×
Мақолада солиҳ амалларнинг фазилати ва аҳамияти ҳақида сўз юритилади.

Солиҳ амаллар

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

Акрам Ҳасан

Муҳаррир: Шокир Собир

2013 - 1434

الأعمال الصالحة

« باللغة الأوزبكية »

أكرم حسن

مراجعة: شاكر صابر

2013 - 1434

بسم الله الرحمن الرحيم

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

الحمد لله رب العالمين، والعاقبة للمتقين، ولا عدوان إلا على الظالمين، والصلاة والسلام على سيدنا محمد، وعلى آله وصحبه أجمعين، وبعد:

 Солиҳ амаллар

Кечалар ортидан кундузларни, ойлар ортидан йилларни сурувчи, осмону ерларнинг барҳақ малики бўлган Оллоҳга чексиз ҳамду санолар айтаман. Бизларни исломга ҳидоят қилган, Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У шериксиз, шубҳасиз башарият саййиди Муҳаммад алайҳи салом Оллоҳнинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.

Азиз ва ҳурматли тингловчилар, ассалом алайкум ва роҳматиллоҳи ва баракатуҳ. Дарҳақиқат бу ҳаёти дунёда яшар эканмиз, инсоният саодати ва ҳаёт фаровонлиги ўзаро ҳамкорлик ва мурувватни меҳр ва оқибатни бир-бирларига кўрсатишлари ила кучлик заифга, бой камбағалга ёрдам қўлини чўзиши билан такомиллашини кузатамиз.

Диндош биродарлар: Атрофимизда қанчадан қанча одамлар очлик камбағаллик аччиғини тотиб турса, яна қанча йигитлар йўқчилик сабаблик уйлана олмай турса, ота-оналар қўли юпқалик қилиб, асраб парвариш қилиб улғайтирган қизларини турмушга беролмаса, бундай аянчлик ҳолат кундан кунга кўпаяверса-ю, ўзига тўқлар бунга бепарво боқса. Ахволимиз аянчлик... Қани одамийлик, қани иймон, қани Оллоҳга бўлган умид?! Оллоҳ субҳанаҳу ва таъало ўзининг раҳмати ила эзгу ишларни яратганда, бу амалларни бажарадиган кишиларни ҳам яратган. Уларга эзгу ишларни қилишни ўз биродарларини ҳожатларини бажаришни суюклик қилиб қуйган. Агар Оллоҳ қайси бандасига яхшиликни хоҳласа, одамларни ишини унга кўпроқ тушадиган қилиб қўяди. Кимда Оллоҳнинг неъмати кўпайса, одамлар унга кўпроқ боғланадилар ва мурожат қиладилар. Оллоҳ берган неъматга шукр қилиб одамларни эҳтиёжини қондирса, Оллоҳ унга берилган неъматини зиёда қилади. Агар берилган неъматлар ила одамларга такаббурлик қилса, уларни иши тушганда малолланса, Оллоҳ ундан бу неъматни олиб қўяди. Одамлар ҳам ундан юз ўгирадилар. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайхи ва саллам дедилар: Оллоҳ ўзининг баъзи бандаларини одамларга манфаъат келтирадиган неъматлар билан сийлайди. Агар улар одамларга яхшилик қилишда давом этсалар, неъматда давом этадилар. Агар тўхташса, Оллоҳ улардан бу неъматни олиб бошқаларга беради. Табароний ривоят қилган. Абдуллоҳ ибн Аббос ривоят қилган ҳадисда келишича, Оллоҳ қайси бандасига кўп неъматлар бериб, сўнгра одамларни ҳожатини унга тушадиган қилиб қўйса-ю, шунда у банда одамларга оғирланиб, малолланса, бу неъматлар заволга юз тутади, деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким бир мўминдан дунё ғамини аритса, Оллоҳ ундан қиёмат куни ғамини аритади. Ким қийналганга ёрдам берса, Оллоҳ унга дунё-ю охиратда ёрдам беради. Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Оллоҳ уни дунёю охиратда сатр қилади, айбларини яширади. Банда модомики биродарига ёрдам берар экан, Оллоҳ унга ёрдам бераверади». (Муслим ривояти).

Ким ўз биродаридан бир ғам ташвишни кеткизса, Оллоҳ ундан ҳам ғам ташвишни кеткизади. Ўз биродарига қилган яхшилигининг мукофоти ҳам айни ўз амалининг жинсидандир. Ҳадисда бу дунёда қийланган одамнинг ишини осонлаштирган кишига, Оллоҳ қиёмат кунининг қийинчилигини осон қилиши айтиляпти. У кун даҳшатлик кундир, Оллоҳ бу кун ҳақида шундай хабар беради: «Ана ўша кун қийин кундир. Кофирларга осон бўлмаган кундир». (Муддасир сураси, 9-10 оятлар). Ҳикматли кишилар шундай деган : яхшилик қилишга қодир бўла туриб уни қилмаслик мусибатларнинг каттасидир.

Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Оллоҳга одамларнинг энг суюклиги одамларга манфаaтлироғидир. Оллоҳга амалларнинг энг суюклиги мусулмоннинг қалбига хурсандчиликни киритиш ёки ундан бирор ғамни кетказиш ёки қарзи бўлса, уни тўлаш, агар оч бўлса, қорнини тўйдиришдир. Мусулмон биродаримни эхтиёжини бажариб юриш мен учун бир ой масжидда этикоф ўтиришимдан маҳбуброқдир», - дедилар.

Шак-шубҳасиз одамларнинг эҳтёжлари турли хил бўлгани каби эзгу ишларнинг ҳам тури кўпдир: Очларни тўйдириш, кийимсизларга кийим бериш, касалларни бориб кўриш, жоҳилларга илм бериш, қийланганларга ёрдам қўлини чўзиш, ожиз ва заифаларни хизматини ўташ, ўз биродари олдидаги ғам ташвишларни кетказиш, етимларни бошини силаш, тул хотинларга ёрдам бериш, яхшилик қилганга миннатдорчилик билдириш, хато қилганларни кечириш, ўртаси бузилганларни орасини ислоҳ қилиш, қонлар тўкилишини олдини олиш, одамлар учун умум манфаъат келтирадиган эзгу ишларни амалга оширишдир.

Буларнинг бирортаси ҳам қўлидан келмайдиган киши, чиройлик сўзлар билан бировларни кўнглини олиши ва уларга озор беришдан тийилиши керек. Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Биродарингни юзига табассум қилмоғинг садақадир. Амру маъруф, наҳий мункар қилмоғинг садақадир. Адашган еридаги одамни йўллаб қўймоғинг садақадир. Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани яхши кўрсатиб қўймоғинг садақадир. Йўлдан тошни, тиконни ва суякни олиб ташлашинг садақадир. Ўзингнинг пақирингдан биродарингни пақирига қуйиб бермоғинг садақадир», дедилар. (Термизий ривоят қилган).

Очиқ юзлик бўлиш ҳам, ҳусни хулқнинг бир шуъбасидир. Фақат бир бор бировнинг юзига табассум ила боқиш ҳам садақа экан. Динимизда кишилар орасидаги ўзаро муомилаларга қанчалик эътибор берилганига қаранг. Садақа қилишдек улуғ ишнинг савобини олмоқчи бўлган одам, бошқа бировга табассум ила боқиб қўйса етарли экан. Парвардигоро, ўзингдан бизларни мағфират қилишлигингни ва кенглиги осмонлару ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари солиҳ амаллар билан шошилишга муваффақ қилишингни сўраб қоламиз.