×
Ушбу рисола “Мухтасар ал-фиқҳ ал-исломий” китобидан таржима қилинган бўлиб, Қиёмат кунининг даҳшатлари ҳақида сўз юритилади.

Тавҳид ва иймон 11

«Мухтасар ал-фиқҳ ал-исламий» китобидан иқтибос

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Тувайжирий

Таржимон: Абдуллоҳ Солиҳ Насафий

Муҳаррир: Абу Абдуллоҳ Шоший

2015 - 1436

التوحيد والإيمان 11

مقالة مقتبسة من كتاب مختصر الفقه الإسلامي

« باللغة الأوزبكية «

محمد بن إبراهيم التويجري

مترجم: عبد الله صالح النسفي

مراجعة: أبو عبد الله الشاشي

2015 - 1436

 Қиёмат кунининг даҳшатлари

Қиёмат куни жуда ҳам даҳшатли бир кундир. Оллоҳ таоло у кунни мўминлар учун пешин билан аср намозларининг ўртасидаги вақт каби қисқа қилди. Кофирлар учун эса, эллик минг йилга тенг қилди.

“Бас, қачон сур бир бор чалинганида. Ва Еру тоғлар (ўз жойларидан) кўтарилиб, (бир-бирларига) бир бор урилиб (чилпарчин бўлганида). Ана ўша Кунда воқеа воқеъ бўлур! (Яъни Қиёмат қойим бўлур!) Ва осмон ёрилур! Чунки (осмон) у Кунда заиф бўлиб қолур!” (Ал-Ҳаақо: 13-16).

“Қуёш ўралиб (нурсизланиб) қолганида. Юлдузлар ҳам (ўз фалакларидан) тўкилганида. Тоғлар ҳам (ўз жойларидан) жилдирилганида. (Қорнидаги боласи) ўн ойлик бўлган бўғоз туялар ҳам бўш қўйиб юборилганида. Ваҳший ҳайвонлар ҳам (бир жойга) тўпланиб қолганида. Денгизлар (тандир каби) қизитилганида (ва сув ўрнига олов билан тўлганида). (Таквир: 1-6).

“Осмон ёрилганида, юлдузлар (ҳар томонга) сочилганида, дарё-денгизлар (ўртасидаги тўсиқ-тўғонлар) очилганида, қабрлар тўнкариб қўйилганида (яъни уларнинг ичидаги инсонларга жон ато этилиб Ер юзига чиқарилганларида). (Инфитор: 1-4).

“Осмон ёрилган ва у Парвардигори (нинг ёрилиш тўғрисидаги амри)га қулоқ тутган — (мана шу амрга) лойиқ топилган вақтда; Ер ёйилган (теп-текис бўлган) ва ўз ичидаги (жасадларни устига) чиқариб ташлаб, бўшаниб олган ва у Пар­вардигори(нинг ёйилиб, теп-текис бўлиш тўғрисидаги амри)га қулоқ тутган — (мана шу амрга) лойиқ топилган вақтда (ана ўша Қиёмат кунида ҳар бир инсон ўзи қилиб ўтган амалларига рўбарў бўлур)!” (Иншиқоқ: 1-5).

“Қачон Воқеа — Қиёмат воқеъ бўлса, у воқеъ бўлган чоғда бирон ёлғон сўзлагувчи бўлмас. (И з о ҳ: Яъни, аниқ тушгувчи бўлган Қиёмат Соати келганида ҳаёти дунёда Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиб юрган кимсалардан биронтаси ёлғон сўзлай олмай қолади). Ер (қаттиқ) ларзага келган, тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланган ва сизлар уч синф-тоифа бўлиб қолган чоғда (Қиёмат кофирларни дўзахга дучор этиш билан) паст қилгувчи, (мўминларни эса жаннатга киритиш билан) баланд қилгувчидир”. (Воқеа: 1-7).

 Қиёмат кунида осмонлар ва Ернинг алмашиши

(Эй Муҳаммад), сиз ҳаргиз Оллоҳни Ўз пайғамбарларига берган («Биз албатта пайғамбарларимизни ғолиб қилурмиз», деган) ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг. Албатта, Оллоҳ ғолибдир ва (у) Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Оллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) интиқом олгувчидир”. (Иброҳим, 48).

“У кунда Биз осмонни ҳам худди мактуб ёзилган саҳифани ўраган янглиғ ўраб, биринчи марта қандай яратган бўлсак, (ўша ҳолга) қайтарурмиз. (Бу) Бизнинг зиммамиздаги ваъдадир. Албатта Биз (шундай) қилгувчидирмиз”. (Анбиё, 104).

Ибн Умар разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар:

“Ким қиёмат кунига кўзи билан кўриб тургандек қарашни истаса, “Куввирот”, “Инфитор” ва “Иншиқоқ” сураларини ўқисин”. (Аҳмад ва Термизий тахриж қилган).[1]

 Осмонлар ва Ер ўзгарган кунда инсонлар қаерда бўладилар?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматчиси Савбон разияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида турган эдим, яҳудийлар аҳборларидан (олимларидан) бири келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саволлар бериб, шундай деди: “Осмонлар ва Ер алмаштирилган кунда одамлар қаерда бўлади?” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Улар зулматда, Сирот кўпригида бўладилар”. (Муслим тахриж қилган).[2]

 Маҳшар еридаги даҳшат ва ҳарорат даражасининг юксаклиги

Миқдод бин Асвад шундай дейдилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Қиёмат кунида қуёш халойиққа бир мил қадар яқин келади. У кунда инсонлар қилган амалларига яраша ўз терларига ботадилар, уларнинг баъзилари тўпиқларигача, баъзилари тиззаларигача, баъзилари белларигача ва яна баъзилари тумшуқларигача ўз терларига ботадилар”. (Муслим тахриж қилган).[3]

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Оллоҳ таоло қиёмат кунида ерни чап қўлида ва осмонни ўнг қўлида жамлаган ҳолда тутиб, шундай дейди: “Мен ҳақиқий Подшоҳман, бугун ернинг подшоҳлари қаерда?” ( Муттафақун алайҳи).[4]

 Маҳшар ерида кимлар Оллоҳнинг
соясида бўладилар?

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Етти тоифа кишилар борки, Оллоҳнинг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда (яъни, қиёмат кунида) Оллоҳ уларни Ўзининг сояси билан соялантиради. Улар: одил имом (яъни, амир), Раббисининг ибодатида суяги қотган йигит, қалби масжидга боғланган киши, Оллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Унинг йўлида бирлашган ва Унинг йўлида ажралганлар, мансаб ва жамолга эга бўлган аёл ўзига чақирганда, мен Оллоҳдан қўрқаман, деб рад қилган эркак, ўнг қўли садақа қилганда, чап қўли сезмайдиган даражада махфий садақа қилган киши ва холи қолиб Оллоҳни зикр қилганда, кўзлари тўлиб ёш оққан киши”. (Муттафақун алайҳи).[5]

Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ҳар бир инсон то одамларнинг ўртасида ҳукм қилингунигача ўз садақасининг соясида бўлади”. (Аҳмад ва ибн Ҳузайма тахриж қилган).[6]

 Қиёмат кунида инсониятнинг ўртасида ҳукм қилиш учун Оллоҳ таолонинг келиши

“Йўқ, (бундай кирдикорларингиздан қайтингиз)! Қачон Ер (зилзилага тушиб, барча нарса) чил-парчин қилинганда. Парвардиго-рингиз ва фаришталар саф-саф бўлиб келганда”. (Вал-фажр, 21-22).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мени Мусодан афзал деманглар, одамлар қиёмат кунида қайта тириладилар, улардан энг аввал тирилгани мен бўламан, қабрдан чиқишим билан Мусони Аршнинг бир тарафини ушлаб турганини кўраман. Мусо одамлар билан бирга вафот қилиб, мендан олдин тирилдими ёки одамлар вафот қилганларида Оллоҳ таоло у кишидан ўлимни истисно қилдими, билмайман” (Муттафақун алайҳи).[7]

 Маҳшар ерида инсонларнинг ўртасида
ҳукм қилиниши

Инсонлар қиёмат кунида маҳшар ерида йиғилганларида қиёматнинг даҳшати ва қийинчиликлари уларни оғир аҳволга солиб қўяди. Улар бундай даҳшатли ҳолда узоқ вақт қолишни истамаганлари учун Оллоҳ уларнинг ўртасида тезроқ ҳукм қилиб, жаннат аҳлини жаннатга ва жаҳаннам аҳлини жаҳаннамга киритишини истайдилар. Бу учун улар пайғамбарларга бориб, Оллоҳнинг олдида шафоат қилишларини сўрайдилар.

“Бу (Кун) улар сўзлай олмайдиган ва улар учун узр айтишларига ҳам изн берилмайдиган Кундир! У Кунда ёлғон дегувчиларга ҳалокат бўлгай! Бу (ҳақ билан ботил) ажратиладиган Кундир! (Эй бу Кунни ёлғон дегувчи кимсалар, мана) Биз сизларни ҳам, аввалги (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган)ларни ҳам жамладик. Мана, агар сизлар учун (дўзахдан қутқарадиган) бирон найранг бўлса, Менга ўша найранг-ларингизни кўрсатинглар-чи?” (Вал-мурсалат: 35-39).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мен қиёмат кунида инсонларнинг саййидиман, бунинг сабаби нимада эканини биласизларми? Оллоҳ таоло қиёмат кунида инсонларни аввалидан ахиригача ҳаммасини кенг ва текис ерга жамлайди, (у ер шу даражада текис бўладики) нидо қилувчининг нидосини барча халойиқ эшитади (яъни, товушини тўсиб қолувчи нарса бўлмайди) ва қаровчи кишининг кўзи барча халойиқни кўради, (яъни, кўришга халал берадиган бирор тўсқин бўлмайди, бу ҳам ернинг текислигига ишора) қуёш инсонларга яқин келтирилади, улар тоқат қилиб бўлмайдиган даражада ғам ва қайғуга чўмадилар. Одамлар бир-бирларига дейдилар: “Аҳволларинга бир қарамайсизларми? Ўзларингга етган мусибатни кўрмаяпсизларми? Рабби-ларингизни олдида шафоат қиладиган кишини изламайсизларми?”

Баъзилари дейишади: “Одам алайҳис-саломга боринглар”. Одам алайҳиссаломга келиб дейдилар: “Эй Одам! Сиз инсониятнинг отасисиз, Оллоҳ таоло сизни Ўз қўли билан яратиб, Ўз руҳидан сизга нафх қилган ва фаришталарга буйруқ бериб, сизга сажда қилдирган, Раббингизнинг олдида бизни шафоат қилинг, бизнинг ҳолимизга бир қарамайсизми? Бизга етган мусибатни кўрмаяпсизми?” Одам алайҳиссалом дейди: “Раббим бугун шу даражада ғазабланганки, бундан олдин ундай ғазаб-ланмаган ва бундан кейин ҳам бу каби ғазабланмайди. Раббим мени дарахтнинг мевасини ейишдан қайтарган эди, мен эса осий бўлдим, нафсим нафсим, мендан бошқага боринглар”. Одамлар Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Исо алайҳиссаломларга келадилар, улар ҳам: “Раббим бугун шу даражада ғазабланганки, бундан олдин ундай ғазабланмаган ва бундан кейин ҳам бу каби ғазабланмайди, нафсим нафсим”, дейдилар.

Кейин Исо алайҳиссалом одамларга: “Мендан бошқага боринглар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга боринглар, дейди. Улар менинг ёнимга келадилар ва: “Эй Муҳаммад! Сиз Оллоҳнинг Расули ва пайғамбарларнинг хотамидирсиз, Оллоҳ сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни кечирган, Раббингизнинг олдида бизни шафоат қилинг, бизнинг ҳолимизга бир қарамайсизми? Бизга етган мусибатни кўрмаяпсизми?” дейдилар. Мен Аршнинг остига келиб, Раббимга сажда қиламан, Оллоҳ таоло мендан олдин бирор кишига илҳом қилмаган ҳамду санони менга илҳомлантиради, кейин менга нидо келади: “Эй Муҳаммад! Бошингизни кўтаринг, сўраган нарсангиз берилади, шафоат қилсангиз шафоатингиз қабул қилинади”. Мен бошимни кўтариб: “Эй Раббим! Умматим, умматим”, дейман.

Менга нидо келади: “Эй Муҳаммад! Умматингиздан жаннатга ҳисобсиз кира-диганларини жаннатнинг ўнг тарафдаги эшигидан киргизинг, ўнг тарафдаги бир эшик уларга хос бўлиб, қолган эшиклар улар билан бошқа аҳли жаннатнинг ўртасида мушта-ракдир. Муҳаммаднинг руҳи қўлида бўлган Зотга қасамки, жаннатдаги ҳар бир эшикнинг орасидаги масофа Макка билан Ҳажар шаҳрининг ўртасидек, ёки Макка билан Бусронинг ўртасидаги масофа кабидир”. (Муттафақун алайҳи).[8]

Ундан кейин Оллоҳ таоло инсонларнинг ўртасида ҳукм қилади, мезонни ўрнатади, ким китобини ўнг тарафидан олса жаннатга, ким чап тарафидан олса жаҳаннамга киради.

(Эй Муҳаммад), сиз (ўша Кунда) фаришталар арш атрофини ўраб олган ҳолларида Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан (У зотни) поклаб-тасбеҳ айтаётганларини кўрурсиз. (Зеро) уларнинг (яъни барча бандаларнинг) ўрталаридан ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва «Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир», дейилди”. (Зумар: 75).

Абу Саъид ал-Худрий разияллоҳу анҳу дейдилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадик: “Эй Оллоҳнинг Расули! Биз қиёмат кунида Раббимизни кўрамизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Булутсиз кунда кундузи қуёш билан ойнинг аниқ кўринишида ихтилоф қиласизларми? “Йўқ”, дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Худди шунингдек қиёмат кунида Раббиларингни кўришда ихтилоф қилмайсизлар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Нидо қилувчи шундай нидо қилади: “Ҳар бир қавм ўзи ибодат қилган нарсаси билан кетсин, хочга ибодат қилган насронийлар хочлари билан, бутларга ибодат қилган бутпарастлар бутлари билан кетади, фақатгина Оллоҳга ибодат қилган яхши ва ёмон мусулмонлар ва аҳли китобларнинг баъзи қолдиқлари қолади.

Ундан кейин жаҳаннамни саробга ўхшаган ҳолида келтирилади ва яҳудийлардан сўралади: “Сизлар дунёда нимага ибодат қилар эдинглар? Яҳудийлар айтади: “Биз Оллоҳнинг ўғли Узайрга ибодат қилардик”. Уларга айтилади: “Ёлғон гапираяпсизлар, Оллоҳнинг хотини ҳам, боласи ҳам йўқдир! Нима истакларинг бор?” “Биз сув истаймиз. Уларга: “Мана ичинглар”, дейилади ва жаҳаннамга қулаб кетадилар.

Ундан кейин насронийлардан сўралади: “Сизлар дунёда нимага ибодат қилар эдинглар?” Насоролар айтади: “Биз Оллоҳнинг ўғли Масиҳга ибодат қилар эдик”. Уларга айтилади: “Ёлғон гапираяпсизлар, Оллоҳнинг хотини ҳам, боласи ҳам йўқдир! Нима истакларинг бор?” Улар: “Биз сув истаймиз”, дейдилар. Уларга ҳам: “Мана ичинглар”, дейилади, улар ҳам жаҳаннамга қулаб кетадилар”.

Ундан кейин Оллоҳга ибодат қиладиган яхши ва ёмон мусулмонлар қолади. Уларга айтилади: “Одамлар ҳаммаси кетиб бўлди, бу ерда сизларни нима ушлаб турибди?” Мусулмонлар айтадилар: “Биз нидо қилувчининг шундай деганини эшитдик: “Ҳар бир қавм ўзи ибодат қилган нарсаси билан кетсин! Биз Раббимизни кутиб турибмиз”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жаббор (Оллоҳнинг исми) субҳонаҳу ва таоло улар биринчи марта кўрган суратдан бошқа суратда уларнинг ёнига келади ва шундай дейди: “Мен сизларнинг Раббиларингман!” Мўминлар айтадилар: “Сен бизнинг Раббимиз-сан!”

Бу ўринда Оллоҳ таоло билан фақатгина пайғамбарлар гаплашадилар. Оллоҳ жалла жалалуҳу айтади: “Оллоҳ билан сизларнинг ўрталарингда Оллоҳни танитадиган бирор аломат борми?” Мўминлар айтадилар: “ас-Соқ, (яъни болдир) Оллоҳ таоло соқини кўрсатади, ҳар бир мўмин Оллоҳга сажда қилади, аммо бу дунёда риё ва сумъа билан сажда қилганлар бу саждадан маҳрум бўлишади, уларнинг умутрқалари эгилмайдиган ҳолда бир бутун суякка айланиб қолади”.

Ундан кейин сирот кўприги келтирилади ва жаҳаннамнинг устида ўрнатилади”.

Саҳобалар сўрашди: “Эй Оллоҳнинг элчиси! Сирот кўприги нима у? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қадамлар тойиб йиқиладиган ердир, унинг устида осийларни илдириб йиқитадиган турли хил илгаклар бордир, мўминларнинг баъзилари унинг устидан кўз очиб юмгунча, баъзилари чақмоқнинг тезлигидек, баъзилари шамолнинг тезлигидек ва баъзилари чопар отлар каби ўтадилар. Уларнинг бир қисми саломат ўтади, бир қисми илгакларга қирилиб, зарарланиб ўтади, яна бир қисми эса, илгаклардан ўтолмасдан жаҳаннам ўтида жамланишади. Ҳатто уларнинг охиригиси судралиб, зўрға ўтади. Бирорталаринг шу кунгидек биродарларинг хусусида Оллоҳга ёлворолмайсизлар, у кунда Жабборга (Оллоҳга) мўмин бўлганлар сизлар учун аниқдир.

Мўминлар Сирот кўпригидан саломат ўтиб, жаҳаннамдан нажот топганларидан кейин Оллоҳга шундай дейдилар: “Эй Раббимиз! Биродарларимиз биз билан бирга намоз ўқир эдилар, рўза тутар эдилар ва бизлар билан бирга амал қилар эдилар..”[9] Оллоҳ таоло дейди: “Боринглар, кимнинг қалбида динорнинг вазни миқдорида иймони бўлса, уни жаҳаннамдан чиқаринглар, Оллоҳ таоло уларнинг суратларини жаҳаннамга ҳаром қилади. Мўминлар биродарларини чиқариш учун келадилар, уларнинг баъзилари тўпиғигача, баъзилари болдирларининг ярмигача жаҳаннам ўтига ботган бўладилар, мўминлар ўзлари таниганларини жаҳаннамдан чиқарадилар ва жаннатга қайтадилар.

Оллоҳ таоло уларга дейди: “Боринглар, кимнинг қалбида ярим динорнинг вазни миқдорида иймони бўлса, уни жаҳаннамдан чиқаринглар, мўминлар ўзлари таниганларини жаҳаннамдан чиқарадилар ва жаннатга қайтадилар.

Оллоҳ таоло уларга дейди: “Боринглар, кимнинг қалбида зарранинг вазни миқдорида иймони бўлса, уни жаҳаннамдан чиқаринглар, мўминлар ўзлари таниганларини жаҳаннамдан чиқарадилар”.

Абу Саъид шундай дейди: “Агар менинг гапимни тасдиқ қилмасанглар, ушбу оятни ўқинглар: “Шубҳасиз, Оллоҳ бировга бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар заррача яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилиб кўпайтириб берур ва ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур”. (Нисо: 40).

У кунда пайғамбарлар, фаришталар ва мўминлар шафоат қиладилар, Жаббор субҳонаҳу ва таоло: “Энди Менинг шафоатим қолди”, дейди ва жаҳаннамдан бир ҳовуч чиқаради, жаҳаннам ўтида ёниб куйиб кетган бир қанча қавмларни чиқаради ва жаннатнинг ёнидаги “ҳаёт суви” деб номланган дарёга ташлайди, улар сел ёғганда дон-дунлар ўсгани каби дарёнинг икки ёқасида ўсиб чиқадилар. Селнинг сувидан ўсган донларни кўргансизлар, очиқ ерда қуёшда ўсгани яшил бўлади, дарахтларнинг соясида ўсгани оқиш рангда бўлади. Улар “ҳаёт суви” дарёсидан дур (қимматбаҳо тош) каби бўлиб чиқадилар, уларнинг бўйинларининг орқасига муҳр босилади, улар жаннатга кирадилар, аҳли жаннат уларни кўрганда танийди ва: “Ана улар Раҳмоннинг жаҳаннамдан озод қилган бандаларидир, Раҳмон уларни бирор яхши амал қилмасалар ҳам жаннатга киргизди”, дейишади. Уларга шундай дейилади: “Жаннатда кўрган нарсаларинг сизларникидир” ва яна устига шунча қўшиб берилади”. (Муттафақун алайҳи).[10]

[1] Саҳиҳ ҳадис. (Аҳмад (4806), Термизий (3333)).

[2] Муслим (315 ва 2791).

[3] Муслим (2864).

[4] Бухорий (7382), Муслим (2787).

[5] Бухорий (660), Муслим (2373).

[6] Саҳиҳ ҳадис. (Аҳмад (17333), Ибн Ҳузайма (2431)).

[7] Бухорий (2411), Муслим (2373).

[8] Бухорий (4712), Муслим (194).

[9] Мутаржимдан: Яъни, Сирот кўпригидан ўтолмай жаҳаннамга тушган имони заиф ва хатолари кўп мусулмонларни шафоат қилишни Оллоҳдан сўрайдилар.

[10] Бухорий (7439), Муслим (183).