×
Китобда асримизда кўпчилик мусулмонларнинг эҳтиёжи тушиб турган айрим молиявий масалаларнинг шарий ҳукмлари баён қилинади.

 Савдо муомалаларида учрайдиган хатолар ва уларнинг ечимлари

 Муқаддима

Ҳамду сано Аллоҳ учундир. Аллоҳнинг расулига ва у кишининг оила аъзоларига, саҳобаларига ва жами издошларига саломлар бўлсин.

Инсон камдан-кам ҳолатда олди-сотдидан йироқ бўлиши мумкин. Савдо-сотиқ ишлари давлатлар ва жамоалар миқёсида амалга оширилгани каби шахслар ўртасида ҳам мавжуд. Савдо-сотиқ ишлари Аллоҳ таъолонинг дини хусусида тушунчага эга бўлишни ҳамда ҳалол-ҳаромни пухта билишни талаб қилади.

Ривоят қилишларича Умар розияллоҳу анҳу бозорда айланиб юриб, баъзи савдогарларни асолари билан уриб «Бозоримизда (савдо-сотиқни) тушунадиган кишиларгина савдо қилсин. Чунки (савдони билмайдиган киши) хоҳласа-хоҳламаса судхўрлик қилади» деб айтар эканлар. Савдо қонунларини ўрганиш олди-сотди билан шуғулланмоқчи бўлган киши учун вожиб деб қаралади. Чунки у ўзининг ва атрофидаги инсонларнинг ишидан аниқ ишончга эга бўлмоғи лозим. Афсуски, мусулмонлардан кўпчилиги бунга бепарво қараб шубҳалар ҳам қолиб кетиб, аниқ кўриниб турган ҳаром ишларга қўл уриб юборишди. Билмадик, бундан сўнг уларнинг динлари қандай саломат қоларкин. Ахир ҳаромдан озуқа олиб ўсган жасадга ўт (дўзах) ҳақлироқ бўлмоғи ҳадисдан маълум-ку. Парвардигоримиз пок зот ва у покдан бошқасини қабул қилмайди. Агар Пок Парвардигор бирон нарсани ҳаром қиладиган бўлса, демак унинг пули ҳам ҳаром. қандай қилиб ҳаромдан озуқа олиб яшаётган инсон бахт-саодатга эришмоғи мумкин!

«Бас сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта, унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз».[1]

Бундай кимсалар туфайли бандалар устига лаънат ёғилиб, уларнинг қилмишлари сабабли ердан раҳмат ва баракот кўтарилади.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз (яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз) Энди агар (фармонимизни) қилмасангиз, у ҳолда Аллоҳ ва пайғамбари томонидан бўлган урушни билиб қўйинг».[2]

Улар намоз ўқишлари ва рўза тутишларига қарамай, судхўрлик билан муомала қилганлари боис ўзларини ҳалокатли урушга рўбарў қилдилар. Бу оятлар рибо-судхўрлик билан шуғулланадиган Тоиф аҳли хусусида нозил қилинган. Рибо қуръони Каримда ҳаром қилинган охирги нарсадир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таъоло рибо егувчини ҳам, уни едиргувчини ҳам, котибини (ёзиб турувчини) ҳам, гувоҳларни ҳам лаънатласин»,- деб дуоибад қилганлар.

«Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади».[3]

Агар биз рибо ва бошқа ҳар-хил ҳаром нарсалар билан муомала қилсак ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаром ўрнида кўрадиган бўлсак, ҳолимиз не кечади?

«Биз қачон бирон шаҳарни ҳалок қилишни истасак, унинг боёнларини (ўзимиз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюриб, улар итоатсизлик қилишгач, у шаҳар (аҳолиси) устига сўз (азоб тушиши) вожиб муқаррар бўлур. Бас, биз уни вайронага айлантирурмиз».[4]

Уҳуд (жанги) кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатмаларига хилоф юрилгани боис қандай қилиб нақд ғалаба мағлубиятга айланиб қолганини тарихдан биламиз. Ўшанда баъзилар: «Бу бало қайдан келди?»,[5]- деб сўрашганда, жавоб «Эй Мухаммад, уларга «Бу мусибат-мағлубият ўз қилмишларингиздан» деб айтинг!», бўлган эди. Сўнгра оятлар мағлубиятдаги сабабларини баён қилишга киришади: «То сусткашлик қилиб, (Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг) амру фармонлари борасида талашиб-тортишган ва Аллоҳ сизлар яхши кўрган нарсани (яъни ғалабани) кўзингизга кўрсатиб қўйгандан кейин пайғамбарнинг амридан бош тортган пайтингизгача (бу устунликларингиз давом этди) Орангизда дунё истаган кишилар ҳам, охират истаган кишилар ҳам бор эди».[6]

Эҳтимол, кўпчиликнинг ҳалол-ҳаромга бепарво бўлиб қолишига халқ орасида кенг тарқалган қуйидаги сўзлар сабаб бўлгандир: «Муомалалардаги асл хукм - ибоҳат» (яъни барча хилдаги муомалаларга токи шариат томонидан қайтарув бўлмагунгача рухсат берилади) Ёки «Подшога тегишли нарсани подшонинг ўзига ва Аллоҳга тегишли нарсани Аллоҳнинг ўзига қўйиб бер» қабилидаги сўзлар. Баъзилар: «Модомики намоз ўқиб, рўза тутар эканман, бас, зиммамдаги жами вазифаларни бажардим. Энди ниятимни тўғри қилиб, нафсим ва қалбимни пок тутишнинг ўзи кифоя қилади!» деб ўйлайди. Биз ҳам юқоридаги қоидага қўшилган ҳолда ҳа, муомалалардаги асл ҳукм - ибоҳат (рухсат) деб айтамиз ва лекин бу мутлақ эмас, балки у шариатдаги умумий қоидалар билан қайд этиб қўйилганини ҳам алоҳида таъкидламоқ лозим. Мисол учун: «Зарар бериш ҳам йўқ, (икки томонлама) зарарланиш ҳам йўқ».

«Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга буюради».[7]

Шайхул-ислом Ибн Таймия айтади: «Урф-одатлардаги асл ҳукм ҳам авф-кечиримдан иборат. Улардан Аллоҳ таъоло ҳаром қилганидангина четланилади. Акс ҳолда, Аллоҳ таъолонинг ушбу ояти каримаси маъноси остига кириб қолиниш мумкин.

«Айтинг: «Хабар берингизки (эй мушриклар), Аллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқу рўзнинг (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз».[8]

Шунинг учун Аллоҳ таъоло «Анъом» сураида мушрикларни динда Аллоҳ рухсат бермаган нарсаларни ўзларига шариат қилиб олганликлари ва ҳаром қилмаган нарсаларни ҳаром қилганликлари туфайли қаттиқ қоралади... «Байъ (савдо), ҳиба (ҳадя), ижара ва бошқа турмушдаги ейиш, ичиш ва кийиш каби эҳтиёжларга шариат гўзал суратда ёндошди. Ундаги фасод нарсаларни ҳаром, керакли нарсаларни вожиб, нолойиқларини эса макруҳ, шунингдек, бу одатларнинг турли миқдори ва сифатларида фойдали саналганларини мустаҳаб, яъни яхши амаллардан деб таъкидлади.

Эй Аллоҳнинг бандалари, шуни билингларки, сизлар фақат сабабларни кўра оласиз, холос. Яхшиликнинг бариси жаннатда ва барча ёмонликлар дўзахдадир. Дунё эса барчага баробар. У ҳамманинг кўз ўнгида нақд турибди. Ундан яхши ҳам, ёмон ҳам ўз улушини олиб ҳаёт кечирмоқда. Охират эса рост ваъда, унда Аллоҳ ҳукм қилади. Ҳар бир ҳовлининг ўз фарзандлари бўлгани каби охиратнинг ҳам суйган фарзандлари бор. Сизлар охират фарзандларидан бўлингиз!

Ҳар кимнинг ўзига яраша шаъни бор. Динингизда бировларга тақлид қилманг. Мўмин бу дунёда гўё бир асирга ўхшайди. У эртаю кеч озод бўлишга уринади. Биладики, бир куни у қулоғи, кўзи, тили, ва бошқа аъзолари ҳақида сўралади. Шундай экан, ўзингизга раҳм қилинг. Оқибат - жаннат ёки дўзах. Аллоҳ таъолонинг тоатида сабр- бардошли бўлиш Унинг азобига чидашдан кўра енгилроқдир. Кимнинг ғами дунё бўладиган бўлса Аллоҳ таъоло унинг жамоасини тарқатиб юборади, камбағаллигини икки кўзининг ўртасига қилиб қўяди ва у белгилаб қўйилганидан ортиғига эга бўла олмайди. Кимнинг нияти охират бўлса Аллоҳ таъоло унинг жамоасини бирлаштиради ва дунёнинг ўзи уни қувиб юради. Билингки, ҳаром дуонинг ижобат бўлишини тўсади. Парвардигорнинг ушбу сўзини тадаббур қилинг:

«Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилган-буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўз ишларидан ихтиёр қилиш жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига осий бўлса, бас у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди».[9]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам равшан. Иккисининг ўртасида эса шубҳали ишлар (нарсалар) бор. Ким (ҳалол-ҳаромлиги) шубҳали бўлган нарсани тарк этса, шак-шубҳасиз (ҳаромлиги) аниқ, ишни (эртароқ) тарк этган бўлади. Кимда-ким (ҳалол-ҳаромлиги) шубҳали туюлган нарсага журъат қилса, (ҳаромлиги) аниқ бўлган ишга тушиб қолиши ҳам тез бўлади. Гуноҳ ишлар Аллоҳ таъолонинг чегараси. Ким чегара атрофида ўтласа (юрса), унга тушиб қолиши мумкин».[10]

Содиқ ул-Масдуқ (яъни ростгўй ҳамда Аллоҳ ва халқлар томонидан ростгўй деб эътироф этилган) зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини эсланг!: «Шундай замонлар келадики, унда киши молни ҳалол ёки ҳаромдан топганига эътибор ҳам қилмай қўяди».[11]

Саломатликка (яъни шубҳа ва ҳаромлардан саломат бўлишга) ҳеч нарса тенг келмайди. Шундай экан, сиз Аллоҳга тоат-ибодат қилиш билан Унинг ҳузуридаги ажру савобни астойдил талаб қилинг.

«Ким Аллоҳдан қўрқса, У зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлни (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур».[12]

Агар ўтган умрингизда нотўғри ишлар қилган бўлсангиз, энди қолганини чиройли амаллар билан ўтказинг. қолган умрингизни ҳам ёмон амаллар билан ўтказсангиз, шак-шубҳасиз, ўтгандаги ва кейинги ёмон амалларингизга баробар жавоб берасиз.

«Мен дедимки: «Парвардигорингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир ёғдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур».[13]

Сўзимиз охирида бутун оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамду сано айтиб қоламиз.

 Суғурта (страхование)

Суғуртанинг барча тури ҳаромдир. Хоҳ у ҳаётга суғурта қилиш бўлсин, хоҳ тижорат молларига бўлсин ёки уй-жойларга бўлсин. Ёки томоқ, оёқ, кўз ва шунга ўхшаш инсон аъзоларини суғурта қилиш бўлсин. Ёнғинга қарши ёки турли хил ҳодисаларнинг олдини олиш учун ваҳоказоларга бўлсин, буларнинг барчаси шариат ҳукми бўйича ҳаромдир. Бунинг сабаби унга рибо, қимор ва жаҳолатнинг аралашувидир. Ушбу ҳукмга Маккаи Мукаррамада ислом ҳуқуқшунослик жамияти томонидан ўтказилган мажлисда аксарият олимлар иттифоқ қилишган. Шунингдек, Мисрдаги Дорул ифто (фатволар уйи)нинг қарор қилган фатволарида ҳам шундай дейилган. Улар бу ҳукмни бир неча асосга биноан чиқаришган. Ана шу асослардан биринчиси: Тижорат суғурта келишуви эҳтимолий эҳтиёт молиявий айирбошлаш битимларидан бири бўлиб, ўта катта алдовни ўз ичига олган бўлади. Чунки суғурта тўловчи шахс битим вақтида қанча бериши ёки қанча олишининг аниқ миқдорини билишга қодир эмас. Эҳтимол, у бир-икки бор маълум хақни тўлагандан сўнг бирон кориҳол юз берса суғурта маъмуриятидан ана шу маъмурият зиммасидаги мажбуриятларни талаб қилишга ҳақли бўлади. Ёки умуман кориҳол юз бермаслиги ҳам мумкин. Мана шу ҳолатда у барча ҳақларни тўлаб, ўзи эса ҳеч нарса ололмасдан қолаверади. Шунингдек, суғурта маъмурияти ҳам ҳар бир битимга нисбатан қанча бериш ва қанча олиш миқдорини белгилай олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам алдов билан байъ қилишдан қайтарилган.

Иккинчиси: Тижорат суғурта битими қиморнинг бир турини акс эттиради. Негаки унда молиявий айирбошлашда хатарга солиш (яъни бир томоннинг куйиб қолиши), бирон жиноят содир этмаган ёки унга сабаб бўлмаган ҳолда товон тўлаш ва муқобил тенг хизмат кўрсатилмаган ёки кам миқдорда қилинган хизмат учун тўла фойда олиш каби номаъқул хусусиятлар мавжуд. Албатта суғурта тўловчи киши суғурта ҳақидан маълум миқдорини бергандан сўнг бирон ҳодиса юз берса, суғурта маъмурияти белгиланган пулнинг барчасини тўлашга мажбур. Агар умуман ҳеч нарса юз бермаса, суғурта маъмурияти ҳеч қандай муқобилсиз (яъни ҳеч қандай хизмат кўрсатмасдан) суғурта ҳақининг ҳаммасига эга бўлади. Агар унда жаҳолат (яъни муомаладаги ноаниқлик) ҳаддан ортиб кетадиган бўлса, бу муомала қиморга айланади. Ваҳоланки, қимор ман этилган Аллоҳ таъолонинг ушбу сўзи остига дохил бўлади:

«Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз!».[14]

Учинчиси: «Тижорат суғурта битими бир вақтнинг ўзида ҳар икки рибо турини ҳам ўз ичига олади.

«Рибо фазл» деб рибо синфига кирувчи нарсани ўзининг жинсидан бўлган иккинчи бир нарсага зиёдаси билан алмаштириш ёки сотишга айтилади.

«Рибо насия» деб рибо синфига ҳукман ёки қиёсан кирувчи нарсалардан бирини ўз синфига насияга сотиш ёки алмаштиришга айтилади.

Ширкат агар суғурта тўловчи шахсга, унинг меросхўрларига ёки бирон бир фойдаланувчи шахсга тўланган пулдан кўпроқ миқдорда ҳақ берадиган бўлса бу рибо фазлга киради, устига-устак суғуртачи (ширкат ёки маъмурият) бу маблағни суғурта тўловчи шахсга бир қанча муддат ўтгандан сўнг берса, рибо насия ҳам бўлади. Ҳар иккала рибо тури қатъий ҳаром қилинган.

Тўртинчиси: Тижорат суғурта битимида бировлар молини муқобилсиз (эвазсиз) олиш мавжуд. Маълумки, тижорат айирбошлаш битимларида муқобилсиз ҳақ олиш ҳаром қилинган.

«Эй мўминлар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ (яъни ўғирлик, қароқчилик, судхўрлик, порахўрлик, қимор каби) йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз».[15]

Бешинчиси: Тижорат суғурта битимида шариат томонидан лозим бўлмаган нарсага мажбурлаш бор. Чунки суғуртачи (ширкат, маъмурият) ҳеч қандай ҳодисани пайдо қилмайди ва унинг пайдо бўлишига сабабчи ҳам бўлмайди. Балки унинг бор-йўқ вазифаси суғуртага аъзо киши билан ўзаро битим тузишдан иборат бўлиб, бу битим асосан суғуртага аъзо киши томонидан суғурта ширкатига агар бирон кориҳол юз берган тақдирда ана шунинг олдини олиш ва зарарни қоплаш шарти билан тўланадиган ҳақни ташкил қилади. Кўриб турганингиздек, суғурта ширкати суғуртага аъзо шахс учун ҳеч қандай куч сарфлагани йўқ. Бундай муомала эса ҳаром.

 Суғуртани ҳаром деб

 ҳукм қиладиган бўлсак, қилишимиз лозим бўлган ишлар

Мусулмон киши учун бундай муомалаларга ўз ихтиёри билан қадам босмаслиги керак. Аммо уни мажбурлашса гуноҳкор бўламайди. Шунинг учун ихтиёрий ҳолатлар билан мажбурий ҳолатларни фарқламоқ лозим. Модомики, ҳолат биз шарҳлаб ўтганимиздек қолар экан, ҳеч қачон суғурта ширкатлари билан ўзаро муомала қилиб бўлмайди. Чунки у гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилишга киради. Агар Аллоҳ таъоло бирон бир нарсани ҳаром қиладиган бўлса, унинг пулини ҳам ҳаром қилади. Суғурта қиймати меросхўрлар ўртасида бўлиб бериладиган мерос деб эътибор қилинмайди ва фақат ўзи тўлаган маблағнигина олиш дуруст холос. Олинган маблағ эса шариат белгилаган йўлга биноан меросхўрларга бўлиб берилади. Агар инсон суғуртага билмай қўл урган бўлса, тезда тавба ва гуноҳни ювиб ташлайдиган яхши амаллар қилмоғи, қодир бўлса ширкатга тўлаган асл молининг танини қайтариб олмоғи лозим.

 Тижорат суғуртаси ўрнига

 ўзаро ёрдам таъминотининг жоизлиги

Ислом ҳуқуқшунослик жамиятининг мажлиси ҳаром суғурта ўрнига қуйидаги далилларга асосланиб ёрдам таъминотини жоиз деб ҳукм чиқарган:

Биринчидан: ўзаро ёрдам таъминоти фидойилик ва эзгулик битимларидан бўлиб, ундан хатарларни бартараф қилиш йўлида ўзаро ҳамкорлик ва машаққатли дамларда масъулиятни кўтариш борасида тенг иштирок этиш мақсад қилинади. Бу эса офат оқибатида зарар етган кишиларга бир неча шахслар томонидан ажратиб қўйиладиган нақд маблағлар ўтказиш йўллари билан амалга ошади. Зеро, ўзаро ёрдам таъминотига маблағ ажратувчилар бундан бошқа мақсадни кўзламайдилар. Уларнинг мақсадлари хатарларни бартараф этиш ва зарарни тенг кўтариш учун ўзаро ҳамкорлик қилишдан иборат.

Иккинчидан: ўзаро ёрдам таъминоти рибо фазл ва рибо насиядан холидир. Дарҳақиқат, иштирокчиларнинг битимлари рибога аралашмаган ва улар жамланган маблағларни рибога асосланган муомалаларга қўйиб, айлантириб олишни кўзда ҳам тутмайдилар.

Учинчидан: ўзаро ёрдам таъминотида иштирок этувчилар фойдадан ўзларига қайтадиган аниқ миқдорни билмасликлари зарар бермайди. Чунки улар фидойилар ҳисобланишади. Шунинг учун унда алдов ҳам, қимор ёки бирон тарафнинг куйиб қолиши учрамайди. Тижорат суғуртаси эса бунинг акси бўлиб, тижорат йўли билан амалга ошириладиган молиявий айирбошлаш битими ҳисобланади.

Тўртинчидан: Шартномада иштирок этувчилардан ёки уларнинг ўринбосарларидан бир гуруҳ кишилар ушбу ёрдамни ташкил этишдан бўлган мақсадни амалга ошириш йўлида тўпланган маблағларни ўстириш билан шуғулланишлари мумкин. Бу амал холислик ёки маълум ҳақ эвазига адо этилишининг аҳамияти йўқ.

Шунингдек, мажлис ўзаро ёрдам таъминотини аралаш ёрдам кўрсатиш таъминот ширкати шаклида бўлиши ва ўзида исломий иқтисод фикрини мужассам қилмоғи кераклигини маъқул деб топди. Бу исломий иқтисод шахсларга турли иқтисодий жабҳаларда фаолият кўрсатиш масъулиятини юклайди. Давлат эса бу ўринда шахслар томонидан амалга оширилмай қолган ишларни гўё тўлдирувчи вазифасини ўтайдиган шахс сифатида ҳамда бу фаолиятларнинг муваффақият қозониб, унинг амалиётлари кўнгилдагидек якун топишини кафолатлаш учун йўлланма берувчи, кузатувчи мақомида туради.

Мажлисда яна қатор вазифалар маъқулланган. Ана шу вазифалардан бири - ўзаро ёрдам таъминоти ташкилотига қарашли турли шаҳарларда ўз тармоқларига эга бўлган марказ барпо қилиш ва ушбу ташкилотнинг ўзида ҳам бир неча бўлимлар очиб, уларни бартараф қилиниши кўзда тутилган офат, хатарларнинг турларига қараб ва шунингдек, ёрдамчиларнинг иш фаолияти ҳамда касб-ҳунарларини назарда тутган ҳолда бўлимларга ажратиш лозимлиги, яъни, масалан, тиббиёт таъминоти учун алоҳида хос қисм бўлиши, яна бир қисм қариялар ва ожизларни ҳимоялаш учун ажратилиши лозим ва ҳоказолар.

Шунингдек, мол тарқатувчи савдо ходимлари таъминоти учун алоҳида қисмнинг бўлиши, яна бир қисм ишбилармонлар учун, учинчи қисм талабалар учун, тўртинчиси муҳандислар, табиблар ва адвокатлар сингари эркин касб эгалари учун ва ҳоказо қисмларини ташкил этиш. Ушбу ўзаро ёрдам ширкати учун моддий деталларни қўйишда шу фаннинг моҳир мутахассислари бош-қош бўлмоғи лозим.

Кўриб турганингиздек, бу ҳаром қилинган таъминот (суғурта) суратларининг барчаси учун яхшигина ўринбосар бўла олади. Агарда биз нафсларимизни покласак, қалбларимизни ёт нарсалардан тозаласак ва Аллоҳ таъолонинг шариатини доимо кўз олдимизга қўйсак, албатта, Аллоҳ таъолонинг изни билан бу усулни осон тадбиқ қила оламиз.

 Нархларнинг беқарорлиги,

 унинг шартнома ва ҳақларга кўрсатадиган таъсири

Аҳдлашув битими тузилгандан сўнг кутилмаганда юз берадиган тасодифий ўзгаришлар жуда кўп. Шубҳасиз, гоҳо бу ўзгаришлар икки аҳдлашувчи томон ўз ҳисоботларини белгилашган мувозанат (баланс)га катта таъсир ўтказмай қўймайди. Мисол учун: Икки томон ўртасида узоқ муддат ичида қуриб битказиладиган каттакон бинони барпо қилиш учун келишув имзоланди, дейлик. Томонлар бир метр масофа баҳоси масалан ўн сўм бўлишига ҳам келишишди. Бироқ уруш бошланиб қимматчилик сабаб бўлиб метр баҳоси юз сўмга кўтарилиб кетса, ўз-ўзидан бу мажбуриятни амалга ошириш малол келиб қолади. Ёки бирон кимса кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари - гўшт, сут, тухум, пишлоқ кабилардан бир йил мобайнида келишилган нархда касалхонага юбориб туриш учун шартнома имзолаган бўлсаю тўсатдан шаҳарда очарчилик ёки тўфон (сув тошқини) содир бўлса ва нархлар келишув имзоланган кундагидан бир неча бор ошиб кетса.

Ислом ҳуқуқшунослик жамиятининг уламолари мазҳаблар имомларининг сўзларини ва бу масалага тегишли далилларни кўриб чиқишди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар совуқ, чигиртка ёки ҳашорат каби балолар оқибатида экинларга етадиган офатларда шундай ҳукм қилишган: Дарахтда турган ҳолида сотилган меваларнинг пулидан кўрилган зарарнинг қийматига тенг келадиган миқдорни туширади (бекор қилади) ва агар зарар бутун экинни вайрон қилган бўлса ҳақ тўлаш ҳам бутунлай бекор бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг муборак бир ҳадисларида: «Зарар бериш ҳам йўқ, (икки томонлама ўзаро) зарарланиш ҳам йўқ», деб марҳамат қилганлар. Айрим ҳолларда бир сабабга кўра юз берган оғир машаққат ўзидан ана шу оғирликни олиб ташлайдиган фавқулодда тадбир ўтказишни талаб этади.

Ислом ҳуқуқшунослик жамияти қуйидагаларга қарор қилди:

1) Амалга оширилиши кечикадиган шартномалар (масалан, четдан олиб келинадиган моллар учун ёки бино қуриш учун тузиладиган шартномалар) бўйича агар ушбу шартнома имзолангандан сўнг кутилмаган сабабларга кўра шартнома тузилган даврдаги ҳолатлар бутун шарт-шароитларни ва нархларни ўзгартириб ташлагудек даражада ўзгариб кетса ва бунинг оқибатида шартнома мажбуриятини бажариш нархларнинг беқарорлиги туфайли бир томонга катта миқдорда зарар келтирадиган бўлса ва бу нарса мажбурият юклатилган киши томонидан лоқайдлик ёки камчилик натижасида содир бўлмаган бўлса қози талабга биноан шартномачи учун келадиган зарарнинг миқдорини иккала шартномачига тақсимлаб берадиган суратда ҳақларга ва шартнома мажбуриятларига ўзгартириш киритиши мумкин ёки ҳали амалга оширилмаган шартномаларни бекор қилиши ҳам мумкин. Бу эса ҳақдор кишига адолатли тарзда товон тўлаш билан бўлади. Яъни келишувнинг бекор қилиниши туфайли ҳақдор кишига етадиган зарардан маъқул (оқилона белгиланган) қисмни тўлаш билан бўлади. Мақсад- мажбуриятчига қаттиқ зарар етказмаган ҳолда шартномачи томонлар ўртасида адолатни ўрнатиш. Ҳукм чиқарувчи қози эса бу мувозанатларнинг барчасида мутахассис кишиларнинг кўрсатмаларига таянган ҳолда иш олиб боради.

2) Шунингдек, қози агар содир бўлган сабаб қисқа вақт ичида завол топиши кутилса ва бу муҳлат ичида ҳақдор киши кўп ҳам зарар кўрмайдиган бўлса мажбуриятчини озгина муддат тўхтатиб туриши ҳам мумкин. Албатта, ислом ҳуқуқшунослик жамияти мажлисининг бу фикри шариат асосларига суянгандир. Мақсад - шартнома тузувчи томонларнинг ўртасида ўрнатиш вожиб бўлган адолатни амалга ошириш ва ундаги чорасиз бўлган сабабга кўра шартномачилардан бирига етадиган катта зарарни бартараф қилиш. Албатта, бу ечим шариат қоидаларига, умумий мақсадларига ҳамда адолатига яқинроқдир.Бу гаплар бошқа бир гапга,яъни: «Келишув бу - шартномачиларнинг ўрталаридаги тутган йўллари. Келишувга эса иттифоқ қилиб бўлинган. Албатта, зарар ҳам фойдага қараб бўлади», деб айтган сўзимизга зид келмайди. Чунки битимларда мақсадлар ва маъноларга қараб баҳо берилади, лафзларга қараб эмас. Бинобарин, келишувда белгиланган нарсаларнинг ўзини эътиборга олиб, катта зарарни ҳам, тўсатдан содир бўладиган оғир машаққатни ҳам эсдан чиқариш ярамайди.

Ибн қаййим роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Иъламул Муваққиъийн» деб номланган китобларида айтадилар: «Аллоҳ таъоло еру осмонларни қоим қилиб турган адолат бирла ўз пайғамбарларини ер юзига элчи қилиб жўнатди ва китобларини нозил қилди. Бас, адолатдан зулмга ва енгилликдан унинг аксига олиб чиқадиган ҳар бир иш Аллоҳнинг шариатидан эмасдир. қаерда адолатнинг далиллари зоҳир бўлса, бас, ўша ерда Аллоҳнинг шариати ва буйруғи бўлади».

 қон ва инсон аъзолари билан савдо қилиш

қон ва инсон аъзоларини пулга чақиб бўлмайди. Банда ўз аъзоларини сотиши мумкин эмас. Бироқ бу аъзоларини зарурат юзасидан савоб умидида садақа-эҳсон қилиши мумкин. Агар муҳтож киши бундай одамни топа олмаса, унга ўзини ҳалокатдан қутқариш учун зарур аъзоларни сотиб олиши жоиз ва гуноҳ сотувчига ёзилади. Агар муассасалар ва ҳайъатлар томонида қон ва тана аъзоларини садақа-эҳсон қилувчилар учун маълум маблағлар тайин қилинса ҳам, садақа қилувчи бу маблағни мусулмонларга фойда келтирадиган йўлларда сарф қилмоғи лозим. Ислом ҳуқуқшунослик жамиятининг мажлиси инсон аъзоларини бошқа кишиларга кўчириб ўрнатишга рухсат берган олимларнинг далилларини қувватли деб топди ва шунинг учун қуйидаги тўхтамга келди:

Биринчи: Тирик инсоннинг аъзосини олиб, шу аъзога муҳтож бошқа бир инсонга ҳаётини сақлаб қолиши ёки асосий аъзоларининг вазифаларидан бирини ўз ҳолига қайтариши учун- қўйиш жоиз. Чунки бу аъзоси олинадиган кишига нисбатан инсоний ҳурматга зид келмайди. Шу билан бирга унда катта манфаат ва аъзо кўчириб қўйиладиган киши учун яхшигина ёрдам бор. Агар унда қуйидаги шартлар тўла бўлса, шак-шубҳасиз у шаръий ҳамда мақтовга сазовор амалдир:

1. Фидойи шахсдан ушбу аъзони олиш унинг оддий ҳаётига салбий таъсир кўрсатадиган даражада зарар бермаслиги керак. Чунки шаръий қоидага биноан зарар ўзига ўхшаш зарар билан ёки ундан кўра каттароғи билан бартараф қилинмайди. Сабаби бу пайтда фидойилик ўзини ҳалокатга ташлаш қабилида бўлади. Бинобарин бундай амал шариат кўрсатмалари бўйича жоиз эмас.

2. Аъзони фидойи кишидан мажбурий йўл билан эмас, ихтиёрий тарзда олмоқ керак.

3. Танг ҳолда қолган беморни даволаш учун бошқа инсоннинг аъзосини олиб қўйиш яккаю-ягона тиббий восита бўлмоғи лозим.

4. Олиш ҳамда қўйиш амалиётидан ҳар иккисининг ҳам муваффақиятли тугаши кўпинча аниқ бўлиши лозим.

Иккинчи: қуйидаги ҳолатларнинг рухсатлиги аниқроқ:

1. Ўлик инсоннинг аъзосини олиб, муҳтож бўлган бошқа бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун қўйиш. Фақат ушбу аъзоси олинадиган шахс мукаллаф бўлиб, ҳаёт пайтида бунга рухсат берган бўлиши лозим.

2. Ҳамиша аъзони гўшти ҳалол бўлиб, сўйиш йўли билан покланган ҳайвонлардан ёки зарурат пайтида бошқа ҳайвонлардан ҳам олиб муҳтож одамга қўйиш.

3. Инсон танасининг бир бўлагини унинг ўзига қўйиш ёки бирон ерини ямаш учун олиш. Масалан, зарурат вақтида терисидан ёки суягидан бир парчасини бошқа бир ерини ямаш учун олиш.

4. Маъданлар ёки бошқа моддалардан тайёрланган сунъий қисмларни инсон жисмига ундаги бўғинлар, юрак қопқоқлари (клапанлари) ва бошқа касалликларни даволаш учун қўйиш.

Ушбу тўрт ҳолатнинг барчасини мажлис юқоридаги шартларга кўра шариат томонидан жоиз деб эътибор қилади.

Дарҳақиқат, бу муаммо янгиланиб бораётган асримиз муаммолари жумласидандир. Бу фатволар шариатни ҳар ер ва ҳар замонда инсон эҳтиёжларини қондира олишига ёрқин намуна бўла олади. Бизларга исломни дин деб рози бўлган Аллоҳ таъолога ҳамдлар бўлсин.

 қимматбаҳо қоғозлар ва товарлар бозори (биржа)

Исломий ҳуқуқшунослик жамиятиниг мажлиси қимматбаҳо қоғозлар ва товарлар бозорини ўрганиб чиқиб қуйидагиларга қарор қилди:

Биринчидан: Молия бозори (биржа)нинг ғояси реклама қилиш, буюртма бериш ва муомалачилар эркин олди-сотди қила оладиган доимий бозорни ташкил этишдан иборат. Дарҳақиқат бу яхши ва фойдали ишдир. У яна олди-сотдига муҳтож, лекин аниқ нархларни билмайдиган, ҳамда ким сотишнию ким олишни билмайдиган кишиларга шу соҳани яхши биладиганлар томонидан эгалик (монополия) қилиб олинишидан тўсади. Бироқ айни пайтда мазкур бозорлар (яъни биржалар) шариат томонидан рухсат этилмаган, ҳамда қимор ва бировлар молини ноҳақ йўл билан ейиш мавжуд бўлган турли битимлар имзоланиши мумкин. Шунинг учун бу масалада умумий шаръий ҳукм бериб бўлмайди. Балки бозорлардаги жорий муомалаларнинг ҳар бирига алоҳида ҳукм чиқармоқ лозим.

Иккинчидан: Сотувчининг қўлида мавжуд ҳамда шариат бўйича келишув вақтида топширилиши шарт товарлар устидан бўладиган савдо битимлари жоиз. Албатта битимлар ҳаром нарсалар устида тузилган бўлмаслиги лозим. Аммо сотиладиган мато сотувчининг қўлида бўлмаса, унда «салам байъи»нинг шартлари тўла бўлмоғи лозим. Сўнг уни қўлга тегишдан олдин сотиш жоиз эмас. («Салам байъи» ўша заҳотиёқ бериладиган тўлов муқобили билан зиммадаги сифати маълум нарсага тузилган битимга айтилади. Унинг шартлари: олинадиган товар(яъни деҳқончилик ва боғдорчилик экинлари)нинг нархи, муддати, миқдори маълум бўлиши ва пули битим вақтида берилиши керак).

Учинчидан: Ширкат ва муассасаларнинг акциялари устида тузиладиган битимлар акциялар сотувчининг мулкида бўлгандагина шариат томонидан жоиз деб эътибор қилинади. Мазкур ширкат ва муассасалар ўз муомалаларини баъзи рибо йўли билан иш кўрадиган банк ширкатлари ҳамда ароқ сотувчи ширкатлар каби шариатда ҳаром қилинган йўналишда юритмасликлари ҳам талаб қилинади.

Тўртинчидан: Албатта тўлов-қарз ҳужжатларининг барча кўринишларига фойда олиш билан тузиладиган нақд ва насия битимлар мумкин эмас. Чунки бу битимлар ҳаром рибога асослангандир.

Бешинчидан: Молиявий бозор (биржа) жорий ҳолатга кўра сотувчининг ўз мулкида бўлмаган товар ва аксияларига насия тузиладиган барча хилдаги шартномалар жоиз эмас. Чунки бу шахснинг келишилган молни келажакда сотиб олиб, сўнг ваъдалашилган муддатда олувчига топшириш ниятида қўлида бўлмаган нарсага олди-сотди қилишидан иборат.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳузурингда (яъни қўлингда) бўлмаган нарсани сотма» деб марҳамат қилганлар.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам молни сотиб олинган ернинг ўзида, яъни савдогарлар уни ўз манзилларига олиб келмагунларича сотиб юборишдан қайтардилар».[16]

Олтинчидан: Молиявий бозор (биржа)даги кечиктирилган битимлар шариатда рухсат этилган «салам байъи» ўхшамайди. Бунинг иккита сабаби бор.

1- Молиявий бозор (биржа)да кечиктирилган битимларда пул келишув мажлисида тўланмайди. Тўлов айирбошлаш вақтигача кечиктирилади. «Салом байъи»да эса, пул шартнома мажлисида тўланиши лозим.

2- Молиявий бозор (биржа)да келишилган молни ҳали у биринчи сотувчининг зимасида туриб ва биринчи сотиб олувчи уни ўз мулкига ўтказишидан олдин бир неча бор сотиб юборилади. Бундан мақсад олиб-сотарларнинг - айни қимор каби чўталга эгалик қилиш ҳамда улар тарафидан ҳам касбга, ҳам фойдага хатар солишдан ўзга нарса эмас. Аммо «салам байъи»да бўлса, сотиладиган молни қўлга киритишдан олдин сотиш мумкин эмас.

Ислом диёрлардаги масъул кишилар шаҳарларида биржа бозорларини ҳалол-ҳаромга эътибор бермасдан ўзлари хоҳлаганидек муомала қилишларига йўл қўймасликлари лозим ва нархлар билан ўзлари истагандек ўйнашадиган кишиларнинг фаолиятига чек қўйишлари керак. Биржада тузиладиган битимларда шариат томонидан рухсат этилган йўлларга риоя қилишни мажбуран йўлга қўйиш ва шариатда қайтарилган шартномалардан қайтармоқлари лозим. Ана шунда улар молиявий инқирозга олиб келадиган, иқтисодни издан чиқариб, кўпчиликка кулфатлар келтирадиган ўзбошимчалик олдини олган бўладилар. Зеро яхшилик ҳар бир нарсада шариат йўлини лозим тутишдадир.

«Албатта, мана шу Менинг Тўғри йўлимдир. Бас, шу йўлга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни унинг йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангиз, деб сизларни мана шу нарсаларга буюрди».[17]

Кўриб турганингиздек, бир нарсага ҳукм қилиш уни тасаввур қилишнинг бир бўлагидир. Демак шаръий ҳукмлар ва шарт-шароитларни яхши билмоқ лозим. Чунки биз ҳалол билан ҳаром ўртасини ажратиб олишга муҳтожмиз. Ҳалол ҳам, ҳаром ҳам Аллоҳ таъоло томонидан белгилаб қўйилган. Бизга эса, «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат ўзингга қайтажакмиз» демоқдан ўзга нарса йўқ.

 қоғоз пул ва унинг шариат томонидан белгиланган ҳукмлари

Бугунги кунда қоғоз пулнинг ўз қийматига эга бўлиб у билан муомала қилишда олтин ва кумушнинг ўрнини боса олганлиги сир эмас. Олтин ҳамда кумуш билан муомала қилиш йўқолиб боргани сабаб бугунги асримиздаги кўп нарсалар у билан, яъни, қоғоз пуллар билан белгиланмоқда. Ва шунингдек одамлар ҳам унга эгалик қилиш ва сақлаб кўпайтиришга ўргандилар. У билан умумий тўлов ҳосил бўлмоқда. Бироқ унинг қиймати ўша қоғоз пулнинг ўзида эмас, балки ундан ташқаридаги нарсада, яъни ана шу қоғоз учун пайдо бўлган ишончдадир. У фақат муомала қилиш ва айирбошлашда восита холос.

Исломий қонуншунослик жамиятининг мажлиси қимматбаҳо қоғозлар турли хил жинсли, деб эътибор қилинди.

Масалан: жунайҳ, риёл, доллар ва ҳоказоларга ўхшаш. Уларда рибонинг иккала тури ҳам жорий бўлади. Агар уларнинг қиймати олтин ёки кумуш ҳисобида нисобга етадиган бўлса ёки бошқа турдаги қимматбаҳо нарсалар ва савдо учун олиб қўйилган моллар билан қўшилиб нисобга етса, қимматбаҳо қоғозлардан ҳам закот бериш вожиб. Шунингдек қимматбаҳо қоғозларни «салам байъида» ва ширкатларда сармоя қилишда ҳам ишлатиш мумкин.

 Пулни сотиш ёки алмаштириш

Пулни ўз жинсидан бошқа жинсда бўлган пулга қўлма-қўл топшириш шарти билан сотиш мумкин. Шунинг учун бир Сурия ёки Ливан лирасини бир Саудия риялига сотиш жоиз. Бир Америка долларини уч Миср жунайҳига ёки ундан озроғи ёки кўпроғига қўлдан-қўлга айнан топшириб сотиш мумкин. Чунки бу бир жинсни ўзидан бошқа бир жинсга сотиш деб эътибор қилинади. Ном жиҳатидан бир хил бўлиш асл ҳақиқатнинг турлича бўлгани учун ҳеч қандай таъсирга эга эмас. Алмаштириш ҳам сотишнинг бир тури. Савдо-сотиқ қуръон ва суннатга биноан жоиздир.

«Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол қилган».[18]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олтинни кумушга қандай хоҳласангизлар қўлма-қўл сотаверинглар», деб марҳамат қилганлар.

Дархақиқат унда мусулмон киши учун қўлидаги пулини ўзига керакли бўлган бошқа пулга алмаштиришида енгиллик бор. Баъзи пул алмаштиришнинг норасмий кўринишини ман этиб унга қора бозор деб ном қўйган. Улар пул билан олди-сотди қиладиган тижоратчиларни қамаб, ўзлари эса рибо-судхўрлик билан машғуллар!

Пул алмаштиришнинг дуруст бўлиши учун ўша ернинг ўзида пуллар қўлдан-қўлга ўтиши шарт. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида зикр қилинган сўзлари ҳамда Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу сўзлари далил бўлади. Умар розияллоҳу анҳу айтдилар: «Йўқ!, Аллоҳга қасамки токи шеригидан уни (яъни пулни) олмагунга қадар ажраб кетмайди».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олтинни кумушга сотиш рибо бўлади магар ҳа-ҳа (яъни, қани ҳа ол, бер бўла қол маъносида) бўлсагина (рибо бўлмайди), деб марҳамат қилганлар. Умар Талҳа ибн Убайдуллоҳга айтган эди. Ўшанда Молик ибн Авс исмли соҳоба Талҳадан пул алмаштирадилар-да динорларини олиб у кишига «Хазиначим ўрмондан келсин, дирҳамларни олиб келиб бераман», деб айтган эди.

Шунга ўхшаш сиз ҳам бировга сўм бериб долларни эртага ёки бирон соатдан кейин оламан, дейишингиз дуруст бўлмайди. Гарчи у омонатдор киши бўлса ҳам. Албатта ўша ерда ва ўша вақтнинг ўзида олди-берди қилмоқ даркор. Чунки розичилик ҳеч қачон рибони байъга ва ҳаромни ҳалолга айлантириб қўя олмайди. Агар сиз бирон кишини пул алмаштириб келиш учун вакил қилиб юборган бўлсангиз, вакил ҳам шу ишни рисоладагидек адо этиб, сотувчидан пулни ўша жойнинг ўзидаёқ олмоғи лозим.

Ибн қудома роҳимаҳуллоҳ айтадилар «Сарф (яъни пул айирбошлаш) пулларни ўзаро бир-бирига сотиш демакдир. Унинг тўғри бўлиши учун муомала жойида олди-берди қилиш уламолар ўртасида ихтилофсиз шарт қилинган».

Ибнул Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Аҳли илмлар орасида биз билган барча олимлар шунга қуйидаги фикрга иттифоқ қилишган: Пул алмаштирмоқчи бўлган кишилар олди-берди қилмасдан ажралиб кетишса, шак-шубҳасиз муомала фосид (бузилган) бўлади.

«Олтинни кумушга сотиш рибодир, магар ҳа ва ҳа (яъни қани ҳа ол, бер бўла қол маъносида) бўлсагина (рибо бўлмайди) «Олтинни кумушга қандай ҳоҳласанглар, қўлма-қўл қилган ҳолда сотаверинглар».

Шунингдек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олтинни кумушга насияга сотишдан қайтардилар. Насия олтинни нақд кумушга сотишдан ҳам қайтардилар. Булар саҳиҳ ҳадисларда собитдир. Олди-берди узоқ чўзилса ҳам ва улар биргалашиб бирларининг уйига ёки саррофнинг олдига бориб унинг ҳузурида олди-берди қилишса ҳам муомала жоиз бўлаверади. Бу сўзни имом Шофеъий айтганлар. Агарда улар қўлма-қўл қилишдан олдин ажралиб кетишса, алмаштириш ўзининг бир асосий шартини йўқотгани сабаб ботил бўлади. Чунончи пулниг бир қисмини олиб, сўнг ажралиб кетишган бўлса, олинмай қолганида ва унинг эвазига бериладиган пулда муомала ботил бўлади. (Масалан менда 100 доллар бор эди, шундан 50 гини сўмга алмаштирмоқчи бўлиб пулфурушга айтсам унда ҳозир 50 га сўми бўлиб, 50 қайтими йўқ экан. қолган 50 унда қарз тураверадими? Дўконга кириб 10 сўмга қалам олдингиз-да, сотувчига 100 сўм узатдингиз. Агар унда қайтим бўлмаса ёки озроқ бўлса, «кейинроқ бераман», деб айтиши мумкинми? Йўқ, чунки бу ерда икки амал бажариляпти: савдо ҳамда пул майдалаш, савдо дуруст бўладию бироқ пул алмаштиришда кечиктириш жоиз эмас) Аммо ажралиб кетишдан олдин олинган баъзи пулларнинг дуруст ёки дуруст бўлмаслиги тўғрисида уламолар ихтилаф қилишган.

Чек йўқ пулнинг ўрнига ўтади

Бу барча банк ёки шахслар ўртасида пул алмаштирилаётган вақтда содир бўлади. Киши банкка сўм топшириб ўрнига бошқа пул бирлиги (масалан долларга нисбатан ўша кундаги қийматга тенг келадиган миқдорда чек олади) Натижада яхшигина ўринбосарга айланади ва қўлма-қўл қилинганликнинг ҳукмига ўтади. Чунки у йўқ пулнинг ўрнига ўтади. Саудия Арабистонидаги фатволар идорасига қуйидаги савол билан мурожаат қилинди.

Савол: қўлимда Саудия рияллари бор эди. Мен уни Миср жунайҳларига айлантирган ҳолда Мисрга юбормоқчи бўлдим. Сарроф (кассир) ҳам мендан риялларни қабул қилиб олиб, ўрнига Мисрдаги ходимидан миср жунайҳларини олишим учун менга чек ёзиб берди. Мен саррофдан Миср пулларини қабул қилиб олмадим. Уларни кўрмадим ҳам. Балки пулнинг ўрнига у менга қарз қоғозларини топширди. Эҳтимол мен ундан пул алмаштирмоқни талаб қилганимда ҳам саррофнинг хазинасида Миср жунайҳлари бўлмаган бўлиши ҳам мумкин. Мана шу амал жоизми?

Жавоб: Жоиз. Чунки чекни қабул қилиб олишингиз гўё Миср жунайҳларини қабул қилиб олишингиздир. Бу нарса «ҳавола»га (яъни пулни бир кишининг зиммасидан бошқа бир кишига кўчириш ёки юборишга) ўхшаб кетади. Агар ўша ернинг ўзида жунайҳларни қабул қилиб олиб, ундан сўнг сарроф уни Мисрга жўнатса, шак-шубҳасиз бу амал тўла-тўкис ҳамда эҳтиёткорлик билан қилинган иш бўлар эди.

Эски пулни қийматидан ортиғига сотиш жоиз эмас

Айримлар эски пулларни, масалан истеъмолдаги ўн чақа тангани бир жунайҳга - бу чақа тангалар тарихий бўлиб қолган деб - сотишга ўрганиб қолишди. Баъзилар юз жунайҳ бахосидаги пулни бир юз бир жунайҳга сотишганининг ҳам гувоҳи бўлдик. Бироқ бундай муомалалар мумкин эмас. Чунки бир жинсли пулни бир-бирига сотишда қўлма-қўл ва баробар бўлмоғи шарт. Ушбу маъно қоғоз пулларнинг ўзигагина чекланиб қолмай, балки барча рибо жинслари ҳам айни шу ҳукмни олади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Олтинни олтинга сотманглар. Магар теппа-тенг бўлган ҳолдагина (сотаверинглар) Баъзисини баъзисига зиёда (яъни тафовут) қилманглар ва йўқ олтинни нақдига ҳам сотманглар».[19]

«Олтинни олтинга (сотиш, алмаштириш) рибодир. Магар ҳа - ҳа (ол ва бер бўлса, жоиз) Кумушни кумушга (сотиш, алмаштириш) рибодир. Магар ҳа ва ҳа (яъни ол ва бер бўлсагина жоиз).[20]

Шундай қилиб исломий қонуншунослик жамиятининг мажлиси қарор қилади: Бир хил жинсли бўлган қоғоз пулларни бир-бири билан насияга ёки қўлма-қўл бўлсин ортиғига сотиб бўлмайди. Масалан ўн риял Саудия қоғоз пулини ўн бир риял Саудия қоғоз пулига сотиш мутлақо ҳаром. (Шунингдек янги 100 $ ни масалан, эски 100 $ га қўшимча қиймат билан алмаштириб бўлмайди).

 Тилла бозори

1) Тиллани насияга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш йўли билан сотиб бўлмайди

Ибнул қаййим роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Рибо икки навдир... Рибо жалийнинг ҳаром қилинишига сабаб унда катта зарарнинг борлиги. Рибо хафий эса рибо жалийга олиб боргани сабаб ҳаром қилинди. Демак биринчиси (яъни жалий) қасддан ҳаром қилинди. Иккинчиси эса васила бўлгани учун ҳаром қилинди. Рибо жалий насия рибосидир. Жохилият даврида кишилар худди мана шу рибо асосида муомала қилишарди. Аммо рибо фазл (яъни рибога тааллуқли иккита бир хил жинсни бир-бирига ортиғи билан сотиш ёки алмаштириш) ни ҳаром қилиниши ҳаромга олиб борадиган йўлларни беркитиш бобидандир».

Рибо фазлга мисол: Бир қинтор (тақрибан 45 кг. га тенг) буғдойни биру тўртдан бир қинторга сотиш. Ёки бир соъ(ўлчов бирлиги, таҳминан икки, икки ярим кг. га тенг) хурмони бир ярим соъга сотиш. Бир уқия кумушни (пул бирлиги бўлиб 12 дирҳамга ёки 37, 44 г. га тўғри келади) бир уқия ва бир дирҳам кумушга сотиш.

Насия рибоси икки қисмдан иборат:

Биринчиси: Жоҳилият рибоси.

«Эй мўъминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз!».[21]

Бу рибонинг моҳияти шундан иборатки, бир шахс иккинчисига маълум муддатга қарз беради. Белгиланган муддат келганда, қарз берган киши қарздорга: Ё ҳозир қарзни тўлайсан, ёки кўпроқ қилиб берасан, дейди. Агар қарздор киши қарзини ўша заҳотиёқ тўламаса, қарзга яна маълум миқдорда қарз қўшилади ва тўлаш муддати ҳам узаяди. Шундай қилиб қарзлар маълум муддат ичида бир неча баробарга ўсиб кетади. Бир кишига ўн динорни хоҳ яқин, хоҳ узоқ муддатга бўлсин ўн беш динор қилиб қайтариш шарти билан бериш ҳам жоҳилият рибосига киради.

Насия рибоси эса: Рибовий (яъни рибога тааллуқли) нарсалардан бирини, мисол учун олтин, кумуш, буғдой, арпа ёки хурмони рибо жорий бўладиган бошқа бир навга сотишдир. Масалан бир қинтор хурмони бир қинтор бўғдойга маълум муддатга сотишлиги, ёки ўн динор тиллони бир юз йигирма дирҳам кумушга маълум муддатга сотишга ўхшаш.

«Тиллони тилло билан, кумушни кумуш билан, буғдойни буғдой билан, арпани арпа билан, хурмони хурмо билан ва тузни туз билан бир хилда, теппа-тенг ва ҳамда қўлма-қўл қилиб (сотинглар, алмаштиринглар) Агар бу жинслар ўзгарадиган бўлса, хоҳлаганингиздек, қўлма-қўл қилиб сотаверинглар».[22]

«Ундан (яъни рибовий жинслардан) ғойибини нақдига ҳам сотманглар».[23]

Шунинг учун олтинни кумушга фақат қўлма-қўл олди-берди қилиш орқали сотиш мумкин. Шунингдек тиллони пулга сотиш ҳам улардан бири мавжуд бўлиб иккинчиси ғойиб бўлса, дуруст эмас. (масалан, бир аёл танишидан тилло тақинчоқни қарзга - гарчи аксарини нақд бериб бўлса ҳам, сотиб олишига ўхшаш).

Саудия Арабистонидаги илмий баҳслар ва фатволар доимий бошқармаси фуқаро Абдуллоҳ Солиҳ ҳаммод томонидан тақдим этилган саволлар билан танишиб чиқиб, қуйидагича жавоб қайтарди.

«Мен қуйма тилла (шакл берилган тилла) билан олди-сотди қилар эдим. Бир одам менга тилла фақат нақд ҳолда, қўлма-қўл бериш йўли билан олди-сотди қилиниши керак деб айтиб қолди. Мен унга: Ахир бу Саудия жунайҳига ўхшаган пул эмас-ку! У бор-йўғи бир безак шаклида ишланган нарса холос. Унинг 18 тамғалиги (пробалиги) ҳам бўлади, 21 тамғалиги ҳам бўлади. Уни 21 ёки 18 тамғага айлантириш учун мис ҳам қўшилади. Бундан ташқари мен тиллани кумуш пулларга сотиб оламан, тиллага эмас», дедим-у ўзим ҳам шубҳаланиб қолдим. Аллоҳ таъоло сизларни яхшилик билан мукофотласин. Кейинги саволимга ҳам жавоб берсангизлар. «Агар сизлар муомалани битим тузилган ернинг ўзида қўлма-қўл қилиш керак, деб айтсангизлар, ушбу шартни бажармаганлар судхўрлар ҳисобланиб, Аллоҳ таъолонинг бу ояти остига дохил бўладиларми?».

«Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чолган мажнун каби турадилар».[24]

Жавоб: Тиллани тиллага ва кумушни кумушга сотишга теппа-тенг ҳамда қўлма-қўл бўлсагина рухсат этилади. Бунда олди-берди қилинадиган моллар (пуллар) хоҳ қуйма тиллалар бўлсин, хоҳ бири тилла бўлиб, бошқаси оддий пуллардан иборат бўлсин, ёки иккиси ҳам банкнот қоғозларидан бўлсин, ёки улардан бири банкнот қоғозларидан (яъни банк томонидан чиқариладиган ва пул ўрнида юрадиган патентсиз кредит билетларидан) бўлиб, бошқаси қуйма тилла ёҳуд оддий пуллардан иборат бўлсин бунинг аҳамияти йўқ. Аммо алмаштириладиган маблағнинг бири қуйма тилла ёки пул бўлса-ю, иккинчиси қуйма кумуш ёки пул бўлса, улар бир-биридан миқдорда фарқ қилиши жоиз. Бироқ шунда ҳам келишув ўрнидан ажраб кетмасдан, алмаштириладиган маблағларни қўлма-қўл амалга оширилади. Ушбу масалада бошқача йўл тутиш рибодир ва у билан шуғулланадиган кишилар Аллоҳ таъолонинг:

«Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар», ояти остига дохил бўлишади.

2) Ҳийла ишлатиб рибо қилиш ҳам ҳаром

Аллоҳ таъолонинг дини устида қўлланиладиган барча ҳийлалар ҳаромдир. Ҳийла мубоҳ битимни юзага кетириб, у билан алдов орқали ҳаромни мақсад қилиш ва Аллоҳ қайтарган нарсаларига йўл очиш, вожибн бекор қилиш ёки ҳақиқатни инкор қилиш ва шунга ўхшашлар демакдир.

Айюб Сухтиёний айтадилар: «Улар Аллоҳ таъолони ёш болани алдагандек алдамоқчи бўлишади. Аслида улар ўша ишни ўз ҳолида бажаришганда, бундан кўра осонроқ бўлар эди. Чунки Аллоҳ таъоло ҳийла қилишга уринган умматни азоблаб маймунга айлантирди, уларни ҳаддидан ошганлар, деб бу уқубатни ўша вақт ва кейинги даврлар учун ибрат ва мавъиза қилди».

Баъзи муфассирлар Аллоҳ таъолонинг: «Тақволи кишилар учун мавъиза», деган сўзида «Яъни Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари учун» деб айтишган.

Саудия Арабистонидаги фатволар идорасига йўлланган саволларда шундай дейилган: Бир киши мендан қуйма тилла олди. Тилланинг баҳоси минг риёл туради. Мен тиллани нақд пулга олмаса бўлмайди дедим. Шунда у «агар ундай бўлса, менга минг риял қарз бериб туринг», деди. Мен минг риёл берган эдим, уни тиллага нарх қилиб тўлади. Шу амал жоизми?

Жавоб: Йўқ. Чунки у рибога ҳийла ишлатилиш ҳамда иккита битимни: қарз ва байъни бир вақтнинг ўзида жамлаш демакдир. Бир вақтнинг ўзида икки битим ўртасини жамлаш ҳам ман қилинган.

Савол: Бир киши бошқа бировга бир неча қоп гуручни насияга сотди. Олувчи молни сотувчидан қабул қилиб олиб, бозордаги даллолга очиқ савдога қўйиш учун топширди. қопларни даллолдан яна бошқа киши сотиб олди ва даллолга кейинроқ оламан деди. Олувчи ҳозир бўлмагани сабаб биринчи бор молни сотган киши мен олувчининг вакилиман, даллолдан молни унинг ўрнига мен қабул қилиб оламан деди. Шунда ўша ерда турганлар «Бу рибо, рибо» деб қичқиришди. Бизга бу масалада фатво берсангизлар. Аллоҳ сизларга ажру-савоб ато этсин.

Жавоб: Агар даллолдан гуручни сотиб олган киши уни ўзи учун сотиб олган бўлса, у билан биринчи сотувчининг ўртасида ушбу гуручларни яна ўша биринчи сотувчига қайтариш учун сотиб олишга олдиндан келишиб олинган бўлмаса, шунингдек у сотувчининг ишларини бажарадиган ишчиси ҳам бўлмаса ва биринчи сотувчининг гуруч қопларини қабул қилиб олиши даллолдан сотиб олган киши учун ваколат тарзида амалга оширилган бўлса, шак-шубҳасиз байъ дуруст ва унда ҳеч қандай судхўрлик йўқ. Аммо биринчи сотувчи билан даллолдан сотиб олган киши ўртасида қопларни қайтадан биринчи сотувчига қайтариш учун олдиндан келишиб олинган бўлса, албатта бу амал рибо ва байъ ҳам дуруст эмас. Уларнинг қилган ишлари ҳийладан бошқа нарса эмас. Бироқ у Аллоҳга махфий бўлиб қолмайди. Ҳаромни ҳалолга айлантириб қўймайди.

Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у кишининг оила аъзоларига Аллоҳ таъолонинг саловоти бўлсин.

3) Эски тиллани сотиб ва унга бошқасини сотиб олиш

Тилла бозорида (заргарлик дўконларида) кенг тарқалган савдолардан бири эски тиллани янги тиллага сотиб, ўртадаги вазн фарқини ва ясашга сарфланган хизмат ҳаққини тўлаш. Бу муомала ҳаром қилинган рибо суратларидан биридир. Аслида шариат ҳукмига риоя қилинса бу масала жуда осон ечим топади. Бунинг учун биринчи тиллани (хоҳ у эски ёки синган бўлсин ёки 21 тамғали тилла бўлсин) сотиб юбориб, ўша ернинг ўзида харидордан пулни олгандан сўнг, унга хоҳлаганингизча ва яна тамғаси қандай бўлишидан қатъий назар янги тилла сотиб олаверасиз.

Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Тиллани тиллага сотманглар, магар бир хил бўлсагина (сотаверинглар), бирини биридан зиёда ҳам қилманглар. Кумушни кумушга сотманглар, магар бир хил бўлсагина (сотаверинглар), бирини биридан зиёда ҳам қилманглар, ундан (яъни тилла ёки кумушдан) насиясини нақдига сотманглар». «Тиллани тиллага сотманглар, кумушни ҳам кумушга (сотманглар), фақат вазни баробар, қўлма-қўл ҳамда теппа-тенг бўлсагина (сотаверинглар)».[25]

Бағавий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ушбу ҳадисда бир киши агар тилла буюмни (тақинчоқ ёки қуйма тиллани) оддий тиллага вазнини теппа-тенг қилмасдан сотса, жоиз эмаслигига ёки ясашга сарфланган хизмат ҳаққини талаб қилса ноҳақ бўлишига далил бор (чунки бу ҳолатда ҳам тиллани тиллага ортиғи билан сотиш бўлиб қолади)».

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Уламолар айтишади: Бу (яъни рибо жинсларини) бир-биридан ортиғига сотиб бўлмаслиги барча кумуш ва тилла навларини* яхшиси, ёмони, бутуни, сингани, безак қилиб ясалгани, тозаси ёки бошқаси билан аралаштирилган бўлсин, ҳаммасини ўз ичига олади. Бунга уламолар иттифоқ қилишган».

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Тилланинг барча синфлари: тилла танга, нақш солингани, яхшиси, ёмони, бутуни, сингани, безак қилиб ишлангани, бўлаги, тозаси, аралашгани, барча-барчаси тилла ҳукмига киради».

Нававий ҳам айни ҳукмга уламолар ижмо қилишганини айтган.

қуртубий айтадилар: «Оқ ва қора кумуш, қизил ва сариқ тилла - буларнинг барчасини бир-бирига сотиб бўлмайди, фақат бир-ҳил ва баб-баробар бўлсагина сотиш мумкин».

Бир нарсани ўз жинсига ортиғи билан сотиш рибо бўлади. Масалан тиллани тиллага, буғдойни буғдойга, ёки хурмони хурмога ортиғи билан сотиш. «Бир куни Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига «бараний» (навли) хурмодан олиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Эй Билол, буни қаердан олдингиз?- дедилар. Билол:

- Бизда сифати пастроқ хурмо бор эди. Мен ундан икки соъ келадиганини олиб, бир соъ яхшисига, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам есинлар, деб сотиб олдим»- дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Эҳ (бу ахир) айни рибонинг ўзику... Айни рибонинг ўзи-ку... Ундай қилманг. Агар сотиб олишни хоҳласангиз, хурмони бошқа кишига сотинг-да, пулига бошқасини олинг,- дедилар».[26]

Рибо байъларининг ҳукми, яъни эски тиллани янги тиллага ортиғи билан сотиш ёки тиллани бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишга ўхшаш байъларнинг ҳукми тузилган битимни бекор қилишдан иборат. Аниқроғи томонлар ўз ҳақларини қайтариб олишади. Яъни биринчи томон эски тилласини олади, иккинчиси эса янги тилласини. Ёки буниси пулларини олади ва иккинчиси тилласини олади.

Аллоҳдан мағфират тилаймиз ва унга тавбалар қиламиз. Ўтган гуноҳларимизга надомат чекамиз ва қайтиб бу ишларга қўл урмасликка азм қиламиз.

 Маълум муддатга (насияга) ёки

 бўлиб-бўлиб тўлаш (кредит) баробарига тузиладиган байъ

Маълум муддатга ёки пулини бўлиб-бўлиб тўлаш муқобилига тузиладиган байъга шариат томонидан рухсат берилган. Бироқ бу турдаги байъ билан муомала юритадиган кишининг мақсади молдан (товардан) фойдаланиш ёки савдогарчилик қилиш бўлмоғи керак. Аммо унинг мақсади кумуш (яъни пул) бўладиган бўлса, муомала макруҳ саналади. Масалан, бир молни маълум муддатга аста-секин тўлаш шарти билан сотиб олиб, сўнг уни бошқа кишига нақд пулга эришиш мақсадида арзон баҳога сотиб юборади. Молдан фойдаланиш ҳам, унда савдогарчилик қилиш ҳам унинг фикридан йироқ. Буни таварруқ (яъни муомаладан мақсад фақат пулга эришиш) деб номланади.

Шайхул-ислом Ибн Таймия айтадилар: «Дарҳақиқат унинг (яъни таварруқнинг) макруҳлиги борасида ихтилоф қилинган. Умар ибн Абдулазиз ва Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ (икки ривоятнинг бирида) таварруқни кариҳ кўришган. Умар ибн Абдулазиз «Таварруқ рибонинг иниси (укаси) яъни рибонинг асли» деб айтганлар. Мана шу гап қувватлироқ».

Бўлиб - бўлиб тўлаш шарти билан тузиладиган байъ туфайли ҳосил бўладиган ортиқча маблағ тўлаш учун берилган муддат муқобилида (баробарида) бўлади, ва унда ҳеч қандай зарар йўқ.

Мисрдаги фатволар уйи (Дорул ифто) томонидан нашр этиладиган фатволар китобининг 337-саҳифасида «Салам байъи ва насия байъи шариат томонидан жоиздир» деган унвон остида қуйидагилар келтирилган: Маҳсулотларни йиғиб териб олишдан олдин келишилган муайян баҳога байъ қилиш шариат томонидан жоиз байъ деб эътибор қилинган ва унга сотувчи ҳам, харидор ҳам муҳтож бўлгани учун, ижмоъ (яъни уламоларнинг иттифоқи) ҳам бор. Бу байъ (яъни салам) белгиланган баҳони бир неча муддат ўтгандан сўнг тўлаш шарти билан тузилган байънинг шаръан жоизлигига ўхшайди... Аммо муомаланинг иккинчи нави бўлмиш насия байъи, яъни молни белгиланган баҳога бир неча муддат ўтгандан сўнг тўлаш шарти билан тузиладиган байъ ҳам жоиз байълардан деб эътибор қилинган. Бинобарин шариат бўйича байъда пулни ўша заҳоти тўлаш ҳам мумкин ёки маълум муддатга кечиктирилса ҳам бўлаверади.

Саудиядаги фатволар идораси нақд байъни маълум муддатга узайтириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш сабабли қўшиладиган зиёда пулнинг ҳукми ҳақида қуйидагича жавоб берди:

Агар маълум муддатга белгиланган байъ эътиборли шартларни ўз ичига олган бўлса, шак-шубҳасиз бу байъ жоиз. Шунингдек пулни бўлиб-бўлиб тўлашнинг ҳам зиёни йўқ. Фақат тўланадиган пуллар ва уларнинг муддатлари аниқ маълум бўлмоғи лозим.

«Эй мўминлар, бир-бирларингиз билан (маълум муддатга) қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар!».[27]

«Кимда-ким бирон нарса (яъни сотиб олиш учун) олдиндан ҳақ тўлаб қўйган бўлса, ўлчови, вазни ва муддати маълум нарсада ҳақ тўласин».

Ҳадисда келган «Бариранинг» қиссаси ҳам юқоридаги сўзимизга далил бўла олади. қиссада Барира исмли аёл ўзини хўжайинидан тўққиз авоққа, ҳар йили бир уқия (12 дирҳамга тенг) бериш муқобилига сотиб олади. Бу ҳам бўлиб-бўлиб тўлаш байъи деб аталади. Уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам инкор этмаганлар.[28] Ушбу муомалада пул молни нақд баҳосига тўғри келсин ёки қўшиб белгиланган муҳлат сабабли ундан кўра ортиқроқ бўлсин, унинг фарқи йўқ. Аллоҳ тавфиқ ато этгувчи зотдир.

Савол: Битта қўйни иккита ёки учта қўй эвазига, йигирма йил ёки ундан ҳам кўпроққа насияга сотса бўладими?

Жавоб: Нақд турган ҳайвонни бир ёки бир нечта ҳайвонга хоҳ яқин, хоҳ узоқ муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш билан бўлса ҳам, насияга сотиш жоиз. Фақат бўлиб-бўлиб тўланганда тўловни аниқ ажратадиган сифатлар билан белгиламоқ лозим. Тўланадиган ҳайвон хоҳ сотилган ҳайвоннинг жинсидан бўлсин, хоҳ бошқа аҳамияти йўқ. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир туяни иккита садақа-закот туясига (яъни садақа туялари келгунича) сотиб олганлар».[29]

 Бўлиб-бўлиб тўлаш (кредит) байъига тегишли муҳим нуқталар

Биринчи: Агар кредитга товар сотиб олсангиз, унинг пули зиммангизда қарз бўлиб қолади. Ана шундан кейин сотувчининг «Агар кредитни ўз вақтида тўламасангиз қарзга яна қўшилади» деб айтиши нажоиз.

«Эй мўминлар (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! (Шунда) шояд нажот топгайсиз. Ва кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингиз. Аллоҳ ва пайғамбарига итоат қилингиз. Шояд Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўлсангиз».[30]

Сиз ночор ҳолга тушиб қолганингизда, бойигунингизга қадар, у кутиб туриши лозим. Шунингдек рухсат этилган кредит(насия) байъи билан ундаги белгиланган муҳлат сабабли келадиган ортиқча маблағнинг ўртасини яхшилаб фарқламоғимиз лозим. Масалан молнинг бугунги баҳоси ўн сўм бўлса, мен уни маълум муддатга (насияга) ўн икки сўмга сотиб оламан. Байънинг бу сурати жоиз ва унда ҳеч қанақа шубҳа йўқ. Аммо иккинчи суратда, яъни қарзни кредит ҳолида тўлаб, ҳар бир бўлагига масалан саккиз фойздан қўшиб бериш ва муддат узайгани сайин бу нисбатнинг ўсиб бориши ёки ўсмаслиги шак-шубҳасиз рибо насия ва рибо фазлга киради. Баъзи кишилар ўзларига йўл ахтариб: «Бу фоиз муштарийни тезроқ қарзидан қутилиши учун ундов бўлади» деб ҳам қўйишади. Албатта бошқаларни бу ишга кафил қилиб қўйсангиз ҳам бўлади. Шунда қарзни ё муштарийнинг ўзи тўлайди, ёки у ночор бўлиб қолса, кафолатга олган тўлайди. Агар бойигунга қадар кутиб турсангиз, сизга яхши бўларди. Бироқ нима бўлганда ҳам рибо билан муомала қилмоғингиз ва ҳар-хил шубҳалар билан ўзингизга йўл топмоғингиз дуруст эмас.

Иккинчи: Айрим кишилар орага товар киритиш йўли билан ҳийла қилишга уринишади, уларнинг асл мақсадлари ўн сўм бериб ўн икки сўм олиш бўлади. Улар ўзича гўё (молни) насияга сотгандек бўлишади. Аммо бу қилган ишлари пулни пулга сотишдан ўзга нарса эмас.

Шайхул-ислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳга савол беришди: Бир киши бировдан минг дирҳам пулни бир йилга бир минг икки юз дирҳам қилиб қайтариб бериш шарти билан сўради-да унга минг дирҳамга от ёки газлама сотди ва ундан ҳалиги молни насияга бир минг икки юз дирҳамга сотиб олди. Мана шу иши жоизми?

Жавоб: Йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳам бунга очиқ далолат қилади. Бир киши ипак сотиб, сўнгра ўша ипакнинг ўзини бир дирҳам ошиғига насияга сотиб олган экан. Ана шу киши ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббосдан сўрашди. У киши дирҳамлар билан дирҳамлар (олди-сотди қилиниб) орасига ипак киритиб қўйилибди деб жавоб берибдилар. Ушбу саволни Анас ибн Моликдан сўраганларида, у киши: «Бу Аллоҳ ва росули ҳаром қилган нарсалардан»- деб айтган эканлар. Ойша розияллоҳу анҳо Зайд ибн Арқамнинг боласини онасига (яъни чўрисига): «Сотган ва сотиб олган нарсанг мунча ҳам ёмон экан. Зайдга айтиб қўй, агар у тавба қилмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга қилган жиҳодини (савобини) бой берибди»- деган эканлар.

Демак, кишининг мақсади дирҳамларни дирҳамлар билан насияга айирбошлаш (олди-сотди қилиш) бўлса, ниятига яраша рибо бўлади.

«Кимда-ким битта байънинг ўзида иккита байъни амалга оширса, унга (икки байъдан) озроғи бўлади ёки (қилган амали буткул) рибодир». «Агар ъийна билан олди-сотди қилсангизлар, молларнинг (чорваларнинг) думига эргашсангизлар (яъни чорвачилик билан машғул бўлиб қолсангизлар) ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни ташласангизлар, Аллоҳ таъоло устингларга хорликни юборади ва уни то динингизга қайтмагунингизгача сизлардан кўтармайди».[31]

Ийна байъи деб бир байънинг ўзида икки байъни амалга оширишга айтилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бир вақтнинг ўзида қарз ҳам, байъ қилиш ҳам, байъда иккита шартнинг мавжуд бўлиши ҳам, кафолатланмаган нарсанинг фойдаси ҳам, хузурингда (яъни қўл остингда) бўлмаган нарсани сотиш ҳам ҳалол эмас».[32]

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам киши бир нарсани сотиши ва шунинг билан бирга унга қарз беришини ҳаром амал, деб белгиладилар. Чунки у қарздан келадиган фойдани ўйлаб, байъда унга ён босади. Бу эса рибодир. Масалан, сиз бир кишига менда яхши товар бор, олмайсизми?- деб таклиф киритсангиз, у «менга қарз бериб турсангиз, олавераман», деб жавоб қилади. Шунда сиз 100 сўмлик нарсани унга қарз бераётганингиз учун 110 сўмга берсам ҳам олаверади, деб, қимматга сотасиз.

Ушбу ҳадислар икки киши ўзаро келишиб мақсади пулни пулга ортиғи билан насияга олди-сотди қилиш бўлса, шак-шубҳасиз бу амал рибодир. У молни сотиб, сўнг уни ўзи сотиб оладими ёки ҳам сотиб, ҳам қарз берадиган бўлсин фарқи йўқ. Аллоҳ билгувчироқ!

Ҳадисда зикр қилинган ъийна байъи тўғрисида Рофиъий шундай деган эканлар: «У (яъни ъийна байъи) бир нарсани насияга сотиш ва уни муштарийга топшириб, сўнг пулни олишдан олдин ўша нарсани насия баҳосидан кўра озроқ миқдордаги баҳога нақдга сотиб олишдир».

қомусда айтилишича: «Тижоратчи молини насияга сотади, сўнг уни сотган пулидан кўра озроқ пулга ўзи сотиб олади.

Имом Аҳмад ъийна ҳақида шундай деган эканлар: «ъийна (дегани) бир кишининг қўлида моли бўлиб уни фақат насияга сотади. Агар молни бир йўла нақдга, ҳамда насияга сотса зарари йўқ».

Насияга сотишдан мақсад берилган муддат туфайли келадиган ортиқча маблағни қўлга киритишдан иборат. Яъни агар матони бугунги нархига биноан нақд ва насияга сотса, ҳеч қандай кароҳати бўлмайди. Аммо аксига олиб, барча байъи насия бўлса, бу имом Аҳмаднинг сўзларига биноан макруҳ деб эътибор қилинади. Бироқ кароҳат байънинг жоиз бўлмайди, дегани эмас. Чунки муддатга (насияга) деб тузилган байъ уламолар иттифоқига кўра ҳаром эмас.

Учинчи: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимда-ким битта байънинг ўзида иккита байъни амалга оширса, унга (икки байъдан) озроғи бўлади ёки (қилган амали буткул) рибо бўлади». Бу ҳадисдаги қайтарувни уламолар икки хил тафсир қилишган.

1. Сизга бир кўйлакни нақдга ўн сўмга ёки бир ой муддатга насияга ўн икки сўмга сотдим деб айтиб, келишув ўрнида бирон нарсани аниқ қилмаган ва у матони нақдга сотдими ёки насияга сотдими, буни ҳам равшан айтмаган бўлса, бу байъ кўпчилик аҳли илмлар наздида фосид байъ деб эътибор қилинади. Аммо ўша ернинг ўзида олувчи билан икки ишдан бирига келишиб олса, ҳеч қанақа хилофсиз байъ саҳих-дуруст бўлади.

2. «Бу нарсани сенга фалон пулга яна уни қайтариб, ўзимга фалон сўмга сотишинг, менга ҳовлингни ижарага беришинг ёки мендан фалон нарсани сотиб олишинг шарти билан сотдим деб айтиш», ҳам ботилдир. Бу ерда шартнинг аҳамияти йўқ. Бунга бир неча мисоллар келтириш мумкин. Масалан: Сотувчининг сиз харид қилмоқчи бўлган нарсангизга бошқа бир нарсани ҳам қўшиб олсангизгина сотишини шарт қилмоғи. Эҳтимол у нарсани сотиб олмоқни хоҳламайсиз. Аммо сотувчи иккита молни бир қилиб битта баҳога сотса жоиз.

 қимор, лоторея ва бахт чипталари

Мисрдаги «Дорул Ифто» фатволари китобининг 124-бетида «Лоторея байъи» сарловҳаси остида қуйидаги иборалар келтирилган:

1) Нарсаларни бахт (лоторея) йўли билан сотиш ҳаромдир. Чунки у жаҳолат сабабли ботил ёки фосид бўлади.

2) Бирон нарса тўлаб, сотиб олинган нарсанинг нималигини билмайдиган ёки олган нарсаси тўлаганига тенг келиш-келмаслиги ҳақида ҳеч нарса билмайдиган ҳар-бир кишининг ҳатти ҳаракати қимор ҳукмида бўлади.

Савол: «Лоторея қоғозларининг пулидан жамланган маблағлар ушбу қоғозларни босиб чиқарган кишилар учун ҳалолми?

Ушбу саволга «Дорул ифто» қуйидагича жавоб берди. Жавоб «фатволар» китобининг 108-саҳифасидан жой олди. «Албатта лоторея номи билан танилган нарса қимор бўлиб, шариат томонидан ҳаром қилинган. Ушбу йўл билан топилган барча моллар жамловчининг ҳузурида ҳаром ва ифлос бўлган ҳолда тўпланиб ётади. Уларни агар ўз эгаларига қайтаришни иложи бўлса, дарҳол қайтармоқ лозим».

Модомики амал фосид экан яхши ниятларга эътибор берилмайди. Яхши амаллар ҳеч қачон қиморга йўл очиб бермайди ва уни мубоҳга айлантириб қўя олмайди.

Ҳар-бир нарсани ўз номи билан айтмоғимиз зарур. қиморни ҳар қанча бахт, насиб, бахтли воқеа деб атасак ҳам, барибир у қиморлигича қолаверади. Ароқ, рибо, фосиқлик ва бузуқчиликка нисбатан ҳам шу ҳукм собитдир. Номлар -улар ҳар қанча гўзал, туйғуларни қитиқлайдиган бўлмасин, - ҳеч нарсани ўзгартирмайди.

Дарҳақиқат, Саудиядаги фатво бўлими баъзи ширинлик ва ичимлик ишлаб чиқарадиган корхоналар бошқа корхоналардан ўзиб кетиш учун қилишадиган бахт (лоторея) мусобақаларини ҳаром қилинган қимор суратларидан бири деб сифатлаган. Чунки бу бошқаларнинг касодга учрашига сабаб бўлади.

 Рибо йўли билан муомала

 юритадиган банкларга пул қўйиб кўпайтиришнинг ҳукми

Банкларга маблағ қўйиб кўпайтириш мумкин эмас. Чунки бу амал шариат томонидан ҳаром қилинган рибо турларидан биридир. Ҳатто маблағ етимларнинг ҳаққи бўлса ҳам, барибир бундай муомалага йўл йўқ.

Мисрдаги фатволар уйидан етимларга қарашли молларни маҳаллий банклардан бирига қўйишнинг ҳукми ҳақида сўралганда, фатволар уйи қуйидагича жавоб берди:

Ушбу савол билан танишиб чиқиб шуни билдирамизки, мазкур суратда молни ўстириш жоиз эмас. Чунки у шаръан ҳаром қилинган рибо қабилидандир. Шунингдек етимларнинг маблағларини ҳам мазкур йўл билан кўпайтириб бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таъоло молни кўпайтириш учун белгилаб берган йўллар кифоядир. Масалан, молни бирон кишига шариат томонидан рухсат этилган музораба йўли билан фойдаланиш учун топшириш ёки бирон нарса олиб қўйиб, пул керак бўлганда уларни сотиш. Аллоҳ таъоло билгувчироқ.

Фатволар уйи қуйидаги фатвони ҳам эълон қилди. Банкка қарашли пуллардан тижорат йўлида фойда (фоиз) тўлаш шарти билан олиш рибо бўлиб, у шариат томонидан ҳаром қилинган.[33]

Дорул ифтога йўлланган яна бир саволда қуйидагилар битилган экан: (511-с) «Мисрдаги банклар ҳар юз (жунайҳ)га миқдори 7, 5 ёки 8, 5 ёки 13 фоиз бўлган маблағ ҳажмида йиллик фойда тўлайди. Баъзи уламолар бунинг жоизлигига фатво беришган. Уларнинг айтишларича муомала шахслар билан эмас, балки ҳукуматга қарашли банклар билан тузилади. Бу эса рибо шартларига кирмайди. Савол йўллаган киши ушбу фойданинг ҳукми ҳақида сўраб мурожаат қилди.

Жавоб: «Аллоҳ таъоло айтади: «Судхўр бўлган кимсалар (қиёмат кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалган мажнун каби турадилар. Бунга сабаб уларнинг: «Байъ (олди-сотди) ҳам судхўрликнинг ўзи-ку?»- деганларидир. Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Бас, кимга Парвардигоридан мавъиза-насиҳат етгач (судхўрликдан) тўхтаса, у ҳолда аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга (топширилади) (Яъни ўзи хоҳласа авф қилар) Ва ким (судхўрликка) қайтса, ўшалар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар. Аллоҳ судхўрликнинг (фойдасини) йўқ қилади ва садақаларнинг (фойдасини) зиёда қилади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб биладиган) кўрнамакни ва (судхўрлик қиладиган) жиноятчини севмайди».[34]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Тиллани тилла билан қўлма-қўл (олди-сотди) қилинади, ортиқчаси эса рибодир. (Яъни миқдори озроқ бўлган яхши тиллани миқдори кўпроқ бўлган ёмон тиллага айирбошлаш рибодир)».

Модомики, банкларга пул қўйиш олдиндан тўланадиган фойда эвазига бўлар экан, уни қонун ҳам фойда эвазига бериладиган қарз деб сифатлаган. Бу фойда шариат томонидан ҳаром қилинган рибо мақомида бўлади. Мусулмон киши дарҳол бу молларни садақа қилиб юбориб, қутулмоғи лозим. Аммо бу муомала шахслар ўртасида эмас, балки ҳукуматга қарашли банклар билан тузилади, деган сўзга келсак, муомалаларнинг қонун томонидан фойда эвазига бериладиган қарз деб сифатланиши ҳар қандай шароитда ҳам ўзгармас бўлиб қолаверади. Шаръий далилларда ҳам шахслар ўртасида рибо билан шахсларнинг давлат билан тузадиган рибо муомалалари ажратилмаган. Мусулмон кишига Аллоҳ рози бўладиган тарзда ҳалол касб қилмоғи ва шубҳалардан узоқроқ бўлмоғи лозим. Аллоҳ таъоло билгувчироқ.

Ушбу ҳукм омонат касса дафтарчасининг тушумлари ва инвестисия гувоҳномаларига ҳам тегишлидир. Инвестисияга эга тушумлар ҳукмига рад:

1) Ислом судхўрликнинг ҳар иккала навини: рибо насия ҳамда рибо зиёдани ҳаром қилди. Ушбу ҳукм қуръони Карим, пок суннат ҳамда исломнинг бошидан то бугунги кунгача келган мусулмон имомларининг иттифоқи билан собит бўлган.

2) Инвестисия гувоҳномалари учун қонун томонидан берилган тўғри сифат ушбу гувоҳномалар фойда эвазига бериладиган қарзлар бўлиб, айни мана шу сифат уларни олдиндан тўланадиган маълум фойдалар доирасига киритади. Бу муомалани эса шариат ҳаром қилган ва уни рибонинг зиёда навидан деб белгилаган. Ундан мусулмон кишининг фойдаланиши ҳалол эмас. Омонат фойдалари ёки фойда эвазига пул қўйиш ҳам шунинг ўзи.

3) Бу фойда раҳбар томонидан бериладиган мукофот деб эътибор қилинади, деган сўз кириши олдиндан белгиланган гувоҳномаларга нисбатан тўғри келмайди.

4) Фойдалардан холи бўлган ютуқли гувоҳномалар баъзи уламолар томонидан ижозат этилган ваъдали ютуқ доирасига киради.

Саудия Арабистонидаги «Дорул ифто» маркази қуйидагича фатво чиқарди: Рибо банкларида иштирок этиш мумкин эмас, ҳеч ким билан рибо муомалаларини тузмаслик керак. Чунки бу гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилишдир.

«Яхшилик ва тақвода ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва тажовузкорликда ҳамкорлик қилмангиз!».[35]

Банкларга қарашли улуш (аксия)ларни сотиш ҳам, сотиб олиш ҳам дуруст эмас. Чунки у тенглик ҳамда қўлма-қўл бўлишини шарт қилмаган ҳолда пулларни пулларга сотишдан иборат. Устига устак улар рибога асосланган муассасалардир. Демак, ҳеч қандай ҳамкорлик қилиб бўлмайди.

 Банкда хизмат қилиш ҳукми

Рибо ишларида ҳамкорлик қилиш шариатда ҳаром. Ҳатто бу ҳамкорлик котиблик, гувоҳ бўлиш ёки шунга ўхшаш бирон бир амалдан иборат бўлса ҳам, барибир ҳукм ўзгармайди.

Савол: «Бир киши ер кредитлаш банкида котиб бўлиб ишлайди. Дин унга бу иш билан шуғулланишни ҳаром қиладими? Шуни ҳам билдирмоқ лозимки, у одам тирикчилик сабабидан айни ишга ўта муҳтож. Ҳолбуки, банк юритадиган барча ишлар фойда олиш ва рибо устига қурилган. Буни эса шариат ҳаром қилинган.

Жавоб: Албатта, рибо қуръон ва суннат далиллари билан, ҳамда бутун мусулмонлар иттифоқига биноан ҳаром қилинган. Рибога таалуқли амалларни қилиш ҳам - амал туридан қатъий назар - ҳаром ишга ёрдам беришга киради ва бу шаръан ҳаромдир.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рибони егувчини ҳам, едиргувчини ҳам, котибини ҳам, гувоҳларини ҳам лаънатладилар».[36]

Демак, гувоҳ ҳам, котиб ҳам гуноҳкор. Ушбу ҳукм шунингдек, бошқа банкларга ҳам, омонат дафтарчасига ўхшаш ундан бошқа рибо муомалаларига ҳам тааллуқлидир. Аллоҳ таъоло билгувчироқ.

 Рибо банкларига маблағ қўйишнинг

 ҳаромлиги ва рибодан орттирилган фойдаларни ишлатиш

Саудиядаги фатволар уюшмаси маълум қиладики, рибо банкларига маблағ қўйиш, гарчи унинг фойдаси олинмаса ҳам жоиз эмас. Чунки киши бу иши билан рибо банкларига гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ёрдам берган бўлади. Аллоҳ таъоло эса бундан қайтарган. Аммо кишининг ўзга чораси қолмаса, фойда олмайдиган бўлса ва молини сақлаш учун рибо банкларидан бошқа жой топа олмаса, зарурат туфайли Худо хоҳласа, зарари бўлмайди.

«Ахир, У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни муфассал баён қилган-ку. Магар музтар-ночор бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсалардан ейишингиз мумкин)».[37]

қачон маблағни қўйиш учун исломий банк ёки унда гуноҳ ва ҳаддан ошиши йўлида ҳамкорлик қилиш бўлмаган омонатли жойни топса маблағни рибо банкига қўйиш жоиз бўлмайди.

Агар пули бор одам пулларни ҳаром йўл билан олди-сотди қилмаслигига ишонган кишининг қўлига топшира олса, шундай қилиши вожиб бўлади. Агар пулларини ўзида қолдиришга кўнгли бўлмаса, ҳамда уларни шаръий муомалаларда ишлатадиган кишининг қўлига ҳам топшира олмаса ва пуллар йўқ бўлиб кетишидан қўрқса, имкони борича ушбу пулларни банклар ичида ҳаром билан камроқ шуғулланадиганига қўйишга ҳаракат қилади.

Агар пулларни бир ердан иккинчисига рибо банклари орқали ўтказиш зарурати туғилса, бу ишнинг ҳам -худо хоҳласа,- зарари йўқ.

«Ахир У сизларга ҳаром қилинган нарсаларни баён қилган-ку. Магар музтар-ночор бўлиб қолган ҳолингиздагина (у нарсаларни ейишингиз мумкин)».[38]

Шак-шубҳасиз, маблағларни рибо банклари орқали бир ердан иккинчисига ўтказиш бугуннинг умумий заруратлардан биридир. Зарурат туфайли фойдани шарт қилмаган ҳолда уларга маблағ қўйиш ҳам шунга киради. Аммо бирон шартсиз ёки келишувсиз унга фойда тўланса бу пулларни яхши ишларга сарфлаш мақсадида олиш мумкин. Масалан, камбағалларга ёрдам бериш ёки қарздорларга сарфлаш учун. бу пулни фойдаланиш ёки эгалик қилиш мақсадида олиб бўлмайди. У аслида нопок йўл билан топилган пул бўлса-да, олмай ташлаб қўйиш мусулмонларга зарар берадиган молнинг ҳукмидадир. Уни кофирларга Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар йўлида фойдаланишлари учун ташлаб қўйгандан кўра мусулмонлар учун ёрдам бўладиган ишларга сарфлангани афзал. Бироқ агар маблағларни исломий банклар орқали ёки мубоҳ йўллар билан ўтказишнинг имкони топилса, бу ишни рибо банклари орқали қилиб бўлмайди. Шунингдек, маблағларни исломий банкларга ёки исломий савдога қўйишнинг имкони туғилса, зарурат йўқолгани сабабли рибо банкларига маблағ қўйиш жоиз бўлмайди. Аллоҳ таъоло тавфиқ эгасидир.

 қонуншунослик жамияти

 томонидан белгиланганмуҳим қарорлар

1) Пулларни бир ердан бошқасига банк орқали ўтказишда чек қўлма-қўл қилиш ўрнига ўтади.

2) Бир жинсга эга бўлган пулни банкда омонат қўйилган бошқа жинсли пулга алмаштирмоқчи бўлган киши учун банк дафтарчасига қайд қилиб қўйиш қўлма-қўл қилиш ўрнига ўтади.

3) Банк томонидан қарздор кишига қарзни белгиланган муддатдан кечиктиргани сабабли ундан жазо сифатида қўшимча маблағ талаб қилинмайди. Савол: Агар қарздор қарзни вақтида тўлай олмаса банкнинг қарздордан қарзни тўлаш учун ўрталарида белгиланган муддатдан кечиккани туфайли маълум миқдорда молиявий жазо талаб қилиши мумкинми?

Бир қанча изланишлардан сўнг қонуншунослик жамияти мажлиси ушбу саволга қуйидагича жавоб берди.

Албатта қарздор киши қарзни тўлаш учун ўзаро келишилган муддатдан кечикса, унга пул эгаси тарафидан жазо сифатида маълум миқдорда молиявий маблағ тўлашни шарт қилиниши ёки аввал шартлашилмаган бўлса муддатдан ўтгач қўшимча пул тўлаш мажбурият қилиб юкланиши мумкинмас. Шубҳасиз аввал қўйилган шарт ҳам, кейин юклатилган мажбурият ҳам ботилдир ва бундай шарту мажбуриятларга вафо қилмаслик керак. Бу қўшимча маблағ пул эгаси томонидан ёки бошқа киши томонидан шарт қилинишидан қатъий назар барибир пул эгасига ҳалол бўлмади. Чунки айни шу муомала қуръони Каримда ҳаром қилинган жоҳилият рибосидир.

Агар қарздор рибо фойдаларини тўламайдиган бўлса, ҳозирги кундагидек қамоқ билан қўрқитилса, нима қилади?

Кўриниб турибдики, бу ерда мажбурлаш бор. Мажбурлаш эса ихтиёрни бекор қилади.

«Умматимдан хато қилиб, унутиб ва мажбуран қилдирилган ишлар гуноҳи авф этилди».[39]

Шунинг учун қарздор Парвардигорига истиғфор айтмоғи ва банк билан судхўрлик йўлида муомала қилиб, натижада ўзини ночор аҳволга тушириб қўйгани учун тавба қилмоғи лозим.

 Агар ҳалол билан ҳаром

 аралишиб кетса, ҳукми нима бўлади?

Имом Шофеъийнинг шогирдлари ва Аҳмаднинг зикр қилишларига қараганда молининг кўпроқ қисми ҳалол бўлган киши билан муомала қилиш мумкин. Бироқ ҳаром кўпроқ қисмни ташкил этса, у билан муомала қилиш хусусида иккихил фикр мавжуд. Агар молнинг кўпроқ қисми ҳалолдан иборат бўлса ҳамда ўша ҳалол маблағ сиз билан бўладиган муомалани ўз ичига олса, у билан муомала қилишингиз мумкин. Бироқ шунда ҳам молнинг эгасига насиҳат қилиб қўймоғингиз лозим. Бироқ молнинг ҳаммаси ҳаромдан иборат бўлса ёки муайян бўлаги ҳаром мол бўлса, ундан олди-сотдида ҳам фойдаланиб бўлмайди ва уни бировга ҳадя қилиш ҳам жоиз эмас. Масалан ўғирланган моллар. Аммо ҳалол билан ҳаром аралашиб кетса, уни мубоҳ билан муомала қилаётгандек ният қилиб ишлатса бўлади. Хусусан муҳтожлик вақтида жоиз. Дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яҳудийлар билан ўзаро олди-сотди қилар эдилар. Маълумки, уларнинг моллари орасида судхўрлик моллари, ароқ сотиб топилган пуллар мавжуд эди. Бироқ улар савдогар халқ бўлишган. Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина яҳудийлари дастурхонига чақирилганлар. У зот бу дунёдан кўз юмган вақтларида совутлари бир яҳудийнингб қўлида гаровда эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон яҳудийлар билан муомала қилишдан қайтармадилар. Мусулмон киши ҳар қанақа яхшиликка лойиқроқ, кофир эса барча ёмонликларга муносибдир. Агар мусулмон киши шариат фуқаҳоларидан айримлари рухсат этганидек муомала қиладиган бўлса, бизга ҳам -Шайхул-ислом ибн Таймия айтганидек- биродаримиз билан муомала қилиш дуруст бўлади. Ҳатто биз бу муомаланинг жоизлигини маъқулламасак ҳам.

Шайхул-ислом Ибн Таймиядан ҳалол молига ҳаром аралашиб кетган киши ҳақида сўрашди.

«У одам ҳаромнинг миқдорини ўлчаб чиқаради ва уни эгасига қайтаради. Ҳалол эса ўзида қолади. Агар эгасини билмаса ёки билиш мушкул бўлса, эгаси номидан ушбу пулларни садақа қилиб юборади».

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳдан жоҳиллигида қўшиқчи бўлиб кўп мол-дунё топган аёл ҳақида сўрадилар. Кейин у тавба қилибди, ҳажга борибди ва ҳозир Аллоҳ таъолонинг тоатида бардавом. Агар у ҳалол-ҳаромдан ишлаб топган пулидан ўзига ҳам ишлатиб, садақа ҳам қиладиган бўлса, ажр-савоб ёзиладими?

Шайхул-ислом жавоб бердилар: Ишлаб топилган мол аслида олиб қараладиган бўлса мубоҳ бўла туриб, бироқ мақсад бузулиши туфайли ҳаром қилинган нарса бўлса, уни ейиш дуруст эмас. Мисол учун: Узумни сотиш аслида мубоҳ, аммо уни ароқ тайёрлайдиган кишига сотиш мумкинмас. Ёки ароқ тайёрлаш ё уни ташиш учун ёлланиб топилган пул ҳаромдир. Аммо бир нарсанинг айни ўзи ёки манфаати ҳаром бўлса - мисол учун фоҳишанинг ҳақи ва ароқнинг пулига ўхшаш - бу ўринда пулни харидордан сотувчи қўлига ўтишдан олдин сотувчиники деб ҳукм қилиб бўлмайди, шунингдек агар пулни унга бериб юборса, қайтариб беришга ҳам ҳукм қилинмайди. Масалан ислом давлатида ароқ сотаётган кишини ҳали у пулни қўлига олмасидан туриб савдо устида ушлаб олиниши шунга мисолдир. Чунки пулни уларга (фоҳиша ё ароқфурушга) берилиши уларнинг гуноҳ қилишларига ёрдамдир. Сабаби уларга ҳақни ҳам, хизматни ҳам жамлаб берган бўлади. Бу мол фоҳишага, ароқфурушга ва шунга ўхшашларга ҳалол бўлмайди. У пулни олиб қўйилиб мусулмонлар учун манфаатли бўлган йўлларда сарфланади. Агар фоҳиша ва ароқфуруш тавба қилса ва жуда камбағал бўлишса, уларга ушбу молдан ҳожатларига ярашасини бериш мумкин. Яъни фоҳиша ёки ароқфуруш тижорат қилишга, тикувчилик ва ипакчиликка ўхшаш ҳунарга қодир бўлса, унга сармоя бўладиган миқдорда пул берилади. Аммо ҳалол деган эътиқод билан (байтул молдан эканини эътироф қилган ҳолда) шу пулдан садақа қилмоқчи бўлса, садақаси дуруст деб эътибор қилинади ва унга ажр-савоб ҳам ёзилади (яъни ўзи садақа бергандек эмас, бировнинг садақасини ўрнига етказиб қўйгандек ажр олади, валлоҳу аълам). Агар ўз молини садақа қилиб юбораётган кишидек садақа қилса, Аллоҳ таъоло ундай садақани қабул қилмайди. Зеро Аллоҳ таъоло покиза нарсадан ўзгасини қабул қилмайди. Ароқфуруш ва фоҳишанинг моли эса ўзида қолса ифлос молдир. У ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«Фоҳишанинг маҳри хабис - ифлосдир».

Шайхул-ислом Ибн Таймиядан вафот этган судхўр (яъни рибо билан муомала қиладиган) киши ҳақида сўралди:

У бир қанча мол ва бир фарзанд қолдирибди. Ўғил отанинг ҳолатини билади. Энди ушбу мол фарзандга мерос орқали ҳалол бўладими?

Жавоб: Фарзанд пулдан рибо деб билган миқдорни чиқариб ёки имкони бўлса, қайтаради. Агар эгаси топилмаса, садақа қилиб юборади ва қолгани унга ҳалол бўлади. Лекин агар қарзни тўлаш учун ёки нафақаю рўзғор туфайли бу пулга муҳтож бўлмаса, шубҳали миқдорини тарк қилгани мустаҳаб. Агар ота ушбу пулларни баъзи бир уламолар рухсат этган рибо муомалалари орқали топган бўлса, меросхўр фойдаланиши мумкин. Ҳалол билан ҳаром аралашиб кетса ва уларнинг аниқ миқдори билинмаса, мол тенг иккига бўлинади. Шунда унинг ярми ҳалол ва ярми ҳаром деб эътибор қилинади.

Пули ҳамда тайинли касби бўлмаган аёл ва унинг болаларига оталарининг молидан ҳожатларига ярашасини олишлари ҳалол. Ҳатто ҳаром пул бўлса ҳам, зарур эҳтиёжни йўқотиш учун бу иш дуруст бўлади. Отага эса ҳақларни ўз эгаларига қайтармоқлик буюрилади. Зеро қарамоғида бўлган кишиларни қаровсиз ташлаб қўйиш гуноҳ саналади. Шунинг учун эр бола-чақаларини покиза касб-кор билан парвариш қилмоғи лозим.

 Жарима шарти

қонуншунослик жамиятининг мажлиси жарима шартини ўрганиб чиқди ва ушбу баҳснинг муқаддимасида қуйидагилар келтирилди:

Жарима шарти ушбу ном билан аввалги фуқаҳолар наздида машҳур бўлмаган. унинг зикри фиқхий масалалар кўринишида келган. Эҳтимол биринчи бўлиб унинг исломий фиқҳда намоён бўлиши имом Бухорий саҳиҳларида санади билан ибн Сийриндан ривоят қилинган ҳадис бўлса ажаб эмас. Унда ривоят қилинишича бир киши Курайхга: «Мени ҳам карвонинга қўш, агар сен билан бирга фалон куни сафар қилмайдиган бўлсам, юз дирҳам тўлайман»-деди. Ҳақиқатан ҳам чиқа олмади. Шунда қози Шурайҳ: «Кимки ўзига-ўзи ихтиёрий суратда бирон нарсани шарт қиладиган бўлса, унга ўша шартни бажармоқ лозим бўлади»- деб айтдилар.

Айюб роҳимаҳуллоҳ айтдилар: Ибн Сийриндан ривоят қилинишича бир киши иккинчи кишига таом сотадиган бўлибди-да: «Агар чоршанба куни келмасам, сен билан менинг ўртамда ҳеч қанақа байъ йўқ»-дебди. Ўша куни келмабди. Шунда Шурайҳ муштарийга: «Сен хилоф қилдинг» деб унинг зарарига ҳукм қилдилар.

Устоз Мустафо Зарқо дедилар: «Усмонийлар даврининг охирларига келиб, Европа билан ташқи савдо кенгайди ва ички савдо ҳамда турли саноатлар ривожланди. Ўтган даврларда мавжуд бўлмаган турли хил ҳақ-ҳуқуқлар пайдо бўлди. Мисол учун, муаллиф, ихтирочи ва шунингдек фанда янги асар яратган ҳар-бир кишининг ўз ижоди ёки ихтироларидан фойдаланиш йўлидаги имтиёзларига ўхшаш. Унинг номини адабий ва саноат мулкчилиги деб номланди. Зеро бу ҳуқуқ ва имтиёз эгалари уларни сотишга ва улардан фойдалана оладиган кишиларга ўтказиб беришга муҳтож бўлишди.

Кейинчалик муомалада ажнабий завод ва фабрикалар билан бирга товарларга буюртма бериш йўли орқали ишлаб чиқариш битимларининг кўлами кенгайди. Шунингдек, ҳукумат идоралари, ширкатлар, заводлар ва мадрасалар учун керакли нарсалар, озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж молларини олиб келиб бериш учун тузиладиган битимлар ҳам аста-секин ривожланди. Буларнинг барчаси эса ўзига хос турли хил суратлардаги шартлашувларга таянади. Иқтисодий ҳаракатда вақтнинг қиймати ҳам ошди ва келишувчи томонлардан бирининг ўз бўйнига олган мажбуриятларни вақтида бажаришдан кеч қолиши ёки умуман воз кечиши иккинчи бир томонга унинг вақтида ва молида аввалдагидан кўра кўпроқ зарар берадиган бўлди. Агар саноат молларини заводга етказиб бериш учун битим имзолаган киши белгиланган вақтдан кеч қоладиган бўлса, заводдаги иш тўхтаб қолади. Агар савдогарга бериладиган мол белгиланган вақтдан кеч келса ва шу муддат орасида молнинг нархи тушиб кетса савдогар зарар кўриши ва баъзан бу зарар катта миқдорни ташкил этиши ҳам мумкин. Энди бу зарар мажбуриятчига асл мажбуриятини бажариб бериш ҳукми билан қопланмайди. Чунки айни ҳукм асл ҳақни ўз эгасига кафолатлаб беради, холос. Бироқ кўрилган зарар бу билан қопланмайди. Аслида томонлардан бирининг мажбуриятини ўз вақтида бажармасдан кеч қолиши оқибатида иккинчи томонга зарар етди. Шунинг учун инсонлар ўз битимларида мажбуриятни белгиланган вақтда бажармайдиган томонга молиявий кафолатлар шарт қилишга кучли эҳтиёж сеза бошладилар. Мана шунга ўхшаш шарт ажнабий фиқҳ истилоҳида (жарима шарти) деб номланади».

Мажлис ушбу масалага тегишли бўлган уламолар ва турли мазҳаб имомларининг сўзларини батафсил ўрганиб чиқиб қуйидаги хулосага келди:

«Эй мўминлар, аҳдларга (ўзаро келишилган битимларга) вафо қилингиз!».[40]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмонлар шартлари устидалар (яъни вафо қилмоқлари лозим) Магар ҳаромни ҳалол ёки ҳалолни ҳаром қиладиган шарт бундан мустаснодир».

Умар розияллоҳу анҳу деди: «ҳақларнинг ажрими-чегараси шартлар олдида». Олимлар дедилар: «Шартлардаги асл ҳукм саҳиҳлик (яъни барча шартлар тўғридир) ва улардан биронтасини шариат томонидан ҳаромлиги ёки ботиллигига аниқ ибора ёки қиёс орқали далил бўлмагунича ҳаром деб ҳам, ботил деб ҳам ҳукм қилинмайди». Юқоридаги далилларга таянган ҳолда ва аҳли илмлар зикр қилган ўзаро битимлардаги шартларни саҳиҳ ҳамда фосидга бўлинишини ва саҳиҳнинг ўзи ҳам уч қисмга бўлинишини маълум қиламиз.

Биринчи: Келишув тақозо қиладиган шарт. Мисол учун: қўлма-қўл бўлиш ва пулнинг келиб тушишини шарт қилмоқлик. Масалан, пулни нақд берасиз, мен сизга молни келтириб бераман.

Иккинчи: Келишув манфаатидан бўлган шарт. Мисол учун: Пулдаги сифатни шарт қилиш (кечиктириш, гаровга қўйиш ёки унга кафил бўлиш сингари) ёки сотиб олинган нарсанинг сифатини шарт қилиш. Масалан, чўрининг бокира бўлиши каби.

Учинчи: Унда маълум манфаат бўлган, лекин келишув тақозо этмаган ҳамда унинг манфаатидан ҳам эмас ва тақозо этган нарсаларига қарши ҳам бўлмаган шарт. Мисол учун: ҳовлисини сотган одам унда бир ой яшаб туришни шарт қилмоғи.

Фосид ҳам уч қисмга бўлинади:

Биринчи: тарафлардан бири иккинчисига бошқа бир битимни шарт қилиши. Мисол учун: қўшимча байъ ёки ижара.

Иккинчи: Келишув талабига зид нарсани шарт қилиш.

Мисол учун: Байъ қилинган нарсани сотиб юбормаслик, ҳадя қилмаслик, озод қилиб юбормаслик ёки зиёни чиқиб қолса, унга (ўзига) бўлмаслигини шарт қилиш.

Учинчи: Келишувнинг ҳосил бўлиши тааллуқ топган шарт. Мисол учун: «Фалончи келса, сотдим» деб айтиш.

Юқорида зикр қилинган оят, ҳадис ва имомлар фатволарига суяниб мажлис аҳли жарима шартини бир овоздан маъқул шарт деб топди.

Модомики, мажбуриятни бажармасликка шариат томонидан эътиборли узр топилмаса, уни бажармоқ вожиб бўлади. Шаръий узр эса жарима шартининг вожиблигини соқит қилади, аммо узр барҳам топиши билан шу шартга амал қилиш яна аввалгидек вожиб бўлаверади. Агар жарима шарти урф-одатга биноан ҳаддан ортиқ бўлиб, ундан молиявий таҳдидни ирода қилинса ва шаръий қоидалар талабидан узоқ бўлса, бу ҳолда қўлдан бой берилган манфаат ёки етган зарарга қараб инсоф ва адолатга қайтмоқ вожиб. Зеро, ихтилоф вақтида манфаат ёки зарарнинг миқдорини белгилаш учун билимдон ва мутахассис кишилар орқали шаръий ҳокимга мурожат қилинади. Мана шунда Аллоҳ таъолонинг қуйидаги оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларига амал қилинган бўлади.

Аллоҳ таъоло айтади: «Ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради».[41]

«Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир».[42]

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «(Исломда) Зарар бериш ҳам йўқ, (икки томонлама) бир-бирига зарар етказиш ҳам йўқ».

Аллоҳ таъоло ҳар бир ишга муваффақ қилгувчи зотдир. Пайғамбаримиз Мухаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у кишининг оила аъзолари ҳамда асҳобларига Аллоҳ таъолонинг саловотлари бўлсин.

 Мева ва сабзавотлар (кўкатлар) ваколати

1) Даллол ёки воситачи.

Имом Бухорий дедилар: Ибн Сийрин, Ато, Иброҳим ва Ҳасанлар даллолнинг ҳақи тўғрисида ёмон фикр билдиришмаган. (У, яъни даллол - сотувчи билан харидор ўртасида олди-сотди амалиётини осонлаштириш учун воситачилик қиладиган киши) Ибн Аббос айтдилар: «Мана бу кўйлакни фалон пулга сот, ортиқчаси ўзингга» деб айтмоқнинг зарари йўқ.

Ибн Сийрин айтдилар: «Агар уни фалон пулга сот, фойдаси сенга (ёки ўртамизда ) деса, зарари йўқ».

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмонлар шартлари устидалар (яъни вафо қилмоқлари лозим)».[43]

Имом Бухорий уни таълиқан зикр қилдилар: «Сотувчининг изнисиз даллолга ўз ҳақини олиш дуруст бўлмайди. У сотувчининг ишонган кишиси бўлиб, гўё вакилга ўхшайди. Шунинг учун унга рост сўзламоғи ва молни фалон пулга сотдим ёки фалон пулга сотиб олдим деб қандай бўлса, шундай айтмоғи лозим. Даллол кўрсатган ваколати ёки далолати учун ҳақ олиши мумкин, холос. Аммо унга ишониб топширилган нарсаларда ўзи учун олди-сотди қилишга ҳаққи йўқ».

Шайхул-ислом Ибн Таймия айтадилар: Ҳамду сано Аллоҳ учундир, молни овоза қилишда сотувчининг вакили бўлмиш даллолга сотувчининг хабарисиз харидорга шерик бўлмоғи жоиз эмас. Чунки молнинг нархини кўтарадиган ва сотиб оладиган киши маъно жиҳатидан унинг ўзи бўлиб қолади. Бу эса сотувчи учун хиёнатдир. Ундай воситачи молнинг нархи кўтарилишига йўл қўймайди ва молнинг нархини кўтаришда ҳамда овоза қилишни ниҳоясига етказишда сотувчи учун холис турмайди. Агар бу ишга бир тўда кишилар келишиб оладиган бўлишса, албатта улар хиёнатдан манъ қиладиган қаттиқ таъзирга лойиқ бўлишади. Уларга таъзир бўладиган нарсалардан бири эса даллолчиликдан манъ қилинишларидир.

2) «Ким ошди» савдоси.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин кишини биродарининг савдоси устига савдо қилмоқдан қайтардилар. Агар келишув ҳосил бўлиб битим ниҳоясига етган бўлса, бундай қилиш жоиз эмас. Аммо битим ниҳоясига етмоғи ва тўла бўлиши олдин бўлса, зарари йўқ. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам баъзи бир молларни савдога қўя туриб «Ким оширади» дер эдилар. Баъзида даллол ёки сотувчи билан мақсади молни сотиб олиш бўлмаган айрим кишилар ўртасида ўзига хос келишув пайдо бўлади. Яъни улар молнинг нархини кўтариш ва ана ўша ортиқча нархга бошқалар уни сотиб олишлари учун уларни қизиқтириш илинжида молга кўпроқ баҳо таклиф этиб туришади. (Бунинг номи «Нажаш» деб аталади). Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «нажаш»дан қайтардилар».[44]

«Нажаш» барча уламолар наздида ҳаромдир.

Ҳофиз ибн Ҳажар «Фатхул борий»да айтдилар: «Нажаш байъи хусусида ихтилоф қилинган. Ибн Мунзир бир тоифа аҳли ҳадислардан бундай байъни фосид деганларини нақл қилдилар. Зоҳирийлар ва бир ривоятда имом Молик ҳам шундай деганлар. Ҳанбалийларда ҳам бу фикр машҳур, улар нажаш байъи фосид бўлиши учун унинг мол эгаси билан келишган ҳолда ва унинг бош-қошчилигида амалга оширилган бўлишини шарт қилишади. Моликий ва Шофеъий мазҳабларидаги машҳур фикр - харидорда шу тариқа алдаб сотилган молни қайтариб бериши ёки рози бўлиб ўзида олиб қолиш ихтиёри собит бўлса нажаш байъини жоиз деганлар. Буни улар «мусоррот байъи»га (молни серсут қилиб кўрсатиш мақсадида бир-икки кун соғмай бозорга олиб чиқиб сотишга) қиёсан айтганлар. Аммо шофеъийларнинг ушбу масаладаги тўғрироқ фикрлари - бу байънинг гуноҳ бўлиши билан бир пайтда дуруст ҳам саналишидир. Ҳанафийлардан ҳам шундай қавл нақл қилинади».

Шайхул-ислом Ибн Таймия икки савдогар ҳақида сўралдилар. Уларга байъ учун бир мато рўпара қилинган ва ҳар бири уни сотиб олишга интилган. Шунда улардан бири иккинчисига «Тўхтаб туринг, мен сотиб оламан ва у ўртамизда бўлади» деб айтган. Унинг нияти ёлғиз ўзи харидор бўлиб, молнинг баҳосини кўтармаслик эди. Улардан бири молни сотиб олган. Пулини эса икковиларининг молларидан баробар тўлаган. Шу байъ дурустми ёки бунда мол эгасига қаллоблик қилинган бўладими?

Жавоб: Ҳамду сано Аллоҳ учундир. Агар бозорда улар билан ким ошди қиладиган киши бўлса ва улардан бири биродари билан шерик бўлгани учун у билан ким ошдини тарк этса бу ҳаром эмас. Чунки ким ошди боби очиқ. Бор-йўғи тижоратчилардан бири иккинчиси билан ким-ошди қилмади, холос. Аммо бозордаги харидорлар ўзларига керак бўлган молга эгаси қийматидан кўра арзонроққа сотиши ва уни ўрталарида бўлишиб олиш учун ким-ошди қилмасликка келишиб олишса, албатта бу мол эгасига кўп зарар келтиради. Ундаги алдовлар ҳам ҳеч кимга махфий эмас. Аллоҳ таъоло билгувчироқ.

Шунга ўхшаш бир саволга Саудия Арабистонидаги фатволар бошқармаси қуйидагича жавоб берди:

Бозор ёки бошқа ерда харидорларнинг молни муайян бир нархда ушлаб туришга келишиб олишлари ва унинг нархини кўтарилиб кетмаслиги учун қўллайдиган барча ҳийлалари ҳаромдир. Чунки бу молнинг эгаларига зарар келтиради. Худбинлик қилиш ҳам, ўзидан бошқаларга зиён етказиш ҳам ман қилинган. Шунингдек, у зарурат бўлмаган ҳолда молларга мажбуран нарх белгилаш ва бозорга мол олиб келаётганларнинг йўлларини тўсиб чиқиб, уларнинг молини кўтарасига сотиб олмоқ ва шунга ўхшаш нарсаларнинг маъносида бўлиб, унда бир киши ёки бир жамоа томонидан бошқа бировларга зарар бериш, ўртада гина ва адоватларнинг пайдо бўлиши, инсонларнинг молларини ботил йўл билан еб юбориш каби ёмон иллатлар мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бозорга мол олиб келаётганларнинг йўлларини тўсиб, уларнинг молини кўтарасига сотиб олмоқдан, шаҳарликнинг қишлоқдан келган киши учун сотиб беришидан, зарурат бўлмаганда молларга мажбуран нарх белгилашдан, ўз биродарининг белгилаган нархи устига нарх қўйишдан, биродарининг байъи устига байъ қилишдан, биродарининг совчиси (унаштириб қўйилган аёли) устига совчи қўйишдан ва шунга ўхшаш зулм, зарар етказиш, гина-адоват қўзғаш сингари ёмон нарсалар мавжуд бўлган муомалалардан қайтардилар. Шунинг учун молининг нархини кўтармасликка ўзаро келишиб олингани учун алданиб қолган сотувчига ихтиёр берилади. Хоҳласа байъни бузишни талаб қилади, хоҳласа уни давом эттиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва у кишининг оила аъзолари ҳамда саҳобаларига Аллоҳнинг саловотлари бўлсин.

 Пулнинг бир қисмини бериб қўйиш (Заколад)

Уламолар сўзига биноан, агар сотувчи билан харидор иттифоқ қилишса ва ҳали байъ ниҳоясига етмаган бўлса, бу дуруст, деб айтади Саудиядаги фатволар бошқармаси.

Ушбу муомаланинг сурати қуйидагича: Икки шахс ўзаро олди-сотди қилишади ва агар байъ тамомига етса, молнинг барча пули сотувчига тўланади. Аммо савдо пишмаса сотувчи ҳалиги пулни (заколатни) харидорга қайтармайди. Бунга Ибн Умар розияллоҳу анҳу рухсат берган. Ибн Сийрин ҳамда Ибн Мусаййаблар: «Агар молни ёқтирмай қолса, уни эгасига қайтармоғи ва яна унга қўшиб бирон нарса бериб қўйиши мумкин» деб айтишди. Имом Аҳмад бундай байъдан қайтарган ҳадисни заиф деб топдилар ва ўзлари Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилган бошқа бир ҳадисга биноан унга ижозат бердилар. Ҳадисда айтилишича Нофеъ Ибн Абдулҳорис Умар учун Сафвон ибн Умайядан «Дор Ас-Сижн»ни тўрт минг дирҳамга сотиб олдилар ва агар Умар рози бўлсалар байъ амалга ошган бўлади, рози бўлмасалар Сафвонга тўрт юз дирҳам бераман» деб шарт қилдилар.

 қўлингда йўқ нарсани сотма

Айрим кишилар фойда умидида битимлар тузишга шошилишади ва мақсадлари келишув ҳосил бўлгач молни бозордан сотиб олиб, харидорга келтириш бўлади. Шариат эса бу ишдан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ҳузурингда бўлмаган нарсани сотма»,- деб айтган сўзларига биноан қайтарган. Дарҳақиқат ҳалол ишларда барака бўлади ва ҳаромга эҳтиёж қолмайди. Молни қарзга (насияга) сотиб олмоғи ёки уни сотишдан олдин бировдан қарз олиб, сўнг харид қилмоғи ҳам мумкин. Ундан олдин эса (яъни ҳали мулкига ўтмаган товар учун) битим имзолаб бўлмайди. Агар фурсатни бой беришдан ва молни уддалай олмасликдан қўрқса, ихтиёр шарти билан шеригидан олиб турсин.

Ҳаким ибн Ҳизомдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Олувчи ва сотувчи то бир-бирларидан ажралиб кетмагунларича (молни олиш ёки олмаслик ҳақида) ихтиёрлари бор».[45] Агар улар бир-бирларига рост сўзлаб, молнинг айбини баён қилишса, олди-сотдида уларга барака ато этилади. Агар айбини беркитиб ёлғон сўзлашса савдоларидан барака кетади. Ихтиёр шарти бу олувчи ёки сотувчидан бири бирон нарсани маълум муддатга ихтиёр берилиши шарти билан сотиб олмоғидир. Агар у хоҳласа, мана шу муддат ичида байъни амалга оширади. Хоҳласа байъни бекор қилади. Бундай шартни олди-сотди қилувчи ҳар икки томон ёки улардан бири қилиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «ҳар бир олувчи ва сотувчининг ўртасида то ажраб кетмагунларига қадар ҳеч қанақа байъ йўқ, магар ихтиёр байъи (бўлади)»,- деб марҳамат қилдилар.

Белгиланган муддат тугагач, битим бекор қилинмаса, байъ охирига етади (тўлиқ бўлади) Сўнг молни қабул қилиб олиб, уни ўз ерингга олиб бориб қўймоғинг керак. Зинҳор уни олган ернинг ўзида қайта сотиб юборма.

Саудиядаги фатволар бошқармаси молларни жойида туриб олди-сотди қилиш ҳақида сўралди.

Жавоб: Мусулмон киши учун молни хоҳ нақд пулга бўлсин ёки насияга бўлсин, агар у қўл остида бўлмаса, сотиши жоиз эмас. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳаким ибн Ҳизомга: «Ҳузурингда бўлмаган нарсани сотма» дедилар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Бир вақтнинг ўзида) ҳам қарз, ҳам байъ қилиш ва ҳузурингда бўлмаган нарсани сотмоғинг ҳалол бўлмайди»- дедилар.[46]

Молни сотиб олган киши уни қабул қилиб олиши (яъни ўзининг мулкига ўтказиши)дан олдин қайта сотиб юбормоғи мумкин эмас. Бунга юқорида келтирилган икки ҳадис ва қуйидаги Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам далилдир:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам молларни сотиб олинган ернинг ўзида савдогарлар уни ўз ерларига олиб бормасдан туриб сотиб юборишдан қайтардилар».[47]

Ҳозирда айрим савдогарлар молларни ўзлари кўрмасдан сотиб оладилар-да, тегишли ҳужжатларни имзолашгач, молларни сотувчининг мулкида қолдиришади. Сўнг бошқа бировга худди шу тарзда пуллаб юборишади. Бу шаръан мумкин эмас.

 Фойда келтирган ҳар қандай қарз рибодир

Кўпинча тижоратчилар деҳқонларга қарз беришади ва эвазига деҳқон ўз маҳсулотларини қарз олган тижоратчига сотади. Бу мумкин эмас. Имом Молик «Муватто»да ривоят қилади: Кунларнинг бирида бир киши Абдуллоҳ ибн Умарнинг ҳузурларига келиб: «Эй Абу Абдураҳмон, мен бир кишига бир нарсани қарзга бериб, унга берган нарсамдан кўра афзалроғини қайтаришни шарт қилган эдим» деди. Абдуллоҳ ибн Умар: «Мана шу рибодир» деб жавоб бердилар. Шунда ҳалиги одам: «Энди мен нима қилай, эй Абу Абдураҳмон» деди. Абдуллоҳ ибн Умар қуйидагича жавоб бердилар: «қарз уч хил бўлади. Бир қарзки, сен уни Аллоҳ дийдорини умид қилиб берасан ва у сени Аллоҳнинг дийдорига мушарраф қилади. Иккинчи бир қарзки, уни сен дўстингнинг розилигини умид қилиб берасан ва у билан дўстингни рози қиласан. Учинчи бир қарзки, сен уни покиза нарса билан ифлос нарсани олмоқ учун берасан ва бу рибодир. Ҳалиги одам яна: «Эй Абу Абдураҳмон мени нима қилишга буюрасиз?»- деди. Абдуллоҳ ибн Умар: «Мен сенга саҳифани яъни ўрталарингизда ёзилган битимни йиртиб ташлашингни маслаҳат бераман. Агар қарзингнинг ўзини қайтарса, уни қабул қиласан, агар берганингдан кўра озроғини қайтарса ҳам уни оласан ва сенга ажр бўлади. Агар ўзи хоҳлаб сенга берганингдан кўра яхшироғини қайтарса, бу унинг миннатдорчилиги, сенга эса берган муҳлатинг учун ажр-мукофот бўлади»,- дедилар.

Агар қарз берган киши ортиқроқ қилиб қайтаришни шарт қилса ёки урф-одатга биноан қарзни кўпайтириброқ тўласа, албатта ножоиз. Аммо иш бундан ҳоли бўлса, қарздор киши ҳақдорни тақдирламоғи ёки олган қарзини кўпайтириброқ қилиб бермоғи мумкин. Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарзга туя берган эди. Кейин уни талаб қилаётиб қўполлик қилди. Шунда саҳобалар унинг адабини бериб қўйишмоқчи бўлишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни тўхтатиб:

«Мол эгасисининг гапиришга ҳақққи бор»,- дедилар-да, унга бир туя бериб юборишни буюрдилар. Аммо саҳобалар: «Сизга берилган туядан ёши каттароқ туя топа олдик, холос»,- дейишди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ёши катта бўлса ҳам, бериб юбораверингизлар, чунки сизларнинг яхшиларингиз - ўз қарзини (вақтида, чиройли қилиб) адо этганларингиздир!»- дедилар.[48]

Ибн Ҳажар айтдилар: «Ушбу ҳадисда олинган қарзнинг баробаридан кўра афзалроқ нарсани тўлаш жоиз эканига далил бор. Фақат битим тузиш вақтида бунга келишиб олинмаган бўлса, кифоя. Чунки унда уламолар иттифоқига кўра битим ҳаром бўлади. Моликийларда эса тўланадиган қарзнинг ортиқчаси борасида тафсилот мавжуд. Агар қарзнинг ортиқчаси саноқда бўлса, манъ қилинади ва сифат жиҳатидан бўлса, жоиз.

Ибн қаййим айтдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари рибонинг олдини олиш учун ҳақдор кишини қарздордан қарзни ундириб олмасдан туриб унинг ҳадясини қабул қилишдан қайтардилар. Чунки ҳадя беришдан мақсад -гарчи айтилмасада- қарзни талаб қилишни орқароққа сурмоқ бўлади.

Ибн қудома айтдилар: «Ортиқча қилиб тўлаш шарт қилинган ҳар қандай қарзнинг ҳаромлигида хилоф йўқ».

Ибнул Мунзир айтдилар: «Албатта қарз берувчи агар қарз сўровчига қарзни ортиқча қилиб тўлашни ёки ҳадя беришни шарт қилса, барча уламоларниг иттифоқига биноан берган қарзини орттириб олмоқ рибо бўлади».

Убай ибн Каъб, Ибн Аббос ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳулар фойда келтирган қарздан қайтаришган. Агар унда бирон ёрдам шарт қилинса, жоиз бўлмайди. Яна Ибнул Мунзир буни Али, Ибн Аббос, Ибн Зубайр, Ибн Сийрин, Саврий, Аҳмад ва Исҳоқлардан ривоят қилдилар. Макруҳ деганлар эса ҳасан Басрий, Молик, Авзоъий ва Шофеъийлар. Ҳатто имом Аҳмад агар қарз берган киши қарз хусусида тўлов қоғозини ёзиб берилишини шарт қилса, бу ҳам жоиз бўлмайди дедилар. Бунинг маъноси қарзни бошқа бир шаҳарда тўлашни шарт қилмоқ. У кишидан -имом Аҳмаддан- бу масалада рухсат ҳам ривоят қилинган.

Агар қарз беришда ҳовлини ижарага қўйишни ёки бирон-бир нарсани унга сотишни ёки қарз олаётган одам ҳам бошқа бир сафар қарз бериб туришини шарт қилса, нотўғри бўлади. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир вақтнинг ўзида ҳам байъ, ҳам қарз қилишдан қайтардилар. Битим устига бошқа бир битимни шарт қилгани учун ҳам бунга рухсат этилмади. Агар бу ишларни қарзни тўлашдан олдин шартсиз қиладиган бўлса ҳам, ҳақдор киши қабул қилмаслиги керак. Фақатгина бир шарт - ҳақдор кишининг қарздорга берган ҳадясини ёки кўрсатган хизматини муносиб тақдирламоғи. Уни қарзидан деб ҳисоб қилмоғидир. Магар бу нарса уларнинг ўрталарида қарз беришдан олдинги одатий ҳол бўлса, мустасно бўлиши мумкин. Бунга далил Ашрам ривояти: Бир кишининг балиқчида йигирма дирҳам пули бор эди. Балиқчи унга балиқ ҳадя қилар эди. Бора-бора балиқнинг баҳоси йиғилиб ўн уч дирҳамга етибди. Бу ҳақида у ибн Аббосдан сўраса, у киши: «Унга етти дирҳам бериб қўй» деб айтибдилар. Яна Ашрам Зурайн ҳубайшдан ривоят қиладилар, У киши: «Мен Убай ибн Каъбга: «Мен жиҳод бўлаётган ерга - Ироққа бормоқчиман» деб айтдим-деди. Шунда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу унга: «Сен судхўрлик кенг тарқалган ерга борасан. Агар бирон кишига қарз берсанг ва у сенга қарзингни ҳамда у билан бирга ҳадя олиб келса, қарзингни олгин-да, ҳадясини ўзига қайтариб бер» дедилар.

Ибн Аби Мусо айтадилар: «Агар бировга қарз бериб, сўнг унга бир юмушни бажартирса ва қарз бермасдан олдин бажартира олмаган бўлса, демак унга берган қарзи манфаат келтирибди».

Агар қарздор одам қарз эгасини меҳмонга чақирса ва уларнинг ўрталарида бундай одат жорий бўлмаган бўлса, у еган овқатини ҳам ҳисоб-китоб қилади.

 Гаровга қолдирилган нарсадан

 қарз берган кишининг фойдаланиши ҳақида

Ушбу масала ҳам юқоридаги масаладан келиб чиқади. Чунки гаров битимидан мақсад ишонч ҳосил қилиш ҳамда қарзни кафолатлаш бўлиб, ундан фойдаланиш ёки манфаат кўзланмайди. Модомики шундай экан, гаровга нарса олиб қолган киши учун ундан фойдаланмоғи -гарчи гаровга қўйувчи рухсат берган бўлса-да, -ҳалол бўлмайди. Чунки у фойда келтирган қарз ҳисобланади. Зеро фойда келтирган ҳар қандай қарз рибодир. Жумҳур уламолар «гаровга қўйилган нарсадан умуман фойдаланиб бўлмайди», деб айтишган. Аммо имом Аҳмад ва Исҳоқлар гаровга қўйилган уловни ҳамда соғин ҳайвонни едирилган емига яраша миниб, сутини соғиб ичилса, қуйидаги ҳадисга биноан рухсат дейишди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади:

«Соғин ҳайвон -агар гаровга қўйилган бўлса,- едирилган емга яраша (гаровга олиб қолган киши томонидан) сути ичилур. Улов агар гаровга қўйилган бўлса,- едирилган емга яраша (гаровга олиб қолган киши томонидан) минилади. Хуллас, (улов) минувчи ва (соғин ҳайвонни соғиб сутини) ичувчи ҳар қандай киши (уларни) боқмоғи даркор»- дедилар.[49]

Мана шу ҳадисдан гаровга қўйилган ердан фойдаланишнинг ҳукмини ҳам билиб олса бўлади. Экин ерини гаровга олган киши учун берган қарзи эвазига ердан фойдаланиши ҳалол бўлмайди ва у рибонинг бир тури ҳисобланади. Гаровга қўйилган нарсанинг таъминоти ва уни сақлашнинг ижара ҳақи ҳамда қайтариб олишнинг ижара ҳақи гаровга қўйувчи кишининг зиммасида бўлгани каби унинг фойдалари ҳам унга (яъни гаровга қўйувчи учун) бўлади.

 Уюшмалар тузиш рухсат этилган

Кўпчилик бир жамоа бўлган ҳолда ўртага ҳар ойда бир хил миқдорда маблағ ташлашади ва йиғилган маблағни ўзаро келишувга биноан иштирокчиларга навбати билан беришади. Ҳақиқатан ҳам бу ишда қийналиб қолган кишилар учун енгиллик бор. У ўзаро ёрдам ҳамда яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилишнинг бир туридир. У асло фойда келтирган қарз қабилида эмас.

Саудиядаги шайх ибн Боз раислигидаги фатво қўмитаси юқоридаги уюшмага рухсат берган.

 Берилган маблағ устидан

 зарарсиз, фақат фойда олиш мумкин эмас

Одатий ҳоллардан бири: Баъзи кишилар бир савдогарга минг жунайҳ бериб, ҳар ой йигирма ёки эллик жунайҳдан бериб туришини талаб қилишади, гоҳида бўладиган зарарга эса уларнинг алоқалари бўлмайди. Охири битимнинг муддати тугаган вақтда минг жунайҳни қайтариб олишади! Бу ҳам рибонинг бир кўринишидир. Аслида фойда зарар билан бирга бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавобгарлиги (фойда-зарари) зиммада бўлмаган нарсанинг фойдасидан қайтарганлар. Ҳар иккала томоннинг розилиги ҳаром битимни ҳалол қилиб қўймайди.

Бу яна рибо муомаласи юритадиган банклардаги ҳолатнинг айнан ўзидир. Чунки банклар зарар кўриб бўҳронга учраса-да, қўйилган сармоялар устидан аниқ-маълум фойда (просент) бериб туради.

Бироқ савдогар билан музораба (мол бир томондан, хизмат эса бошқа томондан бўлган савдо шериклиги) қилиш мумкин. Бу ҳолда тижорий ишни олиб борувчи шерик шариатда рухсат берилган муомалалар билан шуғулланади, фойда ўртадаги келишувга қараб бўлади. Масалан, фойда тенг бўлинади деб келишсалар, фойда юз жунайҳ бўлса, ҳар бирига элликдан, минг жунайҳ фойда кўрилса, ҳар бирига беш юздан бўлинади. Зарар эса -агар шерик келишилган ишни тўғри бажарадиган бўлса- фақат сармоядан ҳисоб қилинади. (Яъни агар зарар бўлса ёки (ишчининг айбисиз) талофат етса, зарар фақат мол эгаси бўйнига бўлади, молни айлантирувчи эса хизматига куяди. Ишчидан ҳам зарарнинг бир қисмини тўлашни талаб этиш музораба ҳукмига зиддир.

Музорабанинг шартлари:

1. Нақд пул бўлиши керак.

2. Пулнинг миқдори маълум бўлиши керак.

3. Ўртадаги фойданинг нисбати маълум бўлиши керак.

Юқоридаги шартлардан бирининг йўқолиши билан келишув бузилади. Шунингдек ишчи молни сақлашда эътиборсизлик қилса ёки келишув мақсадига зид ишни амалга ошириб қўйса ҳам, бузилади. Бундай ҳолда молга талофат етган бўлса, сабабчи бўлгани учун зиённи ишчи тўлайди. Икки томондан бирининг вафоти билан ҳам битим ўз-ўзидан бузилади. Агар ишчи мол эгасининг ўлганини била туриб, меросхўрларнинг рухсатисиз олди-сотди қилаверса, зарар бўлса, тўлайди, фойда қилса ўртада бўлинади. Агар ишчи пулни бошқа бировга бериб юборса, етган зарарни тўлайди.

Музораба икки муслим ўртасида бўлиши шарт эмас. Шунингдек муддатни баён қилиш ҳам унинг шартларидан эмас. қачон бўлса, аҳдни бузиш жоиз бўлаверади. Бузилган вақтда маблағ товар шаклида қолган бўлса, иккаласи биргаликда сотишади. Ишчи фойдадан ўз улушини фақатгина мол эгасининг ҳозирлигида олиши керак.

Музораба шартлари тўлиқ бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Дарҳақиқат бу битим инсонлар учун кенглик ва қулайлик яратишнинг бир кўринишидир. Мол эгаси молни бераётган вақтда шеригига ёки аксинча шериги мол эгасига баъзи шартларни қўйиши (масалан фалон нарсани сотмайсан ёки фалон шаҳардан мол олиб келмайсан..., агар шундай қилиб, зарар қилсанг, тўлайсан, деб шарт қилиши) мумкин. Албатта бу шартлар Аллоҳнинг ҳукмига зид бўлмаслиги лозим. Агар зид бўлса, шартлар бекордир. Масалан, мол эгаси берган маблағи устидан -фойда қиладими, йўқми, қатъий назар муайян бир маблағни олиб туришини шарт қилса, бу шарт бекор. Чунки у фойдадаги шериклик алоқасининг узилишига олиб боради.

Аммо мушорака битимида бўлса, иккала томон ҳам ўртага маблағ қўяди. Фойда ўрталаридаги келишувга кўра тақсимланади. Зарар эса қўйилган маблағ (сармоя)нинг миқдорига қараб тақсим қилинади, яъни кўпроқ маблағ қўйган киши зарарнинг кўпроқ қисмини кўтаради.

Миср фатволар уйига ... ... тижорат қилишимни ва фойда орамизда бешдан бири унга ва қолган тўрт қисми менга бўлишини сўради. Мана шу иш шариат назарида тўғрими?».

Жавоб: «Бу музораба битими бўлиб шартлари тўла бўлса, унга шариат рухсат беради. Шартлардан бири юқорида айтиб ўтилган яъни «ҳосил бўлган зарар сармоядан ҳисобланмоғидир».

Молни олган киши унда шариат рухсат берган барча йўллар билан тасарруф қилиши мумкин. Фойда ўртадаги келишувга қараб бўлади.

Шариатда шундай дейилган: «Етимларга васий (қаровчи) қилиб тайинланган киши уларнинг молини музораба йўли билан ишлатиб турадиган кишига бериши мумкин. Чунки у киши ота каби етимлар молига ўринбосардир. Аллоҳнинг ўзи билувчироқдир».

 Зулм қилмаган ҳолда ҳақини олиш учун

Пора бериш қуръон ва суннат иборалари ҳамда ижмоъ (яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг умматлари ичидаги олимларнинг шаръий масалалар бўйича тузган иттифоқи)га биноан ҳаромдир. У ҳақдан оғиб пора узатган кишининг хоҳишига мувофиқ ҳукм чиқариши учун бошлиқлар ва уларга ўхшаш кишиларга берилади. Пайғамбаримиз пора берганни ҳам, уни олганни ҳам лаънатладилар. Бошқа бир ривоятда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пора берган киши билан пора олган киши ўртасида воситачилик қилганни ҳам лаънатладилар. Шубҳасиз, у одам гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ёрдам қилгани учун ўзи ҳам гуноҳкор бўлиб, итоб ва азобга лойиқдир.

 «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир».[50]

Пора каби гуноҳлар иймонни заифлаштиради, Аллоҳ азза ва жаллани ғазаблантиради. Шунинг учун муслим ва муслимага пора ва бошқа гуноҳлардан сақланмоқ ва билиб-билмай қилиб қўйган ишларига тавба қилмоқ лозим. Бировлар ҳаққига зарар бермаган ҳолда ўз ҳаққини олиш учун айрим порахўрларга пора узатишга мажбур бўлган мусулмонлар нима қилмоқлари керак? тўгри,савол ажаб. бироқ биз яшаётган тузум бундан ҳам ажаброқ ва бетайинроқ бўлса бизда на илож. Биров ўз пулини ҳалигача ололмай ҳалак. Уни олиш учун бошлиққа озгина узатиш керак. Кимдир дўкон қуриб, уни ишга тушириш учун рухсат олишга оз-моз узатмаса, унинг ҳам иши битмайди. Ва ҳоказо.

Жавоб: Албатта бундай ҳолатларда ҳам пора бериш гуноҳ саналади. Бироқ бу гуноҳ берганга эмас, олганга бўлади. Чунки поранинг маъноси:

«Одамларнинг молларидан бир қисмини ҳаром йўл билан ейиш учун».[51]

Шайхул-ислом Иибн Таймия «Фатволар тўплами»[52]да дедилар: «Кўрмайсизми, қаллоб, маккор кимсалар бошқаларга бирон нарсани алдаб сотишса, харидор учун сотиб олган нарсаси ҳаром бўлмайди. Чунки у (яъни қаллоб ва маккор савдогар) харидордан керагидан ортиқча ҳақ олди. Бироқ мана шу олган ортиқча ҳақ унга ҳаром бўлади». Бунга ўхшаш мисоллар шариатда жуда ҳам кўп. Ҳаром қилиш ҳукми одамларнинг ҳаққида агар бир тарафлама бўлса, иккинчи тарафга таъсир кўрсатмайди. Мисол учун, агар киши тортиб олинган мулкини босқинчидан сотиб олса, сотувчига бу пулни олиш ҳаром, харидорга эса ўз мулкини пул тўлаб сотиб олиш ҳаром эмас. Шунинг учун уламолар айтади: «Зулмни даф қилиш учун золимга пора берса бўлади. (ўзганинг) ҳақини манъ қилиш учун бўлса жоиз эмас». Иккала ҳолатда ҳам раҳбарнинг пора олиши ҳаром. Шунинг учун асирга тушган одам ва озод қул агар унинг ҳўжайини озод қилганлигини инкор этса, пул тўлаб ўзини озод қилмоғи мумкин. Бироқ ноҳақлик билан унинг устидан ҳукмрон бўлиб олган киши учун бу пулларни олиш ҳалол эмас. Шунингдек уч марта талоқ қилинган аёлнинг эри ўз аёлини талоқ қилганини инкор этса ва аёл зоҳирида «хулъ» (яъни аёл эрининг берган маҳрини ўзига қайтариш) йўли билан ўзини озод қилса, эри учун сарфланган нарсалар ҳаром бўлади.

Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Албатта мен улардан бирларига сўраган нарсасини бераман ва у ловуллаб ёниб турган оловни олиб чиқиб кетади- дедилар. Шунда саҳобалар:

- Ё Расулуллоҳ! Унда нима учун уларга берасиз?- деб сўрашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

- Улар бари-бир сўрашади, менга эса Аллоҳ таъоло бахилликни ман қилган- деб жавоб бердилар.

Шайхул-ислом Ибн Таймия хулоса сифатида шундай дедилар: «ким одамларга бўҳтон ва зулм қилмаслиги эвазига пул оладиган бўлса, ҳаром ва ифлос пулга эга бўлибди. Чунки зулм ва бўҳтон қилиш аслида унга ҳаром эди.

 «Бир хил молларни фақат мен сотаман»

 деб шарт қўйган кишининг ҳукми

Кундалик эҳтиёж моллари эркин ва одатий нархида сотилмоғи инсониятнинг умумманфаатлари тақозосидир. Умар ибнул Хаттоб бир кишига шундай деган эдилар «Молингни бозордаги нархда сот, йўқса сотмагин».

Ислом шариати инсон манфаатларини юзага чиқариш, зарарларни йўқ қилиш ва камайтиришга катта аҳамият берган.

Баъзи кишилар бир хил молни сотиб беришни бўйнига ола туриб «бу молни мендан бошқа ҳеч ким сотмасин» деб шарт қўяди! Савдо дўконларидан бирига жойлашиб олиб, бир молни ҳеч кимга соттирмасдан ўзи сотади. Бу зулмдан бошқа нарса эмас.

Шайхул-ислом Ибн Таймиядан сўрашди: «Баъзи бир бошлиқлар бир хил молларга ўз кафолатларини қўядилар-да фақат ўз томонларидангина сотилишини шарт қиладилар. Бу турдаги моллар фақат улар хоҳлаган ана шу ер ва унинг атрофида бўлади, мана шундай муҳтакир (монополист)дан мол сотиб олиш дурустми?».

Ибн Таймия жавоб бердилар: «Бу бошлиқнинг иши шаръан мумкин эмас. Чунки у бир томондан ўзгаларни ҳалол савдодан тўсаётган бўлса, иккинчи томондан эса одамлар фақат ундангина сотиб олишга мажбур, натижада нархларни кўтариб, уларга зулм қиляпти.

Ундан сотиб олинадиган молларга келсак, у моллар турли хил бўлади.

1) Агар у (яъни монополиячи) молни ўзининг ҳалол пулига сотиб олган бўлса, ундан сотиб олиш ҳаром эмас. Ноҳақлик сотувчида бўлгани учун харидор гуноҳкор бўлмайди ва бундай моллар мазлумга эмас, золимга ҳаромдир.

2) Агар ҳаром йўллар билан топилган мол бўлса, ундан сотиб олиш дуруст эмас. Чунки у қароқчидан сотиб олинган моллар қаторидадир.

3) Аммо агар сармояси ҳалол бўлиб, уни кўпайтиришда ҳаром йўллардан фойдаланган бўлса, унинг моли мажҳул бўлгани учун ҳалол ёки ҳаром деб бўлмай, балки ҳалоли кўпроқ бўлса, у билан савдо қилиш мумкин. Агар кўпроқ қисми ҳаромдан бўлса, у билан савдо қилмаган афзалроқ...».

 қимор ҳамда гаров боғлаш ҳаром

Гаровнинг барча тури шариатда қатъий ҳаром қилинган.

Бунга сабаб ҳар куни ўзимиз гувоҳи бўлиб турган гаров ва қимор кетидан келаётган каттакон зарарлардир.

«Эй мўминлар, ароқ (маст қиладиган ичкилик ичиш), қимор (ўйнаш), бутлар (яъни уларга сиғиниш) ва чўплар (яъни чўплар билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган ҳаром ишдир. Бас, нажот топишингиз учун уларнинг ҳар биридан узоқ бўлингиз! Ичкилик ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга гина ва адоват солишини ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!».[53]

«Эй мўъминлар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ (яъни ўғрилик, қароқчилик, судхўрлик, порахўрлик, қимор каби) йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз».[54]

Молни ноҳақ йўл билан ейиш икки хил бўлади:

Биринчиси: Мол эгасини рози қилмасдан, зулм, ўғирлик, хиёнат, қароқчилик ва шу каби йўллар билан олиш.

Иккинчиси: Мол эгасини нотўғри йўллар билан рози қилиб олиш. Масалан қимор ва рибо йўли билан. Икки шахс ўртасида гаров йўли билан бир муомала бўлиб: улардан бирининг ютиши ёки ютказиши ҳосил бўлган муомала қимордир. Бир киши бошқа бир одамга: «Агар шунча дона тухум еб берсанг, сенга мана шунча бераман» деди. Улар Али розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига фатво сўраб боришди. У киши: «Бу қимор» деб рухсат бермадилар. Пул тикиб гаров боғлаш фақатгина далил орқали рухсат этилган нарсаларда жоиз бўлади. Масалан, от ёки туя билан чопишда, камон отишда, югуришда, фиқҳда ва шунга ўхшаш нарсаларда мусобақалашишга ўхшаш. Шариат томонидан бу рухсатни беришнинг ҳикмати чавандозликни таълим олиш, от ўргатиш, моҳир мерган бўлиш ва Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун илм ўрганишга бўлган талаб, эҳтиёж сабаблидир. Бу нарсаларда мусобақалашиш эса унга васила бўлади. Яна шуни ҳам таъкидлашдики, мазкур нарсаларда мусобақалашиш қуйидаги уч кўринишда жоиз бўлади, холос:

Биринчиси: ғолиб учун тайин қилинган мол ушбу мусобақада иштирок этувчилардан бошқа шахс томонидан, масалан, ҳоким томонидан қўйилган бўлиши керак. Хоҳ бу мол унинг шахсий маблағи бўлсин ёки биров томонидан берилган бўлсин, бунинг фарқи йўқ. Унинг номини бугунги кунда мукофот, соврин ҳам деб номланади.

Иккинчиси: Молни икки мусобақалашувчининг бири томонидан бўлиши. Масалан икки киши мусобақалашиб улардан бири шеригига: «Агар отинг мени отимдан ўзиб кетса, сенга мана шунча бераман, агар менинг отим сенинг отингдан ўзиб кетса, сен менга ҳеч нарса бермайсан» дейди.

Учинчиси: Молни ҳар иккала мусобақалашувчи киши томонидан қўйилиши. Улар орага учинчи кишини ҳам қўшишади ва унга: «Агар сен иккимиздан ҳам ўзиб кетсанг мол сенга бўлади. Аммо биз сендан ўзиб кетсак, бизларга ҳеч нарса бермайсан» деб айтишади. Ўзларининг ўрталарида белгилашган шарт эса, яъни икковларидан қайси бирлари ўзиб кетса, шеригидан белгиланган молни олиши-ўз ўрнида қолаверади. Агар учинчилари уларни енгса, иккала молга ҳам эга бўлади. Агар улар уни енгишса, учинчи иштирокчи уларга ҳеч қандай нарса бермайди ва улардан қайси бирлари ғалаба қозонган бўлса, шартлашилган нарсани шеригидан олади.

Экинзорларини бўшатиб бергани учун

(ижарачи олаётган) молнинг шаръан нотўгрилиги

Ижарачи ер эгаси учун ерни сотишга имкон бериши ёки ерни бутунлай бўшатиб бериши эвазиг ернинг ярмини олиб қўйишини шариат қатъан ман қилади. Чунки ижара битими заминида молга эгалик қилиш маъноси мутлақо йўқ.

 Бу бировнинг ҳаққини ноҳақ ейиш бўлади.

«Эй мўминлар, молларингизни ўрталарингизда ноҳақ (яъни ўғирлик, қароқчилик, судхўрлик, порахўрлик, қимор каби) йўллар билан емангиз! Балки ўзаро ризолик билан бўлган савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз...».

 ҳақдор бу тасарруфга рози бўлмайди ва гуноҳкор ижарачи бўлиб қолади. Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатидан узоқ бўлган жорий қонунлар золимга ёрдам беради. Ўз мулкини бировдан қутқариб олиш учун товон тўлаётган мол эгаси бошқа йўл топа олмайди.

Ижара муддати тугаса муддатнинг бир йил ёки ўттиз йиллигидан қатъий назар ижарачи чиқиб кетмоғи керак.

Ибн қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «Ижара қўйиш муддатини чегаралаш мумкин бўлмай, молнинг яроқли бўлиб қолишича ижарага қўйиш мумкин, деб кўпчилик олимлар таъкидлашади. Аммо имом Шофеъийнинг шогирдлари у кишининг ушбу масаладаги фикри ҳақида ихтилоф қилишади.

Баъзилари «У кишининг икки хил фикри бўлган, биринчиси ҳамда тўғрироғи юқоридаги бошқа уламоларнинг сўзларига мувофиқ, иккинчиси: бир йилдан ошиқ муддатга ижара қўйиш мумкин эмас, чунки бунга эҳтиёж йўқ» дейишган.

Бошқалари: «Имомнинг учинчи бир фикри бор, яъни, ўттиз йилдан ошиқ муддатга ижара қўйиш мумкин эмас, чунки ҳар қандай мол бунча муддат туриб қолмайди, ижара ҳақларию нархлар ҳам ўзгариб кетади».

Бизнинг далилимиз эса қуйидагилардир:

1) «(Шуайб) айтди: «(Эй Мусо агар рози бўлсанг) менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди агар ўн йилни тўлатсанг (яъни тўла ўн йил ишлаб берсанг), сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур)». Аввалги умматнинг бир ҳукми бекор қилингани ҳақида бизнинг шариъатимизда далил бўлмаса, у амалда жорий бўлиб қолаверади.

2) қайси бир нарса устидан бир йилга битим қилиш мумкин бўлса, ундан кўпроқ муддатга ҳам битим қилиш мумкин, масалан, байъ, никоҳ, деҳқончилик битимлари.

3) Чеклаш - қуруқ даъво. Бир ёки ўттиз йилга чеклашнинг ҳеч қандай далили йўқ. Ундан кўпроқ ёки озроқ муддатга чеклашдан фарқи ҳам йўқ.

 Молнинг кўпроқ қисмини сақлаб қолиш учун бир

 қисмига талофат етказиш, зарарларнинг каттароғини йўқотиш мақсадида кичикроғидан кўз юмиш мумкин

«Кема хусусига келсак, у денгизда ишлайдиган (юрадиган) мискин-бечораларники эди. Бас, мен уни айбли қилиб қўймоқчи бўлдим. (Чунки) уларнинг (кемадагиларнинг) ортида (кўзлаб кетаётган манзилларида) барча (бутун) кемаларни талон-тарож қилиб, тортиб олгувчи бир подшоҳ бор эди».

Мана шу ҳам зарарнинг каттасидан қутилиш учун кичикроғидан кўз юмишга бир мисол. Чунки кемани бутун қолдириб қароқчи подшоҳга олдириб қўйгандан айбли, тешик бўлса-да ўз эгасининг қўлида қолгани афзалдир.

Хизр соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кемани тешиб қўйиши (қисса давомидаги) болани ўлдирганига ўхшайди, Аллоҳ таъоло боланинг куфр табиат яралганлиги, иймонга келишига ҳеч қандай умид бўлмай, балки ота-онасини ҳам адаштириш хавфи борлигини ўзининг ғайб илми билан Хизр соллаллоҳу алайҳи ва салламга билдирган эди. Демак бу бола ота-онасининг кофир бўлишига сабаб бўлганидан дунёдан кўз юмгани афзалроқ эди.

«Ҳалиги боланинг эса ота-оналари мўмин кишилар эдилар. Бас, биз у (бола) туғён ва куфр билан уларни қийнаб қўйишидан қўрқдик. Шу сабабдан, уларга Парвардигор (бу боладан) кўра покизароқ, ундан кўра меҳрибонроқ (бошқа бир болани) бадал-эваз қилиб беришини истадик».

«Ўтган шариатлар» китобининг муаллифи шундай дейди: «Тадқиқотчи олимлардан кўпчилиги бу (қоида)нинг муқаррарлигини айтишган».

«Фатҳул-Борий» муаллифи шундай дейди: «Хизр соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (кема, бола ҳамда девор) борасида қилган ишини ҳужжат қилиб, катта зарарни йўқотиш йўлида кичигига қадам босиш, баъзи бир нотўғри, мункар ишларга ундан ҳам ёмонроғи келиб қолишининг олдини олиб кўз юмиш (сукут сақлаш) мумкин, деган зотларнинг сўзлари- агарда шариатнинг очиқ ҳукмига қарши бўлмаса,- тўғри.

Шу жумладан, молнинг кўпроқ қисмини сақлаб қолиш учун озроғига талофат етказиш, масалан, ҳайвонни семиртириш мақсадида бичиш, бировларнинг ҳайвонидан ажратиш учун қулоғини кесиш, етимнинг молига қараб турган киши подшоҳлик ҳаммасини олиб қўйишидан қўрқса, озроғини бериб кўпроғини сақлаб қолиши кабиларни мисол қилиш мумкин.

Лекин бир инсонни кўпчиликни ўлдириб юбориши мумкин, деб ҳали бировга тажовуз қилмасасидан ўлдириш мумкин эмас. Чунки Хизр соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишни Аллоҳ билдиргани учун қилганлар.

Имом қуртубий роҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: «Кемани тешишда етимнинг валийси (қаровчиси) агар манфаати бор, деб ўйласа унинг молига нуқсон етказиши мумкинлигига далил бор».

Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: «Етимнинг молини ҳимоя қилиш мақсадида унинг бир бўлаги билан султонга муроса қилиш мумкин».

Шайхул ислом Ибн Таймиядан «Бир чўпон подадаги касал молнинг ҳаром ўлиб қолишидан қўрқиб, ўзими ёки бошқа бирими молни бўғизлаб қўйса, шу молга зомин бўлиб товон тўлайдими?» деб сўралган-да, шундай жавоб бердилар: «Агар чўпон бепарволик ёки тажовузкорлик қилмаса, ҳамда ҳолат айтилганидек бўлса, молни сўйиб қўйгани учун ҳеч қандай товон тўламайди. Чунки бу яхшиликдир. Зеро, ҳайвонни ҳаром ўлгунича ташлаб қўйгандан кўра бўғизлаб қўйган яхшироқ».

Мана шу ишни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида бир чўпон қилганида, унга қаршилик билдирмаганлар, товон тўлашга ҳам буюрмаганлар.

Бу Мусо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дўсти кеманинг эгалари ямалган ҳолда бўлса ҳам ундан фойдаланиб туришлари учун уни тешиб қўйганига ўхшайди. Улар учун кемадан тамоман ажраб қолишдан кўра шуниси яхшироқ эканлигида шубҳа йўқ.

Шу жумладан, бир киши биродарининг моли талофатга учраётганини кўриб, уни имкон қадар ўнглаб ислоҳ қилса молнинг қиймати камайса-да, бу иши учун ажрланади. Чунки ноқис бўлиб қолмоғи бутунлай талофатга юз тутишидан афзалдир. Энди чўпон каби бировнинг молига омонатдор кишилар қандай қилиб ўз омонатидаги молни сақлаб қолиш учун шу ишни қилмасин?! Кўриб турганингиздек ўтган шариатлар ҳам, бизнинг шариат ҳам бу масалани ёритиб беришда бир хил йўл тутган.

Лекин дунёнинг ҳар четида одамлар очдан ўлаётган бир вақтда, «инсон ҳуқуқлари» шиорини бор овози билан тўхтамай жар солаётган ғарб давлатларининг катта миқдордаги озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни нарх тушиб кетмаслиги учунгина сувга чўктириб юбориши юқоридаги масалага мутлақо тўғри келмайди.

Чунки инсонга мерибонлик қилиш ҳайвонга меҳрибонлик қилиш ёки бозор нарх-навосига риоя қилишдан муҳимроқдир. Бироқ ҳозир кўпчиликнинг фаҳм-фаросати ҳам издан чиққан кўринади.

 Катта қийматли нарсани

 ўта арзон баҳога сотиб юборишнинг дурустлиги

«Ўтмишдаги шариатлар» китобининг муаллифи дейди: Сўз Юсуф соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиссасидаги Аллоҳ таъолонинг ушбу ояти ҳақида боради:

«Сўнг уни сотиладиган нарсалари қатори яшириб қўйдилар. Аллоҳ уларнинг қилаётган амалларини билиб тургувчидир (кейин карвон Мисрга етиб келгач), уни арзон баҳода - бир неча тангага сотиб юбордилар. (Чунки) улар (Юсуфга) қизиқмаган эдилар».[55]

Сабаби улар Юсуф соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун муносиб ҳақ олишнинг кетидан қувмаган эдилар. Бунга Аллоҳ таъолонинг: «Уни арзон баҳода - бир неча тангага сотиб юбордилар» ва «Улар Юсуфга қизиқмаган эдилар»- деган сўзи далил бўла олади. Улар - тафсирдаги икки сўздан бирига қараганда, - Юсуф соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг инилари бўлишган ва у кишига қизиқмаганликлари ҳамда арзон баҳога сотиб юборишларига сабаб уларнинг мақсадлари пул бўлмаган. Балки энг биринчи мақсадлари у кишини оталарининг кўзларидан узоқлаштириб, ўзларига қаратиб олмоқ бўлган эди.

Юсуф соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг инилари карвоннинг сув изловчисини кўришлари биланоқ уни қудуқдан чиқаришган ва уларга «Бу бизнинг қулимиз, қочиб кетувди» деб бир неча тангага сотиб юборишади. Иккинчи ривоятга биноан -бу қавл оятнинг зоҳирига яқинроқ,- Юсуф соллаллоҳу алайҳи ва салламни арзон баҳога сотиб юбориб, у кишига қизиқмаганликларига сабаб - улар шундоқ ҳам ҳеч бир қийинчиликсиз ва зарарсиз фойдага эришдик, деб ўйлашди.

қуртубий дедилар: «Ушбу оятда қимматбаҳо нарсани озгина пулга сотиб олишнинг жоизлиги ва байънинг тўғри бўлишига очиқ-равшан далил бор».

Шунинг учун имом Молик айтган эканлар: «Агар қимматбаҳо дурни бир дирҳамга сотиб юбориб, сўнг: «Мен унинг дурлигини билмабман, уни марваридга ўхшаш тош деб ўйлабман, деса ҳам байъ лозим бўлади ва унинг бу сўзига қаралмайди».

Фикримча, қачон сотувчи молнинг миқдори ва қийматини билиб, қийматидан озроқ баҳога сотишга рози бўлса, битим тўғри бўлар эди ва қайтиб олишга унинг ҳаққи ҳам бўлмас эди. Бу ҳақида ҳеч қандай ихтилоф бўлганини билмайман. Аммо агар молнинг нархини ва миқдорини билмасдан баҳосидан жуда оз пулга сотиб юборган бўлса исломий шариатда маъруф бўлган алданиш ихтиёри (яъни киши агар савдода алданиб қолса, унга қўшимча байъни юргизиши ёки молни қайтариб олиши учун бериладиган ихтиёр) собит бўлади. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис ҳам бунга далилдир: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳар сафар савдода алданиб қолишидан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар сафар савдо қилаётганингда: «Савдода алдов йўқ, деб қўй!»- дедилар.[56]

«Найлул Автор»да айтилади: «Бундан мурод агар савдода алдов рўй берган бўлса, пулни бериб мол қайтариб олинади». Уламолар бу шарт ҳақида ихтилоф қилишган.

Аҳмад, Молик бир ривоятда, Мансур Биллоҳ ва имом Яҳёларнинг фикрича бу шартни айтган ҳар-бир киши учун пулини қайтиб олиш собит бўлади. Улар савдода алдов рўй берганда қайтариб олишни молнинг қийматини билмайдиган кишилар учун деб белгилашди. Уларнинг айримлари эса алдовни ўта катта, яъни қийматининг учдан бирига тенг бўлса, деб қайд этишди. Бунга далил қилиб, юқоридаги икки масала ўртасини боғловчи сабаб алдовнинг борлиги холос, деб айтишди. Мана шу сабабдан ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги одамга ихтиёр бердилар.

Шунингдек, бозорга мол олиб келаётганларнинг йўлларини тўсиб чиқиб, уларнинг молини кўтарасига сотиб олмоқлик макруҳ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бозорга мол олиб келаётганларнинг йўлларини тўсиб чиқиб, уларнинг молини кўтарасига сотиб олманглар».[57]

Чунки улар бозорлардаги нарх-навони билмаганликлари учун байъда алданиб қолишлари мумкин. Шунинг учун кўп уламолар бу байъни фосид байъ деб эътибор қилишган. Имом Шофеъийнинг назарида бу байъ саҳиҳ, бироқ у билан шуғулланган киши қаттиқ гуноҳкор бўлади. Бошқа уламолар уни ботил байъ деб ҳукм қилишган. Чунки наҳий (яъни қайтарув) фасодни билдиради. Шофеъийнинг далиллари: «Наҳий битимнинг ўзига қайтмайди, ҳамда унинг арконларига ва шартларига ҳам таъсир кўрсатмайди, балки ундан бозорга мол олиб келаётган кишиларга зарар бўлмаслиги учун қайтарилган. Ҳолбуки бу нарса байънинг ўзига таъсир кўрсатмайди».

 Молни арзон баҳода сотиш гоҳида бозорни бузади

Умар розияллоҳу анҳу арзон баҳода майиз сотаётган сотувчини байъдан тўсдилар. Чунки у киши бозорга кўп майиз олиб келган бир савдогарни ҳам билар эдилар. Одамлар ҳайрон бўлиб Умар розияллоҳу анҳудан «Нима учун арзон байъдан қайтардингиз?»- деб сўрашди. Шунда у киши: «Чунки у бозорни бузади ва четдан мол олиб келган киши зиён кўриб, қайта шаҳарга келмай қўяди. Анави эса аллақачон фойда кўриб бўлади»- дедилар.

Баъзи катта савдогарлар айрим ҳолларда молнинг нархини ўта арзон баҳода сотишади. Мақсадлари бозорда ўралашиб қолган майда савдогарларни йўқотиш. Чунки уларнинг сармояси бу арзон баҳони ёки бу зиённи кўтара олмайди. Натижада катта савдогарлар бозорда якка ҳокимга айланишади ва молнинг нархини ўзлари хоҳлагандек қилиб белгилашади. Бундай қилиш халққа катта зиён келтиради. Бу ишнинг давоси битта: Барчанинг баробар баҳода байъ қилиши ва барчамизнинг ҳеч бир нарса махфий бўлмайдиган зот - Аллоҳдан тақво қилмоғимиздир.

 Ота қизининг маҳрининг ҳаммасини

 ёки бир қисмини ўзи учун шарт қилишининг жоизлиги

 ва унинг шартлари

Мусо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Шуайбнинг қизлари учун маҳр сифатида қўй боқиб ёки ундан бошқа юмушларни бажариб, келтирган фойдалари фақатгина қизнинг оталари учун бўлган холос. Ундан қизлари ҳеч қандай наф кўрмаган. Мусо алайҳисаломнинг қўй боқиш билан машғул бўлишлари қизнинг ишини енгиллатган, холос. Балки оталари у кишига маҳр сифатида нарса берган бўлишлари ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Аммо Аллоҳ таъолонинг: «Менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига», деб айтган оятида бу сўзга ҳеч қандай далил-асос йўқ. Кўриниб турганидек уларнинг шариати бўйича ота ўз фарзандининг молу-давлатидан хоҳлаганча фойдалана олган, ва шунингдек уни ишлатишга ҳам ҳақли бўлган. қуръони Каримда ҳам ўтгандаги шариатларда бола ўз отаси учун ҳиба (ҳадя-совға) эканлигига далил бор. Бу масала ўзидан кўра умумийроқ бошқа бир масаланинг заминига дохил бўлади. Ота ўз фарзандининг молидан унинг розилигисиз олишининг ҳукми. Бу масалада икки хил қараш бор:

Биринчиси: Ота ўз фарзандининг молидан унинг розилигисиз фақат эҳтиёжига ярашасини олиши мумкин. Бу Абу ҳанифа, Молик ва Шофеъийларнинг сўзи. Улар бунга бировнинг молини розилигисиз олишни ҳаром қиладиган умумий ҳужжатларни далил қилишди.

Иккинчиси: Ота ўз фарзандининг молидан хоҳлаганича олиши мумкин. Олган моли унинг эҳтиёжидан ташқарида бўлишининг фарқи йўқ. Бу ҳанбалий мазҳабининг зоҳиридан олинган сўз. «Муғний» китобининг соҳиби айтади: «Ота учун фарзандининг молидан хоҳлаганича олиш ва хоҳлаганига эга бўлиб олиш ҳаққи бор. Бунда отанинг олаётган нарсага эҳтиёжи бор ёки йўқлигига қаралмайди. Боланинг ҳам катта ёки кичик бўлиши аҳамиятга эга эмас. Фақат икки шарт билан:

1) Болага зулм қилмаслиги, зарар бермаслиги ва унга керакли бўлган нарсани олмаслиги лозим.

2) Боласининг молидан олиб бошқасига бериб юбормаслиги керак. Чунки ота ўз молида ҳам болаларининг орасини ажратмаслиги керак. Бир боласининг молини олиб иккинчисига бериши эса албатта, бўлмайди.

Ривоят қилинишича, Масруқ қизларини узатаётганларида маҳрига ўн минг олиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ қилиб юбориб, куёвга: «Аёлингнинг сарпосини ўзинг қилиб ол»,- дедилар.

Ибн қудома айтади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, еган нарсаларингиз ичида энг яхшиси касбингиз орқали келганидир ва албатта, фарзандларингиз ҳам сизларнинг касбингиздан»,- деганлар.[58]

Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг: «Сен ва сенинг молинг отанг учун» деган сўзлари билан фарзанднинг молини отаси учун мол қилиб бердилар.

«Баҳр» номли китобда бой фарзандга қийналган ота-онасининг таъминотларини бажариши вожиблигини ҳамма уламолардан нақл қилади. Яна ота ўғлининг молида ўз молидек тасарруф қилаверади, деб эътибор қилиниши ҳам мумкин, чунки ўғлининг касби (топган-тутгани) уникидир.

«Кашфул қиноъ»да ҳам ота ўз фарзандининг молига эгалик қилишининг дуруст бўлиши учун олтита шарт зикр қилинди:

Биринчи: Болага зулм қилмаслиги, зарар бермаслиги ва унга керакли бўлган нарсани олмаслиги лозим.

Иккинчи: Боласининг молидан олиб бошқа (бола)сига бериб юбормаслиги керак.

Учинчи: Ота ўз фарзандининг молига эгалик қилиши касаллик вақтига ёки икковидан барининг ўлимига тўғри келмаслиги керак.

Тўртинчи: Диндаги ҳар хиллик, яъни ота кофир, ўғил мусулмон бўлмаслиги лозим. хусусан, аввал ўғил кофир бўлиб, сўнг мусулмон бўлган бўлса. Бу Ибн Таймиянинг сўзи.

Бешинчи: Отанинг эгалик қиладиган нарсаси мавжуд ашё бўлмоғи лозим. У - мисол учун ўғлининг қарзига эгалик қила олмайди. Чунки уни ундирмай туриб, тасарруф қилишга имкон йўқ.

Олтинчи: Ота фарзандининг молидан ўзига олмоқчи бўлган нарсасини сўз ёки ният билан олмоғи лозим.

Аёл кишининг мустақил мулкчиликка ҳаққи борлиги ҳеч кимга сир эмас, маҳр эса аёлга эри томонидан нақд ёки насия суратда берилиши керак бўлган мол.

Аёл ўз молида мажбуриятлар қабул қилиши, олди- сотди, васият, совға, гаров ва бошқа турли битимлар қилишга тўла ҳаққи ва салоҳияти бор.

Агар ота учун ўз фарзандининг молидан олиш жоиз экан, шунингдек, унга қизининг ҳам маҳрини - ҳаммасини ёки баъзисини - юқоридаги шартлар билан олиши мумкин бўлади. Аллоҳ таъоло билгувчироқ.

 Савдо ва бошқа муомалаларга тааллуқли муҳим насиҳатлар

1) Ризқ талабида эрта тонгдан ҳаракат қилинг, шояд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Парвардигор умматимга тонгларида барака бергин»,- деган дуоларидан баҳраманд бўлсангиз.

2) Молларингиз закот нисобига етиб, қамарий йил ҳисобида бир йил ўтганда закотини беринг. Закот молнинг баракаси ҳамда Аллоҳнинг бандалар устидаги фарзидир. Закотнинг нисоби 624 грам кумушга ёки 84,4г тиллога тенг. Бундан ташқари хайр- садақаларни кўпроқ қилинг, садақа билан мол ҳеч қачон камайиб қолмайди.

3) Ҳалол касб ҳаммага фарз. Касб-корнинг энг покизаси эса киши ўз қўли билан қилган касб ва алдов бўлмаган савдо-байъ. Инсоннинг қалби ризқ қўлга кирганда ҳотиржам бўлади, тирикчилик сабабларига Аллоҳга суяниб қадам ташланг.

4) Дарҳақиқат, Аллоҳ таъоло ароқ, ўлимтик, тўнғиз ва бутларни сотиш, бировлар молини ноҳақ йўллар билан ейиш, жумладан, ўғирлик, омонат- ориятларга хиёнат қилишни ҳаром қилди.

Бунга ҳаром айирбошлашлар қимор, судхўрлик, алдов, мардикорларни ишлатиб ҳаққини бермаслик, ёки мардикорларнинг қилмаган ишига ҳақ олишлари, закот-садақалар, вақф-васият молларини ҳақдор бўлмаганлар олиши ёки ҳақдорлар ўз улушидан кўпроқ олмоғи киради. Ўлжалар бўлинмай туриб, ундан бир нарсани билдирмай олмоқ, мансаб орқали ўғирлик қилмоқ, фоҳишалар пули, фолбиннинг ҳақи, ўйин асбоблари, ҳаром суратлар, куфр- бузуқликка чақирувчи китоб ва журналлар қиймати ҳамда хизмат ҳақи ҳаромдир. Куй, ашула, рақс ва ёлғон гувоҳликка ҳақ олиш, ёлғон қасам билан ундирилган мол, сеҳргар, фолбин, мунажжим, сураткаш, фоҳиша, ноиҳалар (азада йиғлаш учун чорланадиганлар)нинг хизмат ҳақи ҳаромдир. Даллол ўз ҳақини сотувчидан берухсат олиши мумкин эмас. Тарозидан уриб қолиш, молнинг айбини яшириб сотиш ҳам шунга киради. Унутманг, қозию ҳокимларнинг ҳукми билан ҳаром ҳалол бўлиб қолмайди, Аллоҳдан қўрқинг!

5) Фойдали ашёларнинг асли-асоси рухсат. Шариат рухсат берган мулкчилик турлари жуда ҳам кўп бўлиб, шулар жумласига деҳқончилик, савдо, касб-ҳунар, овчилик, қаровсиз ерларни ўзлаштириш, савдо-шериклиги, совға, мерос ва васият йўллари билан молга эга бўлиш киради. Инсон молни ҳалол йўл билан топиб, ҳалолга сарфлар экан, ҳеч қандай зарар кўрмайди.

6) Агар байтулмолда мол қолмай, юртда очарчилик ёки уруш бошланиб қолса ҳоким бойлардан закот молидан ошиғини, бир неча йиллик закотни олиши ёки солиқлар солиши мумкин Лекин аввал ўзи ва барча мулозимлари бутун молидан воз кечмоғи шарт. Бу имом Нававий, Из ибн Абдуссалом ва Абдуллоҳ ибн ал-Фарроъ ва бошқаларнинг фатвосидир. Халққа кучайтирилган солиқлар солиш ва меросларни мусодара қилиш каби социализм тамойилларига амал қилиш мумкин эмас. Чунки буларнинг барчаси ҳаром солиқлардир.

7) Руҳий касал, маст, яхши-ёмонни ажрата билмаган гўдакнинг битими бунга кирмайди, яхши ёмонни ажрата оладиган боланинг битими тўғри деб эътибор қилинса-да, валийсининг рухсатига боғлиқдир.

8) Инсон бировнинг мулкини ўзи йўқлигида сотмоғи ёки у учун сотиб олмоғи мумкин эмас. Агар шундай ҳол юз берса битимнинг кучга кириши мол эгасининг рухсати ва розилигига қаралади. Агар эгаси норози бўлса олувчининг берган пули ўзига, молни эса ўз эгасига қайтариш зарурдир.

9) Шариат бўйича топшириб бўлмайдиган гаровдаги ёки вақф қилинган моллар устидан, сувдаги балиқ, елиндаги сут, сутнинг ичидаги ёғлар устидан ҳам байъ қилиш, ҳайвонни боласидан ажратиб сотиш мумкин эмас.

10) Эркакларнинг аёллар сартарошхонасида ишлаши ва унга ҳақ тўлаш ҳам ҳаром. Лекин бир аёл аёлларга шариат рухсат берган ҳалол зийнатлар билан зеб бериб шунинг устидан ҳақ олишининг гуноҳи йўқ. Фақат аёл зийнатини бегона эркакларга кўрсатиши мумкин эмас.

11) Аёл эрининг рухсатисиз кўчага чиқиши ёки бир иш қилиши - ҳатто бу иш доячилик ёки табиблик каби зарурат бўлса ҳам, - мумкин эмас. Эрининг рухсатисиз кўчага чиқса ёки бир ерда ишласа гуноҳкор бўлади. Зеро, аёл эрига шариатда гуноҳ бўлмаган ишларда бўйсуниши вожибдир.

12) Жарима шартини баъзи олимлар жоиз деганлар, уни бажаришни бурч деб, унинг ортидан келадиган натижаси, яъни шартлашилган молни тартиблашган (тўлаш кераклигини айтишган) Байъда биров нарса сотиб олиб пулдан бир қисмини бериб қолганига муҳлат сўраса, сотувчи ҳам «агар белгиланган муддатда бера олмасанг, ҳозир берган пулинг менга бўлади», деб шарт қўйса, (ҳанбалийлар) «олувчи бегиланган пулни ўз вақтида бера олмаса, аввалда берган пули сотувчининг мулкига айланади», дейишган.

13) Олинган молнинг пулидан бир қисмини кейинроқ беришга келишув олувчини молдан фойдаланишдан ман қилмайди. Сотувчи эса кечиктириши учун пул олиши дуруст эмас. Олувчи битим вақтида белгиланган пулнигина бериши шарт.

14) Мол эгалари одамлар муҳтож бўлиб туришганига қарамай нарсаларни бозор нархида сотишдан бош тортиб, ошиқча фойдага пуллаётган вақтда савдогарларни молларини ўз нархида сотишга мажбурлаб, ҳаддан зиёда фойда олишдан тўсиб қўйиш бўлса-да, ҳоким томонидан нарх белгилаш мумкин. Шундай ҳолатларда мусулмонларнинг кундалик эҳтиёж моллари, озиқ- овқатларни қимматга сотиш мақсадида яшириб ётган одамларни ҳокимга хабар бериш вожиб, шунингдек белгиланган нархга ошиқча фойда қўшиб сотаётган савдогарларни ҳам билдириш керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Хатокоргина (молни қиммат қилиш учун) сақлайди» деганлар.[59]

«Ким мусулмонларга қиммат қилиш учун нархлардан бирортасига киришса, Аллоҳ уни қиёмат кунида ўтдан катта бир ўринга ўтқизиши ҳақдир».[60]

15) Ҳаром ихтикор (монополия) уч шартни ўз ичига олиши керак:

а) Сақланган мол ўзининг ва қўли остидагиларнинг бир йиллик эҳтиёжидан ошиқроқ бўлмоғи лозим. Чунки худди пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганларидек инсон ўзининг ва аҳли- аёлининг нафақасини шу муддатгача сақлашга ҳаққи бор.

б) қаттиқ эҳтиёж тушганда ошиқча пулга сотиш учун молнинг нархи ошмоғини кутган бўлиши.

в) Сақланган таом ва кийимларга одамларнинг эҳтиёжи тушган вақтда ихтикор бўлади. Агар бу моллар кўп савдогарларда бўлиб, одамлар унга муҳтож бўлмасалар одамларга зарар бўлмагани учун ихтикор бўлмайди.

16) Молнинг айбини айтмай сотиш мумкин эмас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ким (молнинг) айбини яширса биздан эмас»,- деганлар, яна: «Олди-сотди қилувчи икки одам ажрашиб кетмасалар ихтиёр ўзларидадир, агар рост гапирсалар, (мол айбини) очиқ айтсалар байъларига барака берилади ва агар (мол айбини) яширсалар, ёлғон сўзласалар байъларининг баракаси ўчирилади»,- деганлар.

Молнинг айбини беркитиб сотиб юборган киши тавба қилиб, алдаган одамларидан кечирим сўраши ва уларнинг молини қайтаришда улар билан келишиб олиши керак.

17) Машина ва шунга ўхшаш нарсалар устидан байъ қилинганда пулни тўлиқ бериш мумкин, лекин машинанинг сифати, бериладиган муддати ва ўрни маълум бўлиши шарт. Парвардигори оламнинг: «Эй иймон келтирганлар агар белгиланган муддатгача қарз берсангизлар уни ёзинглар» ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Ким (насия молга) қарз берса, аниқ ўлчов ва аниқ вазн билан аниқ муддатга қарз берсин»- деган сўзларининг умумийлиги бу муомаланинг ҳам дурустлигини кўрсатади. Чунки бу ерда ўлчов ва вазн фақат мисол учун айтилган. Мана шу масала шариатда «салам» деб ҳам юритилади.

18) Балиқ ва чигирткадан бошқа ҳар қандай ўлимтикни олди-сотди қилиш мумкин эмас, унинг пули ҳам ҳаром.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бизга икки ўлимтик ва икки қон ҳалол қилинди, икки ўлимтик чигиртка ва балиқдир. Икки қон эса жигар ва қора талоқдир»,- деганлар.

19) қарз муомаласини ёзиш, гувоҳ келтириш, ҳамда бирор нарсани гаровга қўйиш мустаҳаб ва иршод (бандаларнинг фойдаси учун буюрилган, лекин бажариши фарз бўлмаган) амалларидандир. Бу амаллар бизларга дунё ва охиратда эҳтиёткорлик йўлида катта манфаати бўлса ҳам бирортаси ҳам вожиб эмаслигига уламолар иттифоқ қилишган.

20) Агар биров молини сотишга ноҳақ мажбурланса, байъ саҳиҳ эмас. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Умматимдан хато, эсдан чиқариш, ва мажбурланган нарсаларнинг (ҳукми) кўтарилган (кечирилган)»,- дедилар. Лекин қарзини тўлатиш, аёли ва ота-онасининг нафақаси учун молини сотишга мажбурланса, бу байъ саҳиҳ бўлади.

21) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Сотганда, олганда, қарзини сўраганда сахий табиат бўлган кишини Аллоҳ раҳматига олсин»,- дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «ўлчаб, оғирроқ қил» сўзларига кўра тарозини оғирроқ тортиш яхши иш. Тарози ва ўлчовдан уриб қолишдан сақланиш керак.

22) Ароқ тайёрловчига узум, мусулмонни ўлдирувчига қурол, очиқ юрадиган аёлларга авротни ёпмайдиган кийимларни тикиб сотиш, қиморхона ёки рибо банкларига ерни ижара бериш мумкин эмас, деб шайхулислом ибн Таймия ва бошқалар фатво берган.

23) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп қасам ичишдан қайтариб: «қасам молга манфаат (берса ҳам лекин унинг) баракасини кетказишга сабабдир», яна бир ҳадисда «Ким мусулмоннинг ҳаққини (ёлғон) қасам билан ажратиб (ўзиники) қилиб олса Аллоҳ унга дўзахни вожиб қилиб, жаннатни ҳаром қилади»,- деганларида бир киши: «Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, озгина нарса бўлса ҳамми?» деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар мисвок дарахтининг чўпи бўлса ҳам», дедилар.[61]

24) «Агар масжидда олди-сотди бўлаётганини кўрсанглар «савдонгга Аллоҳ барака бермасин» денглар».

Фарз номозининг вақти зиқлигида, жума азони вақтида савдо-сотиқ қилиш ҳаром. Имом Аҳмад байъ боғланмайди, дедилар. Чунки «Эй мўминлар, қачон Жумъа кунидаги номозга чорланса (яъни азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсаларингиз, мана шу (яъни Аллоҳнинг зикрига-жумъа номозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир»,[62] оятидаги қайтарув байънинг боғланмаслигини тақозо қилади, деганлар.

25) Агар мева ва экинлар биринчи пишиғига байъ қилинса ва уларнинг бир қисмигина етилган бўлса, етилган-етилмаганини қўшиб савдо қилиш мумкин. Шунингдек, мева ва экинларнинг биринчи ва ундан кейинги пишиқларига савдо қилинмоқчи бўлса, биринчи галгиси пишганидан кейин савдо қилиш дуруст. Бу Моликийлар ва ҳанбалийлар ва баъзи ҳанафийларнинг фатвосидир. Буни банан, тара (бодринг) ва гул каби бир неча бор тугадиган экинларда кўриш мумкин.

26) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам экинга етган талофатни кечишга буюрганлар. Агар мева пишиши кўрина бошлагандан кейин сотилса, сотувчи олувчининг ихтиёрига топширгандан кейин узиб олиш вақтидан олдин мевага офат етса, чиқим сотувчининг бўйнида қолиб, олувчи ҳеч нарса тўламайди. Аммо олувчи ўз вақтида узиб олмаса, у ҳолдаги зиён олувчининг бўйнида бўлади. Агар талофатга бир одам сабабчи бўлса харидор байъни бузиб пулни қайтариб олиш ёки байъни бузмай, талофат етказувчидан тўлатиб олишда ихтиёри бордир.

27) Ҳам қарз ва ҳам байъ қилиш ва бир байъда икки шарт қилиш мумкин эмаслиги ҳақидаги ҳадисни Термизий ривоят қилиб саҳиҳ деганлар. Жумладан сотувчи олувчига: «Сенга буни сотаман, сен эса менга анавини сотасан, қарз берасан, ёки қизингни менга берасан ёхуд қизимни оласан, деб шарт қўйиши мумкин эмас, деб жумҳур (кўпчилик) олимлар айтишган.

28) Агар сотувчи билан олувчи пул ҳақида келиша олмаса ва ўрталарида ҳужжат бўлмаса, қасам ичиш билан сўз сотувчининг фойдасига ҳал бўлади. Шунда харидор молни сотувчи айтган баҳога олади ёки бу нархдан пастроққа олганман, деб қасам ичади, агар қасам ичса, у молдан қутилади ва молни эгасига қайтарилади.

29) Ножоиз байъ байъ ҳисобланмайди. Олувчи молни ўз эгасига топширади, агар ишлатиб юборган бўлса қийматини ёки унинг тенгини эгасига қайтаради.

30) Биров нарса сотиб олса, кейин ўзига керак бўлмай қолса ёки сотганидан кейин у мол сотувчига керак бўлиб қолса байъни бузишни илтимос қилишга ҳаққи бор. Ислом бунга (яъни байъни бузишни бир тараф илтимос қилганида иккинчи тарафнинг рози бўлишига) тарғиб қилиб чақирган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ким бир мусулмоннинг савдосини кечирса (яъни, бузишни сўраганда, бузса), Аллоҳ унинг тойилишларини (хатоларини) кечиради», деганлар.

31) Агар таом кумушга сотилса, ошиқча ва насияга бериш дуруст. Агар жинси ва иллати турлича бўлса бир тўнни икки тўнга, бир идишни икки идишга, бир машинани икки машинага сотиш мумкин ва бунда ҳеч нарса шарт қилинмайди. Бир қўйни икки қўйга насияга ва нақдга сотиш жоиз бўлганидек, бир қўйни бир қўйга сотиш ҳам мумкин. Закот вақтида икки туя бериш шарти билан бир туя олиб туришга (саҳобалар) буюрилган эдилар.

32) қарзни келишилган муддатдан олдин тўлаши учун қарзнинг бир қисмини кечишни кўпчилик уламолар ҳаром дейишган (бу ибн Аббос ва Зуфарга хилоф) Насия чекларни қимматидан арзонроқ нақдга сотаётганларни кўраяпмиз, бу ҳам риболиги учун жоиз эмас.

33) Камбағалга бойлик вақтигача муҳлат бериш мустаҳаб, аммо чўзиб юрувчи бойни ҳақни ундириб берувчига айтиш жоиз. Агар мол унда турган бўлса олинади (бу зарар ва ошиқча заҳматни келтирмаган ҳолда) ҳадисда «Бойнинг чўзиб юриши - зулм» дейилган. Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилган ҳадисда «Биронтангиз бойга эргаштирилса эргашсин» (яъни бойга ҳавола қилинса ҳаволани қабул қилсин) дейилган.

34) қуръон ва суннатда аҳдлар, шарт ва битимларни бажаришга, омонатни адо этиш ва унга риоя (парво) қилишга буюрилган. Хиёнат ва аҳдни бузишдан қайтарилган. Ҳар қандай келишув ва шартлар, модомики, шариат ҳаром ва ботил демаган бўлса, мумкин.

35) Биров масалан, машина ёки мол сотиб олса, кейин унинг айби борлиги билинса ва байъ қилаётган вақтда у айбни билмаган бўлса ё билиб рози бўлганлик аломати кўринмаган бўлса, уни эгасига қайтариб бериши жоиз.

36) Агар олувчи молдаги аралашмани билса ва бошқага уни алдаб ўтказмаса, уни сотиб олишининг зарари йўқ.

37) Молнинг қийматини билмаган ва ҳаққини ажрата олмаган содда одамнинг зарари ошиқча бўлса, унинг байъи байъ эмас. Ҳадисда «Бўшашганнинг зарари - рибо», дейилган. Бу ҳолда зарар кўрган киши байъни бузиб, молни ўз эгасига қайтариб, пулни олишга ҳаққи бор. Зиёнга туширувчи золим тавба қилсаю ноҳақ олинган молларни эгаларига қайтаришнинг имкони бўлмаса ўшанча миқдор пулни камбағалларга садақа қилиб зиммасини поклайди.

38) Бир олим ҳаром деб билган нарса ҳаром бўлиб қолмайди. Ҳаром қуръон, ҳадис, Ижмоъ ва қиёс (таққослаш) билан билинади. Бирор нарсада уламолар келишолмай қолишса, мана шу асосга қайтарилиши керак. Эҳтиёткорлик дин қоидаларидандир.

Ҳадисда: «Сени шубҳалантирган нарсани шубҳалантирмайдиганига қўйгин», яъни сен шубҳаланган нарсангни қўйиб, шубҳаси бўлмаганини олгин, дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир дона тушиб қолган ҳурмони кўриб «Садақадан бўлиб қолишидан қўрқмаганимда ер эдим», деганлар. Ҳалолни ҳаром қилиш, молга талофат етказиш, шунингдек ўзинг иккиланган ёки тақво қилган нарсани умум халққа ҳаром деб эълон қилиш тақводан эмас.

«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар».[63]


МУНДАРИЖА

Муқаддима.................................................................................. 3

Суғурта (страхование) ва унинг ҳаромлиги .................................... 8

Тижорат суғуртаси ўрнига ўзаро ёрдам таъминотининг жоизлиги..... 10

Нархларнинг беқарорлиги............................................................ 12

қон ва инсон аъзолари билан савдо қилиш..................................... 14

қимматбаҳо қоғозлар ва товарлар бозори (биржа).......................... 16

қоғоз пул ва унинг шариат томонидан белгиланган ҳукмлари.........  18

Пулни сотиш ёки алмаштириш ..................................................... 19

Чек йўқ пулнинг ўрнига ўтади....................................................... 21

Эски пулни қийматидан ортиғига сотиш жоиз эмас.........................  21

Тилла бозори..............................................................................  22

Тиллани насияга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш йўли билан сотиш.............  22

Ҳийла ишлатиб рибо қилиш ҳам ҳаром..........................................  25

Эски тиллани сотиб ва унга бошқасини сотиб олиш.........................  26

Маълум муддатга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш (кредит) байъи ...............  28

Бўлиб-бўлиб тўлаш (кредит) байъига тегишли муҳим нуқталар ......  30

қимор, лоторея ва бахт чипталари ...............................................  33

Рибо йўли билан муомала юритадиган банкларга пул қўйиш ҳукми ..  34

Банкда хизмат қилиш ҳукми  .......................................................  37

Банкларга маблағ қўйиш ва рибодан орттирилган фойдани ишлатиш.. 39

қонуншунослик жамияти қарорлари ............................................  39

Ҳалол билан ҳаром аралишиб кетгандаги ҳукм ............................... 40

Жарима шарти ...........................................................................  42

Мева ва сабзавотлар (кўкатлар) ваколати .....................................  46

Даллол ёки воситачи ..................................................................  47

«Ким ошди» савдоси ..................................................................  48

Пулнинг бир қисмини бериб қўйиш (Заколад) .............................  49

қўлингда йўқ нарсани сотма .......................................................  49

Фойда келтирган ҳар қандай қарз рибодир ...................................  51

Гаровга қолдирилган нарсадан қарз берган киши ҳақида ................  53

Уюшмалар тузиш рухсат этилган...................................................  54

Берилган маблағ устидан зарарсиз, фақат фойда олиш мумкин эмас.. 55

Зулм қилмаган ҳолда ҳақини олиш учун........................................  57

«Бир хил молларни фақат мен сотаман» деб шарт қўйган кишинг ….  59

қимор ҳамда гаров боғлаш ҳаром.................................................   60

Экинзорларни ижарага бериш......................................................   61

Молнинг кўпроқ қисмини сақлаб қолиш учун бир қисмига талофат…  62

Катта қийматли нарсани ўта арзон баҳога сотиб юбориш...................  65

Молни арзон баҳода сотиш гоҳида бозорни бузади...........................  67

Ота қизининг маҳрини ўзи учун олиши ва унинг шартлари...............  67

Савдо ва бошқа муомалаларга тааллуқли муҳим насиҳатлар..............  70

Мундарижа..................................................................................  78



[1] «Тоҳа»- 123,124.

[2] «Бақара»- 278,279.

[3] «Бақара»- 276.

[4] «Исро»- 16.

[5] «Оли-Имрон»-165.

[6] «Оли-Имрон»- 152.

[7] «Нисо»- 58.

[8] «Юнус»- 59.

[9] «Аҳзоб»- 36.

[10] Бухорий ва Муслим ривояти.

[11] Бухорий ривояти.

[12] «Талоқ»- 2,3.

[13] «Нуҳ»- 10,12.

[14] «Моида»- 90.

[15] «Нисо»- 29.

[16] Ахмад ва Абу Довуд ривояти.

[17]  «Анъом»- 153.

[18] «Бақара»- 275.

[19] Бухорий ва Муслим ривояти.

[20] Муттафақун алайҳ.

[21] «Оли-Имрон»- 130.

[22] Муслим ривояти.

[23] Бухорий ва Муслим ривояти.

[24]  «Бақара»- 276.

[25] Муслим ривояти.

[26] Бухорий ва Муслим ривояти.

[27] «Бақара»- 282.

[28] Бухорий ва Муслим ривояти.

[29] Ҳоким ва Байҳақий ривояти.

[30] «Оли-Имрон»- 130,132.

[31] Сунанда келган.

[32] Термизий «саҳих ҳадис» дедилар.

[33] Дорул ифто фатволари: 132,189- саҳифа.

[34] «Бақара»- 275,276.

[35] «Моида»- 2.

[36] Бухорий ва Муслим ривояти.

[37] «Анъом»- 119.

[38] «Анъом»- 119.

[39] Ҳадиси шариф.

[40] «Моида»- 1.

[41] «Нисо»- 58.

[42] «Моида»- 8-оят.

[43] Аҳмад, Абу Довуд ва Ҳоким ривояти.

[44] Бухорий ва Муслим ривояти.

[45] Бухорий ва Муслим ривояти.

[46] Термизий, Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти.

[47] Аҳмад ва Абу Довуд ривояти. Ибн Ҳиббон ва Ҳоким уни саҳиҳ деб топишган.

[48] Бухорий ривояти.

[49] Бухорий ривояти.

[50] «Моида»- 2.

[51] «Бақара»- 188.

[52] 29- жуз, 258- саҳифа.

[53] «Моида»- 90,91.

[54] «Нисо»- 29.

[55] «Юсуф»- 19,20.

[56] Бухорий ва Муслим ривояти.

[57] Муттафақун алайҳ.

[58] Саъид ибн Мансур ва Термизий ривояти.

[59] Муслим ривояти.

[60] Аҳмад ривояти.

[61] Муслим ривояти.

[62] «Жумъа»- 9.

[63] «Наҳл»- 116.