Мўғил татар қиссаси 05-қисм
Категориялар
Full Description
Мўғул татар қиссаси 5- қисм
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Барча мақтовлар Оллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсларимиз ҳамда ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Оллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен шериксиз, ягона Оллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.
Ўтган дарсимизда:
– Муҳаммад ибн Хоразмшоҳнинг таржимаи ҳоли ва енгилиш сабаблари;
– Мозандарон, Рой, Қозвин, Арманистон ва Грузияга мўғуллар босқини;
– Мўғулларнинг Фарғона водийси, Термиз шаҳри ва Кулоба қалъасини яксон қилиши;
– Хуросон ерларига мўғуллар ҳужуми;
– Мўғулларнинг Насо шаҳрига лашкар тортиши;
– Мўғуллар Марва шаҳрига юриши ва унинг аҳлини яксон қилиши, мавзуларини зикр қилган эдик.
Нишопур шаҳри ва аҳли яксон қилиниши
Сўнгра мўғуллар ҳижрий 617/мелодий 1220 йили Марвадан Нишопурга ўтишди[1], бу шаҳар ҳам Хуросоннинг буюк шаҳарларидан бўлиб, ҳозирги кунда Эроннинг шимоли-ғарбий томонида жойлашгандир. Мўғуллар Тучагар бошчилигида шаҳарни беш кун қамал қилди, лекин қамалнинг учинчи куни Тучагарга ўқ тегди ва ўлди[2]. Шаҳарда мусулмон армиянинг катта қисми бўлсада, Марвада содир бўлган ҳодисалар уларга етиб келган, натижада эса, уларнинг қалбларини қўрқув чулғаб олган, омма мусулмонлар орасида ваҳима, даҳшат ҳукм сурар эди. Шунинг учун, мўғулларга қарши оёққа туришга бардошлари қолмаган эди. 12 кун йўл босиб, Марва аҳлини битириб, Тўлийхон Нишопурга етиб келади. Тўлийхон куёви ёки поччаси Тучагарнинг қасосини олишга ният қилади. Мўғуллар ҳижрий 618 йил сафар ойининг 12-куни/мелодий 1221 йил апрел ойида шаҳарга кирди[3] ва унинг барча аҳолисини саҳрога чиқарди, баногоҳ, Чингизхоннинг ўғлига Марва халқидан омон қолганлар хабари келди. Биз қилич билан чопиб, ўлди деб ташлаб кетсак, улар тирик қолишибди, деб фикр қилди-да, Нишопур халқини ўлганига қаноат қилмай, битта-битта бошини танасидан жудо қилиб чиқишга буюрди[4]. Сўнгра аёлларни қул қилишди. 15 кун давомида шаҳарни остин-устин қилиб, мол-мулк, қимматбаҳо нарсаларни изладилар. Ибнул Асир –раҳимаҳуллоҳ– айтиб ўтганидек, шундан сўнг шаҳарни тарк қилдилар. Бу шаҳар, Хоразм давлати бошлиғи Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ ўлимидан 2 ойдан кейин маҳв этилди[5]. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ.....
Ҳирот шаҳри вайронаси аҳолиси қирғини
Сўнгра мўғуллар Афғонистоннинг шимоли-ғарбий томонида жойлашган Ҳирот шаҳрига йўналди[6]. Улар Марва ва Нишопур шаҳарлари яксон этилгандан сўнг биронта шаҳарга омонлик бермади, эркакларни ўлдирди, аёлларни қул қилди ва барча шаҳарларни хонавайрон қилиб, ўт қўйди. Лекин бу шаҳарнинг амири Маликхон бир қисм армияси билан жанг бўлаётган жойдан узоқроқдаги, Афғонистоннинг жанубида жойлашган Ғазна шаҳрига қочиб кетди. Мана шундай, ўша пайтдаги амирлар, бошлиқлар халқи мўғулларнинг "вулқони", хавф-хатарига тушган вақтда халқини ташлаб, ўзлари қочиб қутилар эди. Ибнул Асир –раҳимаҳуллоҳ–нинг фикрига кўра, Тўлийхон Ҳиротни 10 кун қамал қилди[7], сўнгра шаҳар халқи ундан омонлик сўради. У ҳар доимгидек, дастлаб омонлик бериб, сўнг аҳдига вафо қилмади. Ҳирот аҳлидан 12 минг киши ҳаётига зомин бўлди ва шаҳарга ўзига итоатдаги мусулмон аскарини волий қилиб қолдирди[8]. Ўзи эса, отаси Чингизхоннинг буйруғи билан Толиқон шаҳрига жўнади. Ҳирот шаҳрининг эгалланиши, бутун Хуросон минтақасининг мўғуллар қўлида ишғоли эди. Хуросонда битта ҳам шаҳар қолмади. Зикр қилинган ҳодисаларнинг барчаси ҳижрий 617/мелодий 1220 йилнинг охирлари, ҳижрий 618/мелодий 1221 сананинг бошларида юз берди[9]. Бу ҳодисалар, мутлоқ ер курраси тарихида содир бўлган воқеаларнинг энг ҳайратли ва ажабланарлиларидан бири бўлган эди. Субҳаноллоҳ!
Хоразм диёрига мўғул босқини
Хоразм шаҳри, Хоразм минтақасидаги шаҳарларнинг энг машҳурларидан эди. Хоразмшоҳнинг аҳли-оиласи шу шаҳарда истиқомат қилгани боис, мусулмонларнинг катта жамоаси бу шаҳарга ерлашган эди. Шаҳарнинг қўрғони анча мустаҳкам эди. Ушбу шаҳар ҳозирда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги Жайҳун, яъни Амударё дарёсининг атрофидаги ҳудудларга тўғри келарди. Мусулмонларнинг жуда улкан иқтисодий, стратегик ва сиёсий қиймати мужассамлашган жойи эди. Бундай аҳамиятга эга бўлган шаҳарга Чингизхон энг катта қўшинини жўнатди. Бу қўшин шаҳарни тўлиқ беш ой қамал қилди[10], доктор Муҳаммад Саллабий фикрига кўра, шаҳар 6 ой давомида Чингизхоннинг икки ўғли Жўжи ва Чиғатой бошчилигида қамал қилинади[11], бироқ уни ишғол қила олмайди ва Чингизхондан ёрдам сўрайди. Чингизхон ўғли Ўқтой бошчилигида катта армияни ёрдамга жўнатди. Ҳар томондан қилинган тинимсиз ҳужумлар оқибатида, шаҳар девори дарз кетиб, мўғуллар шаҳарга киришга муваффақ бўлди. Шаҳарда мусулмонлар билан мўғуллар ўртасида шиддатли, даҳшатли жанг кетди, иккала томондан ҳам саноқсиз қурбонлар берилди. Мусулмонлар мағлубиятга учрай бошлади, жанг ғоят шиддатли кечганидан мусулмонлар қочиб, чуқурлар, омборлар ва уйларга беркина бошлади. Мўғуллар Амударё дарёсига қурилган, шаҳарни сув босишидан тўсиб турган улкан тўғонни бузишга киришди. Тўғон бузилди ва улкан сув тошқини тўфон бўлиб шаҳарга оқди, шаҳар тамоман сув остида қолди, сув чуқурлар, омборлар ва уйларгача кириб борган, Хоразмда битта ҳам тирик жонзот қолмаган эди, жангда қатлдан омон қолганлар ё девор остида, ё сув остида қолди[12]. Буюк шаҳар харобага айланди. Мўғуллар шаҳар тўлиқ сув остида қолиб, Жайҳун дарёсига қўшилиб кетгунича, у ердан қимирламай кузатиб туришди. Бу улкан шаҳар, унда ҳаётнинг бирор асари топилмайдиган ҳолатга келди. Ибнул Асир –раҳимаҳуллоҳ– айтадики: "Нуҳ алайҳи саломнинг қавмида юз берган ҳодиса ҳисобга олинмаса, қадимги ва ҳозирги замонда бунинг мислидек ҳодиса эшитилмади"[13]. Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан нусратдан кейинги мағлубиятдан паноҳ сўраймиз. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ. Доктор Роғиб Сиржоний фикрига кўра, бу ҳодиса ҳижрий 617/мелодий 1220 йилда содир бўлган[14]. Мўғуллар буюк Хоразм давлатининг шимолий минтақаси ва маркази, Хоразм ва Хуросон ерларини забт этган, Ироқ ҳудудига яқин жойлашган Хоразм давлатининг ғарбий ноҳиясига келиб қолган эди. Лекин улар Хоразм давлатининг жанубига ҳали яқин бормаган эдилар.
Жалолиддин Хоразмшоҳ сийрати
Жалолиддин Хоразмшоҳ ҳақида турли даврларда битилган ўнлаб асарлар орасида энг ишончли, холис ёзилган тарихий манбалардан бири Шиҳобуддин Муҳаммад ан-Насавийнинг "Сийрат ас-султон Жалолуддин Мангуберди", яъни "Султон Жалолиддин Мангубердининг ҳаёт тафсилоти" асаридир. Дарҳақиқат, умри мўғулларнинг муттасил ҳужуми, таъқибу-тазйиқи остида ўтган Жалолиддин Мангуберди, отаси Султон Алоуддин Муҳаммад томонидан бой берилган хоразмшоҳлар салтанатини, мамлакатнинг жанубий ва ғарбий қисмида янгидан тиклади ҳамда ўн бир йил босқинчилар билан жанг қилиб, мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатди.
Насавий султон Жалолиддин Хоразмшоҳнинг муншийси, шахсий котиби бўлган, фармонлар, ёзишмалар унинг қўли билан битилган, саройдаги қабуллар, сафарларда у доим султон ёнида бўлган. Муаллиф Жалолиддиннинг тарихида бевосита ўзи иштирок этган, кўрган, билган воқеалар ва ишончли одамларнинг ҳикоялари асосида ҳаққоний ёритган.
Насавийга хос қимматли хусусият шундаки, гарчи воқеа-ҳодисаларни хоразмшоҳлар томонида туриб, ватанпарвар муаллиф нигоҳи билан ёритган бўлса-да, унинг услубида аниқлик ва танқидий нуқтаи назар устунлик қилади. Насавий ўша даврнинг бошқа тарихчилари кўра олмаган тарихий ҳақиқатни теран илғай олган ва ўз асарида уни далиллар асосида холис акс эттиришга эришган. "Султон Жалолиддин Мангубердининг ҳаёт тафсилоти" асарида, Насавий Жалолиддин Мангубердини қуйидагича тасвирлайди: "Жалолиддин 1198 йил Алоуддин Муҳаммад ва унинг туркман канизаги Ойчечакдан туғилган. У буғдойранг, ўрта бўйли, туркий қиёфали ва туркийча гапирадиган одам эди. Шу билан бирга форсийда ҳам сўзлаша оларди. Унинг мардлиги, жасурлигига келсак, юқорида ҳикоя қилганим жанглардаги фаолиятини эслаб ўтиш кифоя қилади. У шерлар орасида энг зўр арслон эди, қўрқмас чавандоз, лашкарлар орасида энг ботири бўлса-да ҳалим, мулойим одам эди. У ниҳоятда жиддий, камгап, кулиш ўрнига, фақат жилмайиб қўярди. У ҳақгўйлик, адолатни улуғлар, қўл остидаги одамларнинг оғир ҳаётини енгилаштиришни хоҳларди, аммо у яшаган даврдаги ғалаёнлар, алғов-далғовлар, замон қонунлари унинг феъл-атворини ўзгартирди ва уни зулм қилишга мажбур этди"[15].
Шиҳобиддин Насавийнинг "Султон Жалолиддин Мангубердининг ҳаёт тафсилоти" асарини ўқисак, хоразмшоҳлар давлатининг аҳволи, тараққиёт чўққисига кўтарилиши, таназзули, ўша давр арбобларининг қиёфаси кўз ўнгимизда гавдаланади. Муаллиф бу давлатнинг қулаши билан боғлиқ ташқи ва ички сабабларни холис кўрсатган.
Балқ жанги
Хоразмшоҳ ўлим тўшагида ётганда уч ўғли Жалолиддин, Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳларни –олдинги дарсларимизда зикр қилган Абискун (ёки Ашура) оролига– чақиртиради, ўлими олдидан катта ўғли Жалолиддинни тахт вориси валиаҳд этиб тайинлайди. Хоразмшоҳнинг жанозаси ва дафнидан сўнг, Жалолиддин Мангуберди, Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳлар денгизни кесиб, узоқ вақтлардан бери момолари Туркон хотуннинг шарофати билан бора олмайдиган Хоразмга йўл олдилар[16]. Эслатиб ўтамиз, Хоразмшоҳ онаси Туркон хотун билан келишмас, шунингдек, мамлакатда Туркон хотуннинг ўғлидан кўра мавқеи баланд эди. У ва нуфузли сиёсий кучлар Хоразмшоҳ юритган сиёсатга доимий мухолифатчилик муносабатида бўлиб келар эди. Жалолиддин икки укаси билан Хоразмга етиб келганида, уларни 7 минг Хоразм суворий армияси қаршилаб олди. Бахтга қарши, бу армия Туркон хотунга қарашли турклардан иборат аскарлар бўлиб, Жалолиддинни Хоразмга киришига монеълик қилишди[17]. Жалолиддин момоси Туркон хотун ва қипчоқ амирларининг норозилиги сабаб, укаси Қутбиддин Ўзлоқшоҳ фойдасига ворисликдан маҳрум этилди. Урганч мудофааси учун етиб келган Жалолиддин, бу ерда Туркон хотуннинг акаси Хумор Тегин бошчилигида ўзига суиқасд уюштирилаётганини сезиб, уч юзта суворийси билан Урганчни тарк этиб, Хуросон томонга қараб йўлга чиқади[18]. Жалолиддиндан кейин ака-укалар орасида тахт учун кураш бошланади, бироқ ака-укалар ўртасида тожу-тахт учун кураш узоқ давом этмайди. Мўғуллар томонидан Ўзлоқшоҳ ва Оқшоҳнинг ўлдирилиши, масалани Жалолиддиннинг фойдасига ҳал қилади.
Хоразм давлатининг жанубий томони, буюк Хоразм давлатининг бошлиғи Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ- нинг ўғли Жалолиддин Мангубердининг қўл остида эди. Унга Афғонистон, шунингдек Покистоннинг жануби ва ўртасидаги минтақалар кирар эди. Бу минтақа Ҳиндистондан Ҳинд дарёси билан ажралиб турарди. Жалолиддин Мангуберди ҳозирда Афғонистонда жойлашган Ғазна шаҳрини ўзига қароргоҳ тутган эди[19]. Бу шаҳар Қобилдан 150 км жанубда жойлашган бўлиб, атрофи тоғлар билан ўралган жуда мустаҳкам шаҳар эди. Чингизхон Хоразмшоҳ давлатини даҳшатли кўринишда маҳв этгандан сўнг, Афғонистоннинг маркази ва жанубига юриш қилишни режа қилди. У буюк Хоразм давлатини бутунлай босиб олишни хоҳлади ва Муҳаммад ибн Хоразмшоҳдан сўнг, тахтга ўтирган Жалолиддин Мангуберди ишини тамомламоқчи бўлди. Шу юздан, Чингизхон ҳисобсиз, жуда катта мўғул лашкарини Ғазна шаҳрига йўллади. Хоразм давлатининг ўртаси ва шимолий воҳасида содир бўлган мўғулларнинг даҳшатли қирғини, ваҳшийликларидан Жалолиддин Мангубердининг хабари бор эди.
Жалолиддин Хоразм давлатига шаръий бошлиқ бўлди ва жуда катта масъулиятни ўз зиммасига олди. Мўғулларга қарши жангга таёргарлик кўра бошлади, мамлакатидан катта сондаги қўшин тўплади, турк амирларидан бўлган Сайфиддин Буқроқ (Буғроқ) ал-Холижий исмли амир унинг сафига қўшилди. Бу амир ўта шижоатли, ботир, оқил, жанг сирларидан бохабар, уддабурон ва моҳир жангчи бўлиб, 30 минг турк жангарилари бор эди. Яна, кўп ислом шаҳарларидан мўғуллар босқини вақтида қочиш насиб қилган Хоразм армиясининг 60 минг жангчилари келиб қўшилди[20]. Ҳирот шаҳрининг амири Маликхон –бу киши, Насавий зикр қилган Жалолиддиннинг тоғаваччаси Амин Маликдир– ҳам келиб қўшилди, у Ҳиротдан мўғул босқини чоғида бир гуруҳ қўшини билан жуфтакни ростлаб қолган эди. Шунингдек, Қарлуқлар йўлбошчиси Ҳасан Қарлуқ, Музаффар Малик ва Балх ҳукмдори Аъзам Маликлар ҳам Жалолиддинга қўшилдилар[21]. Жалолиддиннинг лашкари жуда катта сонга етди. Қўшиннинг аниқ бир саноғи зикр қилинмаган. Лекин Ҳиротлик жангчилар ва Жалолиддиннинг Афғонистон- даги армиясидан ташқари, Сайфиддин Буқроқ ва Хоразм армиясининг сони, 90 минг эди, – дейди доктор Роғиб Сиржоний. Жалолиддин 120 минг кишилик қўшин тўплашга муваффақ бўлди, – деб ёзади Насавий. Жалолиддин Мангуберди бу улкан қўшинни олиб, Ғазнанинг ёнида жойлашган Балқ деган минтақага йўлга чиқди[22]. Бу минтақа улкан тоғлар ўртасида жойлашган ўнқир-чўнқир, паст-баланд жой эди. У мўғул қўшинини шу қўрғонли маконда кутди, тез орада мўғул қўшини ҳам етиб келди. Жалолиддин Мангубердининг бирлашган қуввати билан мўғул қуввати тўқнашди, бу минтақада шафқатсиз ва даҳшатли жанг содир бўлди. Бу жангда мусулмонлар жонларини аямай, бор кучлари билан урушди, агар мусулмонлар мағлубиятга учраса, бундан сўнг Хоразм давлати султонлигидан асар ҳам қолмас эди. Бу маъракада мусулмонлар ғоят зўр ғайрат кўрсатди, жанг бўлаётган жой тоғли, қоя-тошли, қаттиқ табиатли макон эди, шунингдек, мусулмонларнинг кўплиги, Сайфиддин Буқроқ бошчилигидаги турк жангариларининг ўта шижоатли эканлиги, Жалолиддин- нинг жанг майдонидаги бошчилиги, мусулмонларнинг мўғуллар қаршисида собит туришига очиқ таъсир кўрсатган эди. Даҳшатли уруш уч кун давом этгандан сўнг, Оллоҳ таоло мусулмонларга нусратини нозил қилди[23]. Оллоҳу акбар! Бу мўғулларнинг мусулмонлар юртида илк бор енгилиши эди. Жалолиддин Мангуберди мўғулларнинг енгилмаслиги тўғрисидаги афсонани пучга чиқарди. Улардан кўпчилиги ўлдирилди, қолганлари қочиб қолишди, қочганлари ичида Толиқонга Чингизхоннинг хузурига етиб борганлари ҳам бўлди[24].
Ўша вақтда Чингизхон Самарқандни тарк қилиб, жанг бўлаётган жойга яқинроқ туриш мақсадида, Афғонистоннинг шимоли-шарқидаги Толиқон деган минтақага ўрнашган эди. Бу жангдан кейин, мусулмонларнинг руҳияти, маънавияти ғоят кўтарилди. Бундан олдин, кўпчиликнинг қалбида мўғулларни енгиб бўлмайди, деган тушунча бор эди. Лекин ислом лашкарларининг Ғазнада бирлашиши ўз натижасини берган эди. Бу маъракада Жалолиддин Мангуберди отаси Муҳаммад ибн Хоразмшоҳнинг армиясидан қолган қўшин билан, Сайфиддин Буқроқ бошлиқ турк армияси, Ҳиротнинг амири Маликхоннинг қўшини, шунингдек, қарлуқлар йўлбошчиси Ҳасан Қарлуқ, Музаффар Малик ва Балх ҳукмдори Аъзам Маликлар билан бирлашган эди. Ҳамда жанг қилиш учун жуда муносиб жой танлаган, қилиш мумкин бўлган сабаблар ушланган эди ҳам, нусрат берилди....
Қобул жанги
Жалолиддин Мангуберди ўз лашкаридан мамнун ва ҳотиржам эди. Толиқонда ўтирган Чингизхонни янги жангга чорлаб, унга мактуб йўллади, Чингизхон биринчи маротаба аламни ҳис қилди. Катта қўшин ҳозирлаб, ўғилларидан бирини бош қилиб мусулмонларга қарши урушга жўнатди. Муҳаммад Саллабий фикрига кўра, Тўлийхонни бош қилиб жўнатди[25]. Мусулмон қўшин ҳам ҳозирлигини кўрди. Икки тараф қўшинлари Афғонистондаги Қобул шаҳрида тўқнаш келди. Жанг Қобил шаҳри ёнидаги Парвон чўлларида содир бўлди. Шунинг учун, кўп манбаларда бу жанг "Парвон жанги", "Парвон ғалабаси" деб номланган[26]. Қобил табий қўрғонли шаҳар бўлиб, тақрибан ҳамма томонидан тоғлар билан ўралгандир. Шимол тарафида баланд Ҳиндукуш тоғи, ғарб тарафида Паропамиз тоғи, жануб ва шарқ тарафида Сулаймон тоғи бор. Қобилда буюк жанг содир бўлди, бу жанг Балқ жангидан кўра қаттиқроқ, шафқатсиз ва ашаддий тус олди. Мусулмонлар собит турди, сабр қилдилар, натижада иккинчи бор мўғуллар устидан ғалаба қозондилар. Ва бир неча ўн минг мусулмон асирлар мўғуллар қўлидан озод қилинди[27]. Мусулмонларнинг руҳияти, маънавияти ғоят кўтарилди ва чексиз қувондилар, ҳурсанд бўлдилар. Бу икки жанг мусулмонлар қайғу-аламларининг ниҳояси деймиз, лекин қиссадаги аччиқ ва ҳайратли фожиага келиб қолдик. Баъзилар бу ғалабаларни неъмат дейишади, лекин аслини олганда, катта синов эди. Шундай ҳодиса юз бердики, бунда нусрат мусулмонлардан олиниб, яна мўғулларга қайтариб берилди. Ажабо, бу қандай ҳодиса экан? Бу фожиа нима экан? Жалолиддин ибн Муҳаммад ибн Хоразмшоҳнинг оқибати нима экан? Афғонистоннинг оқибати нима бўлади? Ислом оламидаги буюк Хоразм давлатини ағдарилишига сабаб бўладиган нарса нима экан?
Қобул (Парвон) жанги ғаниматлари устида жанжал
Кўпчилик инсонлар неъмат деб эътибор қилган, аслини олганда синов бўлган нарсага мусулмонлар эга бўлдилар, бу нарса ғанимат, ўлжалар эди. Мол-дунё қанча-қанча мусулмонларни ҳалок қилди!
Имом Бухорий ва Муслим Амр ибн Авф –разияллоҳу анҳу–дан ривоят қилади: Расулуллоҳ –саллоллоҳу алайҳи ва саллам– шундай марҳамат қиладилар: "Оллоҳга қасамки, мен сизларга фақирликдан қўрқмайман. Мен дунё сизга сиздан олдингиларга бўлганидек сероб бўлишидан, сиз ҳам улар унинг учун талашганларидек, талашиб кетишингиздан ва у уларни ҳалок қилганидек, сизни ҳам ҳалок қилишидан қўрқаман", - дедилар[28].
Ўша даврда мусулмонларнинг қалблари бедаво дард, дунёга ҳирс қўйиш дардига мубтало бўлган эди, –албатта, Оллоҳ таоло раҳм қилганлар бундан мустасно–. Мусулмонларнинг жанглари Оллоҳ йўлидаги жиҳод руҳидан бироз узоқлашган, моддият, қовмият, манфаат ва нафс-ҳаволарига берилиш, дунё ҳаётига муҳаббат, подшоликка рағбат, асирга тушиш ва ўлдирилишдан қўрқишдан иборат эди. Мусулмонлар мўғуллар устидан икки марта ғалаба қозондилар, лекин мол-дунё ва ғаниматлар қаршисида, ўрталарига фитна оралади. Мусулмонлар финтага гирифтор бўлди ва ғаниматлар тақсимотида ихтилофга боришди. Турк амири Сайфиддин Буқроқ билан Ҳирот шаҳрининг амири Маликхон ғаниматлардан ўз улушларини талаб қилдилар ва талашиб қолишди, натижада овозлар баланд кўтарилди, сўнгра овозлар ортидан қиличлар кўтарилди. Катта ислом шаҳарлари мўғуллар исканжасида бўлатуриб, мусулмонлар ғанимат устида бир-бирлари билан уруш қилди. Мусулмонлар дастидан биродарлари жон берди, бу жон берганлар жумласида Сайфиддин Буқроқнинг укаси ҳам бор эди. Сайфиддин Буқроқ қаттиқ ғазабланган ҳолатда 30 минг аскарини олиб, Жалолиддиннинг қўшинидан чиқиб кетди[29]. Ушбу воқеа, мусулмонлар сафида жуда катта парокандаликни келтириб чиқарди. Бу ҳодисани доктор Муҳаммад Саллабий қуйидагича баён қилади: Сайфиддин Буқроқ билан Маликхон (Жалолиддиннинг тоғаваччаси) битта араб айғири устида талашиб қолишди, иккаласи ҳам айни отни ўзиники бўлишини хоҳлади. Натижада жанжал чиқди, Маликхон Сайфиддин Буқроқнинг бошига юзи аралаш қамчи тортди[30]. Сўнг юқорида зикр қилганимиз, бўлиниш юзага келди.
"Парвон жанги"да кўп сонли мўғуллар устидан йирик ғалаба қозонилди. Бироқ Жалолиддин "Парвон ғалабаси" самарасидан фойдалана олмади. Жангда қўлга киритилган ўлжаларни тақсимлаш вақтида чиққан низо туфайли, Сайфиддин Буқроқ, Аъзам Малик ва Музаффар Малик султонни ташлаб кетди. "Ушбу иш, улар ниҳоятда зарур ва ёрдами керак бўлган пайтда рўй берди ва бу билан улар юзларига уятсизлик тамғасини босдилар"[31], деб ёзади Насавий. Жалолиддин Мангуберди муаммони ҳал қилишга ҳаракат қилди. Зудлик билан Сайфиддин Буқроқни мусулмонлар сафига қайтаришга киришди[32]. Чунки мусулмонлар ҳар бир жангчига ва ҳар қандай ёрдамга муҳтож эдилар, устига-устак Сайфиддин Буқроқ жангчиларининг ажралиб кетиши, қолган мусулмонларнинг маънавиятига ва руҳиятига жиддий таъсир қилар эди. Ажралиб кетган турк жангчилари, қўшиннинг энг қувватли бўлаги эди. Лекин Сайфиддин Буқроқ ажралиб кетиш фикридан қайтмади ва буни амалда ҳам кўрсатди. Мусулмонлар қўшини ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан синди. Мусулмонлар Ғазна ва Қобилда эришган ғалабада нажот топмади. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ.
Имом Муслим Абу Саъид ал-Худрий –разияллоҳу анҳу–дан ривоят қилган ҳадисда, Расулуллоҳ –саллоллоҳу алайҳи ва саллам– дедилар: "Дунё яшнаб турган, ширин нарсадир. Оллоҳ азза ва жалла қандай амал қилишларингизни кўриш учун сизларни унда қолдиражак. Шундай экан, дунёдан ва аёллардан эҳтиёт бўлинглар! Зеро, Бани Исроилнинг илк фитналаниши аёллар хусусида бўлган эди"[33].
Ўша замонда мусулмонлар дунёнинг ҳақиқатини англаб етмади. Дунё қароргоҳ, омон қолиш ва мангулик диёри эмас, балки вақтинчалик фойдаланиш ва синов диёридир.
Валлоҳу таъала аъламу....
Оллоҳ субҳанаҳу ва таолодан унинг ер юзида жорий қилган қонунларини билдиришини, манфаатли бўлган илмни таълим бериб, таълим бергани билан фойдалантиришини ва тарихни бизларга ибрат қилишини сўраймиз, албатта у Оллоҳнинг қўлида ва у бунга қодир зотди.
Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
[1] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/393), Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/96), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (133)
[2] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (133)
[3] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (134)
[4] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/393), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (134)
[5] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (135)
[6] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/393), Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/96), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (135)
[7] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/393), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (135)
[8] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (135)
[9] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/394)
[10] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/394)
[11] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (129-бет)
[12] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/96), Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/394-395), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (130)
[13] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/394-395), Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (130)
[14] Ибн Касир "ал-Бидаяту ван-Ниҳоя" (17/87, 96)
[15] Шиҳобуддин Насавий "Султон Жалолиддин Мангубердининг ҳаёт тафсилоти"
[16] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (126)
[17] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (126-127)
[18] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (127)
[19] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/395)
[20] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/395)
[21] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (136)
[22] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/395)
[23] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/395)
[24] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/395)
[25] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (136)
[26] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (137)
[27] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/396)
[28] Бухорий (3739, 5974) ва Муслим (5266) ривоятлари
[29] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/396-397)
[30] Доктор Али Муҳаммад Саллабий "ал-Мўғул байнал-интишор вал-инкисор" (137)
[31] Шиҳобуддин Насавий "Султон Жалолиддин Мангубердининг ҳаёт тафсилоти"
[32] Ибнул Асир "ал-Камил фит-Тарих" (12/396-397)
[33] Муслим ривояти (4932)