Онага оқ бўлган фарзанд қисмати
Категориялар
Full Description
Онага оқ бўлган фарзанд қисмати
[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]
Қувайт "Ватан" газетаси (7221),
"Кама тадину тудану" китобидан олинди
Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший
Нашрга тайёрловчи: Шамсуддин Дарғомий
2012 - 1434
جزاء عقوق الوالدة
« باللغة الأوزبكية »
جريدة الوطن الكويتية العدد (7221)
من كتاب (كما تدين تدان)
مترجم: أبو عبد الله الشاشي
مراجعة: شمس الدين درغامي
2012 - 1434
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Воқеий ҳикоя. Араб тилидан эркин таржима
Ота-онаси қучоғида улғайиб келаётган Мудаллал, отаси ўлиб етим қолди ва улғайиб билагига куч кириб, суяги қотгунича онасининг тарбиясида бўлди. Отаси қолдириб кетган катта бойликка соҳиб чиқиб, тижорат юрита бошлади. У қаерда бўлмасин онасининг дуолари унга ҳамроҳ бўларди. Меҳрибон она юрган йўлида севимли фарзандига дуои хайр қилар, у учун тавфиқ сўрар эди. Балки она дуолари натижасидир, ҳар ҳолда Мудаллалнинг давлатига давлат қўшилди, тижорати бароридан кела бошлади. Она эса доимо унга ғамхўрлик қилиб, хизматини қилди, оқ ювиб-оқ таради, фарзанди хурсад бўлса хурсанд бўлиб, хафалигида хафа бўлиб кунларини ўтказди. Она ўғлига ҳамиша йўл-йўриқ кўрсатар, ишчан бўлишга қизиқтирар эди. Оллоҳ таолонинг марҳамати, балки мана шу дуолар сабаб Мудаллал катта бойликка эришди, халқ олдида мартаба ва шуҳрат қозонди. Онанинг шодлигига яна нимадир етишмагандай эди, у ўғлини уйлантиришни, келин олиб, ҳузурини кўришни, неваралар катта қилишни кўнгли тусаб қолди. Шундай қилиб, онаизор битта-ю битта ўғли учун инсофли, диёнатли хонадонлардан келин ахтара бошлади, бахтга қарши она танлаган қизлар ўғлига хуш келмади. Мудаллал ўзи танлаб бир қизга уйланди, йигит ўзида йўқ хурсанд! Фарзандининг хурсандчилигини кўрган онаизор ундан кўра шод-хуррам бўлди.
Онаизор ўғли учун Оллоҳдан солиҳ фарзандлар ато этишини, уларнинг ҳам ҳузурини кўришини ёлвориб сўради. Оллоҳ таоло онанинг дуосини ижобат қилароқ икки ўғил набира берди. Меванинг мағизи мевадан тотлироқ бўлади, деганларидай онаизор невараларига мерҳ қўйиб, ўғлидан ҳам яхши кўрди, уларни қучоғида катта қилди, уйқуларидан кечиб, умрини қолганини боласининг болалари билан ўтказа бошлади. Неваралар ҳам улғайишди. Онаизор кексайиб, энди ўзи қаровга, бировнинг хизматига муҳтож бўлиб қолди. Лекин...
Битта-ю битта ўғил онасидан ҳазар қила бошлади. У баобрў, бадавлат бўлишига қарамай онасига бир хизматкор олиб беришга ҳам ярамади. У ҳам етмагандай, онасини уйида кўришга ҳам тоқати қолмади. Ўйлаб-ўйлаб, хаёлига онасини қариялар уйига олиб бориб қўйиш келди!
Қуриб кетсин бундай фарзанд! Онасини қариялар уйига олиб бориш нимаси!? Бедор ўтказилган кечалар қаерда қолди? Меҳр-мурувват, сабр-бардошлар қани? Раҳм-шафқат, ғамхўрлик қаерда қолди!? Наҳот, буларнинг барчаси беҳудага кетган бўлса! Муштипар она бор имкониятини ишга солиб, зўр эътибор билан фарзандини тарбия қилса-ю, бунинг эвази шуми? Боридан йўғи бундай фарзанднинг!
Хуллас калом, бераҳм ўғил онасини қариялар уйига элтиб қўйди. Бир куни дўстларидан бириникига борганда гапдан-гап чиқиб, дўстига шикоят қилишга тушди, ўзини омадсиз эканлигини айтатуриб деди: "Бир тасаввур қил ўртоқ, мен онамни қариялар уйига олиб бордим, у ерда қарияларга қаровчилар бор, буни нимаси ёмонки, қариндош-уруғ, таниш-билиш ҳаммаси мени маломат қиляпти-я?!"
Дўсти ҳайратланган, даҳшатга тушган ҳолатда жавоб қилди: "Онамни қариялар уйига ташлаб келдим деб нимани назарда тутдинг?! Сени туққан онангними? Ёшлигингда тарбия қилган ва улғайганингда ғамхўрлик қилган фанлончи онани назарда тутаяпсанми? Ёки сеникида бировнинг онаси ҳам бор эдими?!"
– "Йўғ-э, ўзимни онамни!! Буни нимаси ажабланарли? Ҳукумат уларга ўхшаган қарияларга алоҳида жой очиб қўйган бўлса..."
– "Э Субҳаналлоҳ! Парвардигоро биздан қаҳр-ғазабингни кўтаргин! Онанг жонингга тегиб кетдими, сен бадавлат, баобрў, бойваччасанда, ҳолбуки ўша бойликларнинг бари онангнинг дуоси сабабидан келган-эмамси?! Ақлингни йиғиб ол! Оллоҳга истиғфор айтгинда, онангни олдига бориб, оёқларини ўп! Оллоҳга тавба қил, мағфират сўра! Онангдан кечирим сўра ва уйингга олиб бориб, хизматига бир ходим олиб бер! Уни кўнглини олиб, роҳатига боқ. Мен сени яхши одам деб юрган эканман".
– Дўстидан аччиқ бўлсада тўғри гапни эшитган Мудаллал кўнгли хира бўлиб, асабийлашди ва овоз тонларини баланд қилиб: "Эй ўртоқ, сен ҳам менга дашном бераяпсанми, ундай бўлса мени тинч қўй ", – деди.
– Унга жавобан дўсти: "Сенга ўхшаган онасига оқ бўлган дўстлардан ор қиламан", – деди.
Орадан кунлар ўтди, қариялар уйга ташлаб кетилган муштипар онани бирор кимса зиёрат қилмади. Кўзлари тўрт бўлиб ёлғизликдан сиқилган онахон кексалик, касаллик ва қаровсизликдан касали зўрайиб, касалхонага тушиб қолди. Шунда ҳам нотавон ўғил бир бўлсада зиёратига бормади, қалби тош бу ўғилнинг кўнгли сал бўлсада юмшамади, ўзини катта олиб, гуноҳга ботти. Онахоннинг касали кучайиб, оғирлашди ва охириги манзили сари одимлай бошлади. Онасининг ўлим тўшагида ётганидан хабар топган нотавон фарзанднинг кўзи очилиб, тавба қилдими? Йўқ асло! Балки ҳейўқ-бейўқ, бирор кишига айтмасдан хорижга сафарга кетди, муштипар она бандаликни бажо келтириб, қабрга қўйилгандан кейин ватанига қайтди. Лекин экканини ўргани қайтган эди. Бунчалар ёмон нарса эккан бўлмаса! У онага оқ бўлиш ва исён уруғини қадаган эди, шундай экан қандай ҳосил олиши мумкин? Оқибати нима бўлиши мумкин? Бахтсизлик ва фалокатдан бошқа ҳосил олмаслигида шубҳа йўқ.
Орадан саноқли кунлар ўтди, онасининг қабри ҳали қуриб улгурмаси жигаргўшаси ва ўғилларидан энг суюклиси даҳшатли автоҳалокат қурбони бўлди. Бу ҳодиса ота қалбига ханжар мисоли санчилди гўё. Бу мудҳиш ҳодисадан бир йил ўтар-ўтмас тижорати ва бутун ишларидаги ўнг қўли бўлган иккинчи ўғли бедаво дардга чалиниб, тўшакка михланиб қолди. Онани хор қилган бадбахт ўғил, бемор ўғлини олиб бормаган, кўрсатмаган доктори қолмади, лекин ҳеч қандай фойдаси бўлмади. Иккинчи ўғли ҳам биринчи ўғлининг ёнига равона бўлди. Ота ёлғиз ўзи қолди. Икки қаноти ҳам синди, руҳий ҳолати ҳам ёмонлашди, кенг ер унга тор бўлди. Тижорати касод бўлиб, хизматчилари мулкини ўғирлаб битирди. Шу тариқа эккан экинининг ҳосилини ола бошлади. Кўз ўнгида ҳаёти бузилиб кетаётганини кўрган киши ўша, не машаққат билан барпо қилган биноси қаршисида йиқилаётганини кўриб, қўлидан ҳеч нарса келмай, томоша қилиб турган ожиз ўша, ҳар куни, ҳар соат ва ҳар лаҳза уқубат чекиб кун ўтказаётган кимса шудир, охиратдаги оқибати қандай бўлишини ёлғиз Оллоҳ билади...
Бу илоҳий ҳикмат ва илоҳий адолатки, қилмиш қидирмиш дейдилар.
Валлоҳу таъала аълам...
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.