Ҳижобга кирмоқчи бўлган қизга ота-онаси қаршилик қилса, уларга итоат қиладими?
Категориялар
Full Description
Ҳижобга кирмоқчи бўлган қизга ота-онаси қаршилик қилса, уларга итоат қиладими?
فتاة تريد لبس الحجاب وأهلها يرفضون فهل تطيعهم ؟
الاوزبكية > - ўзбекча - uzbek<
Камолиддин Иноятуллоҳ
كمال الدين عناية الله
Таҳрир: Абу Абдуллоҳ Шоший
مراجعة: أبو عبد الله الشاشي
Савол:
Мен ҳижобга кирмоқчиман, лекин қайнонам билан онам қаршилик кўрсатяптилар. Нима қилишни билмай қолдим. Илтимос ёрдам беринг.
Жавоб:
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин.
Шак-шубҳасиз, ота-онанинг фарзанд устидаги ҳаққи буюкдир. Аллоҳ таоло ота-онанинг фарзанд устидаги ҳаққини Ўзининг ҳаққи билан бирга қўшиб зикр қилиб, шундай марҳамат қилади: “Раббингиз ёлғиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингиз ҳамда ота-онага яхшилик қилишингизни амр этди. Агар ота-онангдан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф" тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут — хокисор бўл ва: “Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин", деб (ҳақларига дуо қил!)" (Исро: 23-24).
“Биз инсонга ота-онасига яхшилик қилишни амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни қорнидаги ҳомила каттарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (келур). (Биз инсонга буюрдикки), “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Ёлғиз Ўзимга қайтажаксан!" (Луқмон: 14).
Мусулмон ҳоким, ота-она ва эр каби итоат қилиш вожиб бўлган инсонларнинг ҳақлари нақадар катта бўлмасин, уларга бўлган итоат мутлақ эмас, яъни улар Аллоҳга осий бўладиган ишларга буюрсалар уларга итоат қилинмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Агар улар (яъни, ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма!…" (Луқмон:15).
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳга осийлик бўлган ишда (буюрувчига) итоат қилинмайди. Балки итоат фақат маъруф — яхши ишлардадир" (Бухорий ва Муслим).
Тарк қилиш гуноҳ бўлган фарз амалларда ота-онага итоат қилинмайди. Намоз ўқиш, ҳаж қилиш каби фарз амалларни бунга мисол қилиш мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “… Ва йўлга қодир бўлган инсонлар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уй (яъни Каъба)ни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир" (Оли-Имрон: 97). Ушбу оятда фарз амал бўлмиш ҳаж қилишда ота-онанинг рухсати шарт қилинмади. Чунки бу ибодатлар ҳар бир инсон бажариши шарт бўлган фарзи айн амаллардир.
Ҳижобнинг ҳукми ҳам айни шундай бўлиб, ҳижоб кийиш балоғатга етган ҳар бир аёл-қизлар учун Аллоҳ таоло томонидан буюрилган фарз амалдир. Аллоҳ таоло деди: “Мўмина аёлларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни устиларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкракларини рўмоллари билан тўссинлар!…" (Нур: 31). Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Мана шу оят нозил бўлганида ансорларнинг аёллари изорларининг бир четидан йиртиб олиб, уни рўмол қилиб бошларига ташлаб олдилар".
Шунингдек, Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 59-оятида шундай дейди: “Эй Пайғамбар, жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Аллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир".
Ушбу оят ва ҳадисларга биноан, сизга фарз бўлган ҳижоб кийишингизга қайнонангиз ва онангиз қаршилик қилаётган бўлсалар, сиз уларга чиройли сўз ва ҳикмат билан тушунтиришга ҳаракат қилинг. Кечалари туриб таҳажжуд намозларида дуолар қилинг. Қайнонангиз ҳам, онангиз ҳам Ислом ҳақиқатини тушуниб, ҳижобга қаршилик қиладиган эмас, балки ўзлари ҳам ҳижобга кириб, ор-номус, иффат ва шарафни сақлашда ёшларга ибрат бўладиган оналардан бўлишларини Аллоҳдан сўранг, илтижо қилинг. Зинҳор ва зинҳор бу қаршиликлар сабаб ҳижобсиз қолманг. Сизни инсон қилиб яратган, иймон берган ва чексиз неъматлар ато этган Раббингиз Аллоҳ сизни ҳижобга буюрган. Аллоҳнинг буйруғидан қайнонангиз ва онангизнинг қаршилигини устун қўйманг. Қайнонангиз ва онангиз буюраётган ишни бажаришда Аллоҳдан қўрқинг, Аллоҳ буюрган амрни бажаришда улардан қўрқманг. Шуни билингки, Аллоҳ таоло сизни қайнонангиз ва онангиздан ҳимоя қила олади, аммо улар сизни Аллоҳдан ҳимоя қила олмайдилар. Агар сиз Аллоҳ таоло билан бирга ва Унинг итоатида бўлсангиз, Парвардигори олам сизни қайнонангиз ва онангизнинг қаршилик ва озорларидан, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам сақлайди. Агар сиз Аллоҳга осийлик қилишда қайнонангиз ва онангиз билан бирга бўлсангиз, унда Аллоҳ сизни уларга ташлаб қўяди. Шуни билингки, Холиқ таолога гуноҳ бўлган ишларда – ким бўлишидан қатъий назар – махлуққа итоат қилинмайди. Аллоҳ таоло сизга буюрган ибодатлар, фарз амаллар ва хусусан ҳижобда маҳкам ва собит туришда, сизга етаётган қаршилик ва озорларга сабр қилишингиз лозим. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини буюрган энг афзал амал сабр бўлади. Пайғамбарлар ҳам ўз қавмларидан етган озорларга сабр қилиб: “(Ахир) бизни (тўғри) йўлимизга ҳидоят қилган Аллоҳга нечун таваккул қилмаймиз. Албатта, биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилгувчилар ёлғиз Аллоҳга таваккул қилсинлар", дедилар (Иброҳим: 12).
Номаҳрам кўрмасин сани жамолингни,
Намоён қил мусулмонлик тақвоингни,
Ҳурлар кўриб ҳавас қилсин жамолингни,
Рўмолингни ёп, жон синглим, рўмолингни.
Рози қилгин Пайғамбаринг, Аллоҳингни,
Тинглаб, тиловат қил улуғ Қуръонингни,
Ҳижобланиб, қувватла сен исломингни,
Рўмолингни ёп, жон синглим, рўмолингни.
ҳижоб,фарз