Расулуллоҳ олдидаги бурчимиз
Категориялар
Манба
Full Description
Азиз биродарим!
Шубҳасиз, биз – мусулмонлар, ҳаммамиз севикли пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг бандаси ва элчиси эканлигига гувоҳлик берамиз. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло у зотни бутун оламларга раҳмат, тақводорларга йўлбошчи ва барча халқлар устидан ҳужжат қилиб юборгандир. У зот пайғамбарчиликни бекаму кўст етказдилар, зиммаларига юкланган амонатни тўлиқ адо этдилар, умматларига холис насиҳат қилдилар ва бизни, туни ҳам кундуздек чароғон йўл устига қўйиб кетдиларки, бу йўлдан бахтсиз кишиларгина юз ўгирадилар! Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло у киши орқали бутун инсониятни залолатдан ҳидоятга бошлади, уларнинг қалб кўзларини очди. Бундан ташқари, Парвардигор у кишининг мартабаларини баланд қилди, амр–фармонларига хилоф қилганларни эса, хорликга маҳкум этди. Бас, у муборак зотга, оилаларига, асҳобларига ва суннатларига эргашиб, чизиб берган йўлларидан юрган кишиларга то қиёмат Яратганнинг салавоту саломлари бўлсин!
Аллоҳ таоло биз бандаларга у кишига бўйсунишни, яхши кўриб, улуғлашни ва устимиздаги ҳақларини адо этишни фарз қилди.
Мухтарам биродар!
Бизнинг пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам олдидаги бурчимз нималардан иборат? Тубанда зиммамиздаги у кишининг ҳуқуқларидан баъзиларини санаб ўтамиз:
1. Кўп салавот–у саломлар айтиш.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло деди:
(إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلاَئِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِيِّ يٰأَيُّهَا ٱلَّذِينَ آمَنُواْ صَلُّواْ عَلَيْهِ وَسَلِّمُواْ تَسْلِيما)
“Албатта, Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар, сизлар ҳам у зотга кўпдан–кўп салавот айтинглар!" (“Аҳзоб" – 56)
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ким менга бир бор салавот айтса, бунинг эвазига Аллоҳ у кишига ўнта салавот юборади"
Қимматли биродарим! Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга айтиладиган энг афзал салавотни у кишининг ўзлари саҳобаларига ўргатиб, мана бундай деганлар:
“Аллоҳумма, солли алаа Муҳаммадин ва алаа оли Муҳаммад. Камаа соллайта алаа Иброҳийма ва алаа оли Иброҳийм, иннака Ҳамийдум-Мажийд! Ва борик алаа Муҳаммад, камаа борокта алаа Иброҳийма ва алаа оли Иброҳийм, иннака Ҳамийдум-Мажийд" деб менга салавот айтинглар"
2. У зотни чин ихлос билан севиш ва у кишининг муҳаббатига Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг муҳаббатини муқаддам қилмаслик.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “сизлардан ҳеч бирингиз мени, ўзининг отасидан, фарзандидан ва барча одамлардан кўпроқ севмагунча мўмин бўла олмайди!"
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ва буйруқларини ҳар қандай одамнинг розилигидан устун қўйиш, бир сўз билан айтганда, у кишига эргашиш одобларига риоя қилиш у кишига бўлган муҳаббат аломатларидандир.
3. У кишининг буйруқ ва қайтариқларига бўйсуниш, олиб келган хабарларини тасдиқлаш.
Бу масалада Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло таоло мана бундай оятлар билан марҳамат қилгандир:
(وَمَآ آتَاكُمُ ٱلرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَٱنتَهُواْ)
“Пайғамбар сизларга нимани берса, дарҳол олинглар ва нимадан қайтарса, ўша заҳоти қайтинглар!" (Ҳашр – 7)
(قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ ٱللَّهَ فَٱتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ ٱللَّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ)
(Эй, Муҳаммад, одамларга): “агар Аллоҳни севсангиз, унда фақат менга эргашинглар. Ўшанда Аллоҳ ҳам сизларни севар ва гуноҳларингизни мағфират қилар" деб айтинг" (Оли Имрон – 31)
(َقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ ٱللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لمَن كَانَ يَرْجُو ٱللَّهَ وَٱلْيَوْمَ ٱلآخِرَ وَذَكَرَ ٱللَّهَ كَثِيرا)
“(Эй, мўминлар!) сизлар – Аллоҳ ва охираткунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида энг гўзал намуналар бордир" (Аҳзоб – 21)
4. У кишининг суннатларига ҳукм сўраб мурожаат қилиш ва чиқарган ҳукмларига эътироз билдирмасдан рози бўлиш.
Аллоҳ таоло деди:
( فَلاَ وَرَبكَ لاَ يُؤْمِنُونَ حَتَّىٰ يُحَكمُوكَ فِيمَا شَجَرَ بَيْنَهُمْ ثُمَّ لاَ يَجِدُواْ فِيۤ أَنْفُسِهِمْ حَرَجاً ممَّا قَضَيْتَ وَيُسَلمُواْ تَسْلِيما )
“Йўқ, роббингизга қасам! Улар токи, ораларидаги можароларга сизни ҳакам (ҳоким) қилмагунларича ва сиз ҳукм қилган нарсадан ҳеч қандай норозилик топмай, тўлиқ бўйинсунмагунларича ҳаргиз иймонли бўла олмаслар!" (Нисо – 65)
5. Аллоҳ таолога ўз фикр–у ҳоҳишларимиз, ҳавойи нафсимиз, ота–боболаримиздан қолган урф–одатлар ва ҳар хил бидъатлар билан эмас, балки, расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан олиб келган тариқалар билан ибодат қилмоқ.чунки, расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга фақат Аллоҳдан қабул қилган нарсаларини етказувчидирлар. Биз у зотнинг илоҳий амонатни тўлиқ етказганлигига, умматларига холис насиҳат қилганларига гувоҳлик берамиз. Дунёда у киши кўрсатмаган биронта ҳам яхшилик қолмагани каби, у киши қайтармаган биронта ҳам ёмонлик қолмагандир. Ота–оналаримиз у кишига фидо бўлсин!
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло у киши орқали Ўз динини комил суратда бериб, мана бундай марҳамат қилгандир:
(ٱلْيَوْمَ أَكْمَلْتُ لَكُمْ دِينَكُمْ وَأَتْمَمْتُ عَلَيْكُمْ نِعْمَتِي وَرَضِيتُ لَكُمُ ٱلأِسْلاَمَ دِيناً)
“Мана бугун сизларга динингизни мукаммал қилдим ва неъматимни тўлиқ бердим! Ва сизларга Исломни дин қилиб танладим!" (Моида – 3)
Шайх Яҳё Иброҳим ал Яҳёнинг “Ҳожи биродаримга мактублар" китобидан.