×
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Гуноҳ ва маъсиятларнинг таъсири; – Истиғфор сийғалари; – Истиғфор фазилатлари;

Гуноҳингга бугун истиғфор айтдингми?

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

МУСТАФО ДИАБ

Таржимон: Абу Абдуллоҳ Шоший

Муҳаррир: Шамсуддин Дарғомий

2012 - 1434

هل استغفرت ذنبك اليوم ؟

« باللغة الأوزبكية »

مصطفى دياب

مترجم: أبو عبد الله الشاشي

تحرير : شمس الدين درغامي

2012 - 1434

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Оллоҳ таолога ҳамд-сано, Расулуллоҳга салоту-саломлар бўлсин!

Инсонларнинг хоҳ билиб, хоҳ билмай гуноҳ ишларни қилиб қўйиши Оллоҳ таолонинг ўзгармас суннат-қонунларидан ҳисобланади. Шунинг учун Оллоҳ таоло бандаларига фазл-марҳамат қилиб, уларга истиғфор ва тавбани шариатга жорий қилди.

"Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Оллоҳдан мағфират сўраса, Оллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон (зот) эканини топар – кўрар". (Нисо: 110).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: "Оллоҳ таоло айтади: "Эй Одам боласи, агар менга дуо қилиб, мендан умидвор бўлсанг, сендан ўтган гуноҳларни парво қилмай кечираман. Эй Одам боласи, гуноҳларинг осмон булутларига етган тақдирда ҳам мендан мағфират сўрасанг, парво қилмай сени мағфират қиламан. Эй Одам боласи, менинг ёнимга ернинг қобиғича гуноҳлар билан келсанг ҳам, менга ҳеч нарсани шерик қилмасдан йўлиққан бўлсанг, сенга ернинг қобиғичалик мағфират билан пешвоз чиқаман". (Имом Термизий ривояти, Албоний ҳасан деган).

"Оллоҳга қасамки, мен бир кунда Оллоҳга етмиш мартадан зиёдроқ истиғфор айтиб, тавбалар қиламан". (Имом Бухорий ривояти).

Али разияллоҳу анҳу: "Ўзи билан нажоти бўлатуриб ҳалок бўлган кишининг ҳолига ажабланаман", – дер эдилар.

– "Нажот нима?" – дея сўралганда,

– "Истиғфор", – дея жавоб қилдилар.

Оллоҳ таоло марҳамат қилди: "(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Оллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. —Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Оллоҳгина мағфират қилур— Ва билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир". (Оли Имрон: 135).

Шаддод ибн Авс разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Саййидул истиғфор будир: "Оллоҳим, Сен менинг Раббимсан, Сендан ўзга илоҳ йўқдир, мени Ўзинг яратгансан, мен Сенинг қулингман ва қўлимдан келганича Сенга берган аҳду паймоним устидаман. Қилган ишларимнинг ёмонлигидан Ўзингдан паноҳ тилайман. Менга берган неъматларингни эътироф этаман. Қилган гуноҳларимнида эътироф этаман. Ўзинг мени мағфират этгин. Албатта, Сендан ўзга гуноҳларни кечирувчи йўқдир". Ким шу истиғфорни ишонч-ихлос билан кундузида айтса ва кечга қолмай вафот этса, у жаннат аҳлидан бўлади. Ким буни ишонч-ихлос билан тунда айтса ва тонгга қолмай вафот этса, у жаннат аҳлидан бўлади". (Имом Бухорий ривояти).

Оиша разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлишларидан олдин: "Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илайҳи", яъни (Оллоҳни поклайман ва Унга ҳамд айтаман. Оллоҳга истиғфор айтиб тавба қиламан), деб кўп айтардилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Азиз биродарим, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек аввалги ва охириги гуноҳлари кечирилган зот истиғфорни кўп қилган бўлсалар, унда биз гуноҳкор бандалар истиғфор айтишликка жудаларда муҳтож эканмиз, валлоҳул мустаъан...

Гуноҳ ва маъсиятларнинг таъсири

Гуноҳ ва маъсиятларнинг таъсирида қуйидаги асоратлар келиб чиқади:

– Қалбнинг қорайиши;

– Илмдан маҳрум бўлиш ва уни унутилиши

– Ризқнинг танглашиб, торайиши;

– Умрнинг қисқариши;

– Бараканинг кўтарилиши;

– Рабб таолонинг ғазабига йўлиқиш;

– Фожиалар, зилзилалар, вулқон чиқиши каби табий офотлар юз бериши;

– Раҳмон таолонинг дўстларидан ажралиб қолиш;

– Шайтоннинг гуруҳларига ошно бўлиш;

– Иймон исмини бой бериш;

– Фисқ ва исён билан сифатланиш.

Маъсиятлар асоратининг энг хатарлиларидан — унинг балоси инсоннинг ўзигагина таъсир этиб қолмай, мусулмонлар устига кўчиб, офат бўлишидир. Неча бор мусулмон жамоатларнинг гуноҳ ва маъсиятлари касрига уларнинг фарзандлари қолганлар!

Маъсиятларнинг хатари душманнинг хатаридан қаттиқроқдир. Умар разияллоҳу анҳу ота-онасига оқ бўлган кишини жиҳод сафарига кетаётган мусулмонлар сафидан унинг маъсияти асаридан қўрқиб қайтараркан шундай дедилар: "Сизлар саноқларнингиз ва тайёргарлигингиз билан уларга (яъни душманга) ғолиб бўла олмайсизлар, балки Оллоҳга тақволарингиз билан нусратга эришасизлар. Бордию, маъсиятда улар билан баробар бўлсангиз, улар кўплиги ва ҳозирлиги билан сизларни енгади". Ўшанда Умар разияллоҳу анҳу ота-онасига оқ бўлган киши мағлубият сабабчиси бўлиб қолишидан хавотир олган эдилар.

Азиз биродарим!

Ибн Аббоснинг гуноҳкор кимсаларга юзланиб айтган сўзларига диққат қилинг: "Эй гуноҳкор банда! Гуноҳингнинг оқибатидан хотиржам бўлма, билгинки, гуноҳнинг ортидан келувчи зарарлар гуноҳнинг ўзидан буюкроқдир. Зеро ўнг ва сўлингдагилардан (яъни фаришталардан) ҳаё қилмай гуноҳга қўл уришинг, гуноҳдан каттароқдир. Гуноҳни қилар экансан, Оллоҳ таоло сенга нималарни тайин қилганини билмасдан кулиб-хурсанд бўлмоғинг, гуноҳдан баланддир. Гуноҳдан ўз улушингни оларкансан, у билан хушнуд бўлишинг, гуноҳдан баттардир. Гуноҳ ишни қилолмасдан маҳзун бўлишинг, гуноҳдан каттароқдир. Гуноҳни қилиб турганингда шамол эшигингни тебратса саросимага тушасан, бироқ Оллоҳнинг кўриб турганлигидан қалбинг изтиробга тушмаслиги, гуноҳдан каттароқдир".

Азиз биродарим!

Фалокат, бахтсизлик келмаси тавба қилгин, тавба!

Ижобат эшиклари эпилмаси Оллоҳга қайтгин, Оллоҳга!

Тақво қилиб, гуноҳлардан эҳтиёт бўлганларга хушхабар бордир,

"Ким Оллоҳдан қўрқса (Оллоҳ) унинг ишини осон қилур. Бу Оллоҳнинг сизларга нозил қилган ҳукмидир. Ким Оллоҳдан қўрқса унинг ёмонлик-гуноҳларини ўчирур ва унинг ажр-мукофотини улуғ қилур". (Талоқ: 4–5).

Кимки ўзига истиғфорни лозим тутса, Оллоҳ таоло у учун ҳар қандай тангликдан чиқар жойни беради, унинг ҳар турли ташвишини аритади ва уни у ўйламаган жойдан ризқлантириб қўяди.

Абдуллоҳ ибн Буср разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Саҳифасида (номаи аъмолида) кўп истиғфор топган кишига мунча ҳам яхши", дедилар. (Ибн Можа ривоятлари, Албоний саҳиҳ деган).

Баъзи уламолар айтишади: "Банда гуноҳ билан неъмат орасида бўлиб, ҳамд ва истиғфор айтиш билангина улардан тўғрисини топади".

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтади: "Мусибат етганлар учун сабр ва дуодан, мусибатлардан саломат бўлганларга шукр ва санодан манфаатлироқ нарса йўқ".

Гуноҳ истиғфорга муҳтож, чунки истиғфор гуноҳларнинг ўчирилишига сабабдир. Неъмат шукрга муҳтож, чунки шукр неъматнинг бардавом бўлишига сабабдир.

Илоҳий, мен Фирдавсга мос эмасман

Дўзах оловига бардошлимасман

Гуноҳим кеч, тавбаларни бағиш эт

Буюк Ғофир ўзингсан шак қимасман

Истиғфор сийғалари

– استغفر الله رب اغفر لي وتب على

Маъноси: Оллоҳим, Сенга истиғфор айтаман, Раббим мени кечир ва тавбамни қабул эт.

– استغفر الله الذي لا إله إلا هو الحي القيوم وأتوب إليه

Маъноси: Яккаю ёлғиз, барҳаёт ва абадий турувчи улуғ Оллоҳдан мағфират этишини сўрайман, Унга тавба қиламан.

– اللهم اغفر لي ذنبي كله دقه وجله أوله وآخره سره وعلانيته

Маъноси: Эй Оллоҳ! Менинг барча гуноҳларимни, каттаю кичик, аввалу охир ва сиру ошкорини мағфират эт.

– رب اغفر لي ذنبي، وإسرافي في أمري وتجاوز عني

Маъноси: Парвардигоро, гуноҳимни ва ишимдаги хатоимни мағфират айла, мени афв эт.

Истиғфор фазилатлари

Истиғфорнинг қуйидаги фазилатлари бор:

– Муваҳҳидлар, содиқлар ва мухлисларнинг белгисидир;

– Мўминнинг саодатидир. У билан нафслар олий бўлиб, қалблар покланади;

– Анбиё ва расулларнинг дуосидир. У билан даражалар юксалиб, хатолар ўчирилади;

– Рабб таолони рози қилиб, шайтонни ғазаблантиради.

Валлоҳу таъала аълам...

 Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.