×
Мақола пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган муҳаббат ва унинг ҳукмини баён қилади.

Муҳаммад алайҳис-саломга муҳаббат

﴿محبة نبينا محمد صلى الله عليه وسلم﴾

[Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي]

АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ

Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

2011 - 1432

﴿ محبة نبينا محمد صلى الله عليه وسلم﴾

« باللغة الأوزبكية »

عبد القيوم بن عبد الغفار خان

مراجعة: شمس الدين درغامي

2011 - 1432

بسم الله الرحمن الرحيم

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

الحمد لله رب العالمين و العاقبة للمتقين و لا عدوان إلا على الظالمين والصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و صحبه أجمعين و بعد:

Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббати

Маълумингизким, ҳар бир нарсада тошу тарозу бор. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббатининг ўлчови тошу тарози билан эмас, балки китоб ва саҳиҳ суннатда ворид бўлган далиллар билан ўлчанади. Зеро, китобу-суннат ҳар мусулмоннинг ҳақиқий ҳаёт мезони ва у асосида ҳаёт кечирмоғи лозим бўлган ягона йўлидир.

Шу боис, ҳар бир мўмин-мусулмон пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббатини даъво қилишдан олдин, у зотга бўлган муҳаббатини ўша мезонда тортиб кўрмоғи даркор.

Ростини айтганда, росулуллоҳ муҳаббатига сазавор бўлиш осон эмас. У зотни яхши кўриш фақат тил учида айтилган сўз ёки бир йилда бир марта "мавлуд" маросимида қатнашиш ёки ҳакозо Ислом таълимотидан анча йироқ амалларни рўкач қилиб даъво қилиш билан амалга ошганда эди, ҳозирда сон жиҳатдан бир миллиард олти юз миллионга етган мусулмонларнинг ҳар бири гуё саҳобалардек мақомда бўлур эдилар. Лекин минг афсуски, пайғамбар муҳаббатини бу йўл билан даъво қилиш шариат муддаосига умуман хилофдир. Жаноб Муҳаммад алайҳис-салом муҳаббатини қозониш учун авваломбор Қуръон ва саҳиҳ суннатлар таълимотига мурожаат қилинади. Зеро пайғамбаримиз муҳаббати ҳар бир кишидан авваламбор тоат-ибодат, хушуъ - хузуъ, суннатга эргашиш ва у зот ҳаққига айтиладиган саловату-саломлар каби бир қанча амалларни таълим олишни ва унга мудом амал қилишни тақозо этади.

Дарвоқе, росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам муҳаббатисиз иймон камолатига етмайди. Шунинг учун аҳли-суннат уламоларимиз пайғамбар муҳаббатининг поғона ва мартабаларини батафсил ёритганлар. Жумладан Ибн Ражаб ал-Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз муҳаббатини қуйидагича уч қисмга тақсимлаганлар:

Биринчи қисм: Фарз ва вожиб муҳаббат

Фарз муҳаббат бу: Росулуллоҳ rни яхши кўраман-севаман, деган кишилардан пайғамбар алайҳис-салом Оллоҳ таола тамонидан келтирган буйруқ ва қайтариқларни таъзиму-таслим ила сўзсиз қабул этиб, у зот йўлидан бошқа йўллардан ҳеч қачон ҳидоят изламасликни тақозо қилади.

Шунингдек, Пайғамбар алайҳис-саломни яхши кўриш: у зотни Оллоҳ тамонидан етказган барча саҳиҳ хабарларини тўлиқ тасдиқлаш, вожиб амалларга буюрганда у зотга тамоман итоат қилиб, қайтариқлардан қайтарганда сўзсиз қайтиш ҳамда у зотнинг дини, суннати, нусрати учун бел боғлаш ва у зот мухолифларига бақадри тоқат курашишлар билан ҳаётга татбиқ қилинади.

Мазкур қисм: Иймон баркамол бўлиши учун лозим бўлган миқдор ҳисобланади.

Иккинчи қисми: Фазилат муҳаббати

Фазилат муҳаббатининг маъноси: жаноб Росулуллоҳ соллоллоҳу салайҳи ва салламдан одоб-ахлоқ, тоат-ибодат, ейиш-ичиш ва оила-аъзоларига бўлган гўзал муомалаларидан чиройли ўрнак олиш- демакдир.

Бунга қўшимча Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам сийратларидан хабардор бўлиш, у зот муҳаббатидан қалб титраб, сўзларини улуғлаб, ҳадисларини бош устига қўйиб тинглаш ҳамда пайғамбар сўзини барча халойиқ сўзидан устун кўриш каби амалларга аҳамият беришлар ҳам айни фазилатдир.

Учинчи қисми: Росулуллоҳ алайҳис-саломга бу дунёда оз билан кифояланиб, охиратга бўлган рағбати ва зоҳидликларида эргашмоқликдир.

Шубҳасиз бу хислат юқорида зикри ўтган хислатларнинг энг олийсидир. (Иштинқоқин-насим).

* * *

Оллоҳ таолага тўғри ибодат қилиш учун пайғамбарга эргашиш шарт. Шу сабабдан Қуръон оятларида Оллоҳ тоати пайғамбар тоати ва Оллоҳ муҳаббати пайғамбар Муҳаммад алайҳис салом муҳаббати билан боғлиқлиги такрор такрор таъкидланади. Оллоҳга бўлган муҳаббат сўнгги пайғамбарига эргашиш орқали рўёбга ошиши ҳақида Оллоҳ таоло шундай хабар беради: «Айтинг (эй Муҳаммад): "Агар Оллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Оллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Оллоҳ гуноҳларни мағфират қилгувчи, меҳрибондир».(Оли Имрон 31).

Мазкур ояти карима тафсирида шайх Абдурроҳмон Саъдий жумладан шундай деганлар: ушбу ояти каримада Оллоҳ таолани суйиш ва яхши кўришликнинг вожиблиги ҳамда унинг самараси баён қилинган. Оллоҳ таола: (Айтинг (эй Муҳаммад), агар Оллоҳни севсангиз)- демоқда, яъни сизлар севги-муҳаббатнинг энг олий даражасини даъво қилмоқдасизлар. Аммо бу даъвонинг ўзигина кифоя қилмайди. Балки ушбу муҳаббат даъвогарлари, даъволарида содиқ бўлмоқлари шарт.

Бу даъво пайғамбар rга барча ҳолатда: диннинг асос ва тармоқларида, сўзу-феълларда тўлиқ, бўйинтовламасдан эргашиш-тобеъ бўлишни тақозо қилади. Оллоҳ таоло мана шу хислатга эга бўлган зотларни севади ва гуноҳларини мағфират қилади. Уларни ўз раҳматига олади ва барча юриш-туришларида тўғри йўлга бошлайди. Пайғамбарга эргашмаганларчи? Улар Оллоҳ таолони севмайдиган кимсалардир. Чунки Оллоҳ таолани яхши кўриш ўз-ўзидан пайғамбарни яхши кўришни ва у зотга эргашишни тақозо этади. Демак пайғамбарга эргашмасдан туриб Оллоҳ таолани яхши кўраман деб оғиз кўпиртирганларнинг муҳаббати ёлғон, даъволари пуч даъводир. Аммо биз бу турдаги кишилар Оллоҳ таолани ҳечам севмайди, деб улар муҳаббатини мутлоқо инкор этолмасакда, бу муҳаббат шарти ҳосил бўлмаган муҳаббат деймиз.

Хулласкалом, Оллоҳни яхши кўраман деган кишини муҳаббати мазкур оят-каримага солинади. Шунингдек кишининг иймонига, Оллоҳ таолага бўлган севги-муҳаббатига бериладиган баҳо Пайғамбар rга эргашишига қараб берилади.

Демак, пайғамбарга эргашишда суст бўлган кишининг Оллоҳ таолага бўлган муҳаббати ҳам ўшанга яраша бўлади. Кейинги оятда Оллоҳ таола: Айтинг (эй Муҳамад), Оллоҳ ва Пайғамбарга итоат қилингиз! Агар юз ўгирсаларинг, бас, Оллоҳ кофир қавмни севмас– деб хабар бермоқда. Бу эса барчага Оллоҳ таола томонидан умумий буйруқдир. Бу буйруқ Оллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат қилиш бўлгани учун унга иймон, тавҳид ва унинг тармоқлари, амал ва сўзларнинг ҳам зоҳири, ҳам ботини киради.

Хулоса шуки; ҳақиқий муваффақиятга эришганлар, Пайғамбар соллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилган зотлардир.[1]

* * *

Бутун оламга раҳмат этиб юборилган Оллоҳ таоланинг сўнги элчиси пайғамбар Муҳаммад алайҳис-саломга итоат қилмасдан туриб Оллоҳ таолага итоат этиш маҳоллиги ҳақида Оллоҳ таола Нисо сурасида бундай хабар берди: (Эй Муҳаммад), сизни Биз одамларга пайғамбар қилиб юбордик. Бунга Оллоҳнинг ўзи етарли гувоҳдир. Кимки пайғамбарга итоат этса, демак, Оллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (бунинг сизга зарари йўқдир. Зеро) Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ. (Нисо 79-80).

Пайғамбар алайҳис-саломнинг амру-фармонига итоат қилмасдан, у зот қайтарган нарсадан қайтмасдан туриб иймонни даъво қилиш нодўрустлиги ҳақида Ҳашр сурасида қуйидагича баён қилинади: Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Оллоҳдан қўрқинглар! Албатта Оллоҳнинг азоби қаттиқдир. (Ҳашр 7). Бу ояти-каримада Пайғамбар алайҳис-салом ато этган нарсасига рози бўлиш ва у зот қайтарган нарсадан қайтиш иймондан эканлиги уқтирилмоқда. Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ Ҳашр ояти тафсирида жумладан шундай деганлар: Пайғамбар алайҳис-салом сизларни нимага буюришидан қатъий назар, уни қилингиз ва у зот сизларни нимадан қайтарса, ундан четланингиз. Чунки у зот сизларни фақат яхшиликка буюради ва ёмон амаллардан қайтаради.[2]

Бу маънодаги оятлар Қуръони-карим сураларининг ҳар бирида мужассам, десак муболаға бўлмайди.

Энди бу ҳақда суннатда ворид бўлган далилларга назар ташлайдиган бўлсак, ҳадис китобларининг турли бобларда бу борада саҳиҳ ривоятлар ворид бўлганининг гувоҳи бўламиз. Жумладан имом Бухорий ҳазратлари ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬: "Барча уматим жаннатга кирур магар бош тортган кимса кирмас"- дедилар. Шунда саҳобалар: эй Росулоллоҳ, бош тортадиган ким?- деб сўрашди. Шунда у зот: "Менга итоат этган киши жаннатга керур ва кимда-ким менга осийлик қилса, демак у бош тортибдир"-дедилар. (Бухорий 7280).

Имом Бухорий ривоят қилган яна бир ҳадисда жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬: "Токи мен бирингизга отаси, боласи ва барча одамлардан кўра суюклироқ бўлмагунимча унинг иймони (комил) бўлмайди" – деб марҳамат қилганлар.(Бухорий 15).

Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис шарҳида: бу маънодаги ҳадислар Пайғамбар rни яхши кўриш-севишнинг вожиблигига очиқ-ойдин далиллардандир. Зеро ҳар бир мўмин комил иймонга эришиши ҳамда нажот топганлар сафида бўлиши учун Пайғамбар ﷺ‬ унга отаси, боласи қолаверса барча одамлардан суюклироқ бўлиши шарт. Бу ўринда ота билан боланинг хос зикр қилинишининг боиси: инсон учун энг азиз кишилар отаси ва фарзандларидир.

Шунингдек бу ҳадисда пайғамбар ﷺ‬ мўмин киши учун ҳар қандай суюклиси ва энг азиз кишисидан ҳам, қўйингки бутун башариятдан ҳам суюклироқ бўлмоғи таъкидланмоқда. [3]

Мазкур оят ва ҳадисларда албатта иззат, кифоят ва нусрат каби Оллоҳ тарафидан бўладиган иноятлар ҳар кимнинг Пайғамбар rга эргашишига қараб бўлиши баён қилинмоқда.

Дарҳақиқат, икки дунё саодати ва шақовати Росулллоҳ ﷺ‬ суннатига мувофиқ ёки мухолифликга бевосита боғлиқдир. Дуёню охиратдаги фаровон ҳаёт, ҳидоят, муваффақият, ютуқ, азизлик, кифоят, нусрат, валийлик ва қувватлашлар Росулуллоҳга эргашган ҳақиқий мўминларга ваъда қилингандир.

[1] -Тафсири Саъдий Оли Имрон сурасини тафсири.

[2] - Тафсири Ибн Касир, Ҳашр сураси.

[3] -Фатҳул-борий 1\59.