйинда зое қилиб, Аллоҳнинг зикридан тўсадилар ва ўйин-кулгуга машғул бўладилар:

    «Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди» (Тавба: 67).

    Биз қиморбозларга шундай деймиз: Беҳуда кетган ушбу вақтингизда Аллоҳнинг зикри билан шуғуллансангиз яхши бўларди. Аллоҳни ёдга олинг, Коинот ҳақида тафаккур қилинг! Ахир сизларда вақтингизни фойдали ўтказишингиз учун жуда ҳам кўп нарса бор-ку! Бу ўйинларнинг на динга ва на дунёга фойдаси бор! Улар сизларни Аллоҳнинг зикри, дуоси ва ибодатидан тўсиб, ғофиллик ва қалбингизнинг қорайишига сабаб бўлади.

    Тўққизинчи далил: Қимор намоздан тўсади

    Қиморнинг намоздан тўсиши ҳам ҳаммага маълум. Ушбу шайтоний ўйин билан банд бўлганлар кўпинча вақтларини намозни ўқимаслик, кўплаб ибодатларни қилмаслик билан ўтказадилар. Агар ўқиб, қилишса ҳам хато ва васвасалар билан адо этишади. Аксар пайтларда эса кечалари билан қимор ўйнаб, бомдод намозига тура олмайдилар! Ҳатто бошқа намозларни ҳам ўз вақтида ўқишмайди. Масжидлардаги жамоатга эса чиқишмайди! Бу, қиморнинг ҳаром эканига ҳужжат эмасми?!

    Ўнинчи далил: Қимордан воз кечишга буюриш

    Аллоҳ таоло:

    «Энди тўхтарсизлар?!» деди (Моида: 91). Бу, қиморнинг ҳаром эканига ёрқин далилдир. Аллоҳ таоло бизни ундан тўхташимизга буюрди. Тўхташ эса қимордан воз кечиб, тавба қилишдир. Шунинг учун ушбу оят нозил бўлганида саҳобалар: Тўхтадик! Тўхтадик!, — дея айтган эдилар (Термизий 3049; Насоий 5540; Имом Аҳмад 378). Яъни, ичкилик ичишдан, қимор ўйнашдан ва бошқа ахлоқсизликлардан тўхтадик, — дейишган эди.

    Аллоҳ таоло: «Энди тўхтарсизлар?!» деди (Моида: 91). Ушбу салмоқлаб сўраш сўров учун эмас, балки талаб учундир. Яъни: Тўхтанглар! Қачонгача тийилмайсизлар?! Қачонгача бу ўйин билан банд бўласизлар?! Бу ишларни тўхтатиш вақти келмади?! Унинг зарарларини билмадингларми?! Энди тўхтанглар?!

    Саҳобалар: Хўп, тўхтадик!, — дедилар.

    Булар — қиморнинг ҳаром эканига далолат қилган Қуръони Каримдан ўнта ҳужжатдир. Валлоҳу аълам.

    Қимор ўтиришларидан мисоллар

    Қимор ўйнашнинг ҳаром эканининг далиллари билан танишгач, бу ўйиннинг баъзи турларини гарчи ҳаммага маълум бўлсада айтиб ўтайлик.

    Бекорчилар ўйнайдиган барча ўйинлар хоҳ пул тикилган ва хоҳ тикилмаган бўлсада, қимордир. Шунга кўра барча машҳур ўйинлар қимор деб аталиши керак, лекин кўпинча пул тикилган ўйинларгина қимор деб аталиб қолган.

    Одам, кўнглини очиш учун ўйнаб, вақтини зое қилаётган барча ўйинлар Аллоҳнинг Қуръонидаги оятлар билан ҳаром қилинган эканини билиши шарт:

    «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳнинг йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олур. Ана ўшалар учун хор қилгувчи азоб бордир. Қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, гўё уларни эшитмагандек, гўё қулоқларида оғирлик-карлик бордек кибру-ҳаво билан юз ўгириб кетур», деди (Луқмон: 6, 7).

    Ушбу оят мазкур бекорчи қиморбозларга нақадар муносиб-а! Ушбу оятларни қимор ўйнаётган одамларнинг олдига бориб ўқиб берсангиз, сиздан интиқом олиш пайига тушадилар ёки аччиқланиб, сиздан қочадилар! Уларнинг қочишлари қуйидаги оятда баён қилинган:

    «Қачон унга Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, гўё уларни эшитмагандек, гўё қулоқларида оғирлик-карлик бордек кибру-ҳаво билан юз ўгириб кетур» (Луқмон: 7).

    У, Қуръонни эшитмаслик учун қулоқларини беркитади. Ҳолбуки, бундан илгари хотиржам, хурсанд, қимори, ботили ва ўйини билан хуррам эди. Сиз унга Аллоҳнинг оятлари ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан ўқиб берсангиз ёки қимор ҳақидаги илмий мақолалардан бирини айтиб берсангиз аччиқланади, сиқилади, сиздан ўч олмоқчи бўлади, қиморини ташлаб, сиз бўлмаган жойга хотиржам ўйнаш учун қочади!

    Бундан ташқари, қимор беҳуда нарсадир. Беҳуда нарсалар эса ботилдир. Чунки беҳуда нарса вақтни беҳудага зое қилади. Аллоҳ таоло беҳуда гапларни сотиб олаётган одамларни мазаммат қилди. Қиморбозлар тилга олаётган гапларнинг барчаси беҳуда бўлиб, уни гапирашаётганида қаҳқаҳалар отишади. Ҳолбуки, у гапларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқдир.

    Бу ўйинлар сўкиниш, айблаш, туҳмат, ҳақорат, лаънатлаш каби ишлардан холи бўлмайди. Чунки улар Шайтон иштирок этаётган ўйинлардир! Шайтон иштирок этаётган ҳар бир нарсада бу ишларнинг ва шайтон қилмишларининг осорлари содир бўлиши муқаррардир.

    Шунинг учун ҳам, биз қиморбозларнинг доимо сўкинишаётганларига, ҳатто айримлари ўзи ва ота-онасини лаънатлаётганига шоҳид бўламиз. Булар ҳам қиморнинг ҳаром эканига дилал бўла олади.

    Қимордан қутулишнинг йўли

    Эй инсон, сиз вақтингизни унумли фойдаланишга ва уни зое қилмасликка, жумладан, пул тикиб ёки тикмай қимор ўйнаш билан ўтказмасликка буюрилгансиз.

    Бу ўйинларнинг зарарларини билиб, улардан узоқ туришимиз зарур. Бу ўйинларнинг қарта ёки бошқа нарсалар билан бўлишининг фарқи йўқ. Бу ўйинларнинг исмлари фарқли бўлиб, кўнгилларга тасалли бўлиши учун ўйналаётган бўлса бас, ҳаромдир ва қимор ҳукмига тобеъдир. Биз қиморбозларни танишимиз ва қиморни қаерда кўрсак уни йўқотиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Қарталарни кўргач йиртиб, ёқиб ташлаган бўлсангиз, бир гуноҳни йўқотган ва ўзгартирган кишилар қаторида бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларининг таҳтига кирган бўласиз: «Ичингиздан ким мункарни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин! ...» (Имом Муслим 186; Имом Аҳмад 11478).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилинган марфуъ ҳадисда қимор ўйнаш ва қиморбозлар билан бирга бўлишни таъқиқлаган амр келган: «Ким нард ўйнаса, гўё қўлини чўчқанинг гўшти ва қонига ботирибди» (Абу Довуд 4941; Ибн Можа 3763).

    Яъни, нард ўйнаган одам гўё қўлини чўчқанинг гўшти ва қонига белабди. Маълумки, чўчқа ифлос нарсадир. Қон эса у одамники ёки гўшти ҳалол ҳайвонники бўлсада ҳаром бўлса, чўчқаники қандай ҳаром бўлмасин?! Ҳаром бўлганида ҳам қаттиқ ҳаромдир!

    Агар нарднинг ҳоли шу бўлса, уни ўйнаган одам ўз шарафи, қўли ва ўзини булғаган ҳамда ўзига маънавий нажосатни сурган бўлади!! У, обрўси ва динини ҳимоя қилиш учун бу ботилдан ўзини поклаши керак!

    Арзимас баҳоналар

    Айрим қиморбозлар арзимаган баҳоналарни қилиб: Ҳар иккимиз ҳам рози бўлиб ўйнаяпмиз! Пул тикаётган одамни мажбурланмайди, балки ўз хоҳиши билан тикади! Ютган, ютқизган одамнинг розилиги билан пулни олади, — дейдилар. Биз уларга шундай деймиз: Тўғри, улар пулларини рози бўлиб тикишаяпти. Лекин ҳар иккисининг ҳам ютиб чиқиш орзуси бор. Ютқизган одам ютган одамга нисбатан адоват қилиб, ундан нафратланмоқда ва имконият туғилса интиқомини олишни кўнглига тугмоқда. Ўрталаридаги адоват кучаймоқда. Агар ютган одам ютқазганнинг розилиги билан ёки зўравонлик билан олса эди, ютқазган маҳкамага шикоят қилган ёки куч билан қайтариб олган ёхуд ундан пулини олиб берадиган бошқа бирон кишига мурожаат қилган бўлар эди. Лекин, қиморбоз унинг пулини розилиги билан олгандек кўринсада, аслида, ютқазганнинг кўнгли нафрат ва адоватга тўладир.

    Қиморбозлар: Бу ўйинларга банд бўлиб беҳуда гапларни гапирмаймиз ва одамларни қораламаймиз, — дейдилар!!

    Ҳа, улар: Биз ўйин билан банд бўлиб, вақтимизни ўтказамиз. Бизга кечалар узун бўлса, кундузларни ҳам узун қилиб ўтказамиз. Ҳатто замоннинг: кеча ва кундузнинг қандай ўтганини билмай қоламиз. Инсон нафси узоқ бўш қолса ва ишсиз ўтирса, зерикиб қолади. Шунинг учун биз қимор ўйнаб тасалли оламиз ва вақтимизни ўтказамиз, — дейдилар.

    Улар шу баҳоналарни қилиб, гўё иккита фойдани назарда тутаётганларини айтмоқчи бўладилар:

    Биринчиси: улар, гумонларича, банддирлар ва бу бандлик уларни бошқаларнинг шарафи ҳақида гапиришга имкон бермайди.

    Иккинчиси: улар қимор билан вақтлари ва кундузларини ўтказиш ҳамда вақтларнинг узунлигини сезмаслик учун шуғулланишаётганларини айтмоқдалар. Чунки улар зериктирувчи бўш вақтларининг кўплигидан, вақтларини ўтказадиган ишлари йўқлигидан шикоят қилишиб, зерикишлари ва чарчоқларини йўқотадиган иш билан шуғулланишни хоҳлашларини айтадилар.

    Биз уларга шундай деймиз: биринчи ҳужжатингиз яроқсиздир. Чунки сизларга одамларнинг обрўлари ҳақида гапириш на буюрилган ва на мажбурийдир. Одамларнинг шарафи ҳақида гапиришга сизларга ким буйруқ берди?! Уларнинг шарафи ҳақида гапириб гуноҳкор бўлишингизга биронта ҳожат йўқ.

    Бундан ташқари, қиморбозлар саводсиз бўлиб, таълим олишга қизиқмайдилар. Шунинг учун бўш вақтлари кўпаяди ва уни Аллоҳнинг зикри билан ўтказишмайди. Уларнинг Қуръон ва суннатни ўрганишга эҳтиёжлари бўлсада, бўш вақтларини қарта ўйнаш билан ўтказишади!

    Биз уларга шундай деймиз: нега бу ўйинларнинг ўрнига вақтингизни ўрганиш, китобларни мутолаа қилиш, (Аллоҳнинг мўъжизаларини) эслаш ва бошқа (фойдали) нарсалар учун сарф этмайсизлар? Шундай қилсангизлар ўзларингиз учун фойдали бўлади-ку! Дунёвий ишлар билан шуғуллансангизлар ҳам яхши бўларди. Чунки, дунёвий ишлар билан шуғулланиш ҳам мубоҳдир. Сизларнинг дунёвий ишлар — тижорат, саноат ва ҳунармандчилик билан шуғулланишингиз, матлабдир. Бу ишлар билан шуғуллансангиз даромад қиласиз ва ҳалол тирикчилик ўтказасиз. Кунларингиз, ойларингиз ва йилларингизни бекорчилик, чарчоқ ва зерикишсиз ўтказасиз. Дунёвий даромадларни қўлга киритиб, зарарли бўлган бу ўйинлардан ва бу гуноҳлардан қутуласиз.

    Эй мусулмон, агар дунёвий иш ва касбларга эҳтиёжингиз бўлмаса ва бўш вақтингиз бўлса зикр, тасбиҳ, такбир ва шукроналар айтинг. Вақтингизни Аллоҳнинг Ердаги ва осмонлардаги махлуқотлари ҳақида тафаккур қилиш, Аллоҳнинг мўъжизалари ва Аллоҳнинг борлигига далолат қиладиган аломатлардан ибрат олиш билан ўтказинг. Бундай қилишингиз вақтингизни беҳуда ўйинлар билан ўтказишингиздан кўра афзалдир. Шулар билан банд бўлсангиз вақтингизни бошқа нарсаларга эҳтиёжманд бўлмай ва зерикмай ўтказасиз.

    «Қимор ўйнасак бошқаларнинг шарафлари ҳақида оғиз очмаймиз», деяётган одамларга шундай деймиз: Сизлар хоҳ қимор ўйнанглар ва хоҳ ғийбат, чақимчилик ва миш-мишлар билан шуғулланинглар, фарқи йўқ: гуноҳкорсизлар. Чунки бир гуноҳни қилмай, унга ўхшаган бошқа гуноҳни қилаяпсизлар. Худди, бировнинг ўчоғидаги қўрини қўлга олиш учун мардикорлик қилаётган одамга ўхшаяпсизлар! Бир гуноҳдан воз кечиб, иккинчисига қўл ураяпсизлар! Миш-мишни ташлаб, қимор, беҳуда нарса ва ботил билан шуғулланамиз, деяпсизлар. Ахир бу ҳам, у ҳам ҳаром-ку! Сизлар ҳаромнинг бир эшигини қоқмай, иккинчисини қоқаяпсизлар, холос!

    Биз уларга яна шундай деймиз: Сизлар миш-мишга муҳтож ҳам, уни қилишга мажбурланган ҳам эмассизлар! Жим турсангизлар ҳам бўлаверади. Бировнинг шарафи ёки номусига тегмайдиган, камситувчи, айбловчи, ғийбат ва чақимчиликни ифодаламаган гапларни гапирсангизлар ҳам бўлаверади ва бу билан на қимор ва на бошқа беҳуда ўйинларни ўйнашга эҳтиёжингиз қолмайди.

    Қимор турлари

    Юқорида айтиб ўтилганлардан, қарта ва бошқа шайтоний ўйинларни пул тикиб ўйнаш қимор ва унинг ҳаром экани маълум бўлди. Тикилган пул гарчи розилик билан тикилган бўлса ҳам, ҳаромдир. Чунки, бу розилик уни ҳалол қила олмайди. Ҳар бир одам ўзининг пулини Аллоҳ машруъ қилган чегаралар ичидагина сарфлаши мумкин. Зеро Аллоҳ таоло эгаси ўз ризоси билан сарф этсада, судхўрликни ҳаром қилди. Чунки бу ишда икки тарафдан бирига катта зиён бор. Шунинг учун, судхўрлик ҳаромдир. Бинобарин қимор ҳам, эгаси ўз розилиги билан ва чин юракдан пулини тиксада, ҳаромдир. Чунки қиморда, юқорида сабаблари айтиб ўтилгани каби, бир тараф зиён кўради.

    Кўп одамларнинг мубоҳ эканини гумон қилиб, турли қимор ўйинларини ўйнашаётгани ва катта миқдордаги ютуқларни ҳалол дея олишаётганига гувоҳ бўламиз. Бу турдаги ўйинлардан бири одамларни алдаб тузоқларига тушириш учун қилинаётган алдамчи реклама ва эълонлардир. Аслида, бу ишлар мақтовга лойиқ эмас, балки қимордир! Чунки дўкондорлар ўз молларини сотиб олиш учун одамларни гўё қимор ўйнагандек алдамоқдалар. Одамлар ҳам у ишларнинг айтилгандек эмаслиги, балки бу ўйинда белгиланган эвазни олмаган бўлса ҳам, нарх оширилганини кўрмоқдалар.

    Бундай фаолиятни реклама қилаётганлар одамларни чақираётган пайтларида самимийдек кўринсаларда, аслида харидорлардан катта даромад кўрадилар.

    Қимор турларидан бири, айрим савдогарларнинг молларини сотиб олишлари учун харидорларга совринлар тайинлаши ҳам киради. Улар: Фалон молдан фалонча сотиб олган харидорга ўнта соврин берилади, деб эълон қиладилар ва одамлар ўша совринлардан биттасини қўлга киритиш учун молларга парвонадек ёпишадилар.

    Натижада эса савдогарлар ҳақлари бўлмаган катта миқдордаги мол ва даромадга эга бўладилар. Кампания тугагач совринларни дўстларидан бирига бериб: Ютуқ фалончига чиқди!, — деб эълон қиладилар. Бу ютуқларни қўлга киритиш учун узун вақтларини сарф этганлар эса, қўллари қуруқ қолаверади!

    Ҳатто бу рекламаларни сигарет ва бошқа ҳаром қилинган моллар учун ҳам уюштирдилар ва сигаретфуруш ва уларнинг ҳамтовоқлари одамларни кашандаликка тарғиб қилиб: Ким фалон ва фалон пакетларни соврин эълон қилинган ёрлиғи билан олиб келса, соврини бор деб, ҳаром нарсаларни истеъмол қилишга тарғиб этмоқдалар! Мақсад эса, одамларга молларини қиммат нархга сотишдир. Улар, масалан, машинагача қўйиладиган совринлар билан одамларни молларини сотиб олишлари учун рағбатлантиришни, истеъмолчи ва камбағаллар ҳисобига даромад ва бойликлари кўпайишинигина назарда тутадилар, холос. Чунки харидорлардан бири: Бир ёки икки ёки беш риялни сарф қилсам нима қилибди? Бу менга зиён қилмайди-ку?! Агар ютиб чиқсам минг ёки икки минг ёхуд ўн минглик совринга эга бўламан!, — деб ўйлайди. Бироқ берган беш риёли билан гуноҳ ишнинг қилинишига ёрдам бераётганини билмайди. Агар ўша пулини сарф қилмаса, бошқа бирон эҳтиёжига яраб қолар эди. Бу харажати одамларнинг молларини ноҳақ олишга, тўғрироғи, тортиб олишга ҳаракат қилаётган золим ва тажовузкорларга ёрдам беришидан кўра яхшироқ бўлади.

    «Лоторея» деб аталган ўйин ҳам қимордир. Лотореянинг хилма-хил тури бор. Катта Уламолар Ҳайъати ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси томонидан лотореянинг ҳаром ва қимор экани ҳақида фатво чиқарилган.

    (Савдода) найрангбозлар қилаётган ишлар ҳам қимор ҳисобланади. Чунки, уларнинг иши ҳам шайтонийдир. Афсуски, бу иш бу ва бошқа Исломга мансуб ва мансуб бўлмаган ўлкаларда ҳам кенг тарқалди. Сабаби, айрим одамлар шайтонларни ишга соладилар ва одамни сеҳрлаб, молларни бошқа сифатлари билан кўрсатадилар, кўзбўямачилик қиладилар. Натижада харидор асли бошқача бўлган молни сотиб олади. Улар қилаётган барча ҳийлалар — шайтонийдир. Харидор булардан бехабар, уларнинг молларини сотиб олади, тўғрироғи эса, улар билдирмай сеҳрланган харидорнинг чўнтагини қоқиб олишади!!

    Шунинг учун ҳам, бу — найрангбозлар ноҳақ даромадни қўлга киритиш учун одамларга қурган шайтоний ҳийла — қимордир. Бундай одамлардан эҳтиёт бўлиш, уларнинг шайтоний ҳийлаларидан ва барча ишдан илгари уларнинг шайтоний жодугарлар эканидан бохабар бўлиш керак!

    Улар бу найрангларини шайтон кўмаклашганидагина қила оладилар. Шунинг учун улар шайтонга яқинлашадилар, унинг исмини чақирадилар, гоҳида шайтонга сиғиниб: рукуъ ва сажда қиладилар. Гоҳида Аллоҳга қилишлари керак бўлган ибодатларни қилмайдилар. Нажас ишлар билан банд бўлиб, шайтонга итоат этадилар. Шунга ўхшаш, бошқа ишларни ҳам уялмай қилаверадилар!

    Шайтон инсоннинг кўзига ҳар хил суратда намоён бўла олади. Чунки Аллоҳ таоло унга ва унга ўхшаган бошқа жинларга бу хусусиятни берган.

    Агар инсон шайтоний хусусиятга бурканса одамларнинг кўзини бўяши, масалан, бир рияллик банкнотни юз риял қилиб кўрсатиши ва: менга фалон ва фалон нарсалардан беринг, деб узатиши ва қайтимини харидор сезмаган ҳолда олиб кетиши мумкин!!

    Шайтоний макр ва қилмишлари кўпайган бундай одамлар — қиморбоздирлар. Улар бу ишлари билан одамларнинг пулларига шайтоний ҳийлалар билан эга бўлишмоқда.

    Шариат ва ҳалол тирикчилик манбаи

    Аллоҳ таоло бизга динимизнинг салоҳияти бўлган нарсаларни баён қилганидек, дунёмизнинг салоҳияти бўлган нарсаларни ҳам кўрсатиб берди.

    Аллоҳ таоло пулни қандай топиш йўлларини кўрсатиб, уни зое қилишни таъқиқлади. Бу — Аллоҳнинг бандаларига бўлган меҳрибонлиги ҳамда манфаатларига йўллашга далилдир. Чунки, инсон ҳаётида мулкка эга бўлишга эҳтиёжни ҳис этади. У ўзи, эҳтиёжлари ва қарамоғидаги кишилар учун харажат қиладиган пулга муҳтождир.

    Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Динимизни яхши билишимиз учун бизга ҳалол тирикчилик йўлларини, зарарли ҳаром тирикчилик йўлларини хоҳ шахсий ва хоҳ умумий баён қилганидек, баён қилиб берди. Агар ҳалол тирикчиликка чекланиб, ҳаром нарсалардан сақлансак қилган меҳнатимиз ва топган пулу бойлигимизга барака берилади. Агар ўзимиз ва фарзандларимизнинг танаси ҳалол билан озиқланса, қалбимиз, сўнгра эса амалларимиз солиҳ бўлади. Бунинг зидди ўлароқ қайсидир бир қимор ёки фолбинлик ва бошқа ҳаром йўллар билан озиқлансак, ҳаром билан озиқланган тана азобга гирифтор бўлишга лойиқдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳаром билан ўсган ҳар қандай гўштга жаҳаннам лойиқдир» ҳадиси нақл қилинган (Табароний «Мўъжамул кабийр» 15629). Яъни, ҳаром билан озиқланган. Аллоҳ таоло бу ҳақда:

    «Улар ёлғонга қулоқ берувчи ҳаромхўр кимсалардир», деган (Моида: 42).

    Агар инсон қимор, фолбинлик ва бошқа ҳаром касблар билан озиқланиб ўсса ва бу молларини фарзандларига мерос қилиб ташлаб кетса, ушбу ҳаром нарсалар билан озиқланган тана, Аллоҳ сақласин, жаҳаннамга ёнилғи бўлади. Бу унинг охиратда азобланишига зоди роҳила бўлади. Бунинг акси ўлароқ, ўзини ҳаром нарсалардан ҳимоя қилса ва ҳалол нарсаларни топишга ҳаракат қилса, бунинг катта фойдалари бўлади.

    Айрим Ислом душманлари ва даҳрийлар: Шариат нега одамларнинг мулкларига аралашади? Одамлар ўз мулкларини бошқаришда эркин бўлиб, қўлларига тушган нарсага эга бўлишлари мумкин!, — дейишади. Улар шариатни ибодатлар, ғайб ишлари ва шуларга ўхшаган бошқа нарсаларгагина чеклаб қўйишади!

    Бундай гапларни айтаётганлар — шайтоннинг элчиларидир. Улар — одамларни мулкка эгалик қилишларида нимани хоҳлашса қилаверадиган, пулларини хоҳлаган кишиларига беришадиган ва ҳалол ва ҳаромни олаверадиган, қўлларидаги нарсаларини хоҳлаган исрофлари, маишатлари, ўғирликлари ва бошқаларнинг молларини ноҳақ ейишларида ҳеч бир маломатсиз, айбловсиз эркин бўлишлари керак, деб чорлаётган куфр ва даҳрийлик даъватчиларидир.

    Бу душманлар одамларга молларини хоҳлаган жойларидан олаверишларига рухсат берадилар ва ҳатто: Қўлимга тушган барча нарса — ҳалолдир, — дейдилар. Уларга ўғирланган, тортиб олинган ёки қиморда ютиб олинган пул ёки мулкларнинг фарқи йўқдир. Уларнинг ҳаром қилинган нарсаларга шариатнинг аралашишидан ҳузурлари бузилади ва шариатнинг жойи масжидлар эканини уқтириб: Шариатнинг муомала, тузум, аҳком, шартнома, мулкчилик, мулкларни айирбошлаш ва бошқа молиявий муомалаларда ўрни йўқдир!, — дейишади. Бу шайтонлар ва шайтон гумашталари шу гапларни тилларига олишади!!

    Бу ҳужжатларнинг яроқсиз экани шубҳасиздир. Чунки шариат инсон манфаати бўлган барча нарсага «аралашади» ва бизга динимизда бўлсин ёки бўлмасин салоҳиятимиз бўлган нарсаларни қилишни буюриб, зарар қиладиган нарсаларни таъқиқлайди.

    Шариат бизга эътиқодимиз ва қалбимиз боғланиши керак бўлган таълимотларни баён қилганидек, Аллоҳнинг розилигини топадиган муомалалар, кўнгилли ибодатлар ва бошқа ишларни қилишни ҳам кўрсатиб беради. Жумладан, одамлар ўртасида қилишимиз керак бўлган ишларни, ҳалол ризқни топиш омилларини, сақланишимиз керак бўлган ҳаром нарсаларни баён қилганидек, кўрсатиб берди.

    Бундан ташқари мусулмонлар билан қилган пайтимизда дўстлик ва ҳамкорлик ёки нафрат, адоват ва бошқа нохушликлар туғиладиган муомалаларни ҳам баён қилди.

    Шунингдек, шариат ҳалол ризқ дуоларнинг ижобат бўлиши, икки дунёнинг саодат омили эканини ҳам уқтирди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Аллоҳ покдир ва пок нарсаларни қабул қилади. Аллоҳ мусулмонларга пайғамбарларга буюрган нарсаларни буюрди ва:

    «Ҳой мўминлар, сизларга ризқ қилиб берганимиз ҳалол ризқларни истеъмол қилинглар!» (Бақара: 172);

    «Ҳой пайғамбарлар, пок нарсани енглар!» — деди (Мўминун: 51), дедилар. Сўнгра узоқ сафарда бўлгани боис сочлари тўзғиган ва устлари чанг бўлган кишининг самога қўлларини очиб: Роббим! Роббим! ..., дейишини тилга олдилар-да: «Унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаром билан озиқланган экан, унинг дуолари қандай ижобат бўлсин?!» — дедилар» (Имом Муслим 2393; Термизий 2989).

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу билан ҳалол нарса дуоларнинг ижобат бўлиш, ҳаром эса рад этиш ва қабул бўлмаслик омили эканини ифодаладилар. Шунинг учун ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолари ижобат бўладиган кимсалар қаторида қандай бўлиш мумкинлиги ҳақида сўраган Саъд разияллоҳу анҳуга, озиқ-овқатларини пок — ҳалол қилишга амр этдилар ва: «Таомингни ҳалол қил, дуолари мустажоб кимсалардан бўласан!» — дедилар (Табароний «Мўъжамул Авсат» 6495).

    Бу, анави ёғийлар учун раддиядир. Биз уларга шундай жавоб берамиз:

    Аллоҳ таоло ҳалол озиқ-овқатлар дуоларнинг ижобати, ҳаромлари эса раддиясига сабабдир. Сизлар одамнинг қўлига тушган барча молларини олишига, ўғирлик, талончилик қилишига, қимор ўйнашига, шаръий нуқтаи назардан ҳалол ёки ҳаромлигига қарамай бойликни қўлга киритишига рухсат бердингиз ҳамда унинг дуоларини ижобат бўлмаслиги ва охиратда азобланишига сабабчи бўлдингиз!

    Сўнгги насиҳат

    Уламолар ҳалол нарсалар билан озиқланиш эътиқоднинг соғломлигига сабаб бўлишини таъкидлаганлар. Шунинг учун ғизойингиз ва тирикчилигингиз ҳалол бўлса, эътиқодингиз ва қалбингиз ҳам соғлом ва мусаффо бўлиб, унга шайтон васвасалари ва шубҳалар таъсир қилмайди.

    Бу — шайтоний ҳунар — қиморбозлик ва ҳаром касблар билан шуғулланаётган одамлар учун насиҳатдир. Насиҳатимиз: улар бу ишларни шайтоннинг чақириғи билан қилаётганликларини билсинлар ва нафсларини тийсинлар! Шайтонга осий бўлиб, Раҳмонга итоат этсинлар! Бу ҳийлаларнинг барчаси шайтон ҳийлалари, Қуръон ва суннатда ҳаром қилинган эканини унутмасинлар! Улар қачон юракдан тавба қилсалар, Аллоҳ уларнинг тавбаларини қабул қилади. Ўша пайтгина ҳаром нарсалардан қутулишмоқчи бўлишса, Аллоҳ уларга имкон беради. Агар тавба қилганларидан кейин қўлларига қимор ёки бошқа ҳаром йўллар билан бошқаларнинг моллари тушса, уларни эгаларига қайтаришлари ва: Фалончи, бу молларни сендан қимор орқали ютиб олган эдим, — деб айтиши лозим бўлади. Агар қўлидаги моллар ичидан қайси бирини ҳаром йўллардан топганини билмаса, уларнинг бир қисмини ютиб олган одамларининг номидан садақа қилиб, ўзини гуноҳдан сақлаши мумкин. Зеро унинг пешона тери билан топган ҳалол моли ҳаром молларга қўшилмасин. Ҳаром нарса ҳалол молга қўшилса, ҳалол мол ҳам шубҳали бўлиб қолади. Бундай пайтда банда молининг ҳаммасидан воз кечиши ёки уни ишлатмаслиги керак. Бу эса анчагина машаққат туғдиради.

    Бундан қутулишнинг йўли жуда ҳам осондир: ҳаром нарсани ҳалол нарсага қоришишдан илгари, агар қоришган ва ажратиб олиш қийин бўлса, ҳаром миқдорини садақа қилишдир.

    Шу билан халқ ичида ёйилган, талабгор ва чақирувчилари кўпайган қиморга тааллуқли мавзунинг бу ўрнагини ифодалашни тўхтатамиз.

    Аллоҳ таолодан бизни Ўзи рози бўлган ва суйган нарсаларга муваффақ қилишини сўраймиз. Дарҳақиқат, У барча нарсага қодирдир.

    Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, Унинг оиласи ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

    Мундарижа


    саҳифа

    Мавзулар

    م

    3

    Муқаддима

    1

    5

    Зиён бериш ҳам, зиён кўриш ҳам йўқ

    2

    7

    Қиморнинг ҳаром эканлигига далиллар

    3

    22

    Қимор ўтиришларидан мисоллар

    4

    24

    Қимордан қутулишнинг йўли

    5

    26

    Арзимас баҳоналар

    6

    30

    Қимор турлари

    7

    34

    Шариат ва ҳалол тирикчилик манбаи

    8

    39

    Сўнгги насиҳат

    9