×
Ушбу мақола бизга дунёда қулай фурсатлар кўп келишини ва биз ана ўша фурсатлардан унумли фойдаланишимиз кераклигини баён қилиб беради, ҳамда ўша фурсатлардан бири Рамазон ойи нималарга фурсат эканини билдиради.

    Рамазон қулай фурсат

    ﴿ رمضان فرصة﴾

    ] Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي [

    Шамсиддин Дарғомий

    Нашрга тайёрловчи: Дорул Ислом ижодий гуруҳи

    2009 - 1430

    ﴿ رمضان فرصة﴾

    « باللغة الأوزبكية »

    شمس الدين درغامي

    تحرير: الفريق الأوزبكي

    2009 - 1430

    بسم الله الرحمن الرحيم

    Алҳамду лиллаҳ вассолату вассаламу ала ман ла набиййа баъдаҳ.

    Аммо баъд:

    Биродарларимдан бири келиб менга бир кўрсатувда бўлган воқеани ажабланиб, бор вужуди билан ролга кириб айтиб берди.

    Айтишича ҳозирги кунимизда жаҳон бойлари рўйхатининг муҳим поғоналарининг биридан унинг номи жой олган бир бой кўрсатувни олиб бораётган ёш йигитнинг “сиз бундай катта бойликка қандай эришдингиз” деган саволига жавобан чўнтагидан чек дафтарчасини чиқариб, “сенга бир дақиқа вақт истаган маблағингни ёз у сеники бўлади”- деб жавоб қилади. Йигит эса саволим ноўрин бўлди шекилли деган ўй билан, “мен буни назарда тутмаган эдим” -деб сал талвасага тушади. Вақт эса кутиб турмас экан. Бир дақиқа зум ўтмай тугайди. Чек ўз ўрнига қайтади. Шунда бой йигитчага қарата дунёда фурсатлар жуда кўп келади бироқ кишилар фурсатдан фойдаланишни билмайдилар. Мана сен ҳозир миллионер бўлишинг мумкин эди лекин сенга берилган фурсатдан фойдалана олмадинг. Мен эса ана шундай фурсатларни қўлдан бой бермаганман. Шу сабаб бундай бойликка эришдим дейди.

    Қисса ҳақиқатга қанчалик яқин ёки узоқ бўлмасин ундаги айтилган гап ҳақиқат. Фурсатлардан унумли фойдаланишга ундайдиган далиллар жуда кўп.

    Ибн Ҳиббон ўзларининг саҳиҳларида ва бошқа муҳаддислар ҳам ривоят қилишларича Абу Мусо ал-Ашъарий айтадилар. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир аъробий кишининг ҳузурида бўлдилар. У киши Росулуллоҳни икром қилиб кузатди. Шунда Росулуллоҳ биз томонга ҳам ўтинг дедилар. Аъробий Росулуллоҳга (зиёратга) келди. Шунда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатингни сўра дедилар. “Минишимизга бир туя бўлса, бола чақам соғиб ичадиган бир эчки бўлса” -деди. Шунда Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам “Бану Исроилнинг бир кампиричалик бўлолмадингларми” -дедилар. Саҳобалар ё Росулуллоҳ ким экан у кампир? –дедилар. Шунда Росулуллоҳ ушбу қиссани айтиб бердилар: “Мусо бану Исроил билан Мисрдан чиқиб кетганида (улар)йўлни йўқотиб қўйишади. Шунда Мусо бу қанақаси бўлди –деб ажабланади. Уларнинг олимлари “Юсуф алайҳиссалом ўлими олдидан биздан Оллоҳни ўртага қўйиб, агар Мисрдан чиқиб кетадиган бўлсак унинг суякларини бирга олиб кетишлигимиз учун сўз олган” дейишади. Мусо -алайҳиссалом- унинг қабри турган жойни ким билади дейдилар. Бани Исроилдан бир кампир деб жавоб қлишади. Мусо алайҳиссалом унга одаб юборасалар у келади. Шунда Мусо –алайҳиссалом- Юсуфнинг қабрини менга кўрат дейдилар. Кампир: “тилагимни бажо қилсангиз”- деб жавоб қилади. Тилагинг нима десалар, “жаннатда сиз билан бирга бўлиш”-деб жавоб қилади. Мусо унинг шартини қабул қилишни (унча) ёқтирмайдилар. Шунда Оллоҳ таоло ваҳй қилиб “тилагини бажаринг” дейди. Сўнгра кампир уларни ботқоқликдаги бир кўлмакка олиб боради-да, мана бу сувни чиқариб ташланглар -дейди. Сувни чиқаришгач, (энди) ковланглар дейди. Кейин Юсуф –алайҳиссалом- нинг суякларини чиқаришиб ерга қўйишади. Шунда йўллари куппа-кундузидек очилиб кетади. [1]

    Тасаввур қилинг агар аъробий Росулуллоҳга жаннатда сиз билан бирга бўлишни сўрайман деганда ундан бахтли инсон топилармиди!? Ёки бир туя-ю бир эчкини сўраб тўғри қилганми!? Ачинишга арзийди!

    Фурсатларни ғанимат билиш муҳимлиги тўғрисидаги ҳадисларни зикр қилиб тугатиш қийин. Бошқа бир ҳадисда, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам “икки неъмат борки, кўпчилик кишилар уни ютқазиб қўядилар. Соғлик ва бекорчилик”[2] деб марҳамат қилганлар. Яна бошқа ҳадисда “Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил. Қаришингдан олдин ёшлигингни, хасталигингдан олдин соғлигингни, фақирлигингдан олдин бойлигингни, машғуллигингдан олдин бекорлигингни ва ўлимингдан олдин ҳаётингни” [3] –деб марҳамат қиладилар. Ушбу далиллардан яхши хабардор бўлган саҳобалар, улардан кейинга солиҳ бандалар, олимлар бунга жуда қаттиқ эътибор билан амал қилганлар.

    Ана шулардан бирлари ибн Масъуд: “Мен бирор нарсага қуёши ботиб, ажалимдан бир кун камайиб, амалимдан бирор нарса ошмаган кунга пушаймон бўлганчалик пушаймон бўлган эмасман” –дейдилар.

    Ҳа биз инсонлар жуда кўп фурсатларни қўлдан чиқарамиз бундан ҳам ачинарлиси қўлдан чиққан фурсатларни фурсат эканидан ҳам хабар топмай қоламиз. Фурсатларни кетма-кет қўлдан чиқариб “кўр ҳассасини бир марта йўқотади” деганларидек биз ҳар сафар ҳассамизни йўқотиб кўрдан батар бўлиб юраверамиз.

    Энг катта фурсат.

    Йилнинг энг катта фурсатларининг бири Рамазон ойидур. Қани энди қай биримиз мана шу фурсатни ҳақиқий фурсат эканига чинакам ишонч ҳосил қила олади. Агар ҳосил қила олса албатта ундан унумли фойдаланади. Ундан унумли фойдаланмадими, демак уни ҳақиқий фурсат эканлигини ҳали тушуниб етмаган ҳисобланади.

    Рамазон ойи ҳақиқий фурсатдир. Ҳар бир киши ундан унумли фойдаланиши ақл тақозосидур. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло энг буюк, энг саховатли, мулкининг чегараси бўлмаган зот. Жамии башариятга сўраганидан минг чандон кўп берса, унинг мулкидан денгиздан игнага илиниб чиққан сув денгиз сувини камайтирганичалик ҳам камайтира олмайди. Бунинг устига у зот сизга бир дақиқа эмас йиллаб фурсат беради. Қайта-қайта беради. Эсингиздан чиққудай бўлса эсингизга солиб келгуси йилдан яна қайтариб беради. Бераверади, бераверади...

    Нақадар ғофилмиз!!!

    Рамазон ойи ана шундай катта фазилатли ой экан, келинг унинг нималарга қулай фурсат эканлигини баҳоли қудрат санаб ўтсак фойдадан холи бўлмас.

    1. Рамазон тавба қилишга энг қулай фурсат.

    Рамазон тавба қилишга энг қулай фурсат, чунки бу ойда сизу-бизнинг энг катта душманимиз гуноҳлар билан бахтиқаро бўлишимизга сабаб бўлган шайтонларнинг катталари боғлаб қўйилади. Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар. Айтдиларки: Рамазон ойидан энг биринчи тун кириши билан жинларнинг катталари катта шайтонлар боғланади. Дўзах эшиклари ёпилиб ундан бирортаси очиқ қолмайди. Жаннат эшиклари очилиб ундан бирортаси ёпиқ қолмайди ва бир нидокаш нидо қилиб “эй яхшилик толиби хуш келдингиз, эй ёмонлик толиби бас қилинг” дейди. Оллоҳ таолонинг бу кечаларнинг ҳар бирида дўзахдан озод бўладиган бандалари бор. [4]

    1. Рамазон чекиш ёки ичиш каби балоларга гирифтор бўлганлар учун ушбу амалларни бутунлай ҳаётидан юлиб ташлашга яхши фурсатдур.

    Айтиб ўтганимиздек бу ойда ўзингиз ҳам ундан нафратланадиган амалларни ташлаб юборишда тўсқинлик қиладиган шайтонларнинг босими камроқ бўлади. Бу эса ана шу нокас амалларни ташлашга энг қулай вазият. Эрталабдан кечгача чекмасдан юра олган киши кечқурундан эрталабгача ҳам юра олиши мумкин. Бу амалда фақат мустаҳкам ирода керак бўлади. Аммо кечқурун ифторликдан кейин чекаман деб ният қилса, унинг асаблари ўша ниятга яраша тайёрланади-ю ифтордан кейин гўё “қани энди қилган ваъдангизни бажаринг” дегандай бўлади. Агар киши Рамазон ойида бутунлай чекмаса, у бир умрга бу разолатдан ўзини қутқара олишга қодир эканини исбот қилади. Оллоҳ бу балога чалинган барча бандаларни ўзи унинг кишанидан озод қилсин. Амин.

    1. Рамазон ихлосга одатланиш учун фурсат.

    Рўза амалини банда фақат ихлос билан амалга оширади. Бунинг далили Имом Бухорий Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси-қудсийдаги Оллоҳ таолонинг ушбу сўзидур. “Рўза мен учунгина бўлиб, ўзим уни ажрини (алоҳида) бераман”[5]. Аммо хўжакўрсинга рўза тутиб ҳеч ким йўқ жойда қорнига паққос тушуриб юрган кишилар рўзадор дейилмайди. Рўзамизни ихлос билан тутиб олдикми, демак шу зайлда бошқа амалларни ҳам ихлос билан бажаришга одатланиш учун бу ой муносиб фурсат бўлади.

    1. Рамазон иймон зиёда бўлиши ва тақволи бўлиш учун қулай фурсат.

    Оллоҳ таоло айтадики (Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди.)[6] Ушбу оятда Оллоҳ таоло бизга тақводор бўлишингиз учун деб марҳамат қилди. Барчамизга маълум. Инсонлигимизга бориб кўп гуноҳлар қиламиз, йўлдан озамиз, чалғиймиз ва дунёмизга машғул бўламиз. Рамазон ойи эса ўзининг барокотли амалларининг кўплиги билан бошқа ойлардан ажралиб туради, шайтонлар боғланади. Демак, Рамазон ойида иймонимизни янгилаб уни яна ўстириб кучайтиришга уриниб, Рамазон ойидан кейин ҳам шундай давом этишлигимиз лозим. Оз бўлса ҳам озуқа олган иймон бу ой чиқиши билан яна ўз изига қайтиб олиши яхшилик аломати эмаслигини эсимизда тутмоғимиз керак.

    1. Рамазон садақа қилишга ва унга одатланишга қулай фурсат.

    Имом Шофиий айтган эканлар “ Киши Рамазон ойида Росулуллоҳнинг суннатларига эргашиб кўпроқ садақа қилгани маъқул. Чунки инсонлар бу ойда рўза ва намоз каби ибодатлар билан касбларидан машғул бўладилар”. Имомнинг ушбу гапларидан кўриниб турибдики олдинги мусулмонлар ушбу мавсимда дунё юмушларини камайтириб, Оллоҳ таолони рози қиладиган барча солиҳ амалларга шошилишган. Шунинг учун уларга бу ҳолатда садақалар беришлик муносиб бўлган. Биз ҳам бу ойда садақаларимизни бериб камбағал биродарларимизни ушбу муборак ойда ризқ талабидан қутқариб ибодат билан машғул бўлишига сабаб бўлсак. Зора Оллоҳ таоло молимизга шу туфайли барака берса ажабмас.

    1. Рамазон ойи саховат қилишга ва унга одатланишга фурсат.

    Бу ўринда Росулуллоҳнинг бу ойдаги саховатларини баён қилиб, Имом Бухорий ривоят қилган Ибн Аббоснинг ушбу ҳадисларини келтирсак арзийди.

    Ибн Аббос айтадилар: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам энг сахий киши эдилар, Рамазонда Жаброил алайҳиссалом келиб у кишига йўлиққанда ундан-да саховатлари ошиб кетар эди. Жаброил алайҳиссалом Рамазоннинг ҳар кечасида у кишига учраб турар эдиларда, қуръонни ўзаро мудораса қилар эдилар. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам эсаётган шабададан ҳам саховтлироқ эдилар. [7]

    Саховат бу росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг асосий, ажралмас сифатларидан бири. У киши ҳар доим саховат борасида ўзгалрдан ортиқ бўлиб келганлар. Ҳатто бир ҳовуч мева кўтариб келган саҳобийя аёлга бир ҳовуч тилло тақинчоқлар бериб юборганлар, водий-водий чорволарни бир кишига бериб юборганлар... ҳадисда у кишининг саховатлари эсаётган шабадага ўхшатилмоқда, зеро шабада олдидан чиққан нарсанинг барчасига баробар саховат қилиб, ўзининг майин ҳавосини таратади.

    1. Бу муборак ой Қуръонни мунтазам ўқишни йўлга қўйишга энг яхши фурсат.

    Рамазон ойининг номларидан бири барчамизга маълум бўлган “Қуръон ойи” деган номдир. Бу исм ҳақиқатда ўз ўрнини топган. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда Жаброил алайҳиссаломга Қуръонни икки марта ўқиб ўтказганлар. Салафларимиз эса қай-бирлари Рамазон ойида Қуръонни ҳар куни бир марта хатм қилсалар бошқа бирлари эса, бир кунда икки марта, кундузи бир ва тунда бир хатм қилиб ўқиб чиққанлар. Сизу-биз салафларимизга эргашар эканмиз қуръони каримни мунтазам ўқишдек бурчимизни мана шу ойдан фойдаланиб йўлга қўйиб олиб, Рамазон ойи чиққач унга амал қилишда давом этсак.

    1. Қуръон ёдлашга фурсат.

    Қуръони каримни ёдлаш ҳар биримиз учун шараф. Рамазон ойи ўзининг баракаларга бойлиги билан бошқа ойлардан ажралиб туради. Қуръон ёдлаш ва уни такрорлашга йилнинг ўн икки ойи ичида энг муносиброғи ҳам шу ойдир. Зеро ушбу китоб мана шу ойда нозил қилингандур. Имом Шофеъий Рамазон ойи кириши билан бошқа дарсларини тўхтатиб фақат қуръон билан шуғулланар эканлар. Бунинг мисоли салафларимизда кўп топилади. Шуни ҳам айтиб ўтишимиз лозимки бу ойда киши ўзининг энг мусаффо кунларини кечиради, гуноҳлардан узоқ бўлади бу эса қуръон ёдлашга муваффақ бўлишнинг энг катта омилларидан бири ҳисобланади. Гуноҳ банданинг илмини эсидан чиқаради. Қуръондай бир покиза, олий, мўтабар калом гуноҳларни фикрлаган, ёки унга тўлиб тошган идишдан узоқ кетади. Имом Шофеъий айтадилар:

    Ваъкега зеҳним пастилигин шикоят,

    Қисам деди гуноҳдин бўлса шояд.

    Илм Аллоҳ таоло нуридандур,

    Гуноҳкорга берилмайди у албат. [8]

    Оллоҳ таоло барчамизни жамии гуноҳларимиздан озод қилсин ва ёдлаган илмларимизни унутишдан сақлаб унга амал қиладиганлардан қилсин.

    1. Фақиру бечораларни эслаш ва неъматларга шукр қилишга фурсат.

    “Инсон калимасининг асл маъноси нисён бўлиб унинг маъноси унутмоқ демакдир” деб баъзи луғавий олимлар марҳамат қилганлар. Бу фикр қанчалик ҳақиқитга яқинлигини билмадиму, бироқ биз инсонлар амалга оширишимиз муҳим бўлган амалларни доимий равишда эсдан чиқариб туришлигимиз ҳақиқат. Атрофимизда фақиру ночор инсонларни борлигини билиб, уларни эсдан чиқариб қўйишлигимиз бунга мисол бўла олади. Рамазон ойи кириши билан кишилар уларни эсга оладилар, хайри эҳсонлар қиладилар. Инсонларнинг рўза тутиш туфайли очлик ва чанқоқликни синаб кўришлари бунга асосий сабаб бўлмасада, уларга қисман бу бечораларнинг ҳолини кўрсатади. Бу эса ўз-ўзидан иймон соҳибларига неъмат қадрига етиб, унга шукр қилиш фарз эканлигини эслатади ва унга одатлантиради.

    1. Улкан савоблар йиғиб олишга фурсат.

    Узоқ сафарга чиқаётган киши албатта йўл ғамини қилади. Етарли равишда тайёрланади. Каттаю-кичик ҳожатларини барчасини кўздан кечиради. Ҳожатларини бартараф қилиб бўлса сафарга хотиржам йўл олади. Биз инсонлар барчамиз узоқ охират сафарига борар эканмиз кўпчилигимиз бу сафарда қандай нарсаларга ҳожатимиз тушишини синчиклаш у ёқда турсин, қаёққа бораётганимизни, сафаримиз йўналишини ҳам билмаймиз. Ушбу узоқ сафаримиз ҳам бошқа сафарлар қатори тайёргарликка муҳтож. Савобларни зодроҳ қилиб, гуноҳларни ювиш билан сафаримизда ортиқчалик қиладиган юклрани енгиллатишга муҳтожмиз. Рамазон эса бундай амалга айни муддао бўлади. Вақт баракаси, гуноҳлар ювилиши, савоблар оширилиши, садақотлар, лайлатул-қадр, раҳмат ойи...

    1. Таҳажжуд намозларни йўлга қўйишга фурсат.

    Бир хайрли ишга мунтазам равишда киришиб кетиш, ёки уни ўзига одат қилиб олиш ҳаммага ҳам осон эмас. Аммо қандайдир бир сабаб туфайли у иш одат тусига кирадиган бўлса унда давом этиш осонроқ бўлади. Шу ўринда биз бунга Рамазон ойида кўпчиликка осон бўлиб қолиб, ҳайит кунининг эртасига эсимиздан чиқиб қоладиган қиём (таҳажжуд) намозини мисол қилиб келтирмоқчимиз. Рамазон ойи бизга бундай буюк амални ўргатар экан, нақадар ажойиб фурсат. Салафларимиздан бирлари Ҳасан ал-Басрий “Қиём намозини ўқий олмасанг, кундузи (нафл) рўза тута олмасанг билгинки сен маҳрум банда экансан. Сени гуноҳу-хато ишлар кишанлаб қўйибди” деган эканлар. Оллоҳ таолодан бизларни Рамазон ойида одатланган бу амалимизни мунтазам равишда келгуси рамазонгача бир маромда олиб борадиган бандалардан қилишлигини, таҳажжуд намозини ўқийдиган бахтли инсонлар сафидан жой беришлигини сўраб қоламиз.

    1. Ғийбатдан тийилишга фурсат.

    Ғийбат бу тил деган жонвор қиладиган гуноҳларнинг энг катталаридан бири ҳисобланади. Ғийбатга таъриф бериш мақомида бўлмаганимиз учун таъриф ўрнида уни “мусулмон биродарингни гўштини ейиш” дейиш билан чекланамиз. Рамазон ойида кўпчилигимиз рўза очилиб қолишидан қўрқибми, ёки бошқа ўзига хос сабаби борми, ғийбатдан ўзимизни нисбий тия оламиз. Йилнинг қолган 11 ойида эса афсуски бундай гўштни баъзиларимиз тўйиб-тўйиб, базъилар эса танлаб-танлаб ҳар ким таъби тортганича еб юраверамиз. Ажабмас Рамазон ойи бундай балога йўлиққанларга яхши фурсат бўлиб, улар чин қалбидан тавба қилиб ғийбат балосига иккинчи марта қайтмайдиган бахтли инсонлар сафидан бўлса.

    1. Ёлғон сўзлашни тарк қилишга фурсат.

    Ёлғон айтиш бу касалликка ўхшаш нарса унинг ўзига хос лаззати бор. У умумий равишда иймонга салбий таъсири, балки уни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлишлиги билан бирга Рўза амалини савобсизлантириб уни бузиб ҳабата қилиб қўйиши ҳам мумкин. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимки ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳилликни тарк қилмаса, емоқ-ичмоғини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ.»[9] Эътибор берсангиз ҳадисда рўза тутишини дейилмади, балки емоқ-ичмоғини тарк қилиши дейилмади. Бунда унинг қилган амали рўза эмас шунчаки оч юриш деган маъно бор. Оллоҳ ҳеч бир мўминни бундай балога йўлиқтирмасин.

    1. Жаҳлни қолибга солишга фурсат.

    Росулуллоҳ саллоҳу алайҳи ва салламнинг рўзадор кишини агар бирор шахс сўкиб қоладиган бўлса “Мен рўзадорман”[10] деб жавоб қилсин деган маънодаги ҳадисларидан билдикки, бу ой ана шундай равишда инсонлар орасида учраб турадиган тортишуву-можораларни ийжобий ҳал қилишга қулай фурсат экан. Рўзадор одам можоро қилмас экан. Одам рўза туфайли жаҳл қилиб ўзини йўқотиб қўйишдан сақлана билса, демак бошқа ойларда ҳам буни бемалол амалга оширса бўлади. Демак рамазон ойи бунга одатланишга яхши имконият яратади.

    1. Ўз ўзини ўзгартиришга фурсат.

    Ҳаётда барчамиз хатоларга йўл қўямиз. Хатога йўл қўйиш бу инсонларнинг ажралмас сифатларидан бири. Имом Муслим ўзларининг саҳиҳларида Абу Айюб ал-Ансорийдан ривоят қилинган ҳадисни келтирадилар. Абу Айюб вафот қилаётганларида сизлардан бир ҳадисни яширган эдим, ҳозир айтаман, Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни (Агар сизлар гуноҳ қилмаганларингизда Оллоҳ таоло бошқа гуноҳ қиладиган қавмни яратиб, уларнинг гуноҳларини кечирган бўларди) деганларини эшитганман” [11] дедилар. Ажабо! Бизга мағфират қилишни ҳоҳлайдиган, гуноҳларимиз тоғдан буюк бўлсада кечиришни яхши кўрадиган, тунларда дунё осмонига тушиб “қани ким мағфират сўрайди-тавба қилади тавбасини қабул қилсам” деб турадиган буюк роббимиз Оллоҳ нақадар буюк!

    Ёмон хулқ, одобсизлик, қўполлик, қўрслик, чақимчилик ёки қандайдир киши ўзини ўзгартиришга ҳожати бўлган нарсалардан қутилишга рамазон ойи қулай фурсат бўлади. Чунки инсонларни табиатларига, тарбиясига таъсир қиладиган энг катта нарсалардан бири, “дўстинг кимлигини айт кимлигингни айтаман” деганларидек муҳит ҳисобланади. Рамазон ойида эса бу муҳит бутунлай йўқолмасада, кескин чекланади. Бу ойда жамиятнинг барча поғонасида ва барча синфида –боғланган шайтонларнинг ўринбосарларини ҳисобга олмаганда- ўзгариш ҳосил бўлади. Гуноҳлар камаяди муҳит ўзгаради ва бизга бу муҳитда ўз-ўзимизни ўзгартириб яхши хулқларга одатланиш осон бўлади.

    1. Сабрга қийинчиликларни бартараф этишни ўрганишга қулай вазият.

    Оллоҳ таоло қудсий ҳадисда “Рўза (фақат) мен учун, (бандам) шаҳватини, таомини мен учунгина тарк қилади ўзим унинг ажрини бераман” деб марҳамат қилган.Бу эса фақат сабр билан амалга ошади. Сабр бу диндаги энг буюк амаллардан бири, балки у диннинг ярми бўлиб қолган ярми шукрдир. Гуноҳлардан тийилиш учун сабр, тоатларни қилиш учун сабр, қазою-қадар учун сабр ва машаққатларни бартараф қилиш учун ҳам сабрга муҳтож бўламиз. Демак сабрга ҳар лаҳзада муҳтожмиз. Сабрни моҳиятига етишдек неъматга эга бўлган киши ҳар қанча шукр қилса оз бўлади. Рамазон ойи бизни ана ўша сабрга ўргатади. Сабр деганда фақат мусибат тушганда йиғламаслик, пушаймон бўлмаслик тушунилмайди. Гуноҳларга сабр қилиш, тоатларга сабр қилиш, Оллоҳ таолонинг тақдирига сабр қилиш бор. Рамазон ойиди киши бу сабрнинг барчасига муҳтож бўлади. Шунинг учун ҳам бу ой сабр ойи ҳам деб аталади.

    1. Минг ойдан яхши бўлган тунни қўлга киритишга фурсат.

    Оллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бу умматга бўлган лутфи карами нақадар олий даражада эканлигини кўпчилигимиз эсимиздан чиқариб қўямиз, баъзиларимиз балки билмаймиз ҳам. Ўтмишдага умматлар Оллоҳ таолога юз йиллаб, балки минг йиллаб ибодат қилишган. Одам алайҳиссаломга 1000 йил умр берилмадими?! Нуҳ алайҳиссалом қавмларини 950 йил даъват қилганлари у кишининг 1000 йил атрофида умр кечирганликларига далил эмасми?! Оллоҳ таолонинг бу умматга 60-70 йил атрофида умр беришлиги унинг бу умматга бўлган раҳматидур. Чунки ақл соҳиби бораётган манзилига етиш учун бекатда ортиқ кутиб ўтирмайди. Учраган биринчи транспортга миниб манзилга шошилади. Биз эса Отамизна шайтон ундан чиқарган ана ўша манзилга етиш учун бу дунё бекатида, зерикарли дамларга сабр қилиб, атрофда ҳар хил одамларни кўриб кутиб ўтирган (Оллоҳим буни амалий равишда қалбимизга солгин. амин) кимсалармиз. Оллоҳ ўзининг раҳмати билан бизни бу бекатда кўп куттирмади. Бунинг устига ўтган қавмларнинг минг йиллик ибодатларини қоплаб кетадиган, бир кеча бўлса ҳам минг кечадан афзал бўладиган кунлар, битта намоз 500 -1000 балки 100000 та намоздан афзал бўлган масжидлар, бир кунда миллионларча кишига мағфират улашиб, шайтонни жонини бўғзига келтирадиган арофот кунларини, муборак жой, муборак вақтларни ато қилди. Нақадар улуғ зот! Нақадар меҳрибон! Нақадар саховат! Умримизни олдинги қавмларнинг умрларидан қисқароқ қилсада ажримизни уларникидан кам қилмасликка фурсат берди. Оллоҳу акбар. Бу фурсатларни қўлдан чиқарган инсонни нима деб аташ мумкин.

    1. Болалар тарбиясига яхши фурсат.

    Рамазон ойининг рўзаси бу диннинг бешдан бири демакдур. Болаларга рўза тутишликни ўргатиш учун бу ойдан кўра қулай вазият бўлмаса керак. Ундан ташқари бу ой турли ибодатлар бажариладиган ой. Бу амалларнинг ҳар бирини болалар кўз олдида бажариш уларнинг тарбияларига катта ҳисса қўшади. Демак болаларга бу ойда қандай қилиб садақа қилиш, уни кимларга бериш, таҳажжуд, таровиҳ, рўза, ифторлик, меҳмонлик одоблари, мезбонлик одоблари ва ҳокозо амалларни ўргатса бўлади. Яна кўпчилик мусулмонлар рамазон охирида фитр закотини фақат ўзлари чиқариб қўядилар. Фарзандлар бундан бехабар. Ана шундай ўринларда ҳар бир фарзанд ўзининг фитр закотини чиқаришда ҳеч бўлмаганда уни чиқарилганини билиб қўйиш, ёки миқдорини кўриш, хуллас қайсидир бир томондан бўлса ҳам бу амалда иштирок этгани мақсадга мувофиқ бўлади. Шунда болалар соъ нима муд нима улар қанақа ўлчов бирлиги, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу идишларда қандай ўлчаганлар ва ҳокозо нарсалар уларнинг кўз олдида тарих сифатида ҳамда ибрат бўлиб гавдаланади. Бу билан болалар Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларини амалий равишда кўргандай бўлади, тасаввур қилади. Билимлари назарий маълумот бўлиб қотиб қолмайди. Воллоҳу аълам.

    1. Сийлайи раҳм қилишга фурсат.

    Имом ибн Можа,Термизий ва Абу Довуд ва бошқалар Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Жаннат эшиклари ҳар душанба ва пайшанба кунлари очилади. (Ўша кунда) ўзаро ораларида адоват бўлган икки кишидан бошқа Оллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмаган ҳар бир бандага мағфират қилинади. Ва бу иккалисини то келишиб олгунга қадар кутиб туринглар дейилади. [12]

    Рамазон ойи шунчалик катта ажрлар мавсими бўладию, ораларида хилоф бўлган мусулмон биродарлар бу ойдан олдинги ойларда бундай мағфират иноъмларидан қуруқ қолишгани етмаганидай, хилофларида давом этиб, Рамазон ойининг ҳам савобларидан қуруқ қоладиларми. Йўқ асло бундай қилиш мўмин биродарларга лоиқ эмас. Рамазон бизнинг орамиздаги барча адоватларни бартараф қилишга яхши фурсат. Келинг Рамзон ажрини баркамол равишда қўлга киритишга бирдам бўлайлик. Ораларидан бирор гап ўтган биродарлар ўзаро сулҳ қилиб бир-бирларини кечириб бу ойга тоза ва покиза қалб билан кирсинлар. Бошқаларга ҳам буни эслатсинлар. Оддий биродарлар орасидаги бундай хилофлар бизга шундай қаттиқ салбий таъсир кўрсатар экан, бу хилоф оға-ини, қариндошлар орасида бўлсачи. Оллоҳ асрасин.

    1. Росулуллоҳ билан ҳаж қилишдек ажр олишга фурсат.

    Саҳиҳ манбаларда Бухорий ва бошқа муҳаддис олимларимиз ривоят қилган ҳадисларда айтилишича, Рамазон ойида умра қилиш Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилишга баробар келишлиги кўпчилигимизга янгилик бўлмаса керак. Шундай экан бу ой Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилишдек шарафга муяссар бўлиш учун фурсат эмасми. Оллоҳ таоло барчамизга буни насиб этсин.

    1. Жаннатнинг Райён эшигидан кирувчилардан бўлишга фурсат.

    Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ Саҳл ибн Саъд розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтирадилар. “Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: Жаннатнинг саккиз эшиги бўлиб, уларнинг бири Райён деб аталади. Ундан фақат рўзадорлар киради”. Оллоҳ барчамизни ўша эшик остонасидан ҳатлайдиганлардан қилсин. Амин.

    1. Дуолар қабул бўладиган вақтларга тўғри келишга фурсат.

    Дуолар қабул бўлишининг кўп сабаблари бор. Ҳар доим ҳам унга муваффақ бўлавермаймиз. Рамзон ойида эса бу сабабларнинг аксари мавжуд. Гуноҳлар камайиши, иймон зиёда бўлиши, ифтор вақтлари, рўзадорларга ифторлик қилиб уларнинг дуоларини айни ижобат соатида олиш, қиём намози, саҳар вақти...

    Шунинг учун ҳам бўлса керак ким агар Рамазон ойини идрок қилсаю уни гуноҳи кечирилмаса унинг ҳолига вой бўлсин деб айтилгани.

    Бир куни Росулуллоҳ минбарга кўтарилиб: «Омин... Омин... Омин...» дедилар. Саҳобалар бундай дейишларининг сабабини сўрашганда: «Ҳузуримга Жаброил келиб: Ким Рамазон ойига етса-ю, гуноҳлари мағфират қилинмаган бўлса, хор бўлсин, “Омин” денг деди, мен “Омин” дедим. Ким ота-онасини ёки улардан бирини (кексалик пайтларида) топган бўлса-ю, (уларни норози қилиб) гуноҳлари кечирилмаган бўлса, хор бўлсин “Омин” денг, деди, мен “Омин” дедим. Ким сизнинг номингиз зикр этилганда сизга салавот айтмаса, хор бўлсин, “Омин” денг, деди, мен “Омин” дедим.»[13] дедилар.

    1. Эътикоф амалига энг муносиб фурсат.

    Рамазон ойи яна бир ҳақиқий иймонтарбия омили бўлган амалнинг мавсуми ҳисобланади. Киши йил бўйи одамларга аралашиб дунё ташвишию ҳаётнинг баланд пастлари билан бўлиб Оллоҳ таолонинг фақат ўзигагина барча вақтини ажратиши қийин бўлади. Бу эса қалбларга ҳар кимнинг иймони қувватига яраша салбий таъсир қилади. Эътикоф амали қалблардан ана шундай ғуборларни кўтариб ташлайди. Эътикоф амалини фазилатини зикр қилар эканмиз унинг битта фазлини айтсак кифоя қилади. Бу амалнинг фазилати шундаки юқорида айтилган фазилатларнинг барчасини қалбимиз, жасадимиз, фикримиз ва бутун вужудимиз фақатгина Оллоҳ таолога қаратилган вақтда эътикоф вақтида амалга ошади.

    Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни ушбу ойда ва ҳаётимизда дунёю охиратимизга фойдаси бўладиган фурсатлардан унумли фойдаланадиган илғорлардан қилсин. Амин.

    l ^ ;

    [1] Саҳиҳ ибн Ҳиббон 2/500. 723-ҳадис.

    [2] Саҳиҳ Бухорий 6412-ҳадис.

    [3] Ҳоким Мустадракларида 7846- ҳадис.

    [4] Имом Байҳақий ва Имом ибн Можа ўзларининг сунанларида ривойт қилганлар. Имом Албаний саҳиҳ деганлар.

    [5] Имом Бухорий 7492-ҳадисдан парча .

    [6] Бақара сураси 183-оят.

    [7] Бухорий ривояти

    [8] Имом Шофеийнинг шеърларига эркин таржама.

    [9] Имом Бухорий ривояти.

    [10] Имом Бухорий ривояти.ҳадиснинг матни қуйидагича. «Рўза қалқондир. (Қай бирингиз рўза тутган бўлса,) фаҳш сўзларни сўзламасин ва жоҳиллик қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келувчи ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир. (Аллоҳ айтади: Рўзадор) емоқ-ичмоғини ва шаҳватини Мен учун тарк қилади. Рўза Мен учун, мукофотини ҳам Ўзим бераман.»

    [11] Имом Муслим ривояти.

    [12] Имом Муслим ривояти 6709-ҳадис.

    [13] Табароний, Байҳақий, Ибн Ҳиббон ривоятлари