×
Мақола иймон арконларининг шарҳи.

Иймоннинг маъноси

[ Ўзбекча – Uzbek – الأوزبكي ]

АБДУЛҚАЮМ АБДУЛҒАФФАРХОН ЎҒЛИ

Нашрга тайёрловчи: Шамсиддин Дарғомий

2012 - 1433

﴿ معنى الإيمان ﴾

« باللغة الأوزبكية »

عبد القيوم عبد الغفار خان

مراجعة: شمس الدين درغامي

2012 - 1433

بسم الله الرحمن الرحيم

 Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

الحمد لله رب العالمين و العاقبة للمتقين و لا عدوان إلا على الظالمين والصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و صحبه أجمعين

 Иймон хусусида

Пайғамбаримиз Муҳаммад u Жаброил ҳадисида дин бири-биридан ажралмас уч қисмдан яъни: ислом, иймон ва эҳсондан иборат экани ҳамда ўша ҳадисда ислом, иймон ва эҳсон арконларини батафсил баён қилганлар.

Шунга асосан уламоларимиз дин бу ислом ва иймондан иборатдир-дейишганлар. Дин ўзи ақидадир. Ақида эса иймон арконларида мужассамдир. Ташқи тоат-ибодатлар эса ислом доирасига киради. Демак: иймон дейилганда қалбий эътиқод, ислом дейилганда эса зоҳирий амаллар тушунилади.

Хўш иймон нима?

Иймон калимаси луғатда бир неча маънони ифодалайди. Жумладан араб тилшуносларидан бири Халил иймоннинг луғавий маъноси: ишонмоқ, тасдиқламоқдир-деганлар.

Азҳарий эса иймоннинг маъноси: тасдиқлаш-деганлар.

Феруз Ободий иймоннинг луғавий маъноси: ишонч ва бўйинсунишни изҳор этишдир-деганлар.

Айрим луғат олимлари иймоннинг луғавий маъноси: тинч қилмоқ ёки тинчлантирмоқдир-дейишганлар. Уларнинг далиллари ушбу ояти каримадир: {У зот (Оллоҳ) уларни очликдан (қутқариб) таомлантирди ва хавфу-хатардан тинч қилди}.

Бошқалар иймоннинг луғавий маъноси: иқрор бўлиш, тан олиш-деганлар.

Демак, иймоннинг луғавий маъноси: ишонмоқ, тасдиқламоқ, тинч қилмоқ, иқрор бўлиш ва тан олиш каби маъноларни ифодалайди.

 Иймоннинг истилоҳий маъноси

Аҳли суннат вал-жамоатнинг имом Шофеъий, Аҳмад бин Ҳанбал, имом Бухорий, Муслим ва Саврийлар каби ўтмиш уламолари иймон таърифида жумладан шундай дейишганлар:

Иймон: сўз, амал ва ниятдир.

Иймон: сўз ва амалдан иборатдир.

Иймон: сўзлаш, амал қилиш, ният ҳамда суннатга эргашишдир.

Лўнда қилиб айтганда ўтмиш уламоларимиз иймон таърифида бундоқ деганлар: тил билан шаҳодат калимасини айтмоқ, Оллоҳнинг бирлиги ва борлиги ҳамда иймон арконларининг барчасига қалбдан эътиқод қилмоқ ва аъзолар билан амал қилмоқ иймондир. Иймон тоат-ибодатлар билан зиёдалашиб, гуноҳ ва маъсиятлар билан камаяди.

Имом Бухорий ҳазратлари "Саҳиҳ" нинг "Иймон" китобида иймон тил билан сўзлаш, аъзолар билан амал қилишдан иборатлиги ҳамда тоат-ибодатлар билан зиёдалашиб, гуноҳ ва маъсиятлар билан камайишини тасдиқловчи бир қанча далилларни зикр қилганлар. Имом Бухорий келтирган далиллар қуйидагилардан иборатдир:

Жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬ марҳамат қилдилар: Ислом дини беш нарса устида барпо қилингандир; Ла илаҳи иллоллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ шаҳодат калимасини айтмоқ, намозни барпо қилмоқ, закотни ато этмоқ, Рамозон рўзасини тутмоқ ва (қодир киши) Байтуллоҳни ҳаж қилмоғидир". Яъни амаллар иймон шартларидан биридир.

Иймон: тил билан сўзлаш ва аъзолар билан амал қилишдан иборатдир. Иймон зиёдалашади ҳам, нуқсонлашади ҳам деганларидан сўнг ушбу далиларни зикр қилганлар:

Оллоҳ таоло айтади: {(Оллоҳ) ўз иймон-ишончларига яна ишонч қўшишлари учун мўминларнинг дилларига сакинат - ором тушурган зотдир}. (Фатҳ4). {Дарҳақиқат, улар Парвардигорларига иймон келтирган ва Биз иймонларини зиёда қилган йигитлардир} (Каҳф 13). Бошқа оятда: {Оллоҳ ҳақ йўлдаги кишиларга яна ҳидоятни зиёда қилур}. (Марям 76). {Ҳидоят топган зотларга эса Оллоҳ яна ҳидоятни зиёда қилур ва тақво ато этур}. (Муҳаммад 17). Оллоҳ таоло айтади: {иймон келтирган зотларнинг иймонлари янада зиёда бўлгай}. (Муддасир 31). {Қачон бир сура нозил бўлса, (мунофиқлар) масхаратомуз: "Қани бу (сура) қайси бирларингизнинг иймонини зиёда қилди?-дейишади. Бас, у (сура) иймон келтирган зотларнинг иймонларини албатта зиёда қилур ва улар шод-хуррам бўлурлар}. (Тавба 124). {Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган қўрқингиз!-деганларида: бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди, холос}. (Оли Имрон 173). Оллоҳ таоло айтади: {Мўминлар у фирқаларни кўрган вақтларида: "Бу Оллоҳ ва пайғамбари бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни имтиҳондир). Оллоҳ ва пайғамбарининг сўзи ростдир", дедилар ва уларнинг (Оллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос}. (Аҳзоб 22).

Имом Бухорий ҳазратлари Оллоҳ йўлида яхши кўриш, Оллоҳ йўлида ёмон кўришлар ҳам иймондандир, деб Умар бин Абдулазизнинг Адий бин Адийга йўллаган ушбу мактубларини кўчирганлар: дарҳақиқат иймоннинг ҳам фарзлари, қонун-қоидалари, ҳудуд ва суннатлари бордир. Иймоннинг фарз-вожиб ва суннатларини бекаму-кўст комил қилган киши, иймонни комил қилган бўлур. Мазкур амалларни тўлдирмаган киши эса иймонни тўлиқ қилолмаган ҳисобланади. Иброҳим алайҳис-салом айтганларидек: {Лекин дилим яна ҳам таскин топиши учун}, мен бу гапларни сизларга айтаяпман, холос.

Мазкур ояти-карима тафсирида Саъид бин Жубайр роҳимаҳуллоҳ: Ишончим янада зиёда бўлиши учундир-деганлар.

Имом Бухорий ҳазратларининг мазкур ояти-каримага ишора қилишларидан мақсад: унда иймоннинг зиёда бўлишига далил бордир.

Уламоларимиз иймон: Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур росулуллоҳ-шаҳодат калимасини тил билан айтмоқ, Оллоҳнинг бирилиги ва борлигига қалбдан эътиқод қилмоқ ҳамда аъзолар билан тоат-ибодатларни бажаришдан иборатдир-дейдилар. Иймон нафақат қалбдан Оллоҳнинг бирлигига ва борлигига ишониш-тасдиқ этишни, балки зоҳирий амалларни ҳам ўз ичига олади. {Ҳақиқий мўминлар фақат Оллоҳ ва унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра шак-шубҳа қилмаган ва молу жонлари билан Оллоҳ йўлида курашган зотлардир. Ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган зотлардир}-ояти-каримаси уламоларимиз айтганларидек иймон: тил билан сўзлаш, аъзолар билан амал қилишдан иборат эканига очиқ далил-ҳужжатлардан биридир. (Ҳужурот 15).

Ояти-каримадаги: {Ҳақиқий мўминлар фақат Оллоҳ ва Унинг пайғамбарига иймон келтириб, сўнгра шак-шубҳа қилмаганлардир}- жумласи: Оллоҳнинг барча ибодатларга ҳақли ягона барҳақ илоҳ эканлигига ҳамда ана шу хабарларни бизларга етказган пайғамбарнинг ҳақлигига иймон келтириб, сўнгра бу ҳақда бирон шак-шубҳа қилмасликни тақозо қилмоқда. Бу жумла кўриб турганингиздек қалбий амалларни баён қилмоқда.

{Молу жонлари билан Оллоҳ йўлида курашган зотлар, ана ўшаларгина (ўз иймонларида) содиқ бўлган мўминлардир}- жумласи эса, ташқи амаллар ҳам иймондан эканлигини билдирмоқда.

Имом Бухорий ривоятида жаноб Росулуллоҳ ﷺ‬: "Иймон олтмиш неча бўлакдан иборатдир. Ҳаё ҳам иймон бўлагидан биридир", имом Муслим ривоятида: "Иймон олтмиш ёки етмиш неча бўлакдан иборатдир. (Унинг) энг олий бўлаги: Ла илаҳа иллоллоҳ-шаҳодат калимасини айтмоқ. Энг қуйиси эса йўлдан (одамларга) озор берадиган нарсаларни олиб ташламоқдир. Ҳаё ҳам иймон бўлагининг биридир"-деб, марҳамат қилганлар.

Мазкур иймон бўлаклари ҳадиси иймон: шаҳодат калимасини тил билан айтиб, унинг ҳақлигига чинқалбдан ишонмоқ ва ташқи тоат-ибодатларни бажаришлардан иборатлигини ифодаламоқда. Чунки шаҳодат калимасини айтмоқ тил билан, йўлдаги одамларга озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш эса қўл билан амалга ошади. Ҳаё эса қалбий амалларнинг биридир. Шунга асосан мазкур ҳадисни уламоларимиз иймон: тил билан сўзламоқ, қалб билан эътиқод қилмоқ ва аъзолар билан амал қилмоқдан иборат эканлигига катта далиллардан биридир-деб қабул қилганлар.

Демак, ислом рукнлари зимнида зикр этилган ташқи амалларни иймон-десак ҳам бўлаверади. Жаброил ҳадисида Ислом рукнлари: "Ла илаҳа иллоллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ" шаҳодат калимасини айтмоқ, намозни тўкис ўқимоқ, Рамозон рўзасини тутмоқ ва ҳаж қилишдан ташкил топган эди.

Юқорида зикр этилган иймон бўлаклари ҳадисида эса, иймоннинг энг олий бўлаги шаҳодат калимасини айтмоқдир-дейилди. Шунга кўра усулий уламоларимиз: Иймон билан Ислом иккиси бири-биридан ажралмас нарсадир. Иймон деб, мутлоқо иймон назарда тутилганда, унга ислом ҳам яъни намоз, рўза ва ҳаказо ташқи амаллар ҳам дохил бўлади-деганлар.

Саҳобалар Росулуллоҳ rдан мутлоқо иймон ҳақида сўрашганларида, у зот уларга Бақара сурасидаги ушбу ояти-каримани тиловат қилганлар: {Юзларингизни Мағриб ва Машриқ тамонларига бураверишингиз яхшилик эмас, балки Оллоҳга, охират кунига, фаришталарига, китобларга пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўриб туриб молини қариндош-уруғларига, етим-есирларга, мискин-бечораларга, йўловчи-мусофирларга, тиланчи-гадоларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо қилиб, закотни ато этадиган киши ва аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар ва хусусан оғир енгил кунларда ва жангу- жадал пайтида сабр тоқат қилгувчилар яхши кишилардир. Ана ўшалар чин иймонли кишилардир ва ана ўшалар асл тақводордирлар}. (Бақара 177).

Демак, ҳақиқий иймон амаллар билан зийнатланган бўлади. Шунинг учун Қуръони карим оятларида иймон билан солиҳ амаллар бир ўринда такрор-такрор зикр қилиниб, иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган мўминлар ҳаққига ҳамду-санолар айтилгандир.