×
Ушбу дарс қуйидаги мавзуларни ўз ичига олади: – Халифанинг ўлими; – Боғдод кутубхонасининг оқибати; – Тарихда Ислом кутубхоналарининг мунтазам талофат кўргани; – Боғдодга ўт қўйилиши; – Боғдод аҳлининг баъзиларини тирик қолдирилиши; – Муаййиддин Алқамийнинг Боғдодга ҳоким қилиниши; – Боғдод ағдарилишининг асорати;

Мўғул татар қиссаси 13- қисм

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Мўғул-татар қиссаси

Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.

Ўтган суҳбатимизда:

– Боғдод ҳукуматининг аҳволи;

– Боғдод халқининг ҳолати;

– Боғдоднинг қамал қилиниши;

– Мўғуллар билан Аббосийлар хилофати ўртасидаги музокаралар;

– Боғдоднинг ўққа тутилиши;

– Халифанинг хўрланиши, каби мавзуларни зикр қилган эдик.

Халифанинг ўлими

Халифа ва унинг 17 одами Ҳулагунинг ҳузурида, делегациядан қолган кишилар ва шаҳарнинг барча олим, фақиҳ ва қорилари қатл қилингандан кейин, мўғул қўшини Боғдоднинг кўча-кўйларига селдек оқиб киришди. Қонхўр Ҳулагу Ислом пойтахти Боғдодни оёқости қилиб топташга буюрди, яъни мўғул қўшини хаёлларига келган бузғунчилик, қатл, асир олиш, талон-тарож қилиш, зино, босқин, вайрон, ўт қўйишга буюрилди. Ҳар бир аскар билган номаъқулчилигини қилишга киришди. Йиртқич мўғул армияси бўри ўз ўлжасини бурда-бурда қилгани каби мусулмонларни тилка-пора қила бошлади... Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ.

Буюк шаҳар Боғдоддан неқадар мужоҳидлар жангларга сафарбар бўлган эди? Бу шаҳарда қанча-қанча уламолар инсонларга динларини таълим берган эди? Не-не толиби илм Боғдод сари йўлга отланган эди? Мана ҳозир Боғдодда ҳеч ким қолмади! Қани Холид ибн Валид? Қани Мусанна ибн Ҳориса? Қоъқоъ, Нўъмон ва Саъд қани? Рижолларнинг ҳамияти ва ғурури қаерда қолди? Мусулмон ёшлардаги довюраклик, шижоат қани? Жаннат харидорлари-ю, Оллоҳ йўлида жиҳод қилувчилар қани? Номуслари, аёллари, фарзандлари, мол-давлати ва ватаннинг ҳимоячилари қаерда қолди? Афсуски, уларнинг биронтаси йўқ. Бирор қаршиликсиз шаҳар дарвозалари очиб берилди. Боғдодда бирорта рижол қолмаган, фақат уларга қайсидир жиҳатлари ўхшаганлар қолган эди. Имом Абу Ҳанифа, имом Шофеъий ва Аҳмад ибн Ҳанбаллар шаҳри, Рошид раҳимаҳуллоҳ ва Амурияни фатҳ қилган Муътасимнинг диёри, беш асрдан буён Ислом оламининг пойтахти бўлган Боғдод шаҳри оёқости қилинди. Мўғуллар шаҳарда ақл бовар қилмадиган ишларни қилишди, улар кўча-кўйлар, хонадонлар, боғу-роғлар, масжид-у, мактабаларда мусулмонларни таъқиб қилиб ўлдиришди. Мусулмонлар дуч келган жойга қочишдан бошқа чора топмадилар.

Бир мусулмон уйга беркиниб, эшикни қулф ила маҳкамласа, мўғул аскари эшикни ё бузиб, ё синдириб ёки ўт қўйиб бўлса ҳам уйга кирар ва уни ўлдирар эди. Мусулмон киши томга чиқса, мўғул аскари ҳам унинг ортидан томга чиқиб, ўша ерда унинг жонига зомин бўлар эди. Қон шу қадар кўп тўкилганидан тарновлардан одамзот қони ёмғир мисоли оқди, иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун[1]. Мўғуллар биргина эркакларини эмас, ҳатто қариялар, аёллар –бундан кўзларига чиройли кўринганлари мустасно, уларни асир қилишарди–, болалар ва чақалоқларни ҳам ўлдирар эдилар.

Бир бадбахт мўғул аскари йўл ёқасида оналари қатл қилинган 40та чақолоққа дуч келади ва уларга "раҳм қилганидан" ҳаммасини ўлдиради[2]. Дарҳақиқат, мўғулларнинг қалблари тошдек, ҳатто ундан-да қаттиқроқ бўлиб кетган эди. Мусулмонлар тинимсиз ўлдирилганидан, кун сайин шаҳарда ўликлар сони ортганидан ортди. Мусулмонларнинг қалбларига мўғуллар енгилмайди, жароҳатланмайди, қолаверса ўлмайди ҳам, деган тушунча даҳшатли қўрқувни олиб кирган, бунинг натижаси ўлароқ мўғул босқинчиларига номига бўлсада қаршилик қилинмаган эди. Буларнинг барчаси халифа тириклигида амалга оширилди ва халифа бу ҳодисаларни кўзлари билан кўриб турди. Бу ваҳшийликларнинг қаршисида турган халифанинг қалб кечинмалари, алами ва ҳасратини бир тасаввур қилинг, а! Халифа от ёки эшак сингари буюк шаҳар бўйлаб етаклаб юрилди, унинг ёнида сотқин вазир Муаййиддин Алқамий ва Насируддин Тусийлар мўғул аскарларига олтин, кумуш ва дуру, гавҳарларнинг ерларини кўрсатиб борарди[3].

"Қани, мана шу (кундан) илгари ўлиб кетсам-у, бутунлай унутилиб кетсам эди"[4]

"Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам ҳалок бўлиб кетди-я!"[5]

"Токи қачон улардан бирига ўлим келганида: Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен қолган умримда яхши амал қилсам», деб қолур. Йўқ! (У асло ҳаётга қайтарилмас). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур"[6]

Каби руҳий кечинмалар халифанинг қалбига найза мисоли қадалган бўлиши табиий. Бу хорлик ва зорликнинг сабаби аниқ.

Абдуллоҳ ибн Умар –розияллоҳу анҳумо–дан ривоят қилинади: "Мен Расулуллоҳ –соллаллоҳу алайҳи ва саллам–нинг: "Агар ийна (рибо тури) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Оллоҳ таоло сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларин- гизча, уни устингиздан кўтармайди", деганларини эшитганман"[7].

Боғдод халқи зироъат, тижорат, синоъат, қолаверса, илм ва таълим ишларини ўз йўлига қўйган, бироқ Оллоҳ йўлидаги жиҳодни тарк қилган эдилар, натижада уларнинг устига хорлик туширилди.

Ҳулагу Боғдодга кириб, халифанинг қасрига борди, унга кирди ва халифани олиб келишларига амр қилди. У бу кунни байрам қилишни қасд қилди ва халифага "Биз меҳмонмиз ва сен мезбонсан, шундай экан меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйиб, зиёфат қилиш сенга вожиб", – деди. Ҳалифа буни тасдиқлади. Уни даҳшат тутиб қаттиқ қўрққанидан, эс-ҳушидан ажралишига оз қолган ҳатто хазиналарнинг калитларини қаерга қўйганини билолмаслик даражасига етган эди. Шунда у хазина қулфларини бузишга буйруқ қилди ва икки минг кийим-бош, ўн минг динор, қимматбоҳо буюм ва бир қанча жавоҳирларни чиқариб, Ҳулагуга тақдим қилди. Бироқ Ҳулагу уларга қайрилиб қарамади ва аскарларига тақсимлаб юборди. У "булар аскарларнинг ҳаққи эди, энди менга ер остига кўмилган бойликларни кўрсат", деди. Халифа сарой ўртасида ҳовузга кўмилган олтинлар борлигини эътироф қилди, ишора қилинган жой кавланди, ажабо, ҳақиқатан у ерда бир ҳовуз тўла ҳар бир бўлаги 100 мисқолдан бўлган соф олтинлар бор эди. Сўнгра Ҳулагу халифанинг канизаклари бўлимини тинтув қилишга буюрди, унда 700 аёл ва канизаклар ҳамда 1000 та хизматчи бор эди[8].

Халифа Мустаъсим Биллаҳ Аббосийлар хазиналарини кўрсатиб бўлгандан сўнг, охирги манзил сари ҳайдаб борилди. Ҳулагу халифага ўта ёмон муомала қилди, дастлаб уни таомдан маҳрум айлади. Халифа қаттиқ очликни ҳис этгандан сўнг, таом сўраб ёлворди, шунда Ҳулагу бир тавоқ тиллани унинг қаршисига қўйиб, ол, е! – деди. Халифа бунга жавобан тиллани ҳам еб бўлармикан? – деди. Тиллани еб бўлмаслигини биларкансан, нимага уни аскарларингга тақсимламасдан жамғариб юрибсан. Уларни аскарларингга бериб, мерос бўлиб ўтган мулкингни душманлардан ҳимоя қилдирсанг бўлмасмиди? Мана бу темир дарвозалардан ўқ ясатиб, мени Жайҳун дарёсидан ўтишимга тўсқинлик қилсанг бўлмасмиди? – деди. Шунда халифа Оллоҳнинг тақдири шундай бўлиши керак экан-да, – деди. Ундан бу жавобни эшитган Ҳулагу бундан кейин бошингга тушадиган нарсалар ҳам Оллоҳнинг тақдири экан-да, бўлмасам, – деди[9]. Бошқа бир ривоятда, Ҳулагу халифага юқоридаги саволларни кўндаланг қилганида, халифа жавоб бермасдан сукут сақлашни лозим кўрганлиги баён қилинади[10].

Мўғуллар халифанинг қони ерга тўкилмасин, дея уни бир қопнинг ичига солишди, сўнгра Ҳулагу халифани тепкилаб ўлдиришга буюрди[11]. Валлоҳу аъламу. Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун.

Подшо ва амирларнинг бу тарзда ўлдирилиши, мўғулларнинг одатига кўра эди. Улар ғолибан подшо ва амирларнинг қонини тўкмасдан ўлдирар эдилар[12]. Бу ҳодиса ҳижрий 656 йил 14 сафар/мелодий 1258 йил 27 феврал чоршанба куни рўй берди[13]. Ўшанда халифа 47 ёшда[14] бўлиб, халифалик даври 15 йил-у, 8 ой давом этган эди[15]. Сўнгра мўғуллар одатига мувофиқ уни номалум ерга дафн қилишди[16]. Халифа билан бирга унинг икки ўғли ўлдирилган[17], учинчи ўғли учта қизи билан бирга асир қилинган эди[18].

Фақат Боғдод эмас, у билан бирга бани Аббос халифаларининг охиргиси ҳамда шаҳар халқи маҳв этилди. Бу воқеа Боғдод дарвозалари очилганининг 10-куни содир бўлган эди. Фожиа биргина халифанинг ўлдирилишига чекланмади, Ҳулагу ўз қўшинига Боғдодда қатлиом амалиётини давом эттиришга амр қилди. Қирғин 5 ёки 10 кун эмас, 40 кун узлуксиз давом этди[19]. Бунда сон минглаб, милионлаб мусулмон эркаклар, аёллар, болалар ва гўдаклар қатл қилинди. Аксарият тарихчилар Боғдод шаҳрида қатл қилинганлар сони 800 мингга етганлигининг хабарини берганлар[20]. Боғдодда фақат саноқли насронийларгина тирик қолган эди. Мана шундай кулфатдан сўнг мусулмонлар қандай оёққа турганига иншааллоҳ келаси дарсларимизда шоҳид бўламиз. Ўша вақтлар мусулмонлар бундай катта мусибатдан ўзларини ўнглаб олган бўлса, ҳозирда биз ҳам устимизга қора соясини солиб турган мусибатлардан чиқа олишимиз турган гапдир.

Боғдод кутубхонасининг оқибати

Мўғул қўшинининг бир қисми мусулмонларни ўлдириш билан овора бўлган бир пайтда, қўшиннинг бошқа бир бўлаги юртдаги маданият ва маърифат манбаларини йўқотиш билан банд бўлди. Зеро, мўғуллар ўзлари билан мусулмонлар орасидаги илм-маърифат ва маданиятда осмон билан ерчалик фарқи борлигини кўриб, нафратлари-ю, адоватлари кўксиларига сиғмай кетаёзган эди. Дарҳақиқат, мусулмонлар илм-маърифат, мадиният ва ахлоқда мукаммал асос ва узун тарихга эга, диний ва дунёвий илмлар борасида 10 мингларча мўътабар олимлари бор эди. Шу билан бир қаторда, бу олимлар Ислом маданиятига доир миллионлаб китоблар тасниф этган эди. Мўғуллар эса, маданиятга эга бўлиш у ёқда турсин, Хитойнинг шимолидаги саҳроларда пайдо бўлган қавм бўлиб, ўрмон қонунига таянган халқ эди. Ҳайвонлар сингари уруш қилиши етмагандай, ҳайвонлар каби яшар эдилар. Мусулмонлардек ер юзини обод этиш ёки дунёни ислоҳ қилиш ўрнига вайрон қилиш, бузиш ва яксон этишни ўзларига касб қилган эдилар.

Ислом уммати нафақат мўғуллардан, балки ер юзидаги бошқа миллатлардан тубдан фарқ қилиб келган ва шундай давом этади ҳам. Боғдод тарихидаги биз гувоҳ бўлиб турган бу фожиа, буюк Ислом уммати тарихини ҳаргиз ўчира олмайди.

Мўғул қўшинининг бир бўлаги Боғдодда жойлашган, ўша вақтлар ер юзидаги кутубхоналарнинг энг катталаридан бўлган, 600 йиллик тарихни ўз бағрига олган, илм-маърифат, одоб-ахлоқ ва тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақийда каби шариъат илмлари ва тиббиёт, фалакиёт, муҳандислик, кимиё, физика, жўғрофия каби ҳаётга тааллуқли фанлар ҳамда сиёсат, иқтисод, жамият, тарих каби жамиятга алоқадор фанларни, шунингдек, миллион байтларча шеърлар, ўн мингларча қиссалар ва насрларни ҳамда инглиз, юнон, форс, ҳинд ва бошқа жаҳон тилларига таржима қилинган илмий бойликларни ўз ичига олган кутубхонага қараб келдилар. Ушбу кутубхонага машҳур Аббосий халифаларидан бўлган Ҳорун ар-Рашид (ҳижрий 170-193 йиллар халифа бўлган) асос солган, ундан сўнг бу кутубхона халифа Маъмун (ҳижрий 198-218 йиллар халифа бўлган) замонида гуллаб яшнаган эди[21]. Бу кутубхона ҳар томонлама тенгсиз бўлиб, улканликда фақат Андалусдаги "Қуртуба" исломий кутубхонасигина у билан рақобатлаша оларди. Кутубхона бир қанча ҳужралардан иборат ва унда юзларча хизмат қилувчи ходимлар бор эди[22]. Боғдод ишғол қилинишидан 20 йил олдин Қуртуба кутубхонаси Камбис исмли овропалик насроний томонидан ёқиб кул қилинган эди.

Мўғуллар адади миллионларча бўлган қийматли, бебаҳо китобларни кутубхонадан олиб чиқиб, Дажла[23] дарёсига ташлашди. Бу мўғулларнинг ўтакетган нодонлиги эди. Улар бу китобларни Мўғулистон пойтахти Қорақурумга[24] фойдаланиш учун олиб кетсалар, ўзлари учун катта ютуқ бўлар эди. Ҳолбуки, мўғуллар мадиният ва тараққиётда ҳали гўдаклик босқичида эдилар. Бироқ улар ўқиш ва ёзишни билмайдиган, таълим олиш уларга ёт бўлиб, айшу-ишрат ва шаҳватларига қул бўлиб яшайдиган, дунёдан кўзлаган бирдан-бир мақсадлари вайрон қилиш бўлган ёввойи уммат эди. Дарёга улоқтирилган сонминглаб китоблардаги сиёҳларнинг сувга чиқиши натижасида Дажла дарёси суви қоп-қора рангга бўялди. Ҳатто мўғул отлиғи бу қирғоқдан у қирғоққа дарёга ташланган китоблар устидан китобларни босиб, ўтиб қайтарди. Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъун.

Тарихда Ислом кутубхоналарининг мунтазам талофат кўргани

Боғдод кутубхонасининг дарёга оқизилиши нафақат мусулмонлар, қолаверса, бутун инсоният учун улкан бахтсизлик ва жиноят эди. Бу каби жиноятларга тарих кўп гувоҳ бўлган. Жумладан, насронийлар Андалусдаги буюк Қуртуба кутубхонасига ўт қўйишди, бундай ҳолат миллионлаб китобларни ўз ичига олган Гранада кутубхонасида ҳам рўй берди, салибчилар унга ҳам ўт қўйишди. Сўнгра салибчилар Андалусда Толедо, Севилья[25], Валенсия, Сарагоса[26] ва бошқа шаҳарларда жойлашган кутубхоналарни ҳам айни кўринишда вайрон қилдилар.

Насронийлар Шомда 3 милион китобни ўз бағрида сақлаган Таробулус[27] кутубхонасига ҳам ўт қўйдилар. Таробулус кутубхонаси Боғдод кутубхонасига ҳечам тенглаша олмас эди. Энди Дажла дарёсига оқизилган Боғдод кутубхонасидаги китобларнинг сонини бир тасаввур қилинг, а!

Насроний салибчилар Фаластиндаги Ғазо, Қуддус ва Асқалон кутубхоналаринида шундай хунук аҳволга солишди. Сўнгра XIX-асрга келиб, янги Европа босқинчилари Ислом ўлкаларига бостириб келишди, бироқ улар аждодларига қараганда бироз ақллироқ эканлар, улар Ислом давлатларидан ўғирлаган китобларни аждодлари сингари ёқмасдан, ўзлари билан олиб кетишди. Ҳозирда Европанинг катта кутубхоналаридаги китобларнинг асосий қисмини мусулмонлардан ўғирлаб кетилган китоблар ташкил қилади.

Дарҳақиқат, Ислом душманлари узун асрлар оша илмнинг қайси тури бўлмасин бу умматни унга боғланишдан китобларни ёқиш, ё дарёга оқизиш, ёки ўғирлаш ёхуд таълим манҳажини ўзгартириш орқали маҳрум қилишга ҳаракат қилиб келдилар. Бу билан улар умматни асосий ва муҳим илм, дин ва ахлоқдан узоқлаштиришни хоҳладилар ва қайсидир жиҳатдан бунга эришдилар ҳам. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ.

Боғдодга ўт қўйилиши

Кутубхонани дарёга чўктириб бўлган мўғул қўшинининг бир бўлаги гўзал ва ҳашаматли биноларга қараб йўл олдилар ва уларни вайрон қилиб, ўт қўйдилар. Кўзларига чиройли кўринган қимматбаҳо нарсаларни ўзлари билан олар, эътиборларини жалб қилмаган нарсаларни ёқар эдилар. Ўша вақтлар ер куррасидаги буюк шаҳар харобага айланган, олов ва тутун етиб бормаган жой қолмаган эди.

Боғдод аҳлининг баъзиларини тирик қолдирилиши

Қатлиом бошланганидан 40 кундан сўнг, Боғдод тамоман хароб кўринишга келган эди. Шаҳарда нодир суратда тирик инсонлар қолган, кўчаларда ўликлар баланд тепалик мисоли бўлган эди. Ўликлар устига ёмғирлар ёғди, натижада улар ириб бошлади ва бутун шаҳарга сассиқ ҳид тарқалди. Об-ҳаво ўзгариши оқибатида пайдо бўлган вабо Шом диёригача етиб борди. Вабо (ўлат) жуда кўп инсонлар ҳаётига зомин бўлди[28].

Ҳулагу аскарларига мусулмонларни ўлдиришни бас қилишларига буюриб, қатлдан тирик қолган Боғдод халқига омонлик берди. Ҳулагу бу минтақада вабо тарқалиб, ўз лашкарини қирилиб кетишидан қўрққанидан шу қарорга кеган эди. Мусулмонларга яширинган жойларидан чиқиб, ўликларни кўмишларини эълон қилди. Субҳаналлоҳ!

Боғдодда омонлик садоси янграганида хандақлар, қабристонлар ва ташландиқ қудуқларга жон ҳолатда беркинган одамларнинг секин-аста чиқиб келиши, худди қабрларидан тирилиб чиққан ўликлардек эди гўё. Улар бир-бирларини танимас, ҳатто ота боласини, ака укасини танимас эди[29]. Кимдир отасини ё қизини, яна кимдир онасини ёки боласини ахтаришга тушди. Лекин адади милионга етган ўликларни дафн қилиш осон эмасди. Тирик қолган мусулмонлар биродарларининг мурдаларини кўмиб улгурмаслари шаҳарда даҳшатли суратда ўлат ва вабо тарқалди. Натижада қолган инсонлар ҳам ўлиб кетди. Қилич тиғидан омон қолганлар, шаҳарда тарқалган ўлат ва вабо эпидемиясидан қутила олмади, улар ўзларидан илгари оламни тарк қилган ўликлар сафига қўшилдилар[30]. Бу Боғдоднинг янги фожиаси эди. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ....

Муаййиддин Алқамийнинг Боғдодга ҳоким қилиниши

Сўнгра Ҳулагу шу йилнинг жумодул-увла ойида Боғдодга Али Баҳодир ва Муаййиддин Алқамийни ҳоким қилиб тайинлади[31], бироқ унга ҳокимнинг номидан бошқа нарса тақдим қилмаган эди. Алҳол, ҳар қандай қарор ва буйруқлар мўғуллар томонидан белгиланар, ҳоким эса бажаришдан нарига ўта олмас эди. Янги ҳокимга нафақат Ҳулагу ҳатто оддий мўғул аскари ҳам бемолол буйруқ берарди, бу бир томондан ҳокимни хорлаш бўлса, иккинчидан бошқарувда унинг ҳеч қандай қадр-қиймати ва қуввати йўқлигини уқтирар эди. У мўғулларга тобе бўлиб хорликнинг охирги даражасига етди. Мана шундай, кимки дини, ватани ва обрўсини сотса, ёрдам берган душманлари қаршисида ҳам қадрсиз бўлиб қолади. Айғоқчилар душманлар назарида-да зиғирчалик қадрга эга бўлмайдилар. Хоин вазир Боғдодга волий бўлгандан сўнг, бироз муддат хор бўлиб юрди ва ўз уйида бир неча ойдан кейин, жумадул-охира ойида жон таслим қилди[32]. У бу хоинлиги эвазига Боғдодни сотгандан сўнг хўрлик ҳаётида 3 ой яшади[33]. Ҳокимлиги, мулки ва хиёнатидан бирор фойда кўрмади. Бу ҳодиса ҳар бир хоин учун ибрат бўлиши керак.

"Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши-азоби аламли ва қаттиқдир"[34]

Сўнгра мўғуллар вазирнинг ўғли Иззуддин Абул Фазлни Боғдодга волий қилишди[35], отанинг мероси болаларига қолганидек, хиёнат ҳам унга ота мерос бўлган эди. Бироқ бу мансаб унга бахтсизлик келтирди, Боғдодга волий бўлган хоин вазирнинг ёш новқирон ўғли Боғдод ишғол қилинган йили ҳижрий 656 йилнинг ўзида оламдан кўз юмди[36]. Дунёга тармашган кимсанинг ҳалокатга учраши ҳеч ажабланарли эмас. Халифа дунёга маҳкам ёпишганида ҳалок бўлди. Сўнгра, хоин вазир, ундан сўнг унинг дунёга ҳирс қўйган ўғли отасининг ортидан равона бўлди. Боғдод аҳли дунёга берилганида ҳалокатга юз тутди. Бу ер юзида жорий бўлган қонундир....


Боғдод ағдарилишининг асорати

Боғдоднинг мўғуллар томонидан ишғол қилиниши бутун оламга яшин тезлигида тарқалди. Бу Ислом оламига ҳазм қилиш мутлақо қийин бўлган даҳшатли зарба бўлган эди, чунки Боғдод шунчаки бир шаҳар эмасди. Боғдод ўша замонда ер куррасидаги энг катта шаҳар бўлиши билан бирга илм-маърифат, тараққиёт, маданият мужассам бўлган Ислом уммати хилофатининг пойтахти эди. Мусулмонлар эсанкираб қолишди, Боғдод ишғол қилинди, дегани нимаси? Халифа ўлдирилиб, ўрнига бошқа халифа тайин қилинмади, деганичи? – каби саволлар одамлар орасида жавобсиз қоларди.

Мусулмонлар халифасизлик қандай бўлишини ақлларига сиғдира олмасди. Улар учун хилофат ўта муҳим аҳамиятга эга эди. Ўша вақтда Аббосийлар хилофати ўта заиф ҳолатда бўлсада, бир кун келиб хилофат албатта кучаяди деган умид уларнинг зеҳнида барҳаёт эди. Мўғулларнинг чиқиши, мусулмонларнинг мағлубияти, Боғдод ва хилофат ағдарилгандан сўнг мусулмонларнинг тушкунликлари, уларни "бу қиёмат аломати, энди Маҳдий чиқади ва мўғуллар устидан нусратга эришади", - деган эътиқодга етаклай бошлаган эди.

Бир кун келиб Маҳдий чиқади, Исо алайҳис-салом тушади ва қиёмат қоим бўлади, бунга иймонимиз комил, иншааллоҳ. Аммо қиёмат кунини қачон бўлишини ҳеч ким билмайди,

"Одамлар сиздан (қиёмат) соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У (соатни) илми ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридадир», деб айтинг. Қаердан билурсиз, эҳтимол у соат яқин келиб қолгандир"[37]

Нега мағлубият ва мувофақиятсизлик кезларида инсонлар онгида бу каби дунёқараш пайдо бўлди? Балки мусулмонлар тушкунлик сабаб, Оллоҳнинг ва ўзларининг душманлари мўғулларга қарши ғалаба қилишга кўзлари етмай, осонроқ ечимни ахтаришгандир. Имом Маҳдий чиқса ёки бирор-бир мўъжиза рўй берса-ю, мўғуллар устидан ғолиб бўлсак, деб тасаввур қилгандирлар. Валлоҳу аълам.

Бу орада насронийлар хурсанчиликларидан ўзларини қўярга жой топмаётган эдилар. Мўғулларнинг Ислом оламига берган бундай қаттиқ зарбасидан сўнг, салибчилар Шом ва Миср ўлкаларига юришларини янгидан бошлашларида шубҳа йўқ эди.

Мўғуллар Боғдодни эгаллашди, унинг мол-мулкини талашди. Қонхўр кимса ҳеч қачон хунрезликдан тўймайди. Оқилга аёнки мўғуллар Боғдодни ишғол қилиш билан чекланмайдилар ва янги хазиналар излашлари аниқ.

Бу мавзуларга келаси дарсларимизда тўхталиб ўтамиз, иншааллоҳ.

Валлоҳу таъала аълам....

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.



[1] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/359-360).

[2] Доктор Саййод "ал-Мўғул фит-Тарих" (1-жилд, 265-бет).

[3] Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (6-жилд, Аббосийлар давлати, 2-қисм, 338-бет).

[4] Марям: 23

[5] Ал-Ҳаққо: 28-29

[6] Муъминун: 99-100

[7] Абу Довуд (№3462), Аҳмад (№4987) ривоятлари, Албоний «Ас-силсилатус-саҳиҳа»да (11) саҳиҳ санаган.

[8] "Тарих мухтасар ад-дувал" (271-бет), Доктор Саййод "ал-Мўғул фит-Тарих" (1-жилд, 266-бет).

[9] Доктор Саййод "ал-Мўғул фит-Тарих" (1-жилд, 267-бет).

[10] Доктор Саййод "ал-Мўғул фит-Тарих" (1-жилд, 267-бет).

[11] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/359). Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ халифанинг осиб (бўғиб) ёки чўктириб ўлдирганини ҳам нақл қилганлар бор, деб айтиб ўтган. "ал-Мўғул фит-Тарих" (1-жилд, 268-бет), "Мухтасар фи ахбарил башар" (3/203).

[12] Аҳмад Абдулваҳҳоб Нувайрий "نهاية الأرب في فنون الأدب " (269-бет).

[13] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/361, 364-365, 366), Доктор Саййод "ал-Мўғул фит-Тарих" (1-жилд, 270-бет), Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2-жилд, 1-қисм, 294-295-бет).

[14] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/364-365). 46 ёш, 4 ой (17/361, 366).

[15] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/361, 366).

[16] Доктор Саййод "ал-Мўғул фит-Тарих" (1-жилд, 270-бет).

[17] Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2-жилд, 1-қисм, 294-295-бет).

[18] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/366).

[19] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/361).

[20] Заҳабий "Ислом давлатлари" (2/123), Доктор Саййод "ал-Мўғул фит-Тарих" (1-жилд, 265-бет).

[21] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (200-бет).

[22] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (200-бет).

[23] рус. Тигрис.

[24] рус. Каракорум.

[25] Турк. Sevilla.

[26] Турк. Zaragoza.

[27] Рус. Триполи.

[28] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/362).

[29] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/362-363), Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (6-жилд, Аббосийлар давлати, 2-қисм, 338-бет).

[30] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/362-363), Доктор Саййод "ал-Мўғул фит-Тарих" (1-жилд, 266-бет).

[31] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/363), Рошидуддин "Жомиъут-таварих" (2-жилд, 1-қисм, 294-295-бет), Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (6-жилд, Аббосийлар давлати, 2-қисм, 339-бет).

[32] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/362-363, 380), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (203-бет).

[33] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (203-бет).

[34] Ҳуд: 102

[35] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/363, 380) Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (203-бет).

[36] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/363, 380), Маҳмуд Шокир "ат-Тарихул Исламий" (6-жилд, Аббосийлар давлати, 2-қисм, 339-бет). Саллабий Жувайнийдан нақл қилишича, вазирнинг ўғли ҳижрий 657 йил зулҳижжа ойида, яъни Боғдод ишғолидан бир йилдан сўнг ўлган ва девон ишлари Ато Малик Жувайнийга топширилган, "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (204-бет).

[37] Аҳзоб: 63