Абу Лаҳаб ва рафиқаси
Категориялар
Full Description
Абу Лаҳаб ва рафиқаси
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Доктор Роғиб Сиржоний
Таржимон: Абу Жаъфар ал-Бухорий
Нашрга тайёрловчи: Абу Абдуллоҳ Шоший
2013 - 1434
أبو لهب وزوجته
« باللغة الأوزبكية »
د. راغب السرجاني
ترجمة: أبو جعفر البخاري
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
2013 - 1434
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Баъзи одамлар Абу Лаҳаб ва унинг рафиқасига раддия ўлароқ қисқа бўлсада бутун бир суранинг нозил қилингани ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга зулм қилган кофирларнинг сони кўп бўлган бўлсада, Абу Лаҳабнинг номини айнан зикр қилинишидан таажжубланишади. Шундай бўлсада, Қуръон Карим бунга очиқ эмас, имо билан ишора қилган.
Ҳайрат, шу беш оятлик суранинг Абу Лаҳабнинг рафиқасига тааллуқли икки оятини ўқилганда ва унинг шу хотинга тааллуқли иш − «хурмо пўстлоғи» − «Масад» билан аталишини ўрганилганида, яна ҳам ошади.
Яна таажжуланмоқчи бўлсангиз шуни ҳам билингки, Абу Лаҳаб ва рафиқасининг мусулмонлар билан ўтказган тарихида қамчилаш, қилич билан ўлдириш, яралаш, ўлдириш ва хиёнаткорона суиқасд қилиш каби азоб ва қийноқлар йўқ эди.
Шундай экан, Абу Лаҳаб ва унинг хотинига нисбатан нега бунча лаънатлар айтилди?!
Сизга қисқача қилиб шуни айтишим мумкинки, бу одам ва унинг хотини (ўз замонида) адаштирувчи фикр эгалари – хатарли эълончилар (журналистлар) эдилар. Бундан ташқари, уларнинг озорлари бир мусулмон ва муслимада тўхтамас, аксинча, уларга қулоқ солган ёки уларни эшитган бутун башариятга етиб борар эди...
У иккисининг сўзлари билан қанча инсонни Оллоҳнинг йўлидан тўсилди. Уларнинг ёлғонлари ва шубҳалантиришлари билан қанча даъватчилар- га озорлар етди!!
Шунинг учун мазкур эр ва хотин, бу дунёда теккан ва охиратда ҳам тегажак оммавий лаънатга лойиқ бўлдилар!
Келинглар, уларнинг даъватнинг илк кунларидаги разил ҳолатларига қайтайлик...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятини келтирди:
«Яқин қариндошларингизни (жаҳаннам азобидан) огоҳлантиринг!» (Шуаро: 214) ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Сафо тепалигига чиқдилар ва Қурайш қабиласининг аймоқларига қарата: «Эй, Фиҳр аймоғи! Эй, Адий аймоғи!», − дея чақира бошладилар. Улар тўпландилар. У ерга кела олмаган одам, нима гап эканини билиш учун (ўз номидан) элчи юборди. Абу Лаҳаб ва Қурайш (сардорлари) етиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларга: Шу тоғнинг орқасидаги сойда сизларга ҳужум қилмоқи бўлган суворийлар бор», десам сизлар менга ишонасизларми?!» − дедилар. Улар: Ҳа, биз сенинг рост гапиришингни биламиз! − деб жавоб беришди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен сизларни қаттиқ азоб келишидан огоҳлантираман», − дедилар. Буни эшитган Абу Лаҳаб: Қолган кунларингда қуриб кетгур, бизни шунинг учун чақирдингми?!, − деди. Шундан сўнг:
«Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай — ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди — ҳалок бўлди! Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ!» (Масад: 1, 2) оятлари нозил бўлди.
Ривоятга диққат қилган бўлсангиз, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу: «Абу Лаҳаб ва Қурайш (сардорлари) етиб келди», − деди ва Абу Лаҳабнинг исмини айтди. Ҳолбуки, қавмнинг барча сардорлари келган бўлсада, Абу Лаҳаб улар ичида энг эътиборлиси эди. Нега?! Чунки у «гапирар» ва одамларни Оллоҳнинг йўлидан тўсиш учун йиғинларда баралла «эълонлар» қилар эди...
Одамларнинг тоза фитратлари бўлиб, Қуръон ва суннатни тингласалар уларнинг кўплари ҳидоят топадилар. Бироқ матбуотнинг фосиқ ходимлари келишади-да, воқеъликни бузиб кўрсатиб, одамларни Ислом йўлидан узоқлаштирадилар. Матбуот ходимлари шу ишлари билан, қўлларида қамчиси бўлган жаллодлар ва мўминларни зиндонларига қамаган раҳбарлардан кўра Ислом даъватига катта хатарга айланадилар.
Шунинг учун ҳам, Оллоҳ таоло Қурайшнинг мусулмонларга жисмоний қийноқларга солаётган бошқа шайтонлари ҳақида Абу Лаҳаб ҳақида айтилганидек оятлар зикр қилмади.
Абу Лаҳабнинг хотини ҳам хатарли хабарчи эди!!
Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил исломий даъват ва пайғамбарлик ҳақида эшитгач, Ислом ва мусулмонлардан нафрат этди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларига ҳасад қилди. Ўғлини жоҳилият пайтида уйланган хотини – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизи Руқийядан ажралишга ундаш билан кифояланмади балки ўзининг маккорона ва бузуқ хабарчилик ишини бошлаб, «Муҳаммад» (Кўп мақтанилган) исми ўрнига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга масхаромуз лақаб – «Музаммам (Мазаммат қилинган)»ни ёпиштирди!
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Ислом динини ҳажв қилган шеър ҳам ёзди:
Мазамматлангандан воз кечдик,
Динини ёмон кўрдик,
Амрига осий бўлдик!
У ўзининг у ер ва бу ерларда Исломга зид эълонлари билан ҳаракат қилар, ҳатто, ҳаёга ундаган фитратига қарши чиқб эркакларнинг мажлисларига ҳам кириб боришдан уялмасди. Унинг иши одамларни Ислом ва мусулмонлардан буриш бўлиб қолган эди.
Бу, у иккисининг ҳаётидаги ўткинчи ҳолат эмас эди...
Абу Лаҳабнинг рафиқаси Умму Жамил жамиятдаги хабарларни кузатиб борар ва унга адаштирувчи ёлғонларни қўшиб ёяр эди. Ваҳий тўхтаб қолган пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига бориб: Эй Муҳаммад, эшитишимга қараганда Шайтонинг сендан воз кечган эмиш!, − деди. Шундан кейин Зуҳо сураси нозил бўлди.
Бироқ бу даракчи ваҳийнинг тўхташини ёлғон ва адаштирувчи хабар шаклида тарқатади ва: Муҳаммаднинг олдига Шайтон келади ва шу кунларда у келмай қолди!, − дейди. Аслида эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига фаришталардан бири келар ва У билан доимо учрашар эди. Умму Жамилнинг оддий кичкина хабар – ваҳийнинг тўхташини қандай хунук ва айбловчи суратда ёйишига қаранг! У ўзи тарафидан қанча нарсалар қўшди, қанча ҳақиқатни тушуриб қолдирди ва ботил учун қандай фаол ҳаракатлар қилди!!
Унинг умр йўлдоши Абу Лаҳаб ҳам ботил йўлида анчагина жиддий ҳаракат қилар ва рафиқасининг ёлғон даракларини ёйишига рақиб бўлар эди. Жоҳилият даврини кўрган ва кейин мусулмон бўлган Рабийъа ибн Аббод Дийлий разияллоҳу анҳу ривоят қилади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Зулмажоз бозорида кўрдим. У: «Ҳой одамлар, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!), денглар қутиласизлар!» − дер ва бозорнинг ўрталарига кирар, одамлар жимгина унинг сўзларини эшитишар ва у: «Ҳой одамлар, «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ!), денглар қутиласизлар!» − дер эди. Унинг орқасида кўзлари ғилай, юзи порлаган ва сочлари ўрилган киши: Бу − адашган каззоб!, − дер эди. Мен: Бу одам ким?, − деб сўрасам: (У) – Муҳаммад ибн Абдуллоҳ, пайғамбарликдан гапираяпти, − деб жавоб беришди. – Уни ёлғончига чиқараётган мана буниси-чи?, − деб сўрасам: Амакиси Абу Лаҳб, − дейишди (Имом Аҳмад, 16119).
Абу Лаҳаб ҳам ўша бузуқ даракчилик ролини ижро этар ва ишончли ва тўғри сўзлигини билсада, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи-каззоб, ўзи бутпараст бўлсада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ягона Оллоҳга ибодат қилиш учун келганини била туриб: У – адашган, дея иддао этарди.
Бу икки даракчининг қиссаси ўзларини одамларнинг назаридангина эмас, ҳатто Оллоҳнинг назаридан ҳам туширган ачинарли воқеалар билан тўлиб-тошган. Шунинг учун ҳам, Оллоҳ таоло уларга Азийм ва Карийм китобида ёзилган хорлик ва хўрликни раво кўрди. У хорлик ва хўрликни мўминлар Оллоҳнинг китобидаги Масад сурасини очганлари маҳал Қиёмат кунигача такрорлаб ўқиб юришади.
Абу Лаҳаб ва рафиқасининг ҳикоясида иккита чақириқ бор:
Ҳикоя мени иккита муҳим чақириқ билан мурожаат этишга ундади:
Биринчи мурожаатим воқеликни сохталаштираётган, ҳодисаларни одамларга булғаб кўрсатиб Исломдан нафратлантираётган ва мўминлар йўлидан узоқлаштираётган эркак ва аёл жинсидан қатъий назар, журналистларгадир. Мен уларга шундай дейман:
Абу Лаҳаб Бадр жанггида мўминлар қўлга киритган ғалабани кўргач, қайғу аламларга мубталао бўлди. Бундан баттари эса, Оллоҳ таоло унга араблар нафратланадиган мохов касаллигини юборди ва ўша касаллик билан ўлиб кетди. Касалликдан нафратланганлари боис биронта қариндоши Абу Лаҳабнинг жасади ёнига яқинлашмади. Натижада, бир неча кун хонада қолган жасад чириб, бадбўй бўлди. Одамлар ўғилларини кўммасликда айблашгач, жасад устига узоқдан сув сепдилар ва кийимлари билан Макканинг тепаликларига олиб чиқиб, тоғлар устига ташлашди ва устига тошлар отиб, жасадни «кўмишди»!
Абу Лаҳабнинг йўлидан юрган одамларнинг аянчли хотимаси шудир. Улар учун ҳеч ким кўз ёши тўкмади, хайрли дуода бўлмади. Бу – кутилган натижадир. Чунки Оллоҳ таоло:
«Кимни Оллоҳ хор қилиб қўйса, бас, уни (ҳеч ким) азиз қилгувчи бўлмас», − деган (Ҳаж: 18).
Воқеъаларни бузиб кўрсатаётган журналистлар, ўзингизга келинг!
Олдингизда ўзингизни қутқариш фурсати бор. Дунёга қайтиш имконияти бўлмаган Кун келишидан илгари бу фурсатни ғанимат билингиз!... Шуни унутмангларки, сизларга эргашаётган омма сизларга ачиниб ҳеч қачон кўз ёши тўкмайди. Аксинча, сизлардан ўз безорликларини эълон қилишади ва сизларни лаънат қилишни ўз зурриётларига мерос қилиб қолдиришади ва улар на ўзлари ва на ватанларининг манфаатлари учун ҳаракат қилмаганингизни, балки, қилган ишларингиз орқасидан ўз манфаатларингиз – молу дунё, сайловлардаги овоз ва шуҳратни мақсад қилганингизни тушуниб етишади.
Хўш, воқеъаларни бузиб кўрсатиш билан нимага эришдингиз?!
Оллоҳ таоло Абу Лаҳаб ҳақида:
«Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ!» − деди (Масад: 2). Унинг машҳурлиги нимада бўлди?! Машҳурлиги, ўз замонасидан тортиб то Қиёмат кунигача жиноятчи, бузғунчи ва расво одамларнинг шуҳрати каби бўлди!
Шундай хотима сизларга ёқадими?!
Оллоҳ номига онт ичиб айтаманки, менинг сизларга раҳмим келаяпти... Наҳотки ўйлаб кўрмайсизлар?!
Шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиманки, мен ўлкамиздаги журналистларни Абу Лаҳаб ва хотини Умму Жамил каби кофир дея тавсифламоқчи эмасман. Фақатгина, Абу Лаҳаб ва Умму Жамилларни кофирликка олиб борган ишларни тавсифлаяпман, холос. Бу – улар қилган ишнинг нақадар расво ва нақадар жиноят эканини кўрсатмоқда. Бинобарин, уларнинг йўлидан юрган одамлар ҳам, уларнинг хотимасига дуч келишлари муқаррардир. Ҳақиқатни ёлғонга чиқариш ва ҳақиқатдан тўсишни тирикчилик манбаи қилиб олган одамларнинг, ҳаётлари давомида иймондан ажралиб қолишлари эҳтимолдан холи эмас. Шу боис, бу ишлардан огоҳлантириш бурчимиздир. Оллоҳ таоло айтди:
«Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!
И з о ҳ. Яъни уларнинг дилларини ўзларининг доимий касб-корлари бўлган гуноҳ ва жиноят занглари босиб қолгани сабабли улар Илоҳий ҳақиқатни афсонадан ажрата олмас» (Мутоффифийн: 14).
Иккинчи чақириғимни эса мўминларга қилмоқчиман:
(Ҳой мўминлар), Абу Лаҳаб ва Умму Жамил кабиларнинг оғзидан чиқаётган чўпчаклар сизларни тушкунликка тушурмасин! Ахир, улар ҳозир қаердалару, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаердалар?!
Оллоҳ таоло Абу Лаҳаб ва Умму Жамилни хор қилиб, чиқиб бўлмайдиган жаҳаннамга киритди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ва ишларини эса улуғлади, Унга ва асҳобларига мадад қилди. Шу боис биз уларни доимо сано ва мақтовлар билан тилга оламиз. Бутун дунё эса уларнинг азаматли осорлари ва буюк зафарлари ҳақида тафаккур қилишда давом этмоқда.
Абу Лаҳаб ва Умму Жамиллар ёйган ёлғонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаракати ва фаолиятига таъсир кўрсата олдими?!
Оллоҳ номига онт ичиб айтаманки, йўқ!... Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга эътибор ҳам бермадилар ва бирон кишининг хаёлига келмайдиган даражада илова қилдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб: Музаммам! (мазаммат қилинган),− дейишганида нима дедилар?! Асҳобларига: «Оллоҳ таоло мендан Қурайшнинг «Музаммам» дея ҳақорат ва лаънат қилишларини қандай тўсаётганларини биласизларми?! Мен – Муҳаммад (Мақтанилган)ман!» − дедилар. Ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларини охирига етказдилар ҳамда асҳобларини ҳам йўлларини охирига етказишга рағбатлантирдилар. Чунки, чин даъватчининг бундай ёлғон ва чўпчаклар билан ўтказадиган вақти йўқдир.
Биз шуни ҳам айтиб ўтишимиз керакки, мазкур ҳодиса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг раддия беришга имкони бўлмаган Маккада содир бўлган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан ортиқ нарса билан раддия бера олмас эдилар. Мадинада бўлиб ўтган ҳодисаларнинг эса, ўзига хос тафсилотлари бор.
Эй мўминлар, сизга муждалар бор ва хотиржам бўлинглар!
Оллоҳга қасамки, Оллоҳ яқин кунларда бу жиноятчиларни расво қилиш билан сизларни ҳам севинтиради ва кўнглингизга таскин беради. ИншаОллоҳ, яқинда шундай кунлар келади-ки, ҳозир барчани оғзига қаратган бу каззобларнинг расволиги одамларга аён бўлиб, одамлар назаридан тушадилар. Бу – умрини Оллоҳу Роббул оламийннинг йўлидан тўсиб ўтказган барча золимларнинг муқаррар хотимасидир. Оллоҳ таоло айтди:
«Ҳали улар: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!» (Исро: 51).
Оллоҳ таолодан Ислом дини ва мусулмонларни азиз қилишини сўраймиз.